Саид Шермуҳамедов (1930-2016)
Сайтга жойлаштирилган мақолаларда ноаниқлик ва ҳатоликлар топсангиз албатта бизга ҳабар беринг.
Саид Шермуҳамедов (1930-2016)
15 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Ўзбекистон Фалсафа жамиятининг президенти, фалсафа фанлари доктори, профессор Саид Шермуҳамедов оламдан ўтди. Бу ҳақда унинг шогирдлари фейсбукда таъзиянома қолдиришган.
“Устоз Саид Шермуҳамедов республикада фалсафа фани ривожига, илмий-педагогик кадрлар – фан номзодлари ва докторлари тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшди. Саид Шермуҳамедов фалсафада ўзига хос илмий мактабга, жумладан, ижтимоий фалсафа, маданият тарихи ва назарияси бўйича фундаментал илмий мактабларга асос солди.
Бир қанча улкан фалсафа анжуманларида қилган маърузалари, матбуот саҳифаларидаги чиқишлари, тайёрлаган кўплаб педагогик кадрлари туфайли Саид Шермуҳамедовнинг номи нафақат ўз ватанида, ҳаттоки, Россия, Франция, Миср, Япония, Кения, Канада, Мексика, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Кипр, Никарагуа, Польша, Болгария, Сингапур, Шимолий ва Жанубий Корея, Эрон, Туркия ҳамда бошқа кўплаб хориж мамлакатларида ҳам маълум ва машҳурдир.
Саид Шермуҳамедов қарийб 60 йил илмий-педагогик фаолият олиб борди. Домланинг ҳаётий аъмоли, бирдан бир эзгу мақсади – Инсонга ғамхўрлик кўрсатиш, миллат, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, фалсафа фани, маданият ва маънавиятни ривожлантириш, ватан равнақи учун хизмат қилиш ва халқ фаровонлигини ошириш бўлган эди. Зеро, олимнинг ватандошлари, яқин ва узоқ хориждаги файласуф дўстлари ҳамда ихлосмандлари унинг ана шу олижаноб фазилатларини бағоят қадрлашар эди.
Саид Шермуҳамедов 1930 йилнинг 12 майида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида таваллуд топган. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида ўқиди, у 1959 йилда номзодлик, 1973 йилда эса докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Иброҳим Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтида этика ва эстетика бўлими мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси КП МК маданият бўлими мудири, республика Маориф вазири, Қори Ниёзий номидаги педагогика илмий-тадқиқот институтида директор лавозимларида фаолият кўрсатди. У Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 1985-2000 йилларда фалсафа кафедрасининг мудири, 2000-2015 йилларда эса профессор вазифасида ишлади.
Саид Шермуҳамедовнинг ташаббуси билан 1999 йилда фалсафий масалаларга бағишланган «Маънавият, Маданият. Ижтимоий тараққиёт» мавзусида халқаро конференция ўтказилиб, унда АҚШ, Англия, Россия, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан файласуф олимлар иштирок этишди ва мустақил бўлганига 8 йил тўлган юртдаги маънавий янгиланиш жараёнлари билан танишишди. У халқаро илмий алоқаларни ривожлантириш, ҳозирги замон ўзбек фалсафасининг ғоялари билан жаҳон ҳамжамиятини таништириш мақсадида «Маънавий маданият ва ижтимоий тараққиёт» (Вашингтон, 2000) илмий тўпламини нашр қилишга эришди. Саид Шермуҳамедов монографиянинг кириш сўзи ва «Ўзбекистонда фалсафий тадқиқотлар» мавзусидаги биринчи бобининг муаллифи бўлиши билан бир қаторда унинг масъул муҳаррири сифатида ҳам фаолият кўрсатди.
Саид Шермуҳамедовнинг «Янгиланаётган жамиятга – янги фалсафа» (1993), «Биз қандай жамият қурмоқдамиз?» (1999), «Инсон фалсафаси» (2001), «Истиқлол қуёши» (2002), «Мустақил Ўзбекистон ва фалсафанинг ривожланиши» (2005), “Миллий ғоя ижтимоий тараққиётнинг қудратли кучи” (2010), “Қалбим изҳорлари” (2010), “Эҳтиром” (2015) сингари рус ва ўзбек тилларида нашр этилган бошқа кўпгина асарлари жамиятимизнинг тарихий тараққиёт йўлини бозор иқтисодиёти шароитида ҳаққоний акс эттиради.
Муаллиф ўзининг «Ўзбек фалсафаси» номли асарида ўзбек фалсафасининг миллий характерини асослашга ҳаракат қилади, юртимиз олимларининг жаҳон фалсафасининг шаклланиши ва ривожланишидаги ўрни ҳамда бу ғояларнинг ҳозирги кунда инсон, миллат, халқ, жамият ҳаётидаги мавқеини кўрсатади. Айни пайтда ўзбек фалсафаси ҳозирги замон жаҳон фалсафасининг таркибий қисми ҳисобланишини алоҳида таъкидлайди.
Олимнинг устоз ва шогирдларга, шунингдек, дўстларига бўлган садоқати ҳамда эҳтироми ибрат олишга арзигулик. У устози Иброҳим Мўминович Мўминовнинг хотирасини доимо ёдда сақлар эди. Шу боис Иброҳим Мўминовнинг 90 йиллик, 100 йиллик юбилейларини ўтказишда фаол иштирок этди. Бу инсон ўз устозига бағишлаб турли йилларда 20 дан зиёд мақола ва рисола чоп эттирди. Унинг ташаббуси билан Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Тезгузар қишлоғидаги Иброҳим Мўминов номли мактабда устоз ҳаёти, илмий-педагогик ва жамоатчилик фаолиятига оид музей ташкил қилинди.
Саид Шермуҳамедов илмий-тадқиқот соҳасидаги кўп қиррали, самарали фаолияти, илмий-педагогик кадрларни, фан номзодлари ва докторлари тайёрлаш соҳасидаги катта хизматлари, олиб бораётган ижтимоий фаолияти учун 4та орден, 4та медаль, ҳукумат, вазирлик ва идораларнинг фахрий ёрлиқлари билан муносиб тақдирланган.
Жаҳон Фалсафа Жамиятининг президенти, профессор Иоанна Кучуради: «Саид Шермуҳамедовнинг ҳар бир маърузаси ўзбек юртида аждодларга муносиб ворислар тарбияланаётганининг ёрқин далили, у ХХ аср ўзбек фалсафасининг машҳур олимларидан биридир», деб эътироф этади.
Саид Шермуҳамедов – Жаҳон Фалсафа жамиятининг фахрий аъзоси. У тақлид қилишга лойиқ файласуф, камтаринлик, бағрикенглик, самимийлик олим ҳаётининг мазмунидир. Россия Фалсафа жамиятининг Биринчи вице-президенти, «Вестник Российского философского общества» («Россия фалсафа жамиятининг ахборотномаси») журналининг бош муҳаррири, фалсафа фанлари доктори, профессор Н.А.Чумаков: «Мен унда йирик олим, катта ҳаёт тажрибасига эга баркамол инсонни кўрдим, бу хислатлар менда унга нисбатан катта ҳурмат туйғусини уйғотди, бундан ташқари, мен унда одамларга нисбатан пок муносабат, самимийлик ва катта ғамхўрлик ҳисси мавжудлигини сездим», деб олимнинг инсонийлик фазилатларини алоҳида эътироф этади.
Саид Шермуҳаммедов 3 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Айни пайтда домланинг 8 нафар набираси вояга етмоқда. Бундан ташқари, Саид Шермуҳамедов илмий раҳбарлигида 13 нафар фан доктори, 67 нафар фан номзоди диссертациясини мувафаққиятли ҳимоя қилиб, бугун юртимиз ҳамда жаҳон илм-фанига хизмат қилишмоқда. Бинобарин, бу шогирдларнинг 4 нафари чет эл фуқароларидир. Домла, бундан ташқари, 21 нафар фан доктори ва 39 нафар фан номзодига расмий оппонентлик қилган эди. Айни вақтда домланинг бевосита илмий раҳбарлигида 31 нафар тадқиқотчилар докторлик диссертация устида изланиш олиб бораётган эдилар. Устоз ўз илмий фаолияти давомида 14та монография, 43та рисола, 600дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп мақолалар ёзди.
Саид Шермуҳамедов ва у кишининг ажойиб турмуш ўртоқлари, олийжаноб инсон Муҳаббатхон Шермуҳамедова узоқ ва сермазмун йўлни босиб ўтишди. Гарчи устоз бу оламдан кўз юмган бўлсалар-да, у зотнинг табаррук номи, нурли чеҳраси яқинлар ва шогирдлар қалбида доим сақланиб қолажак”, дейилади
Саид Шермуҳамедов (1930-2016)
Саид Шермуҳамедов 1930 йил 12 майда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. 1948-1953 йилларда Самарқанд давлат университетида таълим олган. Ўқишни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсилни давом эттирган.
Фалсафа фанининг долзарб масалалари бўйича 1960 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.
Саид Шермуҳамедов ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институти илмий ходими, илмий котиби, директор ўринбосари, республика маориф вазири, Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, Ўзбекистон Миллий университетининг кафедра мудири каби масъулиятли лавозимларда самарали хизмат қилган ва юртимизда фалсафа фанига доир масалаларни илмий тадқиқ этиш, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишида фаоллик кўрсатган.
Саид Шермуҳамедовнинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
ШЕРМУҲАМЕДОВ
ШЕРМУҲАМЕДОВ Саид (1930.12.5, Қоракўл тумани) — файласуф олим. Ўзбекистон ФА акад. (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1980), фалсафа фанлари д-ри (1973), проф. (1978). Самарқанд унтини тугатган (1953). Ўзбекистон ФА Фалсафа ва ҲУҚУҚ бўлимида кичик илмий ходим (1957—58), Фалсафа ва ҳуқуқ интида катта илмий ходим (1958—60), илмий котиб (1960—61), директор ўринбосари, сектор мудири (1961—64). Ўзбекистон КП МК фан ва маданият бўлими мудири ўринбосари (1964—65), маданият бўлими мудири (1965—70). Ўзбекистон Маориф вазири (1970—84), Ўзбекистон Педагогика илмий текшириш институти директори (1984—85), ТошДУ фалсафа фтида кафедра мудири (1985 — 2002), проф. (2002 йилдан). Илмий ишлари маданият назарияси ва бошқалар муаммоларга бағишланган. Ўзбекистон Фалсафа жамияти президенти (1990 йилдан). Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1992). «Шуҳрат» медали билан мукофотланган (1995).
Ас: На языке единства, Т., 1991; Мустақиллик — буюк неъмат, Т., 1997; Философия человека, Т., 2001; Истиклол қуёши, Т., 2002.
Search
Биз билан Алоқа
Агар сизда таклифлар бўлса ёки мақолаларда ҳатолик бўлса биз билан боғланинг.
Мақолалар
Сайтга жойлаштирилган мақолаларда ноаниқлик ва ҳатоликлар топсангиз албатта бизга ҳабар беринг.
Маълумот қидируви
Ўшбу сайтда 40 мингга яқин ҳар ҳил мавзудаги мақолалар тўпланган.
Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.