Press "Enter" to skip to content

Наим Каримов (1932)

…Петербургда эканликларининг учинчи куни хивалик меҳмонлар шарафига берилган кечки зиёфатдан кейин кутилмаган воқеа рўй берди. Қоронғи тушгач, мезбону меҳмонлар қўшни хонага ўтишди. Тўрдаги деворга тутилган оқ матога қараб ўриндиқларга ўтиришди. Чироқ ўчиб, орқа томондан пайдо бўлган аллақандай нур оқими матога тушди-да, унда ажойиб манзара пайдо қилди: деворда кишилар югуриб юришар, бир-бири билан чаққон ҳаракат қилиб суҳбатлашар, Николайнинг извошга чиқаётгани-ю унга қўшилган отларнинг қизиқ чопқиллаши меҳмонларни ҳайратга қолдираёзган эди…”1
Шубҳасиз, хоннинг яқин аёнларидан бири бўлган, унинг маданият, маърифат ва сиҳат-саломатлик масалаларига оид қутлуғ режаларини рўёбга чиқарган, ҳатто ўзи ҳам хонни шу ишларни амалга оширишга рағбатлантирган Исломхўжа, валиаҳд Асфандиёр (Исфандиёр) ва бошқалардан иборат делегация иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, фан, маданият ва техника соҳасидаги янгиликлар билан танишиш ва шу янгиликларни олиб келиш мақсади билан Россияга борган эди. Шунинг учун ҳам делегация Хоразмга қайтиб кетганидан кейин ҳам Х.Девонов Исломхўжанинг моддий мадади билан яна икки ой рус заминида бўлди.

Naim Karimov. Ilk o’zbek fotografi & Xudoyberdi Devonov haqida ikki hujjatli film

Бўлажак биринчи ўзбек фотография 1878 йили Хива шаҳрида Нурмуҳаммад девон (мирза) оиласида дунё юзини кўрди. Унинг отаси, айрим манбаларда айтилишича, хон саройида мунший (котиб) ва табиб бўлиб хизмат қилган. Бошқа бир манбада Нурмуҳаммад отанинг Хўжайли туманида ҳоким бўлганлиги айтилади. Худойберган Девоновнинг жияни Абдулла Юсупов эса тоғаси ҳақидаги хотираларида ёзилишича, Нурмуҳаммад Хўжайли туманидаги ер-сувнинг бошқарувчиси бўлган.

Наим Каримов
ХУДОЙБЕРГАН ДЕВОНОВ —
ИЛК ЎЗБЕК ФOТОГРАФИ

Ўрта Осиёга фотографиянинг кириб келиши

Бундан бир неча йил муқаддам Ўзбекистон тарихи давлат музейида бир француз сайёҳи ва фотографи Поль Надарнинг кўргазмаси бўлиб ўтган эди. Шарқни Европа учун кашф этиш иштиёқида Ўрта Осиёга фотоаппарат билан келган бу сайёҳнинг исми Поль Надар эди. Ростини айтсам, бу кўргазмадан кўп нарсани кутмаган эдим. Аммо француз фотографининг ХIХ аср охирларида Ўрта Осиёга келиб, ота юртимиз манзараларини тасвирга туширгани мени беҳад даражада ҳаяжонга солди. Негаки, Поль Надар тасвиридаги шаҳар ва қишлоқ кўринишлари, орадан бир неча асрлар ўтган бўлса ҳамки, қарийб ўзгармаган эди. Фақат шаҳар ва қишлоқлар эмас, балки шу шаҳар ва қишлоқлардаги қайноқ ҳаёт манзаралари ҳам, оламларнинг ўша вақтдаги ўзига хос қиёфалари ҳам унинг фотосуратларида муҳрланган эди. Француз фотографининг олис тарихимизни шу тарзда бизга бир умрга муҳрлаб қолдиргани мен учун унутилмас воқеа бўлган эди, ўшанда.

Шундан бери қаерда Тарихий Фотосуратлар кўргазмаси бўлса, албатта, бориб кўришга ҳаракат қиламан. Бу ҳол менга, ўйлайманки, Сиз, азизларга ҳам мамлакатимиз ва халқимиз тарихи билан учрашиш, у билан ғойибона мулоқотда бўлиш имкониятини беради, қалбимиздаги Тарих туйғусининг янада бойиши ва тиниқлик касб этишига халол хизмат қилади.

Ўтган асрнинг 30-йилларида француз рассоми Луи-Жак Дагер томонидан кашф этилган Фотография инсоният тафаккурини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Инсон умри ва инсониятнинг кечаётган тарихи лаҳзаларини фотосурат тарзида муҳрлаб қолдиришнинг қанчалик буюк аҳамиятга молик эканини тушуниш қийин эмас.

Бугун биз ўтган аср бошларидаги Тошкентнинг, афсуски, бузилиб, ўз ўрнини гўзал хиёбонларга, ҳашаматли иморатларга юўшатиб берган кўча ва уйларини фотосуратларда кўриб, тафаккуримиз ва қалбимиз билан бир неча дақиқа бўлса-да, ўша муҳитга шўнғиб, ўша вақтнинг латиф ҳавоси билан нафас олиб, ўша вақтнинг ҳазин садолари оғушида яшаймиз. Ҳар биримизнинг оилавий фотоархивимизда ўтган ота-боболаримиз, ота-оналаримизнинг турли муносабат билан – гоҳ ғамгин, гоҳ бахтиёр ҳолатда, гоҳ тўй-маъракалар, оилавий байрамларда, гоҳ иш жараёнида тушган суратлари бор. Уларни кўрганимизда, шу суратлардан жонсиз жигарларимиз эмас, балки Тирик Бузрукворларимиз бизга тикилиб тургандек бўладилар ва биз улар билан унсиз мулоқотда бўламиз. Ҳатто уларнинг суратлари олдида бирор эзгу ишимиз туфайли уялмай, аксинча, ўзимизни ғоз тутсак, аксинча, бирор чакки иш қилиб қўйган бўлсак, кўзимизни шу Тирик Аждодларимиздан четга олишга ҳаракат қиламиз.

Фото санъатининг кучи ана шундай…

Инсон тафаккурининг қудрати билан вужудга келган Фотографиянинг Ўрта Осиёга, хусусан, ўзбек диёрига кириб келганига 130 йил бўлди.

Тарихий ҳужжатларнинг шаҳодат беришича, Ўрта Осиё, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон билан танишиш, унинг табиати, тарихи ва маданиятини ўрганиш мақсадида илк бор фотоаппарат билан Туронзаминга келган кишилар европалик сайёҳ ва ўлкашунослардир. Улардан кейин эса ҳунармандлар ва тадбиркорлар қадамранжида қилишган. Шулардан бири Антон Муренко (1837-1875) бўлиб, у 1858 йилда полковник Н.Игнатьевнинг ҳарбий-дипломатик сафари вақтида “очиқ музейлар шаҳри” – Хива кўринишларини суратга олган.

Унинг издошларидан бири Станислав Николаи 1837 йилда Тошкентда илк фотография ательесига тамал тошини қўйган. Олим ва фотограф Николай Веселовский (1848-1918) ва С.Дудин (1863-1929) ХIХ аср охирларида Самарқанддаги машҳур мадраса ва мақбаралардаги нақшлар чаманзорини илм-фан учун муҳрлаб қолдиришган. Ниҳоят, бизга таниш бўлган парижлик фото устаси Поль Надар 1890 йилда Ўрта Осиёга саёҳатга келиб, юқорида тилга олганимиз Орол денгизидан Помир тоғларига қадар чўзилган қадрдон юрт манзараларини суратга туширган.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё, хусусан, Туркистон фотографлар учун серқатнов чорраҳалардан бири бўлиб қолди. Улар учун, айниқса, Самарқанд муқаддас зиёратгоҳ манзилга айланди. Европалик ва россиялик фото усталари олис асрларнинг акс-садоси ва ёдгорлиги – Самарқанднинг маҳобатли меъморий мажмуаларини суратга олиш учун фоторафик экспедицияларни қайта-қайта уюштирдилар. Бу фото усталари орасида янги санъат турининг энг машҳур намояндалари оз бўлмаган. Масалан, ўтган асрнинг 30-йилларидаги полиграфия ва фотографиянинг сўнгги ютуқларини ўзида мужассамлантирган “Ўзбекистон 10 йиллиги” фотоальбомининг бош фотографи Александр Родченко (1891-1956) шундай кишилардан бири эди.

Москвадан махсус таклиф этилган бу фото устаси Тошкентга келиб, Борис Кудояров (1898-1974) ва Георгий Зельма (1906-1984) сингари таниқли маҳаллий фотографларга устозлик қилди. Улар гарчанд 20-йилларда Москвага кўчиб кетган ва ўша ерда яшаб, ишлаган бўлсалар-да, Ўзбекистон бир умрга улар ижодининг марказий мавзуларидан бири бўлиб қолди. Уларнинг мамлакатимизда яратган асарлари, Макс Альберт, А.Шайхет, И.Панов ва бошқа таниқли фотографларнинг Ўзбекистон мавзуига бағишланган ишлари сингари, фото санъатининг олтин фондидан муносиб жой олган.

Афсуски, табиий офатлардан ташқари, турли-туман бемаъни уруш ва жанжаллар ҳам халқ меъморий даҳосининг меваси — муҳташам обидаларининг шикастланиши ва нураб боришига сабаб бўлади. ХIХ аср ўрталарида бошланган рус истилоси пайтида нафақат аҳолиси қаршилик кўрсатган шаҳар ва қишлоқлар, балки масжид ва мадрасалар ҳам тўпга тутилди. Чор ҳокимиятидан кейин тарих саҳнасига чиқиб, ер юзининг олтидан бир қисмини идора қилган большевиклар эса шу ваҳшийликни ўзларига хос изчиллик билан давом эттириб, меъморий ҳамда диний-маърифий обидаларни вайронага айлантирдилар. Худди шу мудҳиш келажакни олдиндан кўргандек, европалик ва россиялик маърифатпарвар фотографлар Самарқанд обидалари ва осори-атиқаларини суртга олишда давом этдилар. 1872 йилда А.Кун (1840-1888) томонидан тузилиб, нашрга тайёрланган тўрт жилдлик “Туркестанский альбом”даги 1262 суратнинг аксари Самарқандда олинган.

Шарқ меъморлигининг йилдан-йилга нураб бораётган шоҳ асарларини муҳрлаб қолдириш учун ХIХ аср охирларида Самарқандга бир неча махсус экспедициялар ташкил қилинди. Россиялик И.Введенский, И.Чистяков ва С.Дудин ўзларидан шундай бой фотоматериал қолдирдиларки, бу материал келажакда Самарқанд обидаларини қайта таъмирлашда, айниқса, асқотди. Илмий манбаларда айтилишича, сўнгги нафасига қадар Санкт-Петербургдаги Этнография музейида Ўрта Осиё маданий-меъморий бойликларининг муҳофизи бўлиб хизмат қилган С.Дудиннинг ижодий фотомероси. 2500 негативдан иборат. Бу негативларнинг биз учун қимматли томони шундаки, уларнинг барчаси Самарқандда олинган.

Амир Темур салтанатининг пойтахтига келиб, бутун дунёга машҳур обидаларни суратга олган фотографлар орасида Г.Мозер (1844-1923), Г.Крафт (1853-1935) ва Ф.Ордэ сингари европалик фото усталари ҳам бўлишган. Уларнинг ХIХ аср охирларида олган суратлари Ғарбда катта ўлчамдаги ҳашаматли альбомлар шаклида чоп этилиб, Ўрта Осиё тарихи ва маданиятига қизиқишнинг янада авж олишига сабаб бўлган.

Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат 1890 йили Тошкентга ташриф буюрганида, Янги шаҳардаги гимназия, театр сингари рус маданияти ўчоқлари билан яқиндан танишган. Туркистоннинг маданий ва маиший ҳаётига кириб кела бошлаган Европа маданияти ва техникаси янгиликлари шоир қалбида ўчмас таассурот қолдирган. У мазкур сафари чоғида Тошкентнинг энг машҳур фотографи Дмитрий Назаров билан ҳам учрашган. Тошкент гимназиясида расм машғулотини олиб борган Д.Назаров Санкт-Петербургдаги Строгонов бадиий-саноат билим юртини тугатгач, Туркистонга келиб, ҳозир Амир Темур номи билан аталган кўчанинг Темурийлар давлат музейи яқинида ўз ательесини очган эди. (Фурқатнинг бизга маълум фотосурати шу ерда олинган.)

“Кунларнинг бирида, — деб ёзган эди Фурқат дастлаб «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида, сўнгра А.Н.Остроумовнинг «Сартлар» китобида эълон қилинган таржимаи ҳолида, — мен Назаровнинг фотографиясига кириб, хушбичим болалар ва чиройли қизларнинг деворларга осилган суратларини кўрдим. Улар шу даражада яхши ишланган эдики, ҳатто ҳавас қилиш мумкин эди. Рассом Назаров менга ўз аппаратларини кўрсатди ҳамда фотографияда қўлланиладиган дори ва қоғозларнинг хоссаларини тушунтириб берди. У менга суратларни олиш намунасини кўрсатиш учун ҳузуримда бир кишининг суратини олди, мен унинг ҳаракатларини кузатиб турдим.

Бу, шундай рўй берди: у дастлаб қоронғи хонада шиша пластинкани махсус дорига ботириб олди ва уни қурутгач, нур тушишидан эҳтиёт чораларини қилиб, зич ёпилган рамкага жойлаштирди. Агар шишага бир тутам нур тушса ҳам, унинг устидаги дори ўз кучини йўқотар экан. Ойнали махсус машина уч оёққа ўрнатилган эди. Сурати олиниши даркор бўлган киши шу машинадан беш-олти қадам нарига ўтказилар экан. Машина (даги ойна) нинг қопқоғи олинганда, машинанинг орқа тарафидаги махсус ойнада шу кишининг тасвири, ҳатто либосининг ранги ва безаклари ҳам яққол кўринар экан. Мен бу мўъжизани кўриб ҳайрон қолдим…Ҳозир баъзи бир мусулмонлар ўзларининг суратларини шундай йўл билан олдирмоқдалар. Фотографнинг менга айтишига қараганда, эндиликда фоторгафия машинаси ёрдамида осмондаги юлдузларнинг тасвирини, шунингдек, шиддат билан кетаётган отларнинг тасвирини олишаётган экан”1.

Европалик ва россиялик машҳур фотографларнинг Ўрта Осиёга, хусусан, Туркистонга тез-тез келишлари шу ерда фото санъати ихлосмандларининг кўпайишига туртки берди. Ҳатто ХIХ аср охирларида Тошкентда шундай кишилар ташаббуси билан Туркистон фотография ва нафис санъат ҳаваскорлари жамияти ташкил топди. 1899 йилда эса Туркистон тарихида биринчи марта Тошкентда фото кўргазма ташкил этилди. Кўргазмани тайёрлаш ва ўтказиш бўйича тузилган комиссия, манбаларда айтилишича, икки ярим мингдан зиёд бадиий фотосуратларни томошабинлар эътиборига ҳавола қилган ва бу суратлар 12 та бўлимда намойиш қилинган. Шу кўргазмада маҳаллий фото усталари ва ҳаваскорлари билан бир қаторда таниқли хорижий фотографлар ҳам ўз асарлари билан иштирок этишган.

Шундай қилиб, 1910 йилда биргина Тошкентнинг ўзида 20 та фотография ательелари мавжуд эди. Шу ательеларда тайёрланган бир қатор фотоасарлар Европа ва Америка Қўшма Штатларида ўтказилган фотокўргазмаларда намойиш этилиб, совринларни олишга муваффақ бўлди. Масалан, 1908 йили Франциянинг Марсель шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон фото кўргазмасида бизга таниш бўлган Д.Назаровнинг суратлари олий соврин — “Гран-при”га муносиб деб топилди.

Юқорида тилга олинган 20 та фотоательедан бири “Илҳомжон Иноғомовнинг мусулмон фотографияси” эди. У, манбаларда қайд этилишича, 1902 йил 14 апрелда Шайхонтаҳур даҳасининг Ҳовузбоғ маҳалласида очилган.

Илк ўзбек фотографининг дунёга келиши

Ҳар бир инсон тарихнинг муайян бир даврида дунёга келади. Давр эса шундай дарёи азимки, агар тошса, ҳар қандай инсонни ўзининг шиддатли оқимига тортиб, бамисоли бир хас янглиғ эзиб-мажақлаб, сўнг ютиб юборади. Агар у ўз ғалаёни давомида қилган вайронликларидан, ямлаб ютган тирик жонлардан тўйган бўлса, енгил нафас олиб, ҳар икки соҳилида не-не орзу ва умидлар билан яшаётган дов-дарахтлар, ҳайвонлар ва одамларга ҳаёт бағишлайди.

Ҳикоямиз қаҳрамони Худойберган Девоновнинг икки аср оралиғида кечган ҳаёти тарих дарёсининг ана шу икки хил оқимига тўғри келган. Унинг биринчи ўзбек фотографи ва биринчи ўзбек киноопеатори бўлиб улғайиши ҳамда ўзбек халқининг кўзга кўринган сиймолари қаторида маҳв этиб юборилиши шу давр дарёсининг изми билан рўй берган. Шунинг учун ҳам бу ажойиб инсон ҳақидаги ҳикоямизни у дунёга келган йиллардан бошлаб келсак ўринли бўлар.

Аввало айтиш жоизки, Худойберган Девоновнинг туғилган санаси айрим манбаларда 1878, бошқа манбаларда эса 1879 йил, деб қайд этилиб келади. Шубҳасиз, унинг шу икки сана оралиғида туғилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Негаки, у дунё юзини кўрган замонда милодий йиллар тизимига асосланган тақвим ҳаракатда бўлиб, шу тақвимнинг аксар йил ва ойлари ҳозирги ҳижрий йилларга ағдарилганда, орада баъзан бир йил-ярим йиллик фарқ пайдо бўлиб қолади. Балки шунинг учундир унинг туғилган йили турли манбаларда турлича ёзилиб келган .Ҳатто Худойберган Девонов 1937 йил 30 июнда ҳибсга олиниб, маҳбуслик анкетаси тўлдирилганда туғилган йилини 1888 йил, деган бўлса керакки, анкетада шу рақам муҳрланиб қолган. Аммо кейинчалик терговчилар биринчи ўзбек фотографининг 1934 йилда берилган паспорти асосида унинг туғилган йилини 1879 йил, деб қайд этганлар. Шунга қарамай, биз 1878 санасини ишончли маълумот деб қабул қилсак, тарих ҳақиқатига зид иш қилмаган бўламиз.

Энди, ҳурматли китобхон, сиз билан биргаликда ХIХ асрнинг сўнгги чорагини тахаййюл йўли билан кўз олдимизга келтирсак:
Хоразм хонлигининг чор қўшинлари томонидан босиб олиниши… Хонликнинг рус империясининг таъсир доирасига тушиб қолиши…

Шу икки ибора тагида хонлик тарихида янги давр бошланди, деган маъногина эмас, балки қанчадан-қанча кишиларнинг қирғин қилингани, шаҳар ва қишлоқларнинг харобага айлангани, хонлик ҳаёти, халқ ҳаёти издан чиқариб юборилгани ҳақидаги даҳшатли ҳақиқат ётади.

Бу бир кам дунёнинг нағмаларидан бири шунда эдики, худди шу даврда Хоразм хонлигини Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) идора этаётган эди. Бу маърифатпарвар хон илм-фан, адабиёт ва санъатга ҳомийлик қилиб, кўплаб масжид ва мадрасаларни қурдирган. Шоир ва тарихчи Баёнийнинг ёзишича, у китобхонликка алоҳида эътибор бериб, ҳафтада икки марта – душанба ва жума кунлари олимларни саройга таклиф этиб, адабий гурунгларни бошқарар, китобхонлик оқшомларини ўтказар экан. У хонликдаги илмга меҳрли, адабиёт, санъат ва турли-туман ҳунарларга завқли ёшларни Хивага тўплаб, уларнинг ўзи барпо этган мактаб ва мадрасаларда хазина ҳисобидан ўқиб-улғайишларига имкон яратар экан. Маърифат ва маданиятга, ҳатто айтиш мумкинки, хонликнинг келажагига шундай муносабат туфайли у ҳукмронлик қилган 1865-1910 йиллар Хоразм тарихининг порлоқ саҳифаларидан бири бўлиб қолди. Яна шу нарса муҳимки, у илм-фан, адабиёт ва санъатга катта эътибор бериш билан бирга Ўрта Осиёда биринчи босмахонанинг, биринчи фотографиянинг, биринчи овозсиз кинонинг яратилишига ҳам ўз ҳиссасини қўшди.

Худойберган Девонов Хоразм тарихининг шундай бурилиш нуқталаридан бирида, маърифатли Муҳаммад Раҳимхон II ҳукмронлик қилган бир даврда туғилди. Унинг дунёга келиши таниқли шоир ва публицист Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин) нинг “Чақмоқ” деб номланган ҳужжатли қиссасида бундай тасвирланган: “Қадам маҳрам маҳкамасида девонлик қилаётган Нурмуҳаммад оға алланималарни оққа кўчириш билан банд бўлиб, ҳийла хаяллаб қолди. Бир вақт икки-уч бола ҳузурига чопқиллаб кирди:

— Суюнчи беринг, Нурмат оға, суюнчи! Рўзика опамларнинг кўзи ёриди. Ўғил! Ўғил!!
Нурмуҳаммад оға суюнганидан довдираб қолди. Аранг ҳушини йиғиб, болаларга бир тангадан суюнчи берди. Сўнг ишларини апил-тапил йиғиштирди-да, уйига қараб югурди…
Бу воқеа 1879 йилда – августнинг учинчи куни рўй берган эди. Чақалоққа Худойберган деб ном қўйишди. У оилада уч яшар Онажондан кейинги иккинчи фарзанд эди”1.
Муаллиф гарчанд ўз асари жанрини ҳужжатли қисса деб белгилаган бўлса-да, келтирилган лавҳа ҳам, қиссанинг бошқа ўринлари ҳам бадиият суви билан суғорилган. Чунончи, Худойберганнинг 3 августда туғилганлиги тўғрисидаги маълумот, бизнингча, бадиий тўқима маҳсули. 1879 санасига келсак, бу сана бошқа манбаларда ҳам учрашига қарамай, Худойберган Девоновнинг 1935 йилда битилган таржимаи ҳолидаги санадан фарқланади. Илк ўзбек фотографи мазкур таржимаи ҳолида туғилган санасини 1878 йил, деб кўрсатган. Аммо қиссадаги янги меҳмоннинг Нурмуҳаммад (Нурмат) ва Розика оиласида уч ёшли Онажондан сўнг иккинчи фарзанд бўлиб туғилгани рост гап, бу маълумотга ишониш мумкин..
Шундай қилиб, бўлажак биринчи ўзбек фотография 1878 йили Хива шаҳрида Нурмуҳаммад девон (мирза) оиласида дунё юзини кўрди. Унинг отаси, айрим манбаларда айтилишича, хон саройида мунший (котиб) ва табиб бўлиб хизмат қилган. Бошқа бир манбада Нурмуҳаммад отанинг Хўжайли туманида ҳоким бўлганлиги айтилади. Худойберган Девоновнинг жияни Абдулла Юсупов эса тоғаси ҳақидаги хотираларида ёзилишича, Нурмуҳаммад Хўжайли туманидаги ер-сувнинг бошқарувчиси бўлган. Х.Девоновнинг ўзи НКВД терговчиларига берган кўрсатмасида Хива туманидаги Бадирхон қишлоғида отасининг 6 гектар ери бўлгани ва у шу ерларни теварак-атрофдаги деҳқонларга бўлиб берганини ҳамда шу ерлардан даромад олганини айтган.

“Чақмоқ” ҳужжатли қиссаси муаллифи Худойберганнинг болалик ва ёшлик йиллари тўғрисида баҳс юритиб, бундай ёзади:
“Отаси Нурмуҳаммад ўз даврининг анча билимдон ва маданиятли кишиларидан эди – ўғлига хат-савод ўргатди. Худойберган ўн икки ёшидан бошлаб отаси билан девонхонага қатнаб, хат-чизувда унга дастёрлик қила бошлади”1.
Юқорида тилга олинган тергов материалида Худойберган Девонов отасига қарашли ер-сув тўғрисида сўзлаб: “Менинг ўзим дастлаб боққоллик дўконини очиб, савдо билан шуғулландим, аммо савдо билан ўралашиб қолмай, соатсозлик қилиб, ҳунармандлик билан машғул бўлдим. Отам 1918 йили вафот этди. Мен отамдан қолган ерни деҳқонларга ижарага бериб, улардан даромад олиб турдим. 1927 йилда эса барча ер-суву мол-мулкимни шўро ҳокимияти фойдасига топширдим”, деб ёзган.
Маҳбус фотографнинг бу сўзларига қўшимча тарзида шу нарсани айтиш лозимки, Худойберган ёшлик чоғидан бошлаб техникага қизиққан ва соатсоз устага шогирд тушиб, маълум муддат соатсозлик билан машғул бўлган.

Х.Девоновга бағишланган аксар рисола ва мақолалар шўро даврида майдонга келганлиги туфайли бу ҳужжатли қисса ва мақолаларнинг муаллифлари Худойберганнинг рус тили ва маданияти таъсирида шаклланганлигини айтишга алоҳида эътибор беришган. Шу тамойил Эркин Мадраҳимовнинг ҳужжали қиссасида ҳам сезилиб туради. У ёзади: “Нурмуҳаммад оға Худойберганнинг ўсиб-улғайиши учун ҳеч нарсани аямади. Ўғлининг рус тилини ўрганишга жазм этишини қўллаб-қувватлаб, ўша пайтлар Хивада очилган рус-тузем мактабига топширди”1.
Салимжон Ҳасанов исм-шарифли муаллиф “Биринчи ўзбек кинооператори” деган мақоласида эса Худойберган ҳаётининг худди шу даври тўғрисида қуйидаги сўзларни ёзган:
“Ўткир зеҳнли Худойберган оқ-қорани танигач, тез орада араб қа форс тилларини мукаммал ўрганди ва Шарқ адабиёти классиклари ижодини ҳам қунт билан мутолаа қила бошлади. Рус тилини ўрганиш учун эса у рус тили ўқитувчиси Мухтор Бакировга шогирд тушди. Айниқса, унинг дунёқарашининг шаклланишида, илғор рус фани ва маданиятига меҳр-муҳаббат уйғотишида ўз замонасининг илғор фикрли кишилари бўлган Комил Хоразмий, Баёний, Табибий, Мутриб Хонахаробий, Аваз Ўтар ўғли, Отажон Абдалов, Муҳаммад Расул Мирзо, Сафо Муҳанний, Фақирий, Партавий каби прогрессия руҳдаги маърифатпарварларнинг таъсири катта бўлди”1.

Ҳар иккала муаллиф бу сўзлардан кейин Худойберганда фото санъатига қизиқишнинг пайдо бўлиши масаласига кўчадилар ва бунга сабабчи бўлган кишининг номини тилга оладилар.
Х.Девонов ҳақида шу пайтгача ёзилган ҳужжатли қисса ва мақолаларда фотограф ҳаётининг дастлабки саҳифалари шу тарзда баён қилинган.
Аммо ушбу сатрлар муаллифи қўлида мавжуд бўлган ҳужжатлар Х.Девонов ҳаётининг “қоронғи” саҳифаларига маълум даражада ойдинлик киритади. Шу материаллардан бири Х.Девоновнинг 1935 йил 9 декабрда Урганчда ёзилиб, лотин ёзувли машинкада кўчирилган ва юқорида тилга олинган таржима ҳолидир. Мазкур ҳужжатга қараганда, “Худойберган” нафақат бўлажак фотографнинг, балки отасининг ҳам исми бўлган. Яъни исм-шарифи Худойберган Нурмуҳамедов бўлмиш ота тўнғич фарзанди дунёга келганида азбаройи хурсанд бўлганидан ва бу бевафо дунёдан ёлғиз ўтмай, из қолдириб кетажагига ишонганидан Оллоҳга шукроналар айтиб, фарзандини ҳам Худойберган деб атаган.
Яна шу нарсани айтиш жоизки, тарихнинг биз тилга олган даврларида жангари уруғларга мансуб кимсалар яқин шаҳар ва ўлкаларга бориб, қул ва чўри сифатида хизмат қилиши ва “яхши” пулга сотилиши мумкин бўлган кишиларни ўғирлаб келиб, қул бозорларида сотишган. Кейинчалик “Худойберган” ёки “Оллоберган” исмини олганларнинг аксари қул бозорларида сотилиб, мардона меҳнатлари билан ўз тақдирларини яратган кишилардир.
“1850 йилда, — деб ёзади Х.Девонов таржимаи ҳолида, — Худойберган Нурмуҳамедов Эроннинг Калат деган жойидан такалар2 томонидан келтирилиб, Хевада Отажон тўра деганга қул қилиниб, 18 тиллага сотилганлар. Бир неча йиллар отам унинг хизматида ишлаб, иш орасида ўқиб, саводини чиқарганлар. Кейин девонлик (писарлик3) қила бошлаган. Отажон тўра Мадраҳим1 томонидан ҳибс қилингандан кейин у Қадам маҳрам қарамоғида девонлик (писарлик) хизматида бўлган. Қадам маҳрам ясавулбошилик мансабига тайинланганидан сўнг майдондаги хизматларни отамга топширган. Отам Хўжайлида ер, сув, таноб ишларида бўлган. Шундай қилиб, Қадам маҳрам ўзининг ўлажак вақтида қарамоғидаги ворисларини отамга топширган. Яъни отамни васий қилган. Отам эса ўлганича уларнинг хизматида бўладир.. Мен 1878 йилда Хева шаҳарида туғилиб, 9 ёшимдан эски мактабга қатнаб ўқидим. 15 ёшимгача оз-кам саводим чиқди. Кейин йўнуқчилик2 ишига киришдим. Отам эса бу ишни оғир ҳисоблаб, яхшироқ ва одамнинг зеҳнини ўстиратурган ҳунарларни ўрганишимга ташвиқ қилар эди…”

Худойберган Девоновнинг отаси ҳақидаги тасаввур тўла бўлиши учун Эркин Мажраҳимовннг “Чақмоқ” ҳужжатли қиссасидан қуйидаи лавҳани ҳурматли китобхонлар эътиборига ҳавола этамиз. Муаллиф “такалар”нинг ўз “ўлжа”ларини қул бозорларига олиб келишларини тасвирлаб, бундай ёзган:
“Ўлжа”лар билан учи-қири кўринмайдиган қум саҳроси оша тағин бир ҳафтача юрилгач, Хивага келишди. Хонликнинг мағрибу машриққа машҳур Саройбозорида “ким ошди”га қул қилиб сотишди. Улардан бири – 9 яшар Нурмуҳаммадни Отажон тўра ўн саккиз тиллога, гўё мол савдолашаётгандек, сотиб олди. Отажон тўра 1825-1843 йилларда Хива хонлиги тахтини тебратган Оллоқулихоннинг “бир қориндан талашиб тушган” биродари Султон Муҳаммаднинг якка-ёлғиз арзандаси эди. Султон Муҳаммад 1866 йилда вафот этиб, ёш Отажон тўрага ҳисобсиз бойлик, катта мол-дунё отамерос бўлиб қолди. Энди ўн тўрт ёшга тўлган тўрага амакиси Саид Муҳаммад Раҳимъон Иккинчи – Феруз суянчиқлик қилди. Аслида Ферузсиз ҳам унинг қўли узун эди. Воҳанинг кўпгина қишлоқ-депараларида неча минг таноб ер, минглаб қорамол, қўй-қўзи, ўнлаб қул ва чоракор-батрак ёш тўрага хатлаб мерос қилинган эди. 1866 йилда унинг қуллари сафига яна бир шўрлик – Нурмуҳаммад ҳам келиб қўшилди.
Тўра уни Каттатозабоғ деб аталган ҳайхотдай мевазор боғидаги деҳқони – Хўсин дойи (амаки, тоға) га ёрдамчи қилиб берди. Хўсин дойи элликлардан ошиб қолган, эсини танибдики, шу боғда ер чопиб, дарахтларга қараб, сувини бериб, хўжайин Султон Муҳаммадга мева-чевасини йиғиб-топшириб, эвазига арзимас ҳақ олиб яшаб келаётган, … чувак юз бир киши эди…
…Хўсин дойи Нурмуҳаммаднинг пешонасини силаб, биродарлик қилиш билан бирга унга боз кўп унутилмас яхшиликлар кўрсатди. Биринчидан, хат-савод ўргатди. Иккинчидан, буюк аллома шоир Огаҳийнинг ўзи билан таништирди. Ниҳоят, кейинги йилларда бот-бот ўйлаб юрган ниятини рўёбга чиқаришга – Нурмуҳаммадни куёв қилишга қатъий қарор берди. 1874 йилнинг кеч кузида – қиш эшик қоқаётган кунларнинг бирида бўлган тўйга Огаҳийнинг ўзи тўйбошилик қилди…
…Шу орада Саид Муҳаммад Раҳимхон – Феруз Отажон тўра билан муросаси келишмай, қандайдир баҳона билан ҳибсга олди. Қулликдан қутулган Нурмуҳаммад йиғилган солиқлар ҳисоб-китобини юритадиган Қадам маҳрам маҳкамасига девон (мирзалик) ишига ўтиб кетди Йиллар кетидан йиллар ўтиб, девонликда ҳийла нуфуз орттирди, бирин-кетин фарзандлар кўрди…” .

Энди яна Х.Девоновнинг таржимаи ҳолини ўқишда давом этсак:
“…1889 йилда мени соатсоз устага шогирд қилиб бердилар. Бир йил давомида бу ишни ўрганиш учун устодим бўлмиш Адам исмли бир рус устага 300 сўм тўладим. 3 йил бу иш билан шуғулландим.
Шул вақтларда фото ишларини ўрганишга менда катта ҳавас пайдо бўлди. 1903 йил бир миқдор пул анжом қилганим ҳолда Полвон ҳожи билан бирлик-ла Маскавга кетдим…”
Худойберган Девонов таржимаи ҳолини ёзган кезларида, чамаси, немис миллатига мансуб кишилар билан ҳамкорлик қилганлиги, чунончи, Оқ масжидга келиб ўрнашган немислардан бири Вильгельм Пеннердан фотографияни ўрганганлигини айтиш хавфли бўлган кўринади.. Шунинг учун ҳам у Адамнинг рус миллатига мансублигини айтгани ҳолда асосий устози Вильгельм Пеннер номини умуман тилга олмаган. Ҳолбуки, унда фото санъатига қизиқишнинг уйғониши ва унинг илк ўзбек фотографи бўлиб шаклланиши шу Вильгельм Пеннернинг номи билан бевосита боғлиқ.

Хоразмлик немислар тарихини варақлаб…
Бир замонлар рус ҳукумати Пруссиядан немис элатларидан бирини Россияда яшашга таклиф этган ва улар Волга бўйларига келиб, шу ерни табдили макон айлаган эдилар. Бу немис элати Менно Симонс мазҳабига мансуб бўлгани учун менонитлар деб аталган. Бу мазҳабдаги кишиларнинг асосий шиори ҳеч бир ҳолатда қўлга қурол олмаслик, бирор кишига нисбатан, ҳатто қурол кўтариб келган душманга нисбатан ҳам қуролли ҳаракат қилмаслик эди..
Чор ҳукумати менонитларнинг ўз диний маслакларига қатъий риоя қилишларини яхши билгани учун маълум вақтгача уларни ҳарбий ишларга жалб этмаган. Аммо 1874 йилга келиб, Россияда мажбурий ҳарбий хизмат жорий этилади ва бу қонун 1880 йилдан бошлаб менонитларга ҳам таалуқли деб белгиланади. Бу ҳол аксар менонитларнинг Америкага кўчиб кета бошлашларига сабаб бўлди. Аммо шу пайт яқин орада “Оллоҳ ҳукмронлиги минг йиллиги”нинг бошланажаги тўғрисида миш-мишлар тарқалади. Бундай қараш тарафдорлари “хилистлар” деб аталган. (“Хилиа” юнонча сўз бўлиб, “минг” маъносини англатган.). Хилистларнинг фикрларига кўра, “Оллоҳ ҳукмронлигининг мингйиллиги” Шарқда бошланар, “гуноҳкор Ғарб” эса илоҳий жазога мубтало этилган экан. Бундай фикрлар Таврия ва Самара губерняларида истиқомат қилган менонитлар жамоаси орасида кенг тарқалиб, улар Петербургга, рус императорига ўзларини ҳарбий хизматдан холи Шарқдаги бирор мамлакатга кўчиришни сўраб, делегация юборганлар. Менонитларнинг ташвишларидан хабар топган Туркистон генерал-губернатори К.П.фон Кауфман менонитлар жамоасини Туркистонга таклиф қилган ва уларни 25 йилгача ҳарбий хизматдан озод қилишга ваъда берган. Шундан сўнг менонитлар мол-мулкларини сотиб, бир карвон бўлиб йўлга чиққанлар. Улар сафари узоқ давом этиб, турли-туман қийинчилик ва мусибатларни бошдан кечирганлар. Улар Ўрта Осиёда жойлашиб, колония тузишларига махсус рухсатнома келгунига қадар Инжилни ўқиб, ўзбек тилини ўргана бошлаганлар.
“Бизнинг менонитлардан ташкил топган жамоамизда, — деб ёзади Волга бўйларидан Хоразм воҳасига келиб қолган немислардан бири — Герман Янтцен “Олис Туркистонда” деб номланган мақоласида, — ҳамма ҳам динга эътиқод қўйган эмас эди. Кўчиб келаётганларнинг отахони ваъзхон Иоганни Пеннер эди. Йигит ва қизлар, шу жумладан, мен ҳам унинг ваъзлари туфайли динга бўлган муносабатимизни ўзгартирганмиз. Унинг юрагида меҳр-муҳаббат жўш уриб турарди. У мен билан нажот ҳақида суҳбатлашганида Оллоҳга: “Эй Парвардигор, сенга ўз юрагимни кўрсат”, деб тиловат қилишимни маслаҳат берган. Мен шундай қилдим. Шунинг учун мен унга бутун умрим бўйи миннатдорман.. Волга бўйларидаги ватанни тарк этганимизга бир йил бўлган эса-да, жамоамизнинг жойлашиши учун ҳали ҳам бирор аниқ макон йўқ эди…”

Шу ерда айтиш лозимки, 1873 йилдаги истилочилик ҳаракатларидан сўнг Хоразм хонлиги Россия империясининг таъсир доирасига ўтган. Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори К.М. фон Кауфман Ўрта Осиёга кўчириб келтирилажак рус фуқаролари учун мактаб, гимназия ва кутубхоналарни ташкил этиш билан бирга намунали қишлоқ хўжаликларини ҳам барпо этмоқчи бўлган. Волга бўйларидан кўчирилаётган немислар унинг шу мақсадининг амалга ошишига ёрдам беришлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам у аслида Кавказга кўчиб бориш ниятида юрган немисларни катта ваъдалар билан Ўрта Осиёга таклиф қилган.

Манбаларда айтилишича, Ўрта Осиё рус қўшинлари томонидан забт этилиб, Россия тасарруфига ўта бошлаган ХIХ асрнинг 60-йилларида мамлакатимизга асосан Болтиқ бўйидаги немис миллатига мансуб ҳарбийлар, тадбиркорлар, инженерлар, врачлар, амалдорлар кўчиб келишган. Менонитлар ва бошқа муҳожирлар эса Ўрта Осиёга 1874 йилдан бошлаб кела бошлаганлар. Менно Симонс мазҳаби издошлари йўлда 18 ҳафта юриб, 1880 йилнинг 18 октябрида Тошкентга етиб келишган ва қишни Қоплонбек қишлоғида ўтказишган. Аммо шу орада фон Кауфман вафот этиб, Бухоро амири ҳам, Тошкент уезди бошлиғи ҳам менонитларнинг ўз ерларида ўрнашиб қолишларига ижозат беришмайди. Аросат даштида қолган менонитлар Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II га мурожаат этишга мажбур бўлишади. Муҳаммад Раҳимхон II Хива шаҳридан хийла узоқда жойлашган қишлоқдан уларга ер ажратиб беради. Хоннинг Амударё бўлими бошлиғига 1882 йил 15 июлда йўллаган хати сақланган бўлиб, унда бундай сўзлар ёзилган эди: “…Мен бу ерга келган уч немисни кўриб, улар билан сўзлашдим: улар менинг фуқаролигимга ўтиб, менинг еримда яшаш истагини билдиришди; улар арпа-буғдой экиб, менинг бошқа фуқароларим билан бир қаторда солиқ тўлашни хоҳлашмоқда. Бундан ташқари, улар агар ёмон ишлар қилишса, шу ишларнинг муҳимлигига қараб шариат ва одат бўйича жазолашим мумкинлигига рози эканликларини билдиришди. Мен ўз томонимдан уларни бир йил солиқ тўлашдан озод қиламан ва бундай солиқни кейинги йили оламан…Мен уларга Лавзан ва Хўжайли яқинидан етарли миқдорда ер-сув ажратиб бераман…”

Шундай қилиб, менонитларнинг 60 оиласи Хива хони ажратган ерларга кўчиб келади. Менонитлар ўзлари билан барча керакли нарсаларни, ҳатто араваларни ҳам қисм-қисмларга бўлиб олиб келишганлари, йўлда эса эшик-деразаларни сотиб олганлари учун қишга қадар кимсасиз ерларни ўзлаштириб, немис посёлкасини барпо этадилар. Яқин атрофда яшаган аҳоли уларга ун, гуруч, тухум, балиқ сингари зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб, улар назарида, “сув пули”га сотади. Масалан, узунлиги бир метргача бўлган осетра балиғининг нархи бозорда атиги 25 тийин бўлган.
Немислар жойлашган ердан беш-ўн чақирим нарида, Амударёнинг қуйи оқимида ёвмуд қабиласи яшар эди. Бу жангари қабила немисларнинг қуролсиз эканликларини билганларидан сўнг қарийб ҳар куни бостириб келиб, уларнинг отларини, мол-мулкларини, ҳатто ёш келиниларни ҳам ўғирлаб қочишган. Бир куни Герман Янтцен икки акаси билан олдиндан тайёрлаб қўйган ёғоч найзалари билан бисотларидаги уч отни ёвмудлар қўлидан қайтариб олмоқчи бўлишган. Буни кўрган ота ўғилларига қараб ғазаб билан бундай деган:
— Уялмайсизларми, бўталарим,ёмонликка қарши шу тарзда курашадими? Халқимиз қўлга қурол олмаслик учун бу ерга етиб келгунига қадар қанчадан-қанча ўлкаларни орқада қолдирди. Биз ўз аҳду паймонимизда қатъий тураётганимизни кўрсатишимиз лозим эмасми!. Наҳотки сизлар бир ҳамла билан оталарингиз имонини бир пул қилсангиз! Қани, уйга кириб ётинглар! Отларимизнинг ўғирланаётганини кўриб турган Оллоҳимиз бизнинг уларсиз очликдан ўлим кетишимизга йўл қўймайди!

Хоразм воҳасига нажот излаб келган немислар шундай имонли кишилар бўлишган.
Аммо замона зайли билан шу ерга келиб қолган казаклар менонитларга ёвмуд балосидан халос бўлиш учун хонга мурожаат этишни маслаҳат беришади. Немисларнинг мушкул аҳволда қолганидан хабар топган хон зудлик билан ички ишлар нозири Қосим Девонни улар ҳузурига юборади. Нозир немислар ўрнашган жойнинг қоқ ўртасида ҳашаматли чодир тикиб, жамоа оқсоқолини қабул қилади ва уларга иззат-ҳурмат кўрсатади. Ўз навбатида Янтценлар оиласи ҳам дастурхон ёзиб, нозирни ўз уйларига таклиф қиладилар. Нозир уй бекасининг тикув асбоблари турган столи устида турган қутичани кўриб, оромини йўқотиб қўяди. Қутичанинг усти гарчанд ойна каби ялтиллиб турган бўлса-да, унинг ёғоч тахтача устига ўрнатилганлиги сезилиб турарди. Нозир бу антиқа қутичани кўради-ю Муҳаммад Раҳимхон II билан бирга Петербургга борганини эслайди. Ўшанда хон шарафига зиёфат берилган зал паркети кўзни қамаштиргудек худди шундай ялтиллаб турганди. Хон ўз саройида шундай паркетли залнинг бўлишини орзу қилган эди, ўшанда!

Нозир уй эгасидан қутини ким ясаганини сўрайди.
— Қайнотам, — деб жавоб беради кекса Янтцен.
— Сизларнинг орангизда ҳам шундай ишларни қила биладиган усталар борми? – сўрайди нозир.
— Қайнотам ҳам биз билан бирга келган, — жавоб беради Янтцен.
Ҳа, шундай усталар бор эди. Ва улар кўп ўтмай, Хивага бориб, хон саройидаги катта зал паркетини қуришга киришиб кетадилар. Хон немисларга катта ҳурмат кўрсатиб, қирқ немис оиласи учун Оқ масжиддаги акасига тегишли ердан жой ажратиб беради. Кўп ўтмай, Оқ масжидда немисларнинг дурадгорлик, темирчилик устахоналари пайдо бўлади. Улар деҳқончилик билан шуғулланиб, Оқ масжид далаларига ҳам европача маданият шабадасини олиб кирадилар.
Хоразм наққошлик мактабининг асосчиларидан бири Абдулла Болтаевнинг номи кўпчиликка маълум. Унинг бу ҳунарни эгаллашига, эшик-ромларни ясовчи усталардан бири бўлишига немис менонитлари сабаб бўлишган. “Отам, — деб ёзган эди Абдулла аканинг ўғли Карим Абдуллаев, — немисларнинг тикувчилик ва деҳқончилик ишларига ҳам қойил қолар эди. Мен биринчи бўлиб оврупоча кўйлак ва костюмларни немис чеварлари шарофати билан кийганман”, — дейди Абдулла. Болтаев. Немис усталари иш олганда уни вақтида бажарар, қолган бир қарич материални ҳам тайёр кийимнинг устига қўйиб, қайтариб беришарди.
Оқмасжидлик немис деҳқонлари деҳқончиликнинг янги усулларини кашф этиб, Хоразм учун қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг янги навларни яратишган. Хоразмда картошка, помидор каби неъматларни биринчи бўлиб эккан ҳам оқмасжидлик немис деҳқонлари эди. “Немис тарвузи”, “немис сигири”, “немис мол ёғи” ва бошқа (атама) лар ҳам шундан қолган”1.
Юқорида тилга олганимиздек, ХIХ асрнинг 40-йилларидан бошлаб Ўрта Осиёга жаҳоннинг турли мамлакатларидан сайёҳлар, фотографлар, миссионерлар кела бошлашди. Уларнинг бир қисми Европани Ўрта Осиё билан, унинг тарихи, маданияти ва одамлари билан таништириш ниятида ташриф буюрган бўлса, бошқаси жосуслик маълумотларини тўплаш мақсадида келган. Шу сайёҳ, фотограф ва миссионерларга ўзбек тилини, хусусан Хоразм шевасини ўрганган, шунингдек, рус тилини яхши билган немис ёшлари таржимонлик қилишган. Улар орасида номи юқорида зикр этилган Иоганн Пеннернинг ўғли Вильгельм ҳам бўлиб, у ташвиқотчилик ишларидан ташқари, фотография билан ҳам шуғулланган. 1858 йили Оренбург-Устюрт-Қўнғирот-Хива йўналиши бўйича Хоразм хонлигига келган рус миссионери Н.Игнатьев ҳвм яхшигина фотограф эди. Унинг шу сафар чоғида олган суратлари, айтиб ўтганимиздек, 1862 йили Берлинда альбом шаклида нашр этилган. 1873 йили рус қўшинлари Хоразм хонлигига қарши уруш бошлаганларида эса улар сафида 12 нафар фотограф ва рассом ҳам бўлган. Лекин немис менонитлари 1882 йил охирларида Хоразм хонлиги ҳудудларига етиб келгунларига қадар маҳаллий халқ орасидан бирорта фотограф ҳали етишиб чиқмаган эди.

Биз юқорида кекса Янтценнинг ўғилларига айтган сўзларини бежиз келтирмадик. Бировга, ҳатто душманга ҳам қўл кўтаришни гуноҳи азим деб билган менонитлар отахони Иоганн Пеннер фарзанди Вильгельм Пеннерни ҳам шу руҳда тарбия қилган, унинг ҳар бир ташлаган қадами, ҳар бир айтган сўзи учун Оллоҳ олдида жавобгар эканлигини дилига қуйган, борига ҳам, йўғига ҳам шукроналар айтиб яшайдиган, оқ кўнгил инсон қилиб ўстирдан эди. Вильгельм Пеннер шу фазилатлари билан теварак-атрофда яшаган маҳаллий аҳолига манзур бўлган ва улар ҳам ўз навбатида ўзбек тилини яхши билган ва ўзбекларга ҳурмат билан муносабатда бўлган Чиқирчи қишлоқлик фотографни Панор (Фанор) ота деб аиқашган
Хуллас, Худойберган Девонов 1900-1901 йилларда Фанор ота – Вильгельм Пеннер билан танишиб, ундан фотоаппарат воситасида сурат олиш ҳунарини ўргана бошлади.

Янги касбни эгаллаш йўлида

Қатағон даври қурбонлари номини тилга олиш мумкин бўлган 60-70-йиллардан бошлаб Худойберган Девонов тўғрисида ўнлаб мақола ва очерклар эълон қилинди. Бу хайрли ишни бошлаб берган, биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори ҳақида бир неча мақолалар ёзган ва ҳужжатли фильмларни яратган таниқли киношунос олим, филология фанлари доктори Ҳамидулла Акбаров, хоразмлик фидойи ёзувчи ва журналистлар Эркин Мадраҳимов, Салимжон Ҳасанов, Комил Нуржонов, Рўзимбой Ҳасан ва бошқалар Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганиш ишига муҳим ҳисса қўшдилар. Ўзбек фотографиясининг дунёга келганига 125 йил тўлиши муносабати билан бу улуғ ишга Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Турсунали Қўзиев, Тошкент Фотография уйи директори Шаҳноза Каримбобоева ва бошқалар бел боғлаб киришдилар, буюк замондошимиз меросининг янги тарихий-маданий даврда ўрганилиши ва оммалашишида ташаббускор бўлдилар. Шунинг учун ҳам камина ушбу рисолани ёзиш жараёнида улар қаламига мансуб қисса, очерк ва мақолаларда берилган қимматли маълумотлардан кенг фойдаландим. Бундай бахтли имкониятга эга бўлганим учун камина уларга чин қалбдан миннатдорчилик билдираман.

Шундай қилиб, соатсозлик билан шуғулланган ва эҳтимол, ёшлик йилларини шу ҳунарга бағишламоқчи бўлган 22 яшар йигитнинг Вильгелм Пенер билан учрашуви унинг тақдирини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Кишилар ва табиат манзараларининг бир лаҳзадаги ҳолатини фотосуратда муҳрлаб қолдириш чиндан-да мўъжиза эди. Унинг бахтига, Вильгельм Пенер ҳам ўз ҳунарини — тирикчилик манбаларидан бирини яширишга уринмайдиган, рақобат орттиришдан чўчимайдиган мард ва олижаноб инсон эди. Аксинча, у Худойберганда фото санъатига қизиқиш уйғотиб, унга сурат олиш ва ойнага туширилган тасвирни қоронғи хонада фотодорилар ёрламида юзага чиқаришнинг мураккаб жараёнини қунт билан ўргатди. Ҳатто унга “Zot” русумли фотоаппаратини совға қилди. Худойберган унинг далдаси билан шу фотоаппаратда сурат олишга қувона-қувона киришди.

Ёш мусулмон йигитчанинг сурат олаётгани хабари бир зумда тарқалди. Агар Худойберганнинг тенгдош ва қурдошлари бу ишини ҳавас билан кузатган ва унинг орқасидан чувалашиб эргашиб юрган бўлсалар, мутаассиб кишилар шариат қонун ва қоидаларини пеш қилиб, “гуноҳга ботаётган” йигитни бу ҳунарни ташлашга даъват қилдилар, ҳатто: “Сен суратга олган одамлар қиёмат-қойим бўлганда тирилиб келиб, жонимни қайтариб бер, деб сендан талаб қилишади. Ўзинг ҳам ўлганингда дўзахга тушиб, шариат олдидаги ггуоҳларинг учун жаҳаннам азобини тортиб ётасан”, деб қўрқитдилар. Мутаассиблар гуруҳи тепасида кимсан Салимхон охунд исмли қозикалон турарди. Унинг дўқу пўписалари, Худойберганни ҳатто кофир деб эълон қилиши катта ёшдаги кишиларнинг ҳам ундан юз ўгира бошлашларига сабаб бўлди. Лекин Худойберган ҳечс нарсага қарамай, ўз аҳдида қатъий турди. Агар шу йилларда Хива хони тахтини Муҳаммад Раҳимхон II — Феруз эмас, балки маърифатдан йироқ бошқа бир хон эгаллаб турганида Худойберганнинг ҳам, “унинг жиловини ўз қўлига ололмаган” отасининг ҳам ҳаёти, аминманки, ўзгача кечган бўларди.

Маълумки, 1898 йили Петербургда рус салтанатига келган янги император Николай II га тож кийдирииш маросими бўлиб ўтган. Мазкур тантанали маросимга Хива хони ҳам фахрий меҳмонлар қаторида таклиф этилган. Муҳаммад Раҳимхон шу воқеа муносабати билан Петербургга бориб, рус жамияти ҳаётига фотография ва овозсиз кино санъатлариниг кириб келаётганини ўз кўзи билан кўрди ва илмий-техник тараққиётнинг бу буюк самарасидан қаттиқ ҳайратга тушди. У Хоразм воҳасига келган хорижий фотографлар билан учрашган, улар олган суратларни томоша қилган, техниканинг бу янги мўъжизасини кўриб, ёқасини ушлаб қолган эди. Петербургга борганида эса у синема билан ҳам танишди. Петербург шаҳридаги ва шаҳар атрофидаги муҳташам саройларни, хушҳаво боғу роғларни, уларда осмон баравар отилиб турган фаввораларни бориб кўрди. Хива билан Петербургдаги кишилар, шаҳарлар, боғлар ўртасидаги фарқ уни ўйлантириб қўйди. У Хива хонлигига ҳам техник ва маданий тараққиёт шабадаларининг кириб келиши лозимлигини дил-дилидан сезди.

“Хон, — деб ёзади республика “Олтин мерос” жамғармаси Хоразм вилоят бўлими раиси Комил Нуржонов, — адабиёт ва санъатни ўта қадрлайдиган, зарурат туғилса, ҳомийлик қиладиган инсон бўлган. Тарихий манбаларда битилишича, у рус подшолари ҳузурига кириб, ўлкага темир йўл олиб кириш, замонавий босмахона, тикувчилик фабрикаси ва кинематография лабораторияси ташкил этишни сўраган” .
Комил Нуржоновнинг бу сўзлари ҳақиқат зарраларидан холи эмас. Лекин киношунос Ҳамидулла Акбаров “Кинопублицистиканинг машаққатли йўли” деган мақоласида ёзганидек, 1900-1901 йилларда Девонов фото ва кинематография билан шуғулланган вақтда Россияда ҳали кинематография пайдо бўлмаган эди.. Ҳатто Москва ва Петербург сингари йирик шаҳарларда ҳам фильмларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган, шунинг учун ҳам асосан Франциядан келтирилган киносюжетлар каттагина пул эвазига шаҳар ва қишлоқларда намойиш этилган. 1908 йилда Россияда “Понизовая вольница” ёки “Стенка Розан и княжна” деган илк киноасар экран юзини кўрганида Х.Девонов “ўз даврининг муҳим воқеаларини кино тасмасига тушириб улгурган эди. “Орадан 13 йил ўтиб, — деб ёзади Ҳ.Акбаров, — ХХ асрнинг 20-йилларда рус киноси вакиллари Х.Девоновга мурожаат этиб, ҳамкорликда ишлашни таклиф этишган” .

“Худойберган, — деб давом этади киношунос олим, — Петербург билан эмас, Хивадан 25 километр наридаги Оқмачит қишлоғига жойлашган немислар колонияси билан алоқа ўрнатиб, улардан фото ва кинокамера билан муомала қилишни ўрганган. 1890 йилда таваллуд топган, 1907 йилда Х.Девоновнинг синглисига уйланган Ҳасан Читкаров билан суҳбатлашганимизда у шундай деган эди: “Оқмачитга қайним Худойберган ака кунда борарди. Уйга вақт хуфтондан ўтганида қайтиб келарди..25 км у томонга, 25 км Хива томонга, умумий, кунига 50 км йўл босарди. Аввал немис тилини ўрганиш учун борди. Ўқитувчисининг исми Вильгельм Пеннер эди. Маҳаллламиздагилар уни “мулла Панар” деса, қайним унга “Панар бува леь мурожаат этарди”3. Ҳ.Акбаров мазкур манбага таянган ҳолда Х.Девоновннг Вильгельм Пенердан икки йил мобайнида ҳар куни Оқмасжидда дастлаб немис тилини, кейинчалик фото-кино ишларини ўрганганлигини айтади. Унинг Ҳасан Читкаровдан олган маълумотига қараганда, Вильгельм Пенер бозор (якшанба) кунлари Хивага келиб, Х.Девонов истиқомат қилган манзилда унга сабоқ беришда давом этган. Хуллас, Х.Девонов ХХ аср бошларидаёқ москвалик ва петербурглик ҳамкасбларидан аввал кинематография билан танишибгина қолмай, кичик-кичик кинолавҳаларни ҳам суратга олган.

Тахмин қилиш мумкинки, Худойберганнинг шу йилларда фотография билан қизиқиб, табиат манзаралари, тарихий-маданий обидалар билан бирга тирик кишиларни ҳам суратга ола бошлагани хоннинг қулоғига етиб, унда ёш фотографга нисбатан хайрихоҳлик пайдо бўлган. Бинобарин, хоннинг Худойберганга нисбатан яхши муносабатини кўрган қозикалон ўз таҳдидларини амалга оширишга ожизлик қилган.
Худойберган Девоновнинг ҳаваскор фотограф ва кинооператор сифатидаги ижодий йўлининг янада равшанлик касб этишида унинг Москва ва Петербургга бориб, зарур асбоб-анжомларни олиб келиши муҳим омил бўлди. Х.Девоновга бағишланган барча рисола ва мақолаларда унинг мазкур шаҳарларга 1907 йилда сафар қилгани қайд этиб келинади. Ҳолбуки, у юқорида тилга олинган таржимаи ҳолида биз учун бундай янги маълумотни берган:

“…1903 йил бир миқдор пул анжом қилганим ҳолда Полвон ҳожи билан бирлик-ла Маскавга кетдим. У ердан ўзима керакли соат асбоблари ҳамда аппарат билан фото материалларини олиб қайтдим-да, бурунғича ишлай бошладим. Бу вақтларда расм олиш иши ари1 дин аҳллари томонидан “шариатга хилоф” ҳисобланар эди.
Ҳатто отам ёнига элатнинг оқсоқол, мулла, эшонлари келиб,: “Ўғлинг расм олишга киришган эмиш. Бу иш шариатда ман қилинган, сурат турган жойга фаришта кирмайди, ўғлингни бу йўлдан қайтар”, деб таклиф қилганлар.

Отам эса уларга жавобан: “Ўғлимнинг бу ҳунарни ўрганишига тўсқинлик қила олмайман, унинг ўлтирган жойига фаришталар кирмаса, бошқа жойга кирганлари етмайдими?! Бундай қуруқ сўзларнинг нима зарурлиги бор?!” деб қайтариб юборди. Шу вақтларда Хивада фото ҳаваскорларининг сони бир-иккита эди…”
Афсуски, таржимаи ҳолнинг шу сўзлардан кейинги бир-икки сатри ўчиб кетганлиги учун уларни ўқишнинг иложи бўлмади. Аммо кейинги сўзлардан маълум бўлишича, Худойберган Девонов мутаассиб кишиларнинг бундай қаршиликларига қарамай, нафақат фотография, балки, юқорида айтиб ўтганимиздек, кино билан ҳам қизиқа бошлаган.

“Бу билан қаноатланмай, – деб давом этган у, — кино-картинка олиш ҳам ўйнатиш ишларига ҳавасландим. Кино-картинкаларни биринчи мартаба Маскавга борганимда кўриб келиб, шу ишлар билан ҳам шуғулланишни орзу қилгандим” .
Худойберган Девоновнинг 1936 йили шахсий нафақа олиш учун тайёрлаган ҳужжатларида унинг шу вақтда 58 ёшда бўлганлиги, шундан 35 йили фотографияга бағишланганлиги қайд этилган. Бундан маълум бўлишича, 1878 йилда туғилган Девонов 1901 йилдан эътиборан фотография билан жиддий шуғуллана бошлаган. 1903 йилда эса шу соҳадаги малакасини ошириш ва зарур фото асбоб-анжомларини олиб келиш учун Москвага борган. Айни пайтда у Москвадаги янги очилган кино-театрларга бориб, дастлабки овозсиз кино-картиналарни томоша қилган ваўзида кино санъатига ҳам астойдил қизиқиш ҳосил қилган.
Х.Девоновнинг юқоридаги сўзларидан яна шу нарса аён бўладики, унинг отаси мутаассиб кишиларнинг дағдағаларидан чўчимайдиган мард, тарихий-маданий давр барақар қадам ташлаган, фарзандининг фото ва кинематография сирларини эгаллашини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган илҳор киши эди..

1907 йилнинг сўнгги ойларида тақдир Худойберганга Москва ва Петербургга бориш имконини берди. Бу сафар у нуфузли делегация аъзоси сифатида Россиянинг марказий шаҳарларига бориб, рус императори саройида бўлди, Москва ва Петербургнинг диққатга сазовор жойларини ўз кўзи билан кўрди. Х.Девоновнинг ҳаётида рўй берган шу унутилмас воқеа Эркин Мадраҳимовнинг ҳужжатли қиссасида бундай тасвирланган:
“…1907 йилнинг кеч кузи. Хива хонлигининг Исломхўжа бошлиқ бир гуруҳ вакиллари Амударё бўйлаб кемада Чоржўйга етиб келгач, у ердан поездга ўтиришди-да, Тошкентга, у ердан эса Петербургга етиб келишди. Йигирма тўққиз баҳорни кўрган сураткаш йигит – биринчи ўзбек фотографи Худойберган Девонов Хива уламоларининг Петербургга сафарлари, оқ подшо, олий мансабдаги бошқа амалдорлар билан бўлган учрашувлари, музокара ва зиёфатларини суратга тушира бошлади Николай II, унинг рафиқаси, шаҳзода Алексей, подшолик министрлари хоразмлик фотограф Худойберган Девонов олган суратларда ўз аксини топди…

…Петербургда эканликларининг учинчи куни хивалик меҳмонлар шарафига берилган кечки зиёфатдан кейин кутилмаган воқеа рўй берди. Қоронғи тушгач, мезбону меҳмонлар қўшни хонага ўтишди. Тўрдаги деворга тутилган оқ матога қараб ўриндиқларга ўтиришди. Чироқ ўчиб, орқа томондан пайдо бўлган аллақандай нур оқими матога тушди-да, унда ажойиб манзара пайдо қилди: деворда кишилар югуриб юришар, бир-бири билан чаққон ҳаракат қилиб суҳбатлашар, Николайнинг извошга чиқаётгани-ю унга қўшилган отларнинг қизиқ чопқиллаши меҳмонларни ҳайратга қолдираёзган эди…”1
Шубҳасиз, хоннинг яқин аёнларидан бири бўлган, унинг маданият, маърифат ва сиҳат-саломатлик масалаларига оид қутлуғ режаларини рўёбга чиқарган, ҳатто ўзи ҳам хонни шу ишларни амалга оширишга рағбатлантирган Исломхўжа, валиаҳд Асфандиёр (Исфандиёр) ва бошқалардан иборат делегация иқтисодий алоқаларни ўрнатиш, фан, маданият ва техника соҳасидаги янгиликлар билан танишиш ва шу янгиликларни олиб келиш мақсади билан Россияга борган эди. Шунинг учун ҳам делегация Хоразмга қайтиб кетганидан кейин ҳам Х.Девонов Исломхўжанинг моддий мадади билан яна икки ой рус заминида бўлди.

“…Ҳаракатлантирувчи фотокиноаппарат – “Патэ”ни ўрганганча, — деб давом этади Эркин Мадраҳимов, — икки ойдан ортиқроқ вақт ўтди. Худойберган 1908 йилнинг бошларида Хоразмга “Патэ”, телескоп, граммафон, фотоаппарат ва сурат чоп қиладиган қоғоз билан талайгина лента олиб қайтиб келди”1.
Худди шу воқеа Комил Нуржоновнинг юқорида тилга олинган мақоласида бундай тасвирланган: “…Худойберган Девоновга давлат аҳамиятига молик муҳим учрашувларда иштирок этиш, фан ва техника янгиликларини ўзлаштириш, “деворда ҳаракатланадиган одамлар”ни суратга туширадиган дастгоҳлар харид этиш вазифалари юклатилган эди. У ўзига топширилган вазифани аъло даражада бажарди, чет эл фирма магазинлари, кинофотстудияларида тажриба тўплади. “Pathe Freres” кинокамераси, граммафон, стереоскоп, ва бошқа зарур анжомларни олиб Хивага қайтди. Муҳаммад Раҳимхон II оғир касал бўлишига қарамай, Россиядан олиб келинган кинокамера ва аппаратураларни кўздан кечирди, “оқ деворда ҳаракатланувчи одамлар”ни қайта-қайта томоша қилди. “Нурмуҳаммад Девон ўғли Худойберган сураткашга зарур шарт-шароит яратиш” ҳақида кўрсатма берди”.

Афсуски, ҳар иккала муаллиф ҳам ўз асарларида келтирилган маълумотни қаердан олганларини қайд этишмаган. Мақоладан-мақолага бир оз ўзгариб, бойиб, баъзан муболағалашиб кўчаётган бу маълумот ўқувчида унинг ҳаққонийлик даражасига шубҳа уйғотиши мумкин.
Х.Девоновнинг ўзи эса таржимаи ҳолида мазкур сафар натижалари тўғрисида бундай маълумотни берган, холос: “1908 йилда, — деб ёзган у, — яна Маскавга бориб, Петр Яҳум деган бойдан кино аппарати сотиб олдим. Бир ой унинг хусусий лабораториясида пул бериб ўргандим. Кино ўйнататурган аппарат ва материалларни сотиб олиб, Хивага келтирдим”.

Кўрамизки, Х.Девонов Россияга қилган сафаридан гўё олиб келган телескоп, граммафон, стереоскоп ва бошқа нарсаларни умуман тилга олмаган, аксинча, у бир ой мобайнида киноаппаратда суратга олиш ва кинолентадаги тасвирни рўёбга чиқариш техникасини ўрганганини айтган. У гарчанд таржимаи ҳолида қайд этмаган бўлса-да, юқорида зикр этилган анжомларни Хивага олиб келиб, хонга кўрсатган ва хаста хон уларни томоша қилган, ҳатто “Нурмуҳаммад Девон ўғли Худойберган сураткашга зарур шарт-шароит яратиш” борасида кўрсатма берган бўлиши мумкин. Аммо ҳамма гап шундаки, 1910 йил 7 августда Муҳаммад Раҳимхон II вафот этгач, Хива тахтини унинг ўғли Асфандиёрхон эгаллайди ва у отасининг васиятини ижро этиш ўрнига, аксинча, Худойберган Девоновни сиқувга олиб, унинг фотографлик ва кинооператорлик фаолиятининг кенг қанот ёзишига имкон бермайди.

“Бироқ, — деб давом этади Х.Девонов, — буни ўйнатиб, халққа кўрсатишимга йўл берилмас эди. Фото ва қўлимдаги аппаратимни Исфандиёрхон Собир маҳрам деган кишини юбориб, зўрлаб олиб, Боғдан Очилдов деган хусусий фотографчиси ва ўзининг савдо бўлими бошлиғига топширди”.
Х.Девоновнинг бу сўзлари, бизнингча, Асфандиёрхоннинг 1910-1912 йиллардан кейинги даврига оид. Негаки, агар шу йилларда хон саройида бошқа фотограф хизмат қилган бўлса, у (Асфандиёрхон) 1912 йили Россиянинг Петербург ва бошқа шаҳарларига қилган сафарига Х.Девоновни олиб кетмаган бўларди.
Х.Девонов ҳаётини архив ҳужжатлари ва замондошларнинг хотиралари асосида пухта ўрганган Эркин Мадраҳимовнинг “Чақмоқ” асарида бундай маълумот мавжуд. “Исломхўжа янги хон – Исфандиёрни оқ пошшо Николай II билан таништиргани 1910 йилнинг охирларида Петербургга бошлаб борган”1. Э.Мадраҳимовнинг ёзишича, Х.Девонов мазкур сафар чоғида Асфандиёрхонга ҳамроҳлик қилган. Аммо агар Э.Мадраҳимов бу тарихий воқеани 1910 йили рўй берган, деб ёзган бўлса, шу сафар иштирокчиси Полвонниёз ҳожи Юсупов эса “Ёш хиваликлар тарихи” китобида мазкур воқеа санасини 1912 йил, деб қайд этган.

У ёзади: “1912 йилда (Асфандиёрхон) Петербургга сафар қилмоқчи бўлиб, оқ подшо ва министрларга ҳадялар ола бошлади. Ҳам ўзи бирлан олиб кетатурган сипоҳийларни номзод қилиб қўйди. Бош вазир Исломхўжа, Ҳусинбек Девонбеги, Муҳаммад, карвонбоши Ҳожибой… ва бошқа шуларга яқин одамлар бирлан Петербургга сафар қилди… Москвада ҳам турмасдан, тўғри Петербургга бориб, оқ подшонинг Қишки саройига тушди”2.
Полвон ҳожи Юсуповнинг китобидаги Асфандиёрхонга ҳамроҳлик қилган кишилар рўйхатида нима учундир Х.Девоновнинг номи учрамайди. Аммо Э.Мадраҳимов унинг шу сафар иштирокчиси бўлганлигини ва сафар чоғида ўзига керакли асбоб-анжомларни харид қилганини айтиб, бундай ёзган: “Худойберган эрталабдан янги фотоаппарат, сурат қоғозлари, киноленталар харид қилиш режаларини белгилаб, асосий ишни москвалик киночилар билан учрашишдан бошлашга қарор қилди”3. Агар Э.Мадраҳимовнинг бу сўзлари ҳақиқатга зид бўлмаса, биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори Асфандиёрхонга ҳамроҳлик қилиб, унинг Россияга қилган сафарини фотосуратлар ва киноленталар шаклида муҳрлаш билан машғул бўлган.
Хўш, Асфандиёрхон мазкур сафар чоғида қаерларда бўлган ва кимлар билан учрашган? Х.Девонов ушбу сафардан қандай таассуротлар, фотосуратлар ва кинотасмалар билан қайтган бўлиши мумкин? Бу муҳим саволларга жавоб топиш учун яна Полвонниёз ҳожи Юсуповга мурожаат этайлик:
“Оқ подшо тарафиндан хонга генераллик рутбаси бердилар, — деб ёзади у. – Ҳасанбекка полковниклик, Исломхўжа ва Муҳаммад Вафо Карвонбошига ҳам Катта юлдуз нишонларни бердилар. Бошқа ҳамма хизматкорлар, маҳрамларга олтин, кумуш соатлар бердилар. Шунинг бирлан 13 кун туруб, Кавказга бормоқчи бўлуб рухсат олиб, экстренний поезд билан чиқдилар ҳам келиб Пятигорскига тушдилар. Хон учун алоҳида бир яхши жой тайёр қилган эрканлар. Хизматкорлар ушбу жойнинг олдидаги меҳмонхонага жойлашдилар. Шунда хон 6 кун турди. Шул ўртада Кисловодск, Эссентукиларни томоша қилдик. Кавказнинг ушбу баён бўлган ерларида ҳар турли касалга фойдали модан сувлари бор турур. Ҳар йилда 6 ой ҳар турли касалга муфтало бўлган одамлар келиб, давои қилдируб, сиҳат бўлиб қайтадилар…

Кавказда кўп ажойиб жойлар бор турур ва ҳоваси кўп яхши эрур. Касал одам давои қилмасдан бир неча вақт турса ҳам ўз-ўзидан сиҳат бўлур. Бир неча кундан сўнг хон янида бўлган сипаҳийлар билан Хивага қайтмоқчи бўлди. Исломхўжа касал эрди. Ўзига давои қилдирмоқ учун докторларнинг маслаҳатлари бирлан қолмоққа қарор қилди.
Махфий қолмасинким, ушбу бир неча кун турганда Исфандиёрхон Кавказ гўзалларини келтириб, ҳар оқшомда хусусий базм қилиб, гўзалларга кўп нимарсалар – бирлиёнт, исирға, оқчалар бериб турди.

Шундай қилиб, хон Маскавга қараб йўлга чиқди. Исломхўжа Пятигорскида қолди… Йўлда бир оқшом қўниб, Маскавга келдик. Маскавда Кирки аркига тушурдилар. Маскавдаги катталар пешвоз чиқиб кутиб олдилар.. Бир неча кун Маскавда кайфу сафо қилиб Хивага қараб қайтдилар” .
Кўрамизки, Асфандиёрхон ўз маҳрамлари билан дастлаб Петербургга бориб, шаҳзода Алексейнинг ақиқа оқшомида иштирок этган, рус императорига садоқати эвазига генераллик унвони билан тақдирланган. Сўнгра Кавказга бориб, жаҳоннинг жаннатмонанд жойларини кўриш билан бирга Кавказ гўзаллари ила базми жимшид қурган. Ниҳоят, Москвага бориб, бир мунча муддат турганидан сўнг Хивага қайтиб келган. Агар шу сафар Асфандиёрхон учун рус императори ва Россиянинг машҳур шаҳар ва оромгоҳлари билан танишиш сафари бўлган бўлса, Худойберган Девонов учун аввало ижодий сафар эди. Тахмин қилиш мумкинки, у мазкур сафардан «бир қоп» фотосурат ва кинотасмалар билан қайтган. Бу фотосурат ва кинотасмалар оддий сурат ва кадрлар эмас, балки ўзгариб бораётган давр ва мамлакат тарихининг ноёб киноҳужжатлари эди.

Тарихий давр фото ва кино кўзгусида

1908 йилда Худойберган Девонов Хивада Ўрта Осиёдаги биринчи фото-кинолабораторияни ташкил этади. У шу вақтдан бошлаб фото ва кино ишлари билан мунтазам шуғулланади. Унинг «Халқ сайиллари» деб номланган биринчи кинолавҳаси ҳам тахмиман шу йилларда суратга олинган. Ушбу кинолавҳада аср бошларида Хоразм хонлиги ҳудудларида яшаган ўзбек, туркман, қорақалпоқ, қозоқ миллатларига мансуб кишиларнинг маданий ва маиший-этнографик ҳаёти манзаралари тасвир этилган. Бу кинолавҳа билан танишар эканмиз, ўтмишдошларимизнинг ўтган аср бошларидаги қиёфалари, кийим-кечаклари, фаэтон аравалари, кураш тушишлари, дорвозлик, хўроз ва ит уриштириш сингари миллий ўйин ва томошалари тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Ўз санъатига ошифта бўлган киноператор шу йилларда Урганч, Хива, Тошсоқа, Тошҳовуз, Хўжайли, Тўрткўл сингари шаҳар ва туманларни кезиб, шу манзилларнинг диққатга сазовор жойларини, аҳолининг деҳқончилик ишларини кинотасмаларда муҳрлашга интилган. “Қўлбола кинотеатрлар”да намойиш этилган бу кинолавҳалар томошабинларда зўр таассурот қолдириб, уларда янги санъат – кинематографияга катта қизиқиш уйғотган.

Х.Девоновнинг фотограф ва кинооператор сифатида шаклланиши ХХ асрнинг 10-йиллари арафасида бошланиб, 10-йиллар аввалида муайян самараларини берган. Х.Девоновнинг 1913 йилда илк бор Туркистон шаҳарлари бўйлаб ижодий сафарга чиқиши тасодифий эмас.
Агар Хоразм хонлигининг Х.Девонов яшаган даврига – ХIХ аср охири — ХХ аср бошларига назар ташласак, икки муҳим нарса диққат-эътиборимизнинг ўзига жалб этади.
Шуни ифтихор билан айтиш керакки, Хоразм хонлиги пойтахти Хива — ўзбек халқининг меъморий даҳоси тўла мужассамланган уч буюк шаҳардан бири. ХYIII асрнинг иккинчи ярми – ХIХ асрнинг биринчи ярмида Хива Ўрта Осиёнинг энг гўзал ва бетакрор шаҳарларидан бирига айланган эдики, унинг гўзаллиги аввало шу ерда барпо қилинган маҳобатли меъморий иншоотлар билан белгиланади. Икки қисмдан иборат шаҳарнинг бир қисмидаги Ичан (ичкари), иккинчи қисмидаги Дишан (ташқари) қалъалар, шаҳар марказидаги Жума масжиди, бундан ташқари, Шерғозихон, Қутлуғ Мурод иноқ, Оллоқулихон ва Муҳаммад Аминхон мадрасалари, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ва Тош ҳовли саройидан ташкил топган бу музей-шаҳар ўша даврлардан бошлабоқ хорижий сайёҳлар, фотографлар ва рассомларни мафтун этиб келди. Шу муҳташам меъморий ансамбллар бир асрдан бери маҳаллий аҳолидан фотограф ва рассомларнинг етишиб чиқишини кутаётган эди. Х.Девонов ўз зиммасига тушган шу тарихий вазифани илк ижодий қадамларидан бошлаб бажаришга астойдил киришди. Ўтган асрнинг 10-йилларида Хива шаҳрининг меъморий обидалари, халқ сайиллари, дорвозлар ва масхаравозларнинг томошалари Х.Девонов ижодининг бош мавзуларидан бири бўлди.

Афсуски, Х.Девоновнинг ижодий мероси ҳанузга қадар турли мамлакат ва шаҳарлардаги давлат фондлари ҳамда хусусий архивларда сочилиб ётибди. Шунинг учун ҳам биз унинг на ўтган асрнинг 10-йилларида, на 20-30-йилларида олган суратлари, кинолавҳалари ва ҳужжатли фильмлари тўғрисида асосли ва таҳлилий фикр юритиш, қайси сурати қачон ва қаерда олинганлиги ҳақида аниқ-тайин маълумот бериш имконига эга эмасмиз. “Ўзбек фотографияси. 125 йил” фотоальбомининг тузувчилари ҳам худди шу қийинчилик туфайли мазкур альбомдан ўрин олган Хоразм манзараларини акс эттирувчи суратларнинг кимга мансуб эканлигини қайд эта олмаганлар. Бу суратлар орасида ўтган асрларда Хоразмга келган бошқа фотографлар томонидан суратга олинган фотоасарлар ҳам бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ Х.Девоновнинг муаллифлиги аниқ бўлган суратларни ўрганиш унинг нафақат ўзига хос мавзу доираси, балки тасвирлаш услуби ҳам мавжуд бўлганидан шаҳодат беради. Масалан, зикр этилган альбомдан ўрин олган Исломхўжа портрети билан Х.Девонов суратга олган портретларни ўзаро қиёслаб кўрайлик. Агар тилга олинган портретда бош вазир Исломхўжанинг фотографга мутлақо ёт киши эканлиги аён бўлиб турса, Х.Девонов суратларида муҳрланган кишининг фотограф учун бегона эмаслиги яққол сезилиб туради. Ана шу руҳий ҳолат – фотографнинг тасвир этилаётган ҳодиса ёки кишига лоқайд эмаслиги Х.Девоновнинг Хоразм манзаралари ва кишилари тасвирланган суратларида аниқ сезилиб туради. Ҳатто айтиш мумкинки, Х.Девонов суратга олинаётган жойда ҳозир бўлгандек ёки суратт олинаётган кишининг ёнида тургандек бўлади.

Х.Девоновнинг бизга маълум асарлари орасида Хива меъморий обидалари тасвирланган суратлар кўп эмас. Чунончи, биз унинг Хивадаги Жоме масжиди муҳрланган суратини ҳам кўриш имконига эга бўлмадик. Аммо биз шуни яхши биламизки, у Жоме масжидини турли ракурсдан бир неча маротаба суратга туширган. У бу билан кифояланиб қолмай, масжид минорасига кўтарилиб, бизга Хиванинг ХYIII асрдаги кўринишини ҳам муҳрлаб қолдирган. Бу суратга назар ташлаган киши лойдан қад кўтарган, бир қаватли уйлар панорамасини кўради. Хивани фақат меъморий иншоотлар шаҳри сифатида тасаввур этувчи кишилар учун бу суратда “ойнинг қоронғи томони” акс этган, десак хато бўлмайди.

Фотография гарчанд тарихнинг соат миллари кўрсатиб турган дақиқа, ҳатто сониядаги кўринишини, ҳолатини муҳрлаш санъати бўлса-да, унинг имкониятлари чексиз-чегарасиздир. Масалан, Х.Девонов юқорида тилга олинган асарида ўтган асрнинг 10-йилларидаги Хива шаҳри кўринишинигина эмас, балки ўтмишини ҳам тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бинобарин, минора тепасидан, яъни макон ва замон юксаклигидан туриб суратга олинган бу асарда Х.Девоновга замондош Хива эмас, балки унинг аждодларига замондош Хива ўзининг бадиий инъикосини топган.

Биз юқорида ХIХ аср охири — ХХ аср бошларидаги Хоразм хонлигида икки муҳим нарса диққат-эътиборимизни ўзига жалб этишини айтган эдик. Бу икки нарсанинг бири Хива тарихини ўзида мужассамлантирган машҳур меъморий обидалар, майдон ва кўчалар бўлса, иккинчиси Х.Девоновга замондош кишилар – давлат ва маданият арбобларидир.

Худойберган Девонов ҳаётининг дастлабки йиллари Муҳаммад Раҳимхон II — Ферузнинг хонлик даврида кечган. Шу даврда яшаган Ҳасан Мурод қори Муҳаммадамин ўғли Лаффасийнинг “Хива шоирлари ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари” тазкирасидан маълум бўлишича, маърифатпарвар хон саройида 54 та шоир бўлган. Улар орасида Огаҳий, Табибий, Чокар, Аваз Ўтар ўғли, Комилжон Девоний сингари машҳур шоирлар, бундан ташқари, Муҳаммад Юсуф Баёний сингари тарихчилар, олимлар, хаттотлар бўлиб, улар шу даврда маданият ва маърифат ишларининг равнақ топишига катта ҳисса қўшганлар Феруздан ташқари, Исломхўжа сингари маърифатпарвар давлат арбоблари бўлишган. Х.Девонов шундай машҳур ва номашҳур замондошларининг суратларини тарих учун олиб қолдиришни ўзининг муқаддас бурчи деб билди.
Х.Девонов ижодий меросининг катта қисмини шундай замондошларининг суратлари ташкил этади. Агар у хон ва унинг аёнлари суратини саройнинг ҳашаматли жойлари фонида, аксар ҳолда бутун бўй-басти билан олган ва шу йўл билан улар суратига тантанаворлик руҳини бағишлаган бўлса (масалан, Муҳаммад Раҳимхон II, Исломхўжанинг ўғли Абдусаломхўжа, Муҳаммад Вафо Карвонбошининг суратларига эътибор беринг), оддий кишилар қиёфасини муҳрлашда турли-туман усуллардан истифода қилган. Чунончи, у Хива гўзалларининг суратларини олишда йирик режадан фойдаланиб, улар либослари ва тақинчоқларининг ҳам диққат марказида бўлишига эришган (“Хоразмлик аёл”, “Аёл портрети”, “Темур Ғози тўранинг энагаси Саодат” суратлари). Турли касб эгалари қиёфасини тасвирлашда эса сураткаш одатда ўрта режадан унумли фойдаланиб, уларни иш жараёнида акс эттиришга алоҳида эътибор қаратади. Бундай суратларнинг ”қаҳрамон”лари аксар ҳолда бирор жойда ўтирган бўлишади (“Ип йигирувчилар”,”Ёғ сотувчилар”, “Саҳрода ер ўчоқ” суратлари). Ҳатто “Хон овчиси” асари “қаҳрамон”и ҳам от устида ўтириб, икки қушни ушлаган ҳолда тасвирланган. Бу ҳол Х.Девоновнинг, умуман, замондошларининг суратларини олишни эмас, балки уларнинг муайян соҳага мансуб кишилар сифатида образини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганидан далолат беради.

Худойберган Девоновнинг фотосуратлари тавсиф этилаётган ушбу фаслда биз унинг икки асарига алоҳида тўхташни истар эдик. Булардан биринчиси “Дорвозлар” деб аталади. Қўқон хонлигида бўлганидек, Хоразм хонлигида ҳам дорвозлар санъати халқ театрининг муҳим бир бўлаги сифатида қадимдан яшаб, авлоддан-авлодга ўтиб келади. Ўтган асрнинг 10-йилларида хоразмлик дорвозлар орасида энг машҳури Собир дорвоз эди. Унинг дор устидаги акробатларга хос чаққон ва жозибали ҳаракатлари томошабинларни мафтун этган. Бу ажойиб халқ санъатининг мухлисларидан бири бўлган сураткаш Собир дорвознинг дор устидаги ўйинларини турли вақтда турли ракурсдан суратга олган. Шулардан бирида биз гўёки ҳозиргина олдимиздан липиллаб ўтиб, дорга чиқиб олган ва шиддат билан дорнинг энг баланд қисмига лангар кўтариб кетаётган дорвозни кўрамиз. Томошабинлар оммаси пастда — дор атрофида ярим доирани ҳосил қилиб, “қил устида ўйнаётган” дорвознинг ҳар бир ҳаракатини оғизларини ланг очган ҳолда кузатиб — томоша қилиб туришибди. Арқонни кўтариб турган биринчи режадаги икки устуннинг “Х” шаклидаги кесишган кўриниши суратга интрига тусини берган. Дорвоз шу ўйнаб кетишида ўн-ўн беш одам бўйи келадиган баланд устунга омон-эсон етиб бора оладими ё йўқми, деган савол ҳаммма бу билан томошабинга завқ-шавқ бағишлаш, уни бир неча дақиқа мобайнида бўлса-да дунё ташвишларидан халос этиш ниятида “ўз ҳаёти билан ўйнашаётган” дорвоз образини тасвирлашга эришади ва оддий, исми ҳатто номаълум бўлган персонажни қаҳрамонлантиради.

Биз тўхталмоқчи бўлган иккинчи сурат ўтган аср бошларида Хоразм ҳонлиги ҳаётида рўй берган муҳим воқеа ҳақида. Маълумки, буюк ватандошимиз, тиббиёт фанининг отаси Ибн Сино машҳур Маъмун академияси гуллаб-яшнаган заминда яшаганига қарамай, ХХ асрнинг 10-йилларига қадар Хоразм хонлигида шифокорлик ишлари яхши йўлга қўйилмаган ва шу ачинарли ҳол туфайли юқумли касалликлар авж олган эди. Шундай шароитда ўз даврининг илғор фикрли, миллатпарвар ва маърифатпарвар хонларидан бири Ферузнинг буйруғи билан Хивада муҳташам касалхона биноси қурилиб ишга туширилган. Бу, ўша вақтдаги хонлик ҳаётида муҳим воқеа бўлган. Сураткаш бу касалхонани шундай ракурсдан туриб суратга олганки, бу суратни кўрган киши унинг кўчада тўда-тўда бўлиб кетаётган дардманд кишилар саломатлигининг гарави бўлишига чиндан-да ишонади. Сурат томошабинга шундай ҳаётбахш куч ва руҳ бағишлаш қудратига эга, десак янглишмаган бўламиз.. Х.Девонов олган мазкур сурат томошабинда шундай умид ва ишончни уйғота олиши билан, айниқса,. қимматлидир.

Хонликнинг тугатилиши

Оқил кишиларни саройдан узоқлаштириб, айш-ишратга берилган ва белига қайсарлик камарини боғлаган Асфандиёрхон мамлакат ишларини, канал ва зовурларни тозалаш лозимлигини мутлақо унутиб қўйди. Натижада 1913 йилнинг баҳор ва ёз ойларида ариқларга сув чиқмай, қурғоқчилик авж олиб, очарчилик бошланди. Сувсиз каналлар ёнида яшаган аҳоли бошқа жойларга кўчиб кетишга мажбур бўлди. Сабр косаси тўлган халқ 1914 йилнинг бошларида кўп жойларда норозилик билдириб ғалаён кўтарди. Маишатпараст хоннинг 1916 йилдаги ваҳшиёна қилмишлари эса халқнинг унга бўлган нафрат оловини янада гуриллатиб юборди. Хонлик кемаси тўфон шабадаси эсаётган давр денгизида қаттиқ чайқала бошлади.
“1912 йилларгача фото материалларидан маза топа олмай ишлар эдим, — деб ёзади ўша йилларда руҳий таназзул ҳолатини бошидан кечирган Х.Девонов. – Баъзан зерикиб, у ишларни тўхтатиб, шу вақтдаги газета-журналларни ўқур эдим. 1915 йилдан кейин инқилобий ишларга аралашиб кетиб, 1917 йилда Исфандиёрхонни тахтдан туширишда иштирок қилдим. Шу йилнинг ўзида хон ёвмутларга суянгани ҳолда инқилобий ишларда қатнашиб юрган кишиларни таъқиб қила бошлади. Бобохон Ёқубов, Отажон Сафоев, мен ва яна бир нечаларимиз Тошкентга қочдик. Хивада бир оз тинчлик бошланганидан кейин қайтиб келиб, тағин ҳам Ёш хивалилар ташкилотида ишимизни давом эттирдик”1.
Асфандиёрхон .халққа қанчалик жабр-зулм ўтказиб, золим подшо сифатида халқнинг ғазаб-нафратига дучор бўлган бўлмасин, Россия империяси учун Хива хонлиги тахтида шундай манфур кимсанинг туриши айни муддао эди. Рус қуроли кучига ишонган Асфандиёрхон хонликда мухолиф кучларнинг уюша бошлаганига сира парво қилмай, зулм ва зўравонликка асосланган сиёсатини давом эттираверди.

Мустабид хон 1917 йил қишининг қаҳратон совуқ кунлари Қримда истироҳат қилиб ётганида Петербургда Февраль инқилоби содир бўлди ва 300 йил ҳукмронлик қилган Романовлар сулоласи тахтни тарк этишга мажбур бўлди. ҳақида хабар келиб қолди. Бу “ҳунук” хабарни эшитган хоннинг пайтавасига қурт тушиб, тахт қўлдан кетгандир, деган хавотирда Туркистонга, сўнгра Хивага учиб келди. Унинг бахтига, Февралнинг оловли нафаси ҳали бу ерга келиб улгурмаган эди. Аммо тархнинг ўйинини қарангки, бояги қозкалоннинг фарзанди Бобоохун Салимов раҳбарлигидаги Ёш хиваликлар мамлакатда демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлида саъй-ҳаракат қилаётган эдилар.

Февраль инқилобидан кейин кўп ўтмай, Муваққат ҳукуматга садоқат билдириш учун Хива шаҳрига рус солдатларининг катта бир гуруҳи келиб жойлашади. Ёш хиваликлар ўз мақсадларини амалга оширишда полковник Мерзляковдан ёрдам беришни сўрайдилар. Полковник Мерзляков хонни ўлдирмаслик шарти билан уларга ёрдам беради. “Ёш хиваликлар ташкил этган кўп минг кишилик колоннани хон саройига бошлаб бориш учун бир рота аскар жўнатилади ва улар бошқарган оломон “Яшасин озодлик!”, “Йўқолсин золимлар!” шиорлари остида Нуруллабой томон хон саройига йўл оладилар. Ёш хиваликлар партияси аъзолари саройга етиб бориб, хондан давлатни конституция асосида бошқаришни, хоннинг айрим мулозимларини улар қўлига топширишни талаб қиладилар. Бу воқеаларнинг гувоҳи Абдулла Болтаев эсдаликларида айтилишича, Полвонниёз ҳожи Юсупов, Шоликаровлар Ёш хиваликлар ва шаҳар аҳолисининг вакили сифатида Исфандиёрхон ёнига кириб, ўз талабларини баён қиладилар. Биринчи бўлиб Полвонниёз ҳожи Юсупов сўз бошлайди: “Тақсир, Ўрусияда ишчи ва деҳқонлар полшоҳ ҳукмронлигини ағдариб ташлаб, ҳуррият эълон қилдилар ва “Идораи машварат”1 ташкил этдилар. Биз, Ёш хиваликлар, ҳам сиздан ҳуррият олиб, “Идораи машварат” ташкил қилиш учун Хоразм фуқаролари номидан вакил бўлиб ҳузурингизга келдик”, — деди. Исфандиёрхон уларга қараб: “Сизлар вакил бўлиб келган бўлсангизлар, ҳурриятни куч билан оласизларми ёки шариат биланми?” – де(б сўра)ди. Полвонниёз ҳожи Юсупов хоннинг бу саволига жавобан: “Тақсир, ҳурриятни шариат билан оламиз”, — деди. Хон Ёш хиваликлар вакилларига қараб: “Сизлар ҳам шариат йўлини биласизларми?!” – деди. Исфандиёрхоннинг бу сўзлари Повонниёз ҳожи ва Назир Шоликаровларни ғазаблантириб юборди Назир Шоликаров ўрнидан сакраб туриб Исфандиёрга баланд овоз билан: “Бизлар шариатни яхши биламиз, лекин сизлар уни яхши билмайсиз. Ёш қизларни зўравонлик йўли билан ота-онасидан тортиб олиб номусига тегиш, уни бошқа бир одамга хотинликка бериш қайси бир шариатда бор?! Ёки қизларни номусига тегиб, уларни уриб ўлдириш, баданига қайноқ сув қуйиш, бегуноҳ халқнинг мол-мулкини талаш, қаршилик кўрсатганларни зиндонга ташлаш, қийнаб ўлдириш қайси шариатда бор?! Агар зарур бўлса, биз сизнинг даҳшатли қилмишларингизни далиллар билан исботлаб берурмиз”, — деди“.

Асфандиёрхоннинг сўнгги кунлари тасвирланган бу лавҳани келтиришдан мақсад, биринчидан, Х.Девоновнинг ўтган асрнинг 10-йилларида кечирган руҳий таназзул сабаблари ва унинг Ёш хиваликлар ҳаракатига келиб қўшилиш йўлларини кўрсатиш бўлса, иккинчидан, сиз, ҳурматли китобхонларни Хоразм инқилоби тарихининг шу муҳим нуқтаси билан таништиришдир.

Асфандиёрхон ўша куни Ёш хиваликлар билан учрашув чоғида уларнинг кескин ҳаракатга мойил эканликларини сезиб, бундай деган: “Менинг ота-боболарим шариат йўли билан ишлаб келганлар. Мен ҳам шариат йўлидан чиқмайман. Агар бу ишлар келажакка мувофиқ бўлса, ҳуррият бердим”. Шу сўзлардан кейин у Ёш хиваликларнинг 7 моддадан иборат манифестларига имзо чеккан, қози калон ва унинг ёрдамчиси бу имзонинг қонуний эканлигини ўз муҳрлари билан тасдиқлаганлар.

Манифестнинг биринчи моддасида бундай сўзлар ёзилган эди: “Тарихи ҳижрий минг уч юз ўттиз бешинчи жумодул-аввалнинг 25-куни эрдиким, милодий йилнинг 1917 йил апрель ойининг 5-куни Мен, Хива хони Саййид Асфандиёр Баҳодирхон, тубанда ёзилган ўзимнинг хоҳишимни эълон қиламан. Аввало менинг содиқ фуқароларимга “Идораи машрутия” бердим, токи улар ўзларини хоҳлаганларича мамлакатни шариатга мувофиқ идора қилсинлар. Чунончи, ўзлари хоҳлаганча фуқароларнинг маслаҳати билан сайлов қилиб, ҳукумат ишларига ўзлари хоҳлаган одил одамларни тайин қилсинлар”3.
Мазкур манифестга кўра, Хива хонлигида шу кундан бошлаб конституцион монархия тузуми қарор топган эди. Асфандиёрхон гарчанд хонлик тахтини ўз қўлида сақлаб қолган бўлса-да, вужудга келган янги сиёсий-ижтимоий вазият билан муросаи мадора қилишни истамади. У сайлов йўли билан ташкил топган депутатлар Мажлиси раиси Бобоохун Салимов ва бошқа Ёш хиваликларга қарши фитна уюштирди ва Нозирлар кенгаши раиси Жуманиёз Матмуродов бошчилигида Ёш хиваликларнинг 14 вакилини қамоққа олди. Қамоққа олинган жадидларнинг бир қисми қочишга муваффақ бўлди, қолганлари эса отиб ташланди.. Б.Салимовни қўлга тушира олмаган Асфандиёрхон унинг синглиси Уллижонбийни тутиб олиб, қийнаб ўлдирди.

Афсуски, ихтиёримизда мавжуд бўлган ҳужжат ва хотираларда Худойберган Девоновнинг Хоразм инқилоби воқеаларидаги иштирокига доир бирор ҳужжат ёки маълумот учрамайди. Шунинг учун ҳам биз унинг ”Бобожон Ёқубов, Отажон ва бир неча биродарлар билан” Тошкентга қочиб келишининг асосли сабабларини кўрсатишга ожизмиз.
Асфандиёрхон душманларини қириб ташлаш ҳисобига ўз мавқеини сақлаб қолишга қанчалик уринмасин, унинг тақдири ҳал қилинган, умр дафтарининг энг сўнгги саҳифаси очилган, Хоразм хонлигнинг тарихи ҳам тугаётган, бинобарин, Хоразмнинг ХХ асрдаги янги тарихи бошланаётган эди. Буни сезган Ёш хиваликлар 1918 йил 30 сентябрда Асфандиёрхон ўз саройида ўлдирилганидан сўнг яна ўз кучларини йиғиб олдилар.
“Ифандиёрхон, — деб давом эттиради таржимаи ҳолини Х.Девонов, — ёвмутлар томонидан ўлдирилиб, унинг ўрнига Сайид Абдулла хон тикланди. Шу вақтларда шўъбамизнинг Тўрткўл бўлими билан муносабатимиз яхшиланди. Тошкент томонга қочиб кетган йўлдошларимиз бир қанчалли аскарлар билан қайтиб келдилар (1919 йилнинг охири эди) ва Хивани қўлга олдилар. Бу ишларга иштироким юзасидан материалларим бордир. (Бу материалларим сизга берилган делода бор.)»3

Ҳужжатлар сўзлайди

Ўтган асрнинг 20-йиллари ўрталаридан бошлаб маориф ва маданият соҳасида фидокорона хизмат қилган кишилар давлат нафақалари билан таъминлана бошлаган. Худойберган Девонов эл-юрт эътиборини қозонган шундай ҳурматли кишилар тоифасидан бўлганлиги туфайли Хоразм округ Ижроия Қўмитаси ҳайъати уни республика миқёсидаги нафақага тавсия этган. Х.Девонов шу шарофатли воқеа муносабат билан 1936 йилнинг баҳор ойларида ўзининг фаолиятига доир ҳужжат ва маълумотномаларни, шунингдек, айрим замондошларининг хотира-гувоҳномаларини тўплаб, июнь ойида Ўзбекстон Халқ Комиссарлари Совети раиси Файзулла Хўжаевга ариза билан мурожаат этган. Юқорида тилга олинган ва айрим лавҳалари келтирилган Х.Девоновнинг таржимаи ҳоли ва бошқа ҳужжатлар ана шу “дело”да ҳозир ҳам сақланиб келади..
Мазкур “дело”дан ўрин олган ҳужжатлардан бири Ёш хиваликлар ҳаракатининг фаолларидан бири Полвон ҳожи томонидан имзоланган қуйидаги маълумотномадир:

Берилди ушбу справка ўртоқ Худойберган Девоновга.
Ушбу ўртоқ Ёш хивалиларнинг махфий инқилобчилар тўдасида бўлиб, 1914 йилдан бошлаб махфий инқилобга хизмат қилиб келди. 1917 йилда Исфандиёр хондан ҳуррият олиб, Мажлис ташкил қил(ин)ганда Мажлисга ҳақиқий аъзо бўлиб сайланди. 1920 йилда Хоразмда 1-қурултой томонидан госконтрол бўлиб сайланди. Ушбу йилда манатни давир1да мудир бўлиб ишлаб келди.
1921 йил хорижий нозари2 бўлиб сайланди, ушбу йилда молия нозари бўлиб (ҳам) сайланди. 1923 йилда Масковга виставка вакили бўлиб сайланиб келди. 1924 йили Масковдан қайтиб келиб, техникум ……..3сига фотограф(ия) муаллими бўлиб сайланиб хизмат қилди. Ушбу йилларда маориф ҳузурида фотограф(ия) очиб, ишлаб турмоқдадир.

Собиқ Ёш хивалиларнинг инқилоб
қўмитасинда ҳукумат пенсиёрини (Полвон ҳожи).”.

Агар Ёш хиваликлар ҳаракатининг раҳбарларидан бири Полвон ҳожи Х.Девоновнинг “махфий инқилоб”га хизмат қила бошлаган вақтини 1914 йил деб қайд этган бўлса, унинг, яъни Х.Девоновнинг ўзи “инқилобий ишлар”га 1915 йилдан кейин аралашганини айтган. Шу маълумот Бобожон Ёқубовнинг “справка” тарзида ёзилган гувоҳномасида ҳам қарийб айнан такрорланган ва қуйидагича тафсилот билан бойитилган.
“Ушбу справка бериладир биродар Худойберган Девоновга шунинг учунким, 1916 йилда Хивада бир неча йиллардан буён эзилиб келаётган камбағал халқни золим мустабид хонлар зулмидан қутқармоқ учун қилган бизларни махфий мажлисларимизга 1-ҳақиқий аъзо бўлиб, шул жамиятимиз аксари вақтда ушбу Девоновнинг жойида бўлур эди. Шунинг билан бирликда бизларнинг бир неча биродарларимиз хон тарафидан ўлдирилиб, бир нечаларини(нг) Тошкентга кетувимизга қадар мажлиси махфусанга аъзо бўлиб ишлашиб турди. Сўнгра бизлар Тошкентга қочиб бориб, (Х.Девонов) инқилоб қўмитаси ташкил қилиб ишлаб турган вақтда ҳам Хивада махфий ишлаб, бизларга Хива аҳволини билдириб турди. Тўрткўлда инқилоб (қўмитасининг) шўъбаси очилган вақтларда ҳам Хивада ишлаб, бизларни Тўрткўл шўъбамизга махфий хат юбориб ва ҳам хат олиб турди. Инқилоб Хивада барпо бўлганидан буён ишлаб келмакдадир”.

Мазкур “дело” тайёрланган вақтда Бобожон Ёқубовнинг кўзи ожиз бўлиб қолганлиги сабабли “справка” унинг оғзидан шаҳар советининг котибаси томонидан ёзиб олинган..
Ҳам Х.Девоновнинг, ҳам замондошларининг мазкур маълумотлари шундан далолат берадики, у Ёш хиваликлар ҳаракати вужудга келгандан кейин тахминан 1915-1916 йиллардан бошлаб шу ҳаракатда иштирок эта бошлаган Х.Девонов Ёш хиваликларга руҳан яқин бўлганлиги туфайли Асфандиёрхон уни ўзидан четлаштириб, саройга бошқа фотографни жалб этган ва, ўз навбатида, хоннинг маиший бузуқлиги ва золимлигини кўрган Х.Девонов ҳам ундан узоқлашиб, Ёш хивалиликлар сафида ўзига маслакдош кишиларни топган бўлиши эҳтимолдан холи эмас..
Хуллас, тарихга “Хоразм инқилоби” атамаси билан кирган воқеа Ёш хиваликлар томонидан (большевиклар ёрдамида) амалга оширилгани сабабли улар халқ вакилларининг 1-Умумхоразм қурултойида Хоразм Халқ Шўро Республикаси тузилганини эълон қиладилар ва нозирлик “портфел”ларидан бирини хонга қарши “инқилобий ҳаракатлар”да иштирок этган Худойберган Девоновга берадилар. У янги тузилган ҳукуматда Давлат назорати нозири ва қимматли қоғозлар корхонаси раҳбари лавозимларида хизмат қила бошлайди.
Эркин Мадраҳимовнинг ёзишича, Худойберган Девонов нозирликни ҳам, қоғоз корхонасига раҳбарлик қилишни ҳам дастлабки кунлардан бошлаб бинойидек эплаб кетади. Муассаса, ташкилот ва корхоналар иши устидан илк кунларданоқ қатъий давлат назорати ўрнатади. Х.Девонов раҳбарлик қилган қоғоз корхонаси эса ҳуррият туфайли воҳада чиқа бошлаган “Инқилоб қуёши”, “Хоразм хабарлари”, “Роста”, “Ишчи товуши”, “Известия” (РСФСРнинг Фавқулодда ваколатхонаси нашри), “Последние вести” сингари газеталарни, “Қизил Хоразм”, “Қопқон”, “Ҳунармандлар чўкичи” (болғаси) сингари журналларни қоғоз билан ўз вақтида таъминлаб туради.

“Худойберган, — деб ёзади у, — нозирлик ва қоғоз корхонасидаги юмушларни эринмай, кўнгилдагидек саранжом-саришта қиларди-ю, шаҳарнинг бирон ерида – қайси бир корхона ё муассасада, ташкилот ва нозирликда бирон-бир йиғилишми, анжуманми ўтказилгудай бўлса, Полвон билан бирга аппаратларни қўлтиқлашганча ўша ёққа фаэтон суриб қолишарди”.
Шундай қилиб, Х.Девонов хонлик тузуми ағдарилгандан сўнг Хоразм воҳасида янги ижтимоий тузум барпо этилган кундан бошлаб, ҳам ҳукумат аъзоси, ҳам фотограф ва кинооператор сифатида қизғин фаолият олиб борди. Давр унинг олдига янги-янги вазифалар қўйди ва у давр даъватларига “лаббай” деб жавоб беришга одатланди.
“1920 йилда тузилган вақтли ҳукумат, — деб ёзади у таржимаи ҳолида, — мени ташвиқот-тарғибот шўъбасига тайинлади. Шу вазифада ишладим. Хивада етим болалар мактаби очиш ва уларга иона тўплаш иши менга топширилди. 30 мартабалаб кино томошалари ташкил қилиб, ўзим ва ўғлим билан бирликда бу томошалардан тушган пулларни етимлар фойдасига харжладим.

1921 йил бошида мени қоғоз пул босатурган корхонага тайинладилар.
1922 йилда хорижий ишлар комиссари бўлиб, аксилинқилобчи Ота Махсум ҳукумат тепасидан туширилгандан кейин молия комиссарлигига тайинландим. 23-йил Масковда очилган Қишлоқ хўжалик виставкасига Хоразм бўлимини уюштириш учун юборилдим….”1
Бу сўнгги воқеа 1922 йилнинг июль ойида рўй берди. Халқ вакилларининг шу йил ёз ойида бўлиб ўтган III қурултойида Х.Девонов молия нозири этиб тайинланди. Бу биз учун кутилмаган қарордан шундай хулосага келиш мумкинки, Х.Девоновнинг давлат назорати нозири, ташвиқот ва тарғибот шўъбаси раиси сифатида, етим болалар мактабини ташкил этиш ва уни моддий таъминлаш соҳасида олиб борган ишлари ҳукумат раҳбарларига ҳам, эл-юртга ҳам манзур бўлган.

Шубҳасиз, ёш Хоразм республикаси учун мураккаб бир даврда ота-онасиз қолган етим болалар учун ўқув юртини ташкил этиш, уни асбоб-анжом, ўтин-кўмир, болаларни эса кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаш осон бўлмаган. Х.Девонов аҳолидан пул йиғиш йўли билан эмас, балки тадбиркорликнинг ажойиб намунасини кўрсатиб, ўғли билан бирга ҳужжатли ва бадиий фильмларни намойиш этган ҳамда шундай киносеанслардан тушган маблағ ҳисобига етим болалар учун мактаб ташкил қилган. Ўз меҳнати билан халол пул топиб, эл-юртнинг оғир кунига яраган кишининг молия нозири этиб тайинланиши шунинг учун ҳам тасодифий ҳол эмас эди.

Замондошларнинг гувоҳлик беришларича, Х.Девонов молия нозири лавозимида хизмат қила бошлаган дастлабки кунларда Хоразмда танга пулларни чиқариш масаласини ўртага ташлайди. Марқазий Ижроия Қўмитанинг янги раиси Янгибой Муродов ҳали бирор шўро республикасида танга пуллар чиқарилмаганини айтиб, бу таклифни рад этмоқчи бўлганида, у ўз таклифининг тўғрилигини асослаб, бундай дейди:
— Тўғри айтасиз, бошқа шўро республикаларида ҳали танга пуллар чиқарилмаган. Аммо агар мамлакат бой бўлмоқчи бўлса, танга пуллар ҳам чиқариб, ўзини ҳам, халқни ҳам ҳар бир тийинни қадрлашга ўргатиши лозим. Тежалган 1 тийин 1 сўмни, тежалган 1 сўм эса 10 сўмни олиб келади. Агар биз биринчи бўлиб танга пулни чиқара бошласак, бошқа республикалар ҳам бизга эргашишга мажбур бўлишади. Биз, Худо хоҳласа, тарихда бу хайрли ишнинг ташаббускори бўлиб қоламиз.

Шу баҳсдан кейин кўп ўтмай, Хоразм республикасининг мато ва қоғозга босилган пуллари билан бирга “ХХСР” – “ХНСР” тамғаси босилган танга-чақа пуллари ҳам зарб этила бошлади.
20-йилларнинг бошларида Хоразм республикасининг раҳбар лавозимларига сайланган аксар кишилар ёмғирдан қутулиб, қорга тутилаётганиларини жуда яхши билишган. Шунинг учун улар қўшни Афғонистон, Бухоро ва бошқа давлатлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, большевикларнинг доимий тазйиқларига чап бериш, миллий-маданий бойликларнинг ташиб кетилишига йўл қўймаслик чораларини ахтардилар. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари Москванинг Хоразмдаги вакиллари томонидан аксилинқилобчилик сифатида баҳоланиб, кўплаб раҳбарлар “Хоразм халқининг душманлари” деган айб билан қамоққа олинди.

Ўлкада шундай нохуш вазият ҳукмронлик қилаётганига қарамай, ёш шўро давлати 5 йил ичида эришган ютуқларини жаҳон афкор оммасига кўз-кўз қилиш мақсадида Москвада Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалик ютуқлари кўргазмасини ташкил этишга қарор қилади. Хоразмга мазкур кўргазмада сўнгги 3 йил ичида эришган ютуқларини намойиш қилиш имконияти берилган эди. Шу муносабат билан Х.Девонов хизмат вазифасидан озод этилмаган ҳолда кўргазмага тайёргарлик ишларини олиб борувчи Хоразм қўмитасига дастлаб аъзо, кейин эса раис ўринбосари этиб тайинланади. У мазкур вазифада хизмат қилар экан, жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган Хоразмнинг Қишлоқ хўжалик кўргазмаси павильонларида ҳам муносиб иштирок этишини таъминлашга уринди. Кўргазма очилиши арафасида Москвага етиб келган хоразмлик санъаткорлар ўзларининг жўшқин рақс ва ашулалари билан зиёратчиларнинг кўҳна мамлакатнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки маданияти ҳақидаги тасаввурларининг ҳам бой ва гўзал бўлишига катта ҳисса қўшдилар. Х.Девонов кўргазманинг муваффақиятли ўтишидаги самарали хизматлари учун Хоразм республиканинг “Меҳнат” ордени билан тақдирланди.

Эндигина 5 йиллиги нишонланаётган шўро давлати раҳбарлари маккорлик мактабини ўтган, унча-мунча кўзбўямачиларни доғда қолдирувчи кимсалар эди. Улар “ташаббус”и ва кўрсатмаси билан Туркистон Марказий Ижроия Қўмитасининг 1924 йил 16 сентябрда бўлиб ўтган сессияси чегараланиш тўғрисида қарор қабул қилади. Шу қарорга мувофиқ “ўзбек халқига Туркистон Автоном Совет Ресрпубликаси таркибидан чиқиш ва мустақил Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасини тузиш ҳуқуқи” берилади. Ўша йилнинг 30 сентябрида Советларнинг Y Умумбухоро қурултойи бўлиб ўтади. Қурултойда Файзулла Хўжаевнинг “Ўрта Осиёнинг миллий белги бўйича чегараланиши тўғрисида”ги маърузаси юзасидан қарор қабул қилинган. Мазкур қарорга бундай модда ҳам киритилган эди: “I….г) аввалги буюк ўзбек маданиятини тиклаш мақсадида Туркистон Бухоро ва Хоразмнинг ўзбек аҳолиси таркибидан Буюк Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси ташкил этилсин, бу вилоятда яшовчи тожиклардан Тожикистон автоном вилояти ташкил этилсин”. Мазкур қарор Туркистон ҳудудларидан четда тайёрланганлиги сабабли унинг Y моддасида маҳаллий халқнинг “хоҳиш”ини “ифодаловчи” яна бундай сўзлар ёзилган эди: “Ўзбекистон ва Туркманистон республикаларининг Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи таркибига кириши зарур, деб ҳисоблансин”.

1925 йил 13 февралда Бухоро шаҳрида ЎзССР Советларининг I қурултойи очилади ва қурултой 17 февралда “Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг ташкил топиши тўғрисидаги декларация”ни қабул қилади. 1925 йил 13 майда ССР Иттифоқи Советларининг III қурултойи Туркманистон ва Ўзбекистон республикалари “халқларининг эркин хоҳиши”ни инобатга олиб, бу республикаларни СССР таркибига киритади.
Х.Девонов Хоразм республикаси 1924 йилда Ўзбекистон Республикаси таркибига киритилгунга қадар молия нозири бўлиб, сўнгра 1926 йилга қадар Хоразм округи молия бўлими бошлиғи бўлиб эл-юрт манфаати йўлида халол хизмат қилади.

Ижодий фаолият майдонлари

Хоразмнинг Ўзбекистон таркибига қўшилиши Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Ҳар бир ижодкор давлат ва жамоат арбоби сифатида қандай фидойилик билан ишлаб, эл-юрт эътиборини қозонган бўлмасин, у асосан ижод оламидаги хизматлари билан тарихда қолади. Алишер Навоий вазир сифатида Хуросоннинг ХY асрдаги ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида қанчалик улкан ишларни амалга оширган бўлмасин, у давлат арбоби сифатида эмас, балки буюк шоир ва мутафаккир сифатида эъзозланиб келади. Биз, авлодлар, учун Байроннинг грек халқининг миллий озодлик учун олиб борган курашидаги иштироки эмас, балки жаҳон шеъриятининг завол билмас дурдоналарини яратганлиги муҳим. Рус халқи Грибоедовни “мухтор вазир” сифатида жабру жафо чекканини эмас, балки “Ақллилик балоси” трагедиясини ёзиб қолдирганини ёддан чиқармайди…

Аммо ҳамма гап шундаки, аксар ижодкорлар камтарин инсонлар қавмига мансуб бўлганлари туфайли ўзларини баланд тутмайдилар ва ҳаттоки атоқли шоир, ё артист, ёки рассом эканликларини пеш қилиб яшамайдилар.
Ким билади, балки Хоразм республика сифатида яшашда давом этганида Х.Девоновнинг давлат арбоби сифатидаги фаолияти давом этган бўлармиди… Аммо шу нарса муҳимки, у молия нозири “портфел”ини топширганидан сўнг давлат идораларида хизмат қилишдан кўра ўз ҳунарини ёшларга ўргатишни афзал билиб, таълим ва тарбия техникумида ўқувчиларга фото муаллими сифатида дарс бера бошлади. Шу билан бирга бошқа мактабларнинг ўқувчилари ҳам ундан фотография сирларини ўргандилар. Унинг ташаббуси билан, бошқа вилоятлардан фарқли ўлароқ, Хоразм мактабларида фотография фан сифатида ўқитила ва ўргатила бошлади. Шунинг натижаси ўлароқ шу йилларда Хоразмда истеъдодли ёш фотографлар авлоди етишиб чиқди.

ХХ аср бошларида Хоразм хонларининг Россия шаҳарларига қилган сафарлари вақтида Х.Девонов шу тарихий воқеани фақат фотограф сифатидагина эмас, балки кинооператор сифатида ҳам кинотасмаларга муҳрлаган эди. У кейинчалик Хивадаги меъморий ёдгорликларни, Хоразмда нишонланган миллий байрам ва сайил кунларини, “Хоразм инқилоби” сингари тарихий воқеаларни ҳам суратга олди. Аммо Хоразм Халқ Республикасининг мажбурий равишда шўро республикаларидан бирига айланиши, собиқ Ёш хиваликларнинг ҳукумат таркибидан чиқарилиб, қамоққа олиниши ёки таъқиб қилиниши ундаги “инқилобий-романтик” кайфиятнинг сўнишига олиб келди. У шу йилларда кинооператорлик касби билан шуғулланишга ўзида моддий ва маънавий куч топа олмади. Х.Девонов энди фотография муаллими сифатидагина турмуш кечира бошлади. Лекин…
Лекин ака-ука Люмьерлар томонидан 1895 йил 28 декабрда Парижда намойиш этилган “жонли картиналар” — синематограф йил сайин эмас, балки кун сайин ўсиб, вояга етиб бормоқда эди. Шу воқеадан кейин кўп ўтмай, қисқа ҳажмли “манзарали фильмлар” суратга олина бошлади. Ҳужжатли кинематографнинг бу дастлабки кўринишларидан бири 1907 йилда Россияга ҳам кириб келди. Х.Девонов шу йили Россиядан олиб келган “Pathe Freres” кинокамераси билан ҳам дастлабки қисқа ҳажмли ўзбек репортаж-фильмларини, манзарали фильмларни суратга олди. Бу, ўзбек маданияти тарихида техник тараққиётга асосланган янги санъатнинг туғилиши эди.

Санъат шундай ғаройиб соҳаки, уни кашф этган ёки Х.Девонов сингари янги миллий заминга олиб кирган кишининг ҳаёти кейинчалик қандай кечмасин, ривожланишда давом этаверади. Х.Девонов “инқилобий-ижтимоий ишлар” билан банд бўлган йилларда синематограф ўсишда давом этди
Туркистонда биринчи кино “асар”и 1897 йилда намойиш қилинган. Бундай кино намойишлари асосан ўлканинг йирик шаҳарларида четдан келган тадбиркорлар томонидан амалга оширилган. Шундай кино намойишлари ХХ асрнинг дастлабки йилларида Тошкентнинг Эски шаҳарида ҳам ташкил этилиб, янги санъат тури секин-аста мусулмон аҳоли ҳаётига кириб кела бошлайди.

Кино санъатининг шаклланиш жараёнида унинг кинотрюклар билан томошабинлар оғзини ланг очириб қўювчи, уларга хордиқ ва фароғат бағишловчи санъат туригина эмас, балки муҳим маданий-маърифий ва ғоявий тарбия воситаси эканлиги ҳам равшан бўлади. Большевиклар 1924 йилга қадар нафақат йирик шаҳарлар, балки олис қишлоқларда ҳам фильмларни бепул намойиш этиб, ўз ғояларини тарғиб қилишга катта эътибор бердилар. 1919 йилнинг ўрталарида улар ташаббуси билан Туркстон Маориф халқ комиссарлиги қошида махсус Кинофотобўлим ташкил этилади. 1923 йили эса мазкур бўлим заминида Туркистон давлат киноси (Туркгоскино) ташкилоти тузилади. Бу ташкилот РСФСР Давлат киносининг республика бўлими бўлиб, унга қарашли кинотеатрларда илмий-оммабоп ва тарғибот-ташвиқот йўналишидаги ҳужжатли фильмлар билан бирга бадиий фильмлар ҳам намойиш этилади. Шу йилларда РСФСР Давлат киносининг йўлланмаси билан Туркистонга рус кинематографчилари тез-тез ташриф буюриб, қайта-қайта айтганимиздек, қадимий шаҳарлар ва улардаги тарихий-меъморий обидаларни суратга оладилар. Чунончи, 1925 йилда Амир Темур салтанати пойтахтига келган режиссёр К.Гаврюшкин ва оператор О.Скачко иштирокида қисқа муддатда “Самарқанд бўйлаб” фильми яратилади ва экранга чиқарилади.

Биринчи ўзбек фотографи ва кинооператорининг бу муҳим воқеалардан бехабар бўлганига ишонмайсан, киши. Бизнингча, у фотография ва кинематография оламларида рўй бераётган ҳар бир янгиликни, бинобарин, Тошкентда ўз фаолиятини бошлаган Туркистон Давлат киноси (1925 йилдан Ўзбек Давлат киноси) нинг ҳар бир қадамини ҳам диққвт-эътибор билан кузатиб турган.
Хоразм шўро республикаси Ўзбекистон республикаси таркибига округ мақомида қўшилганидан сўнг, 1925 йил июнь ойида Ўзбек Давлат киносининг Хоразм округ бўлими ташкил этилади. Бу ҳол Худойберган Девонов қалбидаги кинога муҳаббат гулларининг қайта чаман бўлиб очилишига сабаб бўлди. У Ўзбек Давлат киноси билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш билан бирга 1926 йилдан бошлаб “Совкино” – Бутуниттифоқ фотокинематография ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик қилди, Москвада чиқиб турган “Союзкиножурнал” учун Ўзбекистон ҳаётидан олинган кинолавҳаларни тез-тез юбориб турди..

“Ўзбек давлат киноси”нинг фото-кино корхонаси ва унинг Хоразм бўлими ўша йилларда Тошкент шаҳрининг Абдулла Тўқай кўчасидаги 3-уйда (ҳозир Ўзбекистон кўчасидан Вазирлар Маҳкамасига кираверишдаги хиёбоннинг сўл тарафида) жойлашган эди. Ушбу бўлим вакили Чимиков томонидан 1928 йил 15 майда берилган қуйидаги шаҳодатнома Х.Девоновнинг тахминан шу йиллардан бошлаб Ўзбек Давлат киноси буюртмаси билан ҳужжатли фильмлар ва кинолавҳалар олганидан дарак беради:

Ушбунинг кўрсатувчи ўртоқ Худойберган Девонов ҳақиқатдан Ўзбек Госкинонинг Хоразм шўъбасида осор атиқалар ва Хоразм округида ҳар хил манзараларни картинага олувчи фоторассом — “оператор” вазифасида турадир.
Шаҳодатнома муҳр ва имзолар билан тасдиқ этиладир.

Хоразмдаги вакили (Чимиков)
Иш бошқарувчи ( имзо)
Аслига тўғри (имзо). ”

Агар биз Чимиковнинг 1926 йил 7 декабрдан бошлаб Х.Девоновга йўллаган хатларига назар ташласак, кинооператорнинг шу йилларда Ўзбек Давлат киноси учун Хоразмда бўлиб ўтган касаба союз ташкилоти қурултойининг иш жараёнини, Халқаро ёшлар куни ва 1-май байрамининг нишонлашини, Хива шаҳрининг умумий кўринишларини, далани шудгорлаш ва суғориш ишларини, кустарь усулда пилла ишлаб чиқариш-у, кустар тегирмонлар иши ва бошқа нарсаларни суратга олганидан хабар топамиз. Чимиков ва ундан кейин “Хоразм вакили” лавозимига тайинланган А.Н. Ольгин Х.Девоновга қайси сюжет учун неча метр плёнкани сарф этиш мумкинлигигача белгилаб берганлар.

Х.Девонов 20-йиллар охири – 30-йиллар аввалида нафақат Ўзбек давлат киноси, балки “Союзкиножурнал”нинг ижодий буюртмаси билан ҳам Хоразм ҳаётига оид бир қатор сюжетларни суратга олди. Киножурнал раҳбарияти томонидан 1929 йил 16 октябрда берилган 260-рақамли гувоҳномадан маълум бўлишича, Х.Девонов 1930 йилнинг 1 октябрига қадар журнал топшириғи бўйича ҳам, шунингдек, унга берилган йўриқнома асосида ҳам суратга олиши мумкин эди. Х.Девонов шу имкониятлардан фойдалиниб, “Союзкиножурнал” учун 1929 йилнинг ўзида “Ишчи аёллар”, “Шўркўл”, “Кўза”, “Чиғир”, “Тузкон”, “Дегиш офати”, “Хоразм далаларида”, “Пахта карвони” сингари ҳужжатли фильм ва сюжетларни суратга олиб юборди.

Шундай ҳужжатли кино намуналаридан бири “Шўркўл” фильми Хоразмдаги шифобахш суви билан машҳур бўлган масканга бағишланган. Бу ҳужжатли фильм Хоразм воҳасининг турли жойларидан шифоталаб кишиларнинг пиёда ёки араваларда келишлари тасвири билан бошланган. Табиат яратган шу ажойиб масканга хаста бўлиб келган юзлаб кишиларнинг шу ерда даво топиб, уйларига сиҳат-саломатликларини тиклаб кетишлари тасвирланган фильм томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Х.Девонов шу фильми билан нафақат муҳим ҳаётий материални танлаш, балки шу материални томошабинга юксак бадиий шаклда етказиш санъатини ҳам эгаллаганини намойиш этди. “Бу фильмда, — деб ёзган эди “Ўзбекистон маданияти” газетаси, — Х.Девоновнинг кинооператорлик санъатини тўла-тўкис ўзлаштириб олганлиги яққол сезилиб турибди. Мана шу жажжи фильм Х.Девоновнинг маҳорати ошиб бораётганлигини, у мураккаб техник воситалардан, масалан, панорамали съёмкани, йирик планлдан фойдаланишни, шунингдек, ҳаракатда бўлган ишларни суратга олишни ўргана бошлаганидан дарак беради”.

Собиқ иттифоқнинг барча кинотеатрларида бадиий фильмлардан аввал намойиш этилган шундай ҳужжатли фильм ва сюжетлар ўша йиллардаги Хоразмнинг ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маиший ҳаёти тўғрисида муайян тасаввур берган. Ҳатто “Союзкиножурнал” раҳбарларидан Х.Девоновга келган хатдан маълум бўлишича, унинг “Ишчи аёллар” ва “Шўркўл” фильмлари москвалик кинотанқидчилар томонидан юқори баҳоланган.
Афсуски, “Союзкиножурнал” буюртмаси билан суратга олинган Х.Девоновнинг бу фильм ва сюжетлари Москванинг Красногорск шаҳарчасидаги киноархивда сақланаётганлиги сабабли уларни республика кинотеатрлари ва телевидениеси экранларида кўриш имкониятига эга эмасмиз. Шунинг учун бу асарлар ҳақида таҳлилий фикрларни баён қилишни истиқлол йилларида туғилаётган киношуносларга қолдирамиз. Аммо бизга шу нарса маълумки, мазкур архивда 1926-1938 йилларда олинган Ўзбекистон ҳаётига оид талайгина сюжетлар мавжуд. Масалан, шундай сюжетлардан бири ҳақида марҳум киношунос олим Борий Ҳасанов бундай маълумот берган эди: “Союзкиножурнал”нинг 1929 йил 30 (218)-сонида ҳам республика ҳаётидан олинган сюжетни учратиш мумкин. (Буни ҳам Х.Девонов юборган бўлса ажабмас.) Бу сюжетда агрономлар ва деҳқонларнинг табиий офатга қарши кескин курашлари тасвирланади, кураш йўллари ва усуллари баён этилади”.

Ҳ.Акбаров ва Б.Ҳасанов сингари киношунос олимлардан ташқари, Х.Девоновнинг жияни Абдулла Юсупов ҳам тоғасининг ижодий меросини тўплаш ва ўрганиш бўйича муҳим ишларни олиб борган. У бундан бир неча йил илгари Красногорск шаҳридаги Марказий давлат кино-фото-фономатериаллар архивида ишлаб, Хоразм ҳаётига оид, бинобарин, Х.Девоновнинг муаллифлиги тахмин қилинган кинолавҳаларни қунт билан ўрганган. Чунончи, у мазкур архивда 1936 йилда суратга олинган “Москва – Қорақум – Москва” ҳужжатли фильмини кўрган. Бу фильмда Москвадан Қорақум орқали Хоразмга етиб келган бир экспедиция тарихи тасвир этилган бўлиб, унда, Абдулла Юсуповнинг айтишига қараганда, Х.Девонов томонидан суратга олинган кадрлар ҳам бўлган. Афсуски, биз бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлаш ёки нотўғрилигини асослаш имкониятига эга эмасмиз. Ҳар ҳолда шу нарса аёнки, Х.Девонов ижодий меросига оид фотосурат ва кинотасмаларни келажакда Москва ва бошқа шаҳарлардаги архивлардан топиш истиқболи йўқ эмас.
Шу нарса қувонарлики, зикр этилган даврда Х Девоновнинг ёлғиз ўзигина эмас, балки шогирдлари ҳам қатор ҳужжатли фильм ва кинолавҳаларни суратга олишган. Улар ижодига мансуб “Бўз тўқиш”, “Қизил Армия”, “Хивада халқ шодиёналари”, “Сув йўлларини тозалаш”, “Пахта терими”, “Биринчи трактор”, “Хоразм пионерлари”, “Қурбон Берегин”, “Шаҳзода” каби фильмларнинг номланишиданоқ мавзунинг танланиши ва суратга олинишида устознинг уларга бадиий раҳбар сифатида ёрдам бергани сезилиб туради.

Ижодий фаолиятини фотограф сифатида бошлаган Х.Девоновнинг мамлакат ва халқ ҳаётида рўй бераётган муҳим ўзгаришларга бефарқ қараб туриши, уларни фотосурат сифатида муҳрлаб қоллирмаслиги амри маҳол эди. У айни пайтда “Узбекистанская правда” (ҳозирги “Правда Востока”), “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) ва “Инқилоб қуёши” сингари нашрларнинг фотомухбири сифатида ҳам жонбозлик кўрсатди. Агар биз мазкур газеталарнинг 20-йиллар охири – 30-йиллар аввалидаги сонларини варақлаш имкониятига эга бўлсак, унинг шу йилларда мамлакатимизнинг қарийб барча шаҳар ва қишлоқларига, барча қурилишларга бориб, “янги ҳаёт”ни барпо этиш орзуси билан яшаган халқ ҳаётининнг фотойилномасини яратганига ишонч ҳосил қиламиз

“Ўзбек фотографияси. 125 йил” фотоальбомининг 1-жилдини (Тошкент, 2005) варақлаган киши Х.Девоновнинг “Дала ишлари”, “Дорвозлар”, “Қўш дарвоза”, “Миноранинг қайтиши”, “Кўзалар”, “Халқ чолғу асбоблари ансамбли”, “Хоразмлик аёл”, “Хоразмлик овчи” сингари сурат ва этюдлари билан танишади. Х.Девонов бу суратларда умумий режадан ҳам, йирик режадан ҳам катта маҳорат билан фойдаланган, йирик режадаги асарларида қаҳрамоннинг ҳам ижтимоий қиёфасини, ҳам руҳий оламини очишга, умумий режадаги асарларда эса халқнинг қаҳрамонона меҳнати ва санъатини кўрсатишга интилган санъаткор сифатида гавдаланади. У фототехника ҳали етарли даражада ривожланмаган даврда умумхалқ қурилишлари ва сайилларни шундай суратга олган ва шундай фотоэтюдлар яратганки, муаллифнинг нур ва соядан асосий бўёқ сифатида юксак маҳорат билан фойдаланганлиги аён бўлиб туради.

“ЖаннатМакон” журналининг Комил Нуржонов мақоласи эълон қилинган 2008 йил 10-сонида Х.Девоновнинг бир қанча фотосуратлари илк бор журналхонлар эътиборига ҳавола қилинган. Бу суратлар орасида “Х.Девонов Ёш хиваликлар даврасида”, “Ёғ сотувчилар”, “Суратхонада расмга тушиш пайти”, “Хива аэродроми”,”Муҳаммад Раҳимхон II”, “Эркак портрети” сингари суратлар мавжуд бўлиб, уларда муаллифнинг нафақат фотообъективдан юксак бадиий мақсад йўлида фойдаланиш маҳорати, балки тарихий даврни ўзига хос бетакрор колорити билан ифодалаш санъати ҳам балқиб кўринади

“Х.Девонов фотосуратларини томоша қилар экансиз, — деб ёзади Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Турсунали Қўзиев, — бу ажойиб рассомга хос бўлган бадиий тафаккурнинг тарихийлигига ҳайрон қоласиз. У келажак авлод олдидаги масъулиятини, халқ ва замонасининг вакили сифатидаги.. вазифасини чуқур англаб етган эди. Сурат тушириш учун сюжет танлар экан, у объективни абадий қадриятлар муҳрини ўзида яққол мужассам этган сюжетларга – миноралар, масжидлар, тарихий обидаларга йўналтиради. Инсонларни суратга туширар экан, у этнографик ёндашишни бадиий ёндашиш билан мувофиқлаштиришга интилади – ҳар бир персонаж у ёки бу турни ифодалайди, ўзини қайтарилмас шахс сифатида намойиш этади”.

Хоразм вилоятида раҳбарлик лавозимини эгаллаган кишиларнинг ташаббуси билан, юқорида айтиб ўтганимиздек, Урганчдаги мактаб ва техникумларга фотография “фан”и киритилган ва бу “фан”ни ўтиш Х.Девоновга топширилган эди. Х.Девонов умрининг сўнгги кунларига қадар ўз зиммасига топширилган шу вазифани шараф билан бажариб, ўндан зиёд малакали фотографларнинг етишиб чиқишига қалб қўрини бағишлади. “Ер юзи” журнали 1926 йилдаги сонларидан бирида эълон қилинган “Ўзбек фотографчиси” деган мақолада у тарбиялаб етиштираётган шогирдлар тўғрисида бундай самимий сўзларни ёзган эди: “Девонов ёш ҳаваскорларни етиштириш борасида ҳам кўп иш қилди. Хивалик ёш йигитни шогирдликка олиб, уни яхши фотографчи қилиб етиштирди, шунингдек, яна бир йигитни ҳам фотографчиликка ўргатди. Бу йигит ҳам моҳир фотограф бўлиб етишди. Девонов 1924 йилда Хивадаги таълим-тарбия тезникумида фото бўлимини очди. Бунда ўз аппарати, ўз билими билан 13 болани фотографчилик ишига ўргатди”.

1932 йилда Хива район халқ маориф бўлими мудири Ризаев имзолаган шаҳодатномада қайд қилинишича, Худойберган Девонов ўзининг 32 йиллик хизмати мобайнида чинакам фото-кино ходими деган унвонга муносиб кишиларни етиштириб берган. “Девонов, — деб ёзилган унда, — Хоразмда энг катта аҳамиятга эга фото-кино илмини ривожлантириш, айниқса, бу майдонда турли монеликларга қарамасдан, олдимизда турган экин маъракаларида, тарихий, инқилобий воқеаларда кучи етганча ташаббус кўрсатди ва кўрсатмакда”. Яна шу ҳужжатдан маълум бўлишича, у шу йилларда Хива район фото бўлими мудири бўлиб ҳам ишлаган.
1936 йил 25 июль куни республика Халқ Комиссарлари Совети раиси Файзулла Хўжаев Худойберган Девоновга 500 сўм миқдорида шахсий нафақа белгилаш ҳақидаги қарорга имзо чекади.

Хоразм округ Ижроия Қўмитаси Х.Девоновга нафақа белгилиш масаласида руспублика ҳукумати раҳбарига мурожаат этгунига қадар қанчадан-қанча маълумотнома ва шаҳодатномалар тўпламаган. Шундай маълумотномаларнинг энг мўътабари, бизнингча, округ маориф бўлими мудири Раҳмонов томонидан имзоланган ва Хоразм округи Ижроия Қўмитаси ҳайъатига юборилган хатдир. Хат муаллифи Х.Девоновнинг Хоразм округи меҳнаткашлари олдидаги катта хизматларини алоҳида қайд этиб, жумладан, бундай ёзган эди:
“Худойберган Девонов ўзининг 35 йиллик фото ишлари соҳасида ҳормай-толмай ишлаш билан (бирга) Хоразм оазисида санойи нафиса ишини(нг) бошланиши ва бу ишга негиз солиш билан санойи нафиса тарихида (Хоразмда) биринчи ўринни олишга ҳақлидир. Нафис санъатнинг ўсишига энг қаттиқ душман бўлган диний хурофотларнинг энг куч олган ҳужум ва танбеҳларга қарамай, ишини тараққий қилдира бериши, бунинг натижасида Хоразм тарихи учун энг қимматли расмлар олиниб, тарих учун жуда кўп материаллар йиғнаб бериши жиҳатидан (қараганда) Девоновнинг тарих фани соҳасида ҳам катта хизматлари бор. Девонов хонлар даврида эски урф-одат, турмуш, қишлоқ хўжалиги, Хоразмнинг инқилоб тарихи, инқилобдан сўнгги ўсишларига доир… кўп қимматли материаллар берди ва бермакда”.
Бу сўзларда Х.Девоновнинг нафақат Хоразм, балки умумўзбек маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳам тўғри талқин қилинган.


Озодликнинг сўнгги кунлари

Меҳнат ва машаққат оғушида ўтган умрининг сўнгги йилларида Худойберган Девоновга давлат миқёсидаги нафақанинг тайинланиши унинг – ўзбек халқи тарихида фотография ва кинематография тамал тошини қўйган, машҳур кишининг эл-юрт ўртасида қадрлана бошлаганининг муждаси эди. Тахмин қилиш мумкинки, у аввало худди шу нарсадан ғоят мамнун, уни алқаган давлатдан эса беҳад миннатдор бўлиб, янада завқ билан, янги-янги ижодий режаларини рўёбга чиқариш учун янги куч ва янги илҳом билан ишлашга киришди.
У ҳаётининг турли паллаларида нафақат хонлар ва уларнинг ақру ҳешлари, билки Огаҳий, Комил Хоразмий, Аваз Ўтар сингари шоирлар билан ҳам мулоқотда бўлган ва мулоқотлари таъсирида, китобсеварлиги натижасида унча-мунча ғазал ҳам машқ қилган. Замондошлар унинг хотин-қизлар озодлиги мавзуида битилган:

Келди қизлар байрами, чимматдин озод айлади,
Инқилоб нури улар кўнгилларни шод айлади —

байти билан бошлганган ғазалини ҳали ҳам айтиб юришади. Ким билади, балки у ҳаётининг ўша хушнуд кунларида яна кўнгил розларини шундай ғазаллар орқали ифодалагандир…

Аммо унинг хурсандчилиги узоққа бормади. У ҳали 300 сўмлик нафақа гаштини туйиб улгурмай, 37-йил қонли этиклари билан қарийб ҳар бир хонадонга бостириб кирди.

Х.Девонов ўзига нафақа берила бошлаган кун билан озодликдаги сўнгги куни орасида нима билан шуғулланди? Кимларнинг суратларини тарих учун муҳрлаб қолдирди? Мамлакатда, шу жумладан, Хоразмда рўй берган ва рўй бераётган қайси воқеаларни кинотасмаларга туширди. Афсуски, биз бундай саволларга жавоб бера олмаймиз. Балки келажакда Красногорск шаҳридаги архивда ишлаш, “Инқилоб қуёши”, “Қизил Ўзбекистон”, “Правда Востока” сингари газеталарнинг тўла тахламларини топиб ўрганиш натижасида бундай саволларга жавоб топиш имконият пайдо бўлар…
Агар Х.Девоновни нафақага тавсия этиш учун тўпланган ҳужжатларга яна бир бор назар ташласак, улар орасида шундай ҳужжатларни кўрамизки, бу ҳужжатлардан яқинлашиб келаётган 37-йилнинг совуқ нафаси эсиб тургандек бўлади. Мана, шундай ҳужжатлардан бири:

Бериладир ушбу исправка 4-участка 4-элатда ўлтиримли Худойберган Девонифга шунинг учунким, мазкурнинг ижтимоий чиқиши: отаси Отажон тўрани дағма1си бўлиб, сўнгги вақтларда Қадам ясавулбошини(нг) девони бўлган. Ўзининг иқтидорлиги орқасида фотограф ишлари билан шуғулланган. Аҳволи эса ҳозирда хизматчи, мазкур мафкура томондан соғлом, шўро мажбуриятларини вақтида бажариб турмоқда.
Совет сайланув ҳуқуқига молик.

4-совет раиси (Сафариф)
— “ — — “ — (Абдуллаеф).

Участка советининг берган исправкаси Шаҳар совети томонидан тасдиқланган.

Шаҳар совети масъул котиби (Қутли Булатиф)”.

Агар 1936 йил 23 март куни 275 рақами билан Шаҳар совети рўйхатидан ўтган, Х.Девоновнинг “мафкура томондан соғлом, шўро мажбуриятларини вақтида бажариб тур”аётганини тасдиқлаган бу маълумотнома бўлмаса, унга – халқ ва мамлакат олдидаги хизматларни 7 ёшдан 70 ёшгача кишилар ҳурмат қилган жамоат ва маданият арбобига давлат нафақаси берилмаган бўлармиди…
Аммо бу маълумотноманинг кучи фақат бир нарсагагина етди. Х.Девоновга нисбатан тиш қайраб юрган кимсалар доғда қолдилар. Бу ҳужжат улар қўлидан келажак совуқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олди. Бироқ бош ғояси Кремлда туғилган, Любянкада эса муфассал ишлаб чиқилган Катта қирғин операциясининг кўтарилиб келаётган бўрони олдида нафақат шаҳар, балки республика раҳбарларининг кафолатномалари ҳам сариқ чақалик кучга эга эмас эди.

Зулмат оғушида
Зикр этилаётган архив материаллари орасида яна бир ҳужжат бор. У ҳам ўша кунларда тузилган қуйидаги маълумотномадир:

Бериладир ушбу справка 4-участка 4-элатда ўлтурумли Худойберган Девоновга.
Шунинг учунким, мазкурнинг қарамоғидаги жон сонлари:
1. Худойберган Девонов, 58 яшар.
2. Бекажон Девонова, хотини, 62 яшар.
3. Ўғулжон Девонова, укаси, 44 яшар.
4. Онажон Девонова, опаси, 62 яшар.
5. Ҳожи Машарипов, ахтиқи1, 15 яшар.
6. Жуманиёз Машарипов, ахтиги, 12 яшар.
юқоридагилар дурусдир.
Сайлов ва сайланув ҳуқуқига моликдир.

4-участка совет раиси (Сапаров)
Котиби (Абдуллаев)”.

Муҳр ва имзолар билан тасдиқланган бу маълумотномада Х.Девоновнинг хотини ва, эҳтимол, бошқа яқин қариндошларининг ҳам туғилган йиллари нотўғри қайд қилинган. Аммо бизнинг бу ҳужжатни келтиришдан муродимиз, биринчидан, Х.Девоновнинг оиласи тўғрисида муайян тасаввур бериш бўлса, иккинчидан, унинг бошига тушажак мудҳиш воқеалар туфайли шу оила аъзоларининг ҳам жабр-жафо кўражакларини айтиб ўтишдир.
Ҳурматли китобхон, сиз бу рўйхатда Х.Девонов фарзандларининг исмларини кўрмай ажабланаётган кўринасиз. Оллоҳ келажак кулфатлардан халос этиш учунмикин, унинг бир-биридан ширин икки фарзанди – ўғли Оллоберган билан қизи Тўтижоннинг азиз жонларини бундан илгарироқ олган эди. Шунинг учун улар номи бу рўйхатга киритилмаган..

Шундай қилиб, 1937 йилнинг қонли бўрони дафъатан кўтарилди. Бу бўрон собиқ шўро мамлакатининг барча ҳудудларида яшаган аҳолини бир вақтнинг ўзида ямлаб-ютиб юбормоқчи бўлди. Бу бўрондан на шаҳарнинг шинам уйларида истиқомат қилган давлат ва жамият арбоблари, на олис тоғ этакларида мол боқиб юрган чўпонлар тирик қолишди. Бу, Оллоҳдан эмас, балки ер юзида яшаган ва ўзини шу бепоён ҳудудларнинг бирдан-бир хўжайини деб ўйлаган Иблисдан келган офат эди.

Мудҳиш йилнинг қора булутлари биринчи ўзбек фотографининг боши узра ҳам тўпланаётган эди. Бўрон кучга кириши билан, 30 июнь куни, ярим кечада, НКВД ходимлари Хива шаҳрининг 4-маҳалла 4-элатидаги Худойберган Девонов яшаган 18-уйга бостириб келдилар. Х.Девоновни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорда унинг хон нозири оиласидан эканлиги, ўзининг девон (мирза) лик билан шуғулланганлиги, Асфандиёрхон билан Муҳаммад Раҳимхоннинг фотографи бўлганлиги, инқилобдан сўнг Хорахм Халқ Республикасида молия нозири бўлиб хизмат қилганлиги, шу кеча-кундузда эса Урганч шаҳрида сураткашлик касби билан машғуллиги айтилган эди..

Шу куни юқорида тилга олинган манзилда тинтув ўтказилиб, Х.Девоновнинг 90 варақдан иборат ёзишмаси, 230 дона фотосурати ва қўшотар ов милтиғи олиб кетилди.
Айни пайтда айбланувчининг куёви Ҳасан Читкаровнинг Янги Урганч шаҳри Ленин кўчасидаги 18-уйида ҳам тинтув ўтказилиб, чемоданда сақланган 20 варақдан иборат ёзишмаси, 17 варақдан иборат ҳужжатлари ва 59 дона фотосурати мусадара қилинди.
Шу куни кечаси қамоқхонада Х.Девонов номига маҳбуслик анкетаси очилиб, унга қуйидаги маълумотлар қайд этилди: ўзбек, Хоразм округи ер-сув хизмати бўлими фотографи, отаси Хива шаҳридаги Қадам ясавулбошида девон (мирза) бўлган, унинг 6 гектар ери, 4 та ҳўкизи, иккита оти, 1 та туяси ва бир уйи бўлган. Маҳбус отаси билан бир хўжаликда ишлаган, отаси вафотидан сўнг эса 1927 йилга қадар отамерос ер-сувни ижарага бериб, ундан даромад олган. (Х.Девонов 1927 йилда шу ер-сувни шўро ҳокимияти фойдасига топширган.)

Шу вақтда оиласи: хотини Бекажон Отажонова (56 ёшда, уй бекаси), ўғли Машариф Худойберганов (40 ёшда, Хазорасп туман халқ маориф бўлимида фотограф), опаси Онажон Девонова (70 ёшда), синглиси Ўғилжон Девонова (41 ёшда, уй бекаси) дан иборат бўлган. Маҳбус мазкур анкета саволларига жавоб бериб, эски мактабда ўқигани ва ўрта маълумотга эга эканини, шунингдек, 1925 йилда ХХСРнинг Меҳнат ордени билан мукофатлангани ва молия нозири бўлиб хизмат қилганини айтган.

Шубҳасиз, Х.Девонов билан бир вақтда хоразмлик кўплаб танилган ва танилмаган кишилар ҳам ҳибсга олинган. Шаҳар қамоқхонаси маҳбуслар билан тўлиб-тошиб кетган. Шу ва бошқа сабабларга кўра, НКВД ходимлари маҳбус фотографни 8 сентябрга қадар терговга чақиришмаган. 8 сентябрь куни эса у терговчи билан юзма-юз учрашиб, унинг саволларига жавоб берган.

Ўша йилларда НКВД тизимида жорий этилган тартиб-қоидага кўра, терговчи сиёсий масалаларда айбланган маҳбусдан шу айбларнинг тасдиқланишига хизмат қилувчи маълумотларни олишга ҳаракат қилган. Уни маҳбуснинг айбсиз эканлиги, унга қўйилган айбларнинг туҳматдан бошқа нарса эмаслиги масаласи мутлақо қизиқтирмаган. Терговчилар ”қайсар” маҳбуслардан керакли маълумотни олиш учун қийноқнинг ҳар қандай даҳшатли усулларидан истаганларича фойдаланганлар. Шунинг учун ҳам тергов материалларида баён қилинган маълумотларни чин ҳақиқат деб қабул қилиш тўғри эмас.
Аммо Х.Девоновнинг маҳбус саволларига берган кўрсатмасида, бизнингча, унинг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятига ойдинлик киритувчи баъзи бир чизмаларни йўқ, деб бўлмайди. Шунинг учун биз маҳбуснинг терговчи томонидан ёзилган кўрсатмасидаги айрим маълумотларни қуйида келтиришни ўринли, деб биламиз:

“…Мен, — деб ёзилган Х.Девоновнинг кўрсатмасида, — 1923 йили Хоразм ҳукумати томонидан ХХРнинг Москвадаги кўргазма комиссиясига аъзо, кўргазма комиссиясига раис этиб эса Ҳожи Аминатдинов тайинландик. У ХХР сув тизимининг раиси эди. Мен 1923 йил 12 августда Москвага бориб, 27 ёки 28 декабрда қайтиб, 1924 йил 15 январда Хоразмга етиб келдим. Мен Аминатдинов билан бирга Хонқага етиб келганимда, Хиванинг Жунаидхон қўшинлари томонидан ўраб олингани маълум бўлди. Шунинг учун биз Хонқадан қочиб, Тўрткўлга бордик. Улар тугатилган кейин Хивага келдик. Шу куннинг эртасига ЧК (ходими) Слободин мени ҳибсга олди, аммо мен (фақат) 1 кун(гина) қамоқхонада бўлдим. Менимча, мени аксилинқилобий ташкилотга мансуб, деган шубҳа билан ҳибсга олишган эди. Орадан икки ёки уч ой ўтганидан кейин ЧК мени Мадраим Девоний билан бирга яна ҳибсга олиб, 20 кунча гувоҳ сифатида қамоқхонада сақлашди. Мен кўргазма комиссиясининг аъзоси бўлганимда, Мадраим Девоний ХХРнинг ташқи савдо раиси (нозири) эди. У Москвада бўлган пайти(миз)да Москвадаги қандайдир Ломбергми ёки Ленгерми деган немис ваколатхонаси билан Германияга пахта сотиш масаласида шартнома тузган. Мадраим Девоний буни судда тан олган ва (уни) отиб ташлашган…

…1928 йилда Карим Болтаев Тошкентда Наркомзем (Ер ишлари халқ комиссарлиги) да ишлар эди. Мен шу йили Тошкентга фотоаппарат сотиб олиш учун борган эдим. Пулим бўлмагани учун Тошкентда Наркомземга, Болтаевнинг ҳузурига бориб, ундан моддий ёрдам сўрадим ва Фарғона водийсига саёҳатга бориб, баъзи бир янгиликларни суратга олиш ниятида эканлигимни айтдим. Ўшанда Болтаев менга бундай деган эди: “Сиз халқ маорифи соҳасида кўп иш қилдингиз, шунинг учун илтимосингизни бажо келтирамиз” Болтаев шу заҳоти Маориф халқ комиссарлигидаги қандайдир Жаргинга қўнғироқ қилиб, унга менга маблағ билан ёрдам беришни топширди ва телефонда унга менинг қаердан келганлигим ва қайси лавозимда ишлаётганимни айтди. Шундан кейин Болтаев мени Маориф халқ комиссарлигига юборди. Мен Жаргиннинг ҳузурига борганимда, у менга пул беришга ваъда қилди…

…1936 йили ёки 1935 йилнинг сентябрь ойида ЎзКП(б) котиби Икромов Урганчга келган. (Уни) фотограф сифатида суратга олишим учун мени Исроилов1нинг уйига таклиф қилишди. Борсам, у ерда Икромов ўтирган экан. У мени кўриб: “Кексайиб қолибсиз”, деди ва ўша ерда тик турган Исроилов, Ҳасанов, (Машариф) Қориев ва бошқаларга қараб, бундай деди: “Девонов қариб қолипти, унга нафақа белгилаш масаласида окрижроқўмда ҳужжатларни расмийлаштириб, бизга, Тошкентга юборинглар. Биз унга ойлик нафақа тайинлаймиз”. Шу ҳодисадан кейин мен бевосита округ халқ маориф бўлими (раиси) Раҳмоновга мурожаат этиб, унга Икромовнинг топшириғини етказдим… Тошкентда Берегин менга: “Файзулла Хўжаев орқали расмийлаштиринг”, деди ва дарҳол Файзулла Хўжаевнинг котиби Абдуллажоновга қўнғироқ қилиб, қабул кунини белгилаб беришини айтди. У (Абдуллажонов) менга 21-куни ариза билан келишимни тайинлади. Роса уч кундан кейин менга 300 сўм ойлик нафақа бериш ҳақидаги Халқ Комиссарлари Советининг Файзулла Хўжаев имзо чеккан фармойиши қўлимга тегди….

…Агар 1926 ёки 1927 йилда 15,5 таноб еримни давлатга бермаганимда, мени, албатта, қулоқ қилишган ва хўжалигимни тортиб олишган бўларди. Мен шу ҳолни эътиборга олганман…”
Юқорида баён қилинган маълумотларда Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевнинг номлари тилга олинган. Х.Девонов, эҳтимол, ҳибсга олинган вақтида шу республика раҳбарларининг “халқ душманлари” сифатида қамоққа олинганини билмаган, ҳатто улар номини тилга олиб ва уларга яқинлигимни билдириб, ҳибсдан озод бўламан, деб ўйлаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас, Ҳолбуки, ўша мудҳим йилларда шу икки арбобга яқин бўлганликнинг ўзи ҳар бир кишининг қамоққа олиниши ва отиб ташланиши учун етарли жиноят ҳисобланган.

Хуллас, Худойберган Девоновнинг тақдири ҳал қилинган эди.
1937 йил 1 декабрда тузилган қарорда айтилишича, Х.Девонов 1934 йилдан бошлаб аксилинқилобчи ташкилот раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Давлат Ризаевнинг топшириғи асосида Англия разведкаси фойдасига жосуслик ишларини фаол олиб борганликда ҳамда шу ташкилот топшириғи билан Хоразмда босмачилик ҳаракатини ташкил қилганликда ва инглиз жосуси, босмачилик ташкилотчиси Жунаидхон билан шахсан алоқада бўлганликда айбланган эди. Бу туҳматдан иборат қарор кейинчалик янги айблар билан “бойиган” бўлса, бойидики, асло камаймади.

Орадан 11 ой ўтгач, Тошкентда, 1938 йил 5 сентябрда 37-йил қурбонлари устидан суд бошланди. Шу куни соат 10 дан 35 дақиқа ўтганда бошланган суд бор-йўғи 15-20 дақиқа давом этди, холос. Аммо шу қисқа фурсатда суд Х.Девоновни 1920 йилдан “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти аъзоси бўлиб, Хоразмда босмачилик ҳаракатини ташкил этишда фаол иштирок этганлик ва инглиз разведкаси агенти – Турманистондаги босмачилик ҳаракати раҳбари Жунаидхон билан алоқа ўратганлик ҳақидаги “эски” айблардан ташқари, унинг гарданига яна бир қатор “янги” айбларни қўйишга эришди. Бу айбларга қараганда, маҳбус ўз олдига Ўзбекистон ССРни СССРдан ажратиб олиб, буржуа давлатни барпо этиш мақсадини қўйган аксилинқилобий, миллатчилик, қўзғолончилик, террорчилик ва диверсия-зараркунандачилик ташкилоти билан алоқа ўрнатган ва шу ташкилот раҳбари Файзулла Хўжаевнинг топшириғи билан Ўзбекистон бўйлаб районма-район кезиб, инглиз раведкаси учун жосуслик маълумотларини тўплаган эди.

Маҳбус бу ўта бемаъни айбларнинг бирортасини тан олмади. Аммо шунга қарамай, суд уни отиш ва шахсан унга тегишли бўлган мол-мулкни мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Ҳукм ўша куниёқ ярим кечада, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги қатлгоҳда ижро этилди.
Аммо бу мудҳиш ҳукм ва унинг ижроси Х.Девонов оиласидан узоқ вақтгача яширилиб келди.
Х.Девонов ишини қайта кўриш масаласи ҳатто Сталин вафотидан кейин ҳам бир неча йил чўзилди. Ниҳоят, СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегияси 1959 йил 25 июнда 1938 йил 5 октябрда чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, Х.Девоновни оқлаш ҳақида бир битимга келди.

Х.Девонов оқланиб, унинг қариндош-уруғлари манглайидан “халқ душмани”га дахлдорлик тамғаси олиб ташлангач, кенжа жияни Абдулла Юсупов Давлат хавфсизлик қўмитасига мурожаат этиб, тоғасининг туғилган санаси тўғрисида аниқ маълумот беришларини сўради. Мазкур муассаса ходимлари эса унга “1879 йил”, деб жавоб бердилар. Аммо биринчи ўзбек фотографининг аниқ туғилган санаси 1878 йил бўлиб чиқди.

Абдулла Юсуповнинг каминага йўллаган хати
(Хулоса ўрнида)

Айтишларига қараганда, омад, давлат қуши инсон бошига жуда кам ҳолларда, саноқли маротаба қўнар экан, Бунда унинг халоллиги, фидойилиги, беғаразлиги, тақводорлиги алоҳида аҳамиятга эга бўлса керак.

Фикрларимни тасдиқлаш учун ҳаётимда 70-йиллар(да) содир бўлган воқеани сиз билан баҳам кўрсам, дейман. Биз, ўзбеклар, болаларимиз ўрта мактабда ўқиётган пайтларда профориентация (яъни касб танлаш) масаласига эътибор бериб,, боламизга унинг ҳаётида ҳақ таоло томонидан берилган асл йўналишни, касбни (призваниени), яъни ҳақиқий истеъдодни аниқлашга эътибор бермаймиз. Унинг давомли меҳнат жараёнида(ги) тақдири, бахти-иқболини белгилайдиган нарсага умуман бефарқ қараймиз.
Ҳали-ҳали эсимда, 5-6-синфданоқ кинотасвирчи бўламан, деб ғурурланиб, ота-онамни ҳоли-жонига қўймай юрардим. Кейинчалик раҳбарликми, рағбатми, нимадир етишмай, Москвага, ВГИКка бормай, Тошкент алоқа политехникумини битказиб, ҳарбий хизматни ҳам битказиб, Хоразм элиектртаромоқлар корхонасида катта муҳандис бўлиб ишладим. Ўша пайтга келиб, оила қурдим, бола-чақали бўлдим, ишим, маошим – ҳаммаси яхши эди. Аммо…. орадан шунча йил ўтган бўлишига қарамай, ўрта мактабда қалбимдан кинооператор бўламан деган ниятим менга сира тинчлик бермасди. Аслини олганда, бу ҳам ўз-ўзидан шаклланган эмас эди. Менинг отам – раҳматли Юсуфжон Ҳасанов (бувимиз Бибижон Девонова алоҳида бир завқ, ғурур билан “Муҳаммад Юсуф” дердилар) ўзбек киносанъатини(нг) илк бор қалдирғочи саналмиш Худойберган Девоновнинг жияни бўлиб, тоғаси ёнига 13 ёшлик ўспирин даврида бориб, устозининг кўплаб ҳар хил синовларидан мувафақиятли равишда ўтиб, ҳурматини қозонган. Шу даврда Худойберган Девоновнинг икки фарзанди – Оллоберган исмли ўғли, Тўтижон деган қизи вафот этиб, бобо фарзанд висолига зор бўлиб, отамни ўғли ўрнига қабул қилиб, меҳр қўйиб, қалбидан жой ато этган. Устоз-шогирд то тақдир шафқатсиз ҳукмини амалга оширгунча елкама-елка туриб меҳнат қилиб, тарихда бебаҳо хазина ҳисобланмиш кўплаб фотҳужжатлар яратганлар. Шу-шу Девоновнинг сиймоси доимо отамнинг кўз ўнгида бўлиб, қалбида муҳрланиб, беихтиёр ҳар дам тилида ҳам гўё бўларди. Отамнинг устозига ҳурмат-эҳтироми ила суғорилиб, иштиёқ, ғурур билан “дада”си ҳақида (айтган) ҳикоялари, табиийки, бизларни ром қиларди.

Биз Худойберган ота ҳибсга олинганидан анча йил кейин дунё юзини кўрдик. Биз у кишини суратидан танишимизга қарамай, у кишининг қиёфаси, унга бўлган буюк меҳр Юсуфжон Ҳасанов ҳикоялари туфайли автоматик тарзда қалбимизга ўтган, муҳрланган. Биз ҳам “дада” деб Девоновни ўзимизнинг дадамизга айлантириб, унинг номи билан аталган кинотеатрга кирсак, алоҳида бир ғурур, руҳ бизга ҳамроҳ бўларди. У бизнинг фахримиз.

Отам энг истеъдодли шогирдларидан ҳисобланиб, Хоразмда меҳнати, суратгирлик таланти туфайли катта обрў соҳиби эди. “Юсуфжон ака, Хоразмда сиздек расмчи йўқ, сиз суратга чинакамига жон киритиб ишлайсиз, сизга тасанно”, дердилар мижозлар. Ўта маданиятли, бир сўзли, лафзли (бу яхши хислатлар, фазилатлар Х.Девонов тарбияси натижалари, деб тушунсак, тўғри бўлади) отамиз 45 йил расмчилик қилиб, 1978 йил январь ойида ишхонасида номаълум шахслар томонидан ваҳшиёна ўлдирилди. (Жиноят ҳалигача очилмаган.) Фикримча, бунда конкуренция (рақобат) маълум-муайян роль ўйнаган бўлса ажаб эмас.

Отам раҳматлик бизнинг қалбимизда Девоновга нисбатан нафақат меҳр, балки авлод эстафетаси шаклида расмчиликни, кино санъатини, дадамизни(нг) тутган йўлини давом қилдиришдек савоб ишни, у билан боғлиқ фото-киноҳужжатларни йиғиб, кўз қорачиғидек авайлаб сақлаш ҳунарини ҳам сингдирган.
Яна мавзуимизга қайтайлик.

“Даданг Худойберган Девонов нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун мамлакат ҳудудида (собиқ СССРда, қаранг: “Сов. фото”, 1981, № 5) биринчилар қатори сураткаш, кинематографчи бўлса, ундан кўплаб фото-кинолавҳалар — катта хазина қолган бўлса, уруғ-аймоғининг орасида сендан бошқа бу ишни давом қилдирувчи йўқ. Шундай экан, умрингни беҳуда ўтказма, йигит”, дедим ўзимга электртармоқларда ишлаб юриб.
Тангри таоло йўлчи юлдузимни ҳам тайинлаган экан. Бу, отамнинг, оиламнинг яқин одами, Хоразм вилоят кинолаштириш бошқармасининг собиқ раҳбари марҳум Мадр(ай)им ака Юсупов эдилар. Шу кишининг саъй-ҳаракатлари сабаб азиз, қалбимда алоҳида ўрин олган — мен у киши олдида бир умр уятлиман – Азиз Пўлатович Қаюмов билан учрашишга муяссар бўлдим. У киши у даврда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети қошидаги Кинематография давлат қўмитасининг раиси эдилар. Унча катта бўлмаган кабинет, оддий камтарона жиҳозлар, китоблар, кулиб, юзимга боқиб турган кабинет соҳиби…

Қўлимдаги Худойберган Девонов туширган тарихий суратларни кўриб, Азиз Пўлатович жуда хурсанд бўлдилар. Мен эса у кишига “Ўзбекфильм” киностудиясидан иш сўраб келганимни айтдим. “Гап бундай, йигитча, — деб бир зумда ўйланиб қолдилар. – Аслида мен бу курсини(нг) эгаси эмасман. Мен адабиётчиман. Бу курсида эса кино санъати бўйича мутахассис ўлтириши керак, — деб давом қилди сўзида Азиз ака. — Сизга келсак, тўғри йўлни кўрсатишимиз бизга фарз. Кинога ўзингизни бахшида қилган экансиз, сиз ҳам кино мутахассиси бўлишингиз шарт, иш эса қочмайди. Москвага бориб, ВГИКка имтиҳон топширинг. Ўзбекистонга шу даргоҳдан уч ўрин берилади. Сиз “3” баҳога топширсангиз ҳам, мен институтга сизни киргизаман. Командирочний ҳаражатларини ҳам зиммамга оламан”, – Азиз Пўлатович бу гапларни ихлос, ишонч, қатъиятлик ила айтдилар. Бундай мадад, таклиф, омад, тўғри йўл – ҳақиқатни айтсам – ҳаётимда кам бўлган. Ўрта мактабда олган билимимга ишонч ҳосил қилмадим, оиламни ўйладимми, ишқилиб Москвага кетишга менда журъат етишмади.

Мана, 30 йилдан буён шундай афсус, надомат, пушаймонлар қиламан. Домланинг олдида уятлиман…

Ҳаётда воқеалар такрорланар экан. 2000 йил Тошкент телевидениесида ишлаётган болам Худойберган (бобомнинг номини берганимда ҳам, аслида, бир ҳикмат бор бўлса керак) худди юқорида тасвирланган вазиятга тушиб қолса бўладими. У олдин Бенков номидаги билим юртини битказди, сўнгра Островский номидаги Театр ва рассомлик институтини(нг) телережиссура факультетини тамомлаб, Ўзбекистон телевидениесида режиссёрлик қиларди. Москвадан, ВГИКдан 2,5 йиллик режиссёрлик олий курсига 2 ўрин ажратишган (экан) Ўзбекистон учун. Устози Шуҳрат Аббосов : “Худойберган Юсупов кетади, у шунга лойиқ”, деб туриб олса бўладими. Бу нима? Ўхшашликми ёки ҳаётнинг ҳазилими. Болам ҳам худди мендек иккиланиб турибди. “Болам, отам мендан рози бўлсин, десанг, ҳеч нимани ўйлаб ўтирма. Мен бир умр афсусдаман. Сен менинг хатоимни такрорлама. Москвага уч, сени Худойберган дадамизнинг руҳи-поки қўллагай. Яратганнинг ўзи мададкоринг бўлгай, даб боламни кўндириб, Москвага жўнатдим.

Албатта, Москвада яшаш, ўқишни(нг) ўзи бўлмайди. Кўп қийинчиликлар, иқтисод масаласи, касаллиликлар бўлди.. Мана, ўқиш ҳам бир зумда битиб қолди. Тиним билмайдиган, тиришқоқ дадамизни(нг) касбини давом эттириш эстафетасини бўйнига олган ўғлим Худойберган муваффақиятлар сари силжимоқда. 3 минутлик “Ўйин тугади” деб номланган аннимацион фильми билан 2001 йилда Аннимацион фильмлар халқаро фестивалида “Муқаддас Анна” мукофоти учун ўтказилган танловда қатнашиб, махсус диплом билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Бухоро шаҳрида ўтказилган кинофестивалда шу фильмга иккинчи фахрли ўрин берилиб, қийматбаҳо приз (соврин) олди. Худойберганни(нг) режалари кўп. Шулар орасида Худойберган Девонов номида Москвада киностудия очиб, довруғини бутун дунёга таратиш ҳам бор. Дадамиз ҳақида менинг сценариям асосида бобомизнинг 125 йиллигига қараб фильм олиш ва ҳ.к.
Ҳозирча у “Чарли” студиясида ишлаб, Россиядаги фирма ва компанияларнинг рекламалари ва машҳур эстрада юлдузларининг видеороликларини кўплаб ишлаб, ТВН, СТС, Россия ТК, НТВ каналларида намойиш этиб тирикчилик қилмоқда. Қанотларини ёйиб, кўнгилдагидек парвоз қилишга керакли замонавий техника етишмаслиги, гоҳ-гоҳда соғлиғини(нг) мазаси йўқлиги, қолаверса, иқтисодий етар-етмаслик белдан ураяпти.
Мана, ота-боланинг бир-бирига ўхшаш икки тақдири…

P.S. Господин Каримов!
Высылаю Вам материалы для статьи. За грамматические ошибки и логику прошу меня простить. Трудная, полная проблем, в то же время короткая жизнь, не даёт возможности конкретно, от души сосредоточиться на конкретной тематике. К тому же я очень жалею, что кончил учебное заведение на чужом, русском, языке.
А.Юсупов.
2004 г. .Ургенч.

Тақдир кишиларни, ҳатто халқларни ҳам қандай даҳшатли синов ва имтиҳонлардан олиб ўтмайди. Агар табиат офатлари шайтоний куч билан ҳамла қилгудек бўлса, улкан тоғлар ҳам нурай бошлаши мумкин. Инсон эса тарих уммонида ва шу уммоннинг асовсиз ғалаёнларида бир баргдек бир сонияда уммон қаърига кириб кетади.

Аммо шу нарса даҳшатлики, инсонни табиат офтлари эмас, балки унинг ўзи, унинг ичидан чиққан кучлар мажақлаб ташлайди.

Худойберган Девонов шўролар даврида йўқ қилиб юборилган 20 миллионли жабрдийдалар карвонидаги бир кишигина, холос. Уни ва унга ўхшаш кишиларни маҳв этиш билан мустабид давлат нимага эришди? Қудратли бўлдими? Йўқ!

Аксинча, минглаб истеъдодли кишиларни қириб ташлаши билан давлат ўзининг тагига ўзи
сув қуйди. Ўзи заифлашди. Ўзини-ўзи бутун дунё олдида шармандаи шармисор қилди.
Шояд қатағон деган, 1937 йил деган мудҳиш воқеалар тарих саҳифаларида қолган бўлса-ю, қайта такрорланмаса.

Шояд бир Худойберган Девоновнинг, бир Чўлпоннинг, бир Убайдулла Хўжаевнинг ўрнига ўнлаб ёшлар “Мен Худойберган Девоновман “Мен Чўлпонман!”, “Мен Убайдулла Хўжаевман!” деб майдонга отилиб чиқсалар-да, улар бажариб улгурмаган ишларни улардан ҳам аъло даражада башаришса.

Шояд авлодлар бу жабрдийда улуғ аждодларини унутмай, уларни ёд этиш,улар хотирасига ҳурмат билдириш йўли билан покланиб, баркамоллашиб борсалар.
Шоид ўзбек халқининг келажаги,улар орзу қилганларидек, биз орзу қилаётганимиздек,
мунаввар бўлса…

Naim Karimov
XUDOYBЕRGAN DЕVONOV —
ILK O‘ZBЕK FOTOGRAFI

O‘rta Osiyoga fotografiyaning kirib kelishi

Bundan bir necha yil muqaddam O‘zbekiston tarixi davlat muzeyida bir fransuz sayyohi va fotografi Pol Nadarning ko‘rgazmasi bo‘lib o‘tgan edi. Sharqni Yevropa uchun kashf etish ishtiyoqida O‘rta Osiyoga fotoapparat bilan kelgan bu sayyohning ismi Pol Nadar edi. Rostini aytsam, bu ko‘rgazmadan ko‘p narsani kutmagan edim. Ammo fransuz fotografining XIX asr oxirlarida O‘rta Osiyoga kelib, ota yurtimiz manzaralarini tasvirga tushirgani meni behad darajada hayajonga soldi. Negaki, Pol Nadar tasviridagi shahar va qishloq ko‘rinishlari, oradan bir necha asrlar o‘tgan bo‘lsa hamki, qariyb o‘zgarmagan edi. Faqat shahar va qishloqlar emas, balki shu shahar va qishloqlardagi qaynoq hayot manzaralari ham, olamlarning o‘sha vaqtdagi o‘ziga xos qiyofalari ham uning fotosuratlarida muhrlangan edi. Fransuz fotografining olis tariximizni shu tarzda bizga bir umrga muhrlab qoldirgani men uchun unutilmas voqea bo‘lgan edi, o‘shanda.

Shundan beri qayerda Tarixiy Fotosuratlar ko‘rgazmasi bo‘lsa, albatta, borib ko‘rishga harakat qilaman. Bu hol menga, o‘ylaymanki, Siz, azizlarga ham mamlakatimiz va xalqimiz tarixi bilan uchrashish, u bilan g‘oyibona muloqotda bo‘lish imkoniyatini beradi, qalbimizdagi Tarix tuyg‘usining yanada boyishi va tiniqlik kasb etishiga xalol xizmat qiladi.

O‘tgan asrning 30-yillarida fransuz rassomi Lui-Jak Dager tomonidan kashf etilgan Fotografiya insoniyat tafakkurini ag‘dar-to‘ntar qilib yubordi. Inson umri va insoniyatning kechayotgan tarixi lahzalarini fotosurat tarzida muhrlab qoldirishning qanchalik buyuk ahamiyatga molik ekanini tushunish qiyin emas.

Bugun biz o‘tgan asr boshlaridagi Toshkentning, afsuski, buzilib, o‘z o‘rnini go‘zal xiyobonlarga, hashamatli imoratlarga yuo‘shatib bergan ko‘cha va uylarini fotosuratlarda ko‘rib, tafakkurimiz va qalbimiz bilan bir necha daqiqa bo‘lsa-da, o‘sha muhitga sho‘ng‘ib, o‘sha vaqtning latif havosi bilan nafas olib, o‘sha vaqtning hazin sadolari og‘ushida yashaymiz. Har birimizning oilaviy fotoarxivimizda o‘tgan ota-bobolarimiz, ota-onalarimizning turli munosabat bilan – goh g‘amgin, goh baxtiyor holatda, goh to‘y-ma’rakalar, oilaviy bayramlarda, goh ish jarayonida tushgan suratlari bor. Ularni ko‘rganimizda, shu suratlardan jonsiz jigarlarimiz emas, balki Tirik Buzrukvorlarimiz bizga tikilib turgandek bo‘ladilar va biz ular bilan unsiz muloqotda bo‘lamiz. Hatto ularning suratlari oldida biror ezgu ishimiz tufayli uyalmay, aksincha, o‘zimizni g‘oz tutsak, aksincha, biror chakki ish qilib qo‘ygan bo‘lsak, ko‘zimizni shu Tirik Ajdodlarimizdan chetga olishga harakat qilamiz.

Foto san’atining kuchi ana shunday…

Inson tafakkurining qudrati bilan vujudga kelgan Fotografiyaning O‘rta Osiyoga, xususan, o‘zbek diyoriga kirib kelganiga 130 yil bo‘ldi.

Tarixiy hujjatlarning shahodat berishicha, O‘rta Osiyo, xususan, hozirgi O‘zbekiston bilan tanishish, uning tabiati, tarixi va madaniyatini o‘rganish maqsadida ilk bor fotoapparat bilan Turonzaminga kelgan kishilar yevropalik sayyoh va o‘lkashunoslardir. Ulardan keyin esa hunarmandlar va tadbirkorlar qadamranjida qilishgan. Shulardan biri Anton Murenko (1837-1875) bo‘lib, u 1858 yilda polkovnik N.Ignatyevning harbiy-diplomatik safari vaqtida “ochiq muzeylar shahri” – Xiva ko‘rinishlarini suratga olgan.

Uning izdoshlaridan biri Stanislav Nikolai 1837 yilda Toshkentda ilk fotografiya atelyesiga tamal toshini qo‘ygan. Olim va fotograf Nikolay Veselovskiy (1848-1918) va S.Dudin (1863-1929) XIX asr oxirlarida Samarqanddagi mashhur madrasa va maqbaralardagi naqshlar chamanzorini ilm-fan uchun muhrlab qoldirishgan. Nihoyat, bizga tanish bo‘lgan parijlik foto ustasi Pol Nadar 1890 yilda O‘rta Osiyoga sayohatga kelib, yuqorida tilga olganimiz Orol dengizidan Pomir tog‘lariga qadar cho‘zilgan qadrdon yurt manzaralarini suratga tushirgan.

XIX asrning ikkinchi yarmida O‘rta Osiyo, xususan, Turkiston fotograflar uchun serqatnov chorrahalardan biri bo‘lib qoldi. Ular uchun, ayniqsa, Samarqand muqaddas ziyoratgoh manzilga aylandi. Yevropalik va rossiyalik foto ustalari olis asrlarning aks-sadosi va yodgorligi – Samarqandning mahobatli me’moriy majmualarini suratga olish uchun fotorafik ekspeditsiyalarni qayta-qayta uyushtirdilar. Bu foto ustalari orasida yangi san’at turining eng mashhur namoyandalari oz bo‘lmagan. Masalan, o‘tgan asrning 30-yillaridagi poligrafiya va fotografiyaning so‘nggi yutuqlarini o‘zida mujassamlantirgan “O‘zbekiston 10 yilligi” fotoalbomining bosh fotografi Aleksandr Rodchenko (1891-1956) shunday kishilardan biri edi.

Moskvadan maxsus taklif etilgan bu foto ustasi Toshkentga kelib, Boris Kudoyarov (1898-1974) va Georgiy Zelma (1906-1984) singari taniqli mahalliy fotograflarga ustozlik qildi. Ular garchand 20-yillarda Moskvaga ko‘chib ketgan va o‘sha yerda yashab, ishlagan bo‘lsalar-da, O‘zbekiston bir umrga ular ijodining markaziy mavzularidan biri bo‘lib qoldi. Ularning mamlakatimizda yaratgan asarlari, Maks Albert, A.Shayxet, I.Panov va boshqa taniqli fotograflarning O‘zbekiston mavzuiga bag‘ishlangan ishlari singari, foto san’atining oltin fondidan munosib joy olgan.

Afsuski, tabiiy ofatlardan tashqari, turli-tuman bema’ni urush va janjallar ham xalq me’moriy dahosining mevasi — muhtasham obidalarining shikastlanishi va nurab borishiga sabab bo‘ladi. XIX asr o‘rtalarida boshlangan rus istilosi paytida nafaqat aholisi qarshilik ko‘rsatgan shahar va qishloqlar, balki masjid va madrasalar ham to‘pga tutildi. Chor hokimiyatidan keyin tarix sahnasiga chiqib, yer yuzining oltidan bir qismini idora qilgan bolsheviklar esa shu vahshiylikni o‘zlariga xos izchillik bilan davom ettirib, me’moriy hamda diniy-ma’rifiy obidalarni vayronaga aylantirdilar. Xuddi shu mudhish kelajakni oldindan ko‘rgandek, yevropalik va rossiyalik ma’rifatparvar fotograflar Samarqand obidalari va osori-atiqalarini surtga olishda davom etdilar. 1872 yilda A.Kun (1840-1888) tomonidan tuzilib, nashrga tayyorlangan to‘rt jildlik “Turkestanskiy albom”dagi 1262 suratning aksari Samarqandda olingan.

Sharq me’morligining yildan-yilga nurab borayotgan shoh asarlarini muhrlab qoldirish uchun XIX asr oxirlarida Samarqandga bir necha maxsus ekspeditsiyalar tashkil qilindi. Rossiyalik I.Vvedenskiy, I.Chistyakov va S.Dudin o‘zlaridan shunday boy fotomaterial qoldirdilarki, bu material kelajakda Samarqand obidalarini qayta ta’mirlashda, ayniqsa, asqotdi. Ilmiy manbalarda aytilishicha, so‘nggi nafasiga qadar Sankt-Peterburgdagi Etnografiya muzeyida O‘rta Osiyo madaniy-me’moriy boyliklarining muhofizi bo‘lib xizmat qilgan S.Dudinning ijodiy fotomerosi. 2500 negativdan iborat. Bu negativlarning biz uchun qimmatli tomoni shundaki, ularning barchasi Samarqandda olingan.

Amir Temur saltanatining poytaxtiga kelib, butun dunyoga mashhur obidalarni suratga olgan fotograflar orasida G.Mozer (1844-1923), G.Kraft (1853-1935) va F.Orde singari yevropalik foto ustalari ham bo‘lishgan. Ularning XIX asr oxirlarida olgan suratlari G‘arbda katta o‘lchamdagi hashamatli albomlar shaklida chop etilib, O‘rta Osiyo tarixi va madaniyatiga qiziqishning yanada avj olishiga sabab bo‘lgan.

Zokirjon Xolmuhammad o‘g‘li Furqat 1890 yili Toshkentga tashrif buyurganida, Yangi shahardagi gimnaziya, teatr singari rus madaniyati o‘choqlari bilan yaqindan tanishgan. Turkistonning madaniy va maishiy hayotiga kirib kela boshlagan Yevropa madaniyati va texnikasi yangiliklari shoir qalbida o‘chmas taassurot qoldirgan. U mazkur safari chog‘ida Toshkentning eng mashhur fotografi Dmitriy Nazarov bilan ham uchrashgan. Toshkent gimnaziyasida rasm mashg‘ulotini olib borgan D.Nazarov Sankt-Peterburgdagi Strogonov badiiy-sanoat bilim yurtini tugatgach, Turkistonga kelib, hozir Amir Temur nomi bilan atalgan ko‘chaning Temuriylar davlat muzeyi yaqinida o‘z atelyesini ochgan edi. (Furqatning bizga ma’lum fotosurati shu yerda olingan.)

“Kunlarning birida, — deb yozgan edi Furqat dastlab «Turkiston viloyatining gazeti» sahifalarida, so‘ngra A.N.Ostroumovning «Sartlar» kitobida e’lon qilingan tarjimai holida, — men Nazarovning fotografiyasiga kirib, xushbichim bolalar va chiroyli qizlarning devorlarga osilgan suratlarini ko‘rdim. Ular shu darajada yaxshi ishlangan ediki, hatto havas qilish mumkin edi. Rassom Nazarov menga o‘z apparatlarini ko‘rsatdi hamda fotografiyada qo‘llaniladigan dori va qog‘ozlarning xossalarini tushuntirib berdi. U menga suratlarni olish namunasini ko‘rsatish uchun huzurimda bir kishining suratini oldi, men uning harakatlarini kuzatib turdim.

Bu, shunday ro‘y berdi: u dastlab qorong‘i xonada shisha plastinkani maxsus doriga botirib oldi va uni qurutgach, nur tushishidan ehtiyot choralarini qilib, zich yopilgan ramkaga joylashtirdi. Agar shishaga bir tutam nur tushsa ham, uning ustidagi dori o‘z kuchini yo‘qotar ekan. Oynali maxsus mashina uch oyoqqa o‘rnatilgan edi. Surati olinishi darkor bo‘lgan kishi shu mashinadan besh-olti qadam nariga o‘tkazilar ekan. Mashina (dagi oyna) ning qopqog‘i olinganda, mashinaning orqa tarafidagi maxsus oynada shu kishining tasviri, hatto libosining rangi va bezaklari ham yaqqol ko‘rinar ekan. Men bu mo‘’jizani ko‘rib hayron qoldim…Hozir ba’zi bir musulmonlar o‘zlarining suratlarini shunday yo‘l bilan oldirmoqdalar. Fotografning menga aytishiga qaraganda, endilikda fotorgafiya mashinasi yordamida osmondagi yulduzlarning tasvirini, shuningdek, shiddat bilan ketayotgan otlarning tasvirini olishayotgan ekan”1.

Yevropalik va rossiyalik mashhur fotograflarning O‘rta Osiyoga, xususan, Turkistonga tez-tez kelishlari shu yerda foto san’ati ixlosmandlarining ko‘payishiga turtki berdi. Hatto XIX asr oxirlarida Toshkentda shunday kishilar tashabbusi bilan Turkiston fotografiya va nafis san’at havaskorlari jamiyati tashkil topdi. 1899 yilda esa Turkiston tarixida birinchi marta Toshkentda foto ko‘rgazma tashkil etildi. Ko‘rgazmani tayyorlash va o‘tkazish bo‘yicha tuzilgan komissiya, manbalarda aytilishicha, ikki yarim mingdan ziyod badiiy fotosuratlarni tomoshabinlar e’tiboriga havola qilgan va bu suratlar 12 ta bo‘limda namoyish qilingan. Shu ko‘rgazmada mahalliy foto ustalari va havaskorlari bilan bir qatorda taniqli xorijiy fotograflar ham o‘z asarlari bilan ishtirok etishgan.

Shunday qilib, 1910 yilda birgina Toshkentning o‘zida 20 ta fotografiya atelyelari mavjud edi. Shu atelyelarda tayyorlangan bir qator fotoasarlar Yevropa va Amerika Qo‘shma Shtatlarida o‘tkazilgan fotoko‘rgazmalarda namoyish etilib, sovrinlarni olishga muvaffaq bo‘ldi. Masalan, 1908 yili Fransiyaning Marsel shahrida o‘tkazilgan Butunjahon foto ko‘rgazmasida bizga tanish bo‘lgan D.Nazarovning suratlari oliy sovrin — “Gran-pri”ga munosib deb topildi.

Yuqorida tilga olingan 20 ta fotoatelyedan biri “Ilhomjon Inog‘omovning musulmon fotografiyasi” edi. U, manbalarda qayd etilishicha, 1902 yil 14 aprelda Shayxontahur dahasining Hovuzbog‘ mahallasida ochilgan.

Ilk o‘zbek fotografining dunyoga kelishi

Har bir inson tarixning muayyan bir davrida dunyoga keladi. Davr esa shunday daryoi azimki, agar toshsa, har qanday insonni o‘zining shiddatli oqimiga tortib, bamisoli bir xas yanglig‘ ezib-majaqlab, so‘ng yutib yuboradi. Agar u o‘z g‘alayoni davomida qilgan vayronliklaridan, yamlab yutgan tirik jonlardan to‘ygan bo‘lsa, yengil nafas olib, har ikki sohilida ne-ne orzu va umidlar bilan yashayotgan dov-daraxtlar, hayvonlar va odamlarga hayot bag‘ishlaydi.

Hikoyamiz qahramoni Xudoybergan Devonovning ikki asr oralig‘ida kechgan hayoti tarix daryosining ana shu ikki xil oqimiga to‘g‘ri kelgan. Uning birinchi o‘zbek fotografi va birinchi o‘zbek kinoopeatori bo‘lib ulg‘ayishi hamda o‘zbek xalqining ko‘zga ko‘ringan siymolari qatorida mahv etib yuborilishi shu davr daryosining izmi bilan ro‘y bergan. Shuning uchun ham bu ajoyib inson haqidagi hikoyamizni u dunyoga kelgan yillardan boshlab kelsak o‘rinli bo‘lar.

Avvalo aytish joizki, Xudoybergan Devonovning tug‘ilgan sanasi ayrim manbalarda 1878, boshqa manbalarda esa 1879 yil, deb qayd etilib keladi. Shubhasiz, uning shu ikki sana oralig‘ida tug‘ilgan bo‘lishi ehtimoldan xoli emas. Negaki, u dunyo yuzini ko‘rgan zamonda milodiy yillar tizimiga asoslangan taqvim harakatda bo‘lib, shu taqvimning aksar yil va oylari hozirgi hijriy yillarga ag‘darilganda, orada ba’zan bir yil-yarim yillik farq paydo bo‘lib qoladi. Balki shuning uchundir uning tug‘ilgan yili turli manbalarda turlicha yozilib kelgan .Hatto Xudoybergan Devonov 1937 yil 30 iyunda hibsga olinib, mahbuslik anketasi to‘ldirilganda tug‘ilgan yilini 1888 yil, degan bo‘lsa kerakki, anketada shu raqam muhrlanib qolgan. Ammo keyinchalik tergovchilar birinchi o‘zbek fotografining 1934 yilda berilgan pasporti asosida uning tug‘ilgan yilini 1879 yil, deb qayd etganlar. Shunga qaramay, biz 1878 sanasini ishonchli ma’lumot deb qabul qilsak, tarix haqiqatiga zid ish qilmagan bo‘lamiz.

Endi, hurmatli kitobxon, siz bilan birgalikda XIX asrning so‘nggi choragini taxayyyul yo‘li bilan ko‘z oldimizga keltirsak:
Xorazm xonligining chor qo‘shinlari tomonidan bosib olinishi… Xonlikning rus imperiyasining ta’sir doirasiga tushib qolishi…

Shu ikki ibora tagida xonlik tarixida yangi davr boshlandi, degan ma’nogina emas, balki qanchadan-qancha kishilarning qirg‘in qilingani, shahar va qishloqlarning xarobaga aylangani, xonlik hayoti, xalq hayoti izdan chiqarib yuborilgani haqidagi dahshatli haqiqat yotadi.

Bu bir kam dunyoning nag‘malaridan biri shunda ediki, xuddi shu davrda Xorazm xonligini Muhammad Rahimxon II (Feruz) idora etayotgan edi. Bu ma’rifatparvar xon ilm-fan, adabiyot va san’atga homiylik qilib, ko‘plab masjid va madrasalarni qurdirgan. Shoir va tarixchi Bayoniyning yozishicha, u kitobxonlikka alohida e’tibor berib, haftada ikki marta – dushanba va juma kunlari olimlarni saroyga taklif etib, adabiy gurunglarni boshqarar, kitobxonlik oqshomlarini o‘tkazar ekan. U xonlikdagi ilmga mehrli, adabiyot, san’at va turli-tuman hunarlarga zavqli yoshlarni Xivaga to‘plab, ularning o‘zi barpo etgan maktab va madrasalarda xazina hisobidan o‘qib-ulg‘ayishlariga imkon yaratar ekan. Ma’rifat va madaniyatga, hatto aytish mumkinki, xonlikning kelajagiga shunday munosabat tufayli u hukmronlik qilgan 1865-1910 yillar Xorazm tarixining porloq sahifalaridan biri bo‘lib qoldi. Yana shu narsa muhimki, u ilm-fan, adabiyot va san’atga katta e’tibor berish bilan birga O‘rta Osiyoda birinchi bosmaxonaning, birinchi fotografiyaning, birinchi ovozsiz kinoning yaratilishiga ham o‘z hissasini qo‘shdi.

Xudoybergan Devonov Xorazm tarixining shunday burilish nuqtalaridan birida, ma’rifatli Muhammad Rahimxon II hukmronlik qilgan bir davrda tug‘ildi. Uning dunyoga kelishi taniqli shoir va publitsist Erkin Madrahimov (Oshiq Erkin) ning “Chaqmoq” deb nomlangan hujjatli qissasida bunday tasvirlangan: “Qadam mahram mahkamasida devonlik qilayotgan Nurmuhammad og‘a allanimalarni oqqa ko‘chirish bilan band bo‘lib, hiyla xayallab qoldi. Bir vaqt ikki-uch bola huzuriga chopqillab kirdi:

— Suyunchi bering, Nurmat og‘a, suyunchi! Ro‘zika opamlarning ko‘zi yoridi. O‘g‘il! O‘g‘il!!

Nurmuhammad og‘a suyunganidan dovdirab qoldi. Arang hushini yig‘ib, bolalarga bir tangadan suyunchi berdi. So‘ng ishlarini apil-tapil yig‘ishtirdi-da, uyiga qarab yugurdi…

Bu voqea 1879 yilda – avgustning uchinchi kuni ro‘y bergan edi. Chaqaloqqa Xudoybergan deb nom qo‘yishdi. U oilada uch yashar Onajondan keyingi ikkinchi farzand edi”1.

Muallif garchand o‘z asari janrini hujjatli qissa deb belgilagan bo‘lsa-da, keltirilgan lavha ham, qissaning boshqa o‘rinlari ham badiiyat suvi bilan sug‘orilgan. Chunonchi, Xudoyberganning 3 avgustda tug‘ilganligi to‘g‘risidagi ma’lumot, bizningcha, badiiy to‘qima mahsuli. 1879 sanasiga kelsak, bu sana boshqa manbalarda ham uchrashiga qaramay, Xudoybergan Devonovning 1935 yilda bitilgan tarjimai holidagi sanadan farqlanadi. Ilk o‘zbek fotografi mazkur tarjimai holida tug‘ilgan sanasini 1878 yil, deb ko‘rsatgan. Ammo qissadagi yangi mehmonning Nurmuhammad (Nurmat) va Rozika oilasida uch yoshli Onajondan so‘ng ikkinchi farzand bo‘lib tug‘ilgani rost gap, bu ma’lumotga ishonish mumkin..
Shunday qilib, bo‘lajak birinchi o‘zbek fotografiya 1878 yili Xiva shahrida Nurmuhammad devon (mirza) oilasida dunyo yuzini ko‘rdi. Uning otasi, ayrim manbalarda aytilishicha, xon saroyida munshiy (kotib) va tabib bo‘lib xizmat qilgan. Boshqa bir manbada Nurmuhammad otaning Xo‘jayli tumanida hokim bo‘lganligi aytiladi. Xudoybergan Devonovning jiyani Abdulla Yusupov esa tog‘asi haqidagi xotiralarida yozilishicha, Nurmuhammad Xo‘jayli tumanidagi yer-suvning boshqaruvchisi bo‘lgan. X.Devonovning o‘zi NKVD tergovchilariga bergan ko‘rsatmasida Xiva tumanidagi Badirxon qishlog‘ida otasining 6 gektar yeri bo‘lgani va u shu yerlarni tevarak-atrofdagi dehqonlarga bo‘lib berganini hamda shu yerlardan daromad olganini aytgan.

“Chaqmoq” hujjatli qissasi muallifi Xudoyberganning bolalik va yoshlik yillari to‘g‘risida bahs yuritib, bunday yozadi:
“Otasi Nurmuhammad o‘z davrining ancha bilimdon va madaniyatli kishilaridan edi – o‘g‘liga xat-savod o‘rgatdi. Xudoybergan o‘n ikki yoshidan boshlab otasi bilan devonxonaga qatnab, xat-chizuvda unga dastyorlik qila boshladi”1.

Yuqorida tilga olingan tergov materialida Xudoybergan Devonov otasiga qarashli yer-suv to‘g‘risida so‘zlab: “Mening o‘zim dastlab boqqollik do‘konini ochib, savdo bilan shug‘ullandim, ammo savdo bilan o‘ralashib qolmay, soatsozlik qilib, hunarmandlik bilan mashg‘ul bo‘ldim. Otam 1918 yili vafot etdi. Men otamdan qolgan yerni dehqonlarga ijaraga berib, ulardan daromad olib turdim. 1927 yilda esa barcha yer-suvu mol-mulkimni sho‘ro hokimiyati foydasiga topshirdim”, deb yozgan.

Mahbus fotografning bu so‘zlariga qo‘shimcha tarzida shu narsani aytish lozimki, Xudoybergan yoshlik chog‘idan boshlab texnikaga qiziqqan va soatsoz ustaga shogird tushib, ma’lum muddat soatsozlik bilan mashg‘ul bo‘lgan.

X.Devonovga bag‘ishlangan aksar risola va maqolalar sho‘ro davrida maydonga kelganligi tufayli bu hujjatli qissa va maqolalarning mualliflari Xudoyberganning rus tili va madaniyati ta’sirida shakllanganligini aytishga alohida e’tibor berishgan. Shu tamoyil Erkin Madrahimovning hujjali qissasida ham sezilib turadi. U yozadi: “Nurmuhammad og‘a Xudoyberganning o‘sib-ulg‘ayishi uchun hech narsani ayamadi. O‘g‘lining rus tilini o‘rganishga jazm etishini qo‘llab-quvvatlab, o‘sha paytlar Xivada ochilgan rus-tuzem maktabiga topshirdi”1.
Salimjon Hasanov ism-sharifli muallif “Birinchi o‘zbek kinooperatori” degan maqolasida esa Xudoybergan hayotining xuddi shu davri to‘g‘risida quyidagi so‘zlarni yozgan:
“O‘tkir zehnli Xudoybergan oq-qorani tanigach, tez orada arab qa fors tillarini mukammal o‘rgandi va Sharq adabiyoti klassiklari ijodini ham qunt bilan mutolaa qila boshladi. Rus tilini o‘rganish uchun esa u rus tili o‘qituvchisi Muxtor Bakirovga shogird tushdi. Ayniqsa, uning dunyoqarashining shakllanishida, ilg‘or rus fani va madaniyatiga mehr-muhabbat uyg‘otishida o‘z zamonasining ilg‘or fikrli kishilari bo‘lgan Komil Xorazmiy, Bayoniy, Tabibiy, Mutrib Xonaxarobiy, Avaz O‘tar o‘g‘li, Otajon Abdalov, Muhammad Rasul Mirzo, Safo Muhanniy, Faqiriy, Partaviy kabi progressiya ruhdagi ma’rifatparvarlarning ta’siri katta bo‘ldi”1.

Har ikkala muallif bu so‘zlardan keyin Xudoyberganda foto san’atiga qiziqishning paydo bo‘lishi masalasiga ko‘chadilar va bunga sababchi bo‘lgan kishining nomini tilga oladilar.
X.Devonov haqida shu paytgacha yozilgan hujjatli qissa va maqolalarda fotograf hayotining dastlabki sahifalari shu tarzda bayon qilingan.
Ammo ushbu satrlar muallifi qo‘lida mavjud bo‘lgan hujjatlar X.Devonov hayotining “qorong‘i” sahifalariga ma’lum darajada oydinlik kiritadi. Shu materiallardan biri X.Devonovning 1935 yil 9 dekabrda Urganchda yozilib, lotin yozuvli mashinkada ko‘chirilgan va yuqorida tilga olingan tarjima holidir. Mazkur hujjatga qaraganda, “Xudoybergan” nafaqat bo‘lajak fotografning, balki otasining ham ismi bo‘lgan. Ya’ni ism-sharifi Xudoybergan Nurmuhamedov bo‘lmish ota to‘ng‘ich farzandi dunyoga kelganida azbaroyi xursand bo‘lganidan va bu bevafo dunyodan yolg‘iz o‘tmay, iz qoldirib ketajagiga ishonganidan Ollohga shukronalar aytib, farzandini ham Xudoybergan deb atagan.
Yana shu narsani aytish joizki, tarixning biz tilga olgan davrlarida jangari urug‘larga mansub kimsalar yaqin shahar va o‘lkalarga borib, qul va cho‘ri sifatida xizmat qilishi va “yaxshi” pulga sotilishi mumkin bo‘lgan kishilarni o‘g‘irlab kelib, qul bozorlarida sotishgan. Keyinchalik “Xudoybergan” yoki “Ollobergan” ismini olganlarning aksari qul bozorlarida sotilib, mardona mehnatlari bilan o‘z taqdirlarini yaratgan kishilardir.
“1850 yilda, — deb yozadi X.Devonov tarjimai holida, — Xudoybergan Nurmuhamedov Eronning Kalat degan joyidan takalar2 tomonidan keltirilib, Xevada Otajon to‘ra deganga qul qilinib, 18 tillaga sotilganlar. Bir necha yillar otam uning xizmatida ishlab, ish orasida o‘qib, savodini chiqarganlar. Keyin devonlik (pisarlik3) qila boshlagan. Otajon to‘ra Madrahim1 tomonidan hibs qilingandan keyin u Qadam mahram qaramog‘ida devonlik (pisarlik) xizmatida bo‘lgan. Qadam mahram yasavulboshilik mansabiga tayinlanganidan so‘ng maydondagi xizmatlarni otamga topshirgan. Otam Xo‘jaylida yer, suv, tanob ishlarida bo‘lgan. Shunday qilib, Qadam mahram o‘zining o‘lajak vaqtida qaramog‘idagi vorislarini otamga topshirgan. Ya’ni otamni vasiy qilgan. Otam esa o‘lganicha ularning xizmatida bo‘ladir.. Men 1878 yilda Xeva shaharida tug‘ilib, 9 yoshimdan eski maktabga qatnab o‘qidim. 15 yoshimgacha oz-kam savodim chiqdi. Keyin yo‘nuqchilik2 ishiga kirishdim. Otam esa bu ishni og‘ir hisoblab, yaxshiroq va odamning zehnini o‘stiraturgan hunarlarni o‘rganishimga tashviq qilar edi…”

Xudoybergan Devonovning otasi haqidagi tasavvur to‘la bo‘lishi uchun Erkin Majrahimovnng “Chaqmoq” hujjatli qissasidan quyidai lavhani hurmatli kitobxonlar e’tiboriga havola etamiz. Muallif “takalar”ning o‘z “o‘lja”larini qul bozorlariga olib kelishlarini tasvirlab, bunday yozgan:
“O‘lja”lar bilan uchi-qiri ko‘rinmaydigan qum sahrosi osha tag‘in bir haftacha yurilgach, Xivaga kelishdi. Xonlikning mag‘ribu mashriqqa mashhur Saroybozorida “kim oshdi”ga qul qilib sotishdi. Ulardan biri – 9 yashar Nurmuhammadni Otajon to‘ra o‘n sakkiz tilloga, go‘yo mol savdolashayotgandek, sotib oldi. Otajon to‘ra 1825-1843 yillarda Xiva xonligi taxtini tebratgan Olloqulixonning “bir qorindan talashib tushgan” birodari Sulton Muhammadning yakka-yolg‘iz arzandasi edi. Sulton Muhammad 1866 yilda vafot etib, yosh Otajon to‘raga hisobsiz boylik, katta mol-dunyo otameros bo‘lib qoldi. Endi o‘n to‘rt yoshga to‘lgan to‘raga amakisi Said Muhammad Rahim’on Ikkinchi – Feruz suyanchiqlik qildi. Aslida Feruzsiz ham uning qo‘li uzun edi. Vohaning ko‘pgina qishloq-deparalarida necha ming tanob yer, minglab qoramol, qo‘y-qo‘zi, o‘nlab qul va chorakor-batrak yosh to‘raga xatlab meros qilingan edi. 1866 yilda uning qullari safiga yana bir sho‘rlik – Nurmuhammad ham kelib qo‘shildi.
To‘ra uni Kattatozabog‘ deb atalgan hayxotday mevazor bog‘idagi dehqoni – Xo‘sin doyi (amaki, tog‘a) ga yordamchi qilib berdi. Xo‘sin doyi elliklardan oshib qolgan, esini tanibdiki, shu bog‘da yer chopib, daraxtlarga qarab, suvini berib, xo‘jayin Sulton Muhammadga meva-chevasini yig‘ib-topshirib, evaziga arzimas haq olib yashab kelayotgan, … chuvak yuz bir kishi edi…
…Xo‘sin doyi Nurmuhammadning peshonasini silab, birodarlik qilish bilan birga unga boz ko‘p unutilmas yaxshiliklar ko‘rsatdi. Birinchidan, xat-savod o‘rgatdi. Ikkinchidan, buyuk alloma shoir Ogahiyning o‘zi bilan tanishtirdi. Nihoyat, keyingi yillarda bot-bot o‘ylab yurgan niyatini ro‘yobga chiqarishga – Nurmuhammadni kuyov qilishga qat’iy qaror berdi. 1874 yilning kech kuzida – qish eshik qoqayotgan kunlarning birida bo‘lgan to‘yga Ogahiyning o‘zi to‘yboshilik qildi…
…Shu orada Said Muhammad Rahimxon – Feruz Otajon to‘ra bilan murosasi kelishmay, qandaydir bahona bilan hibsga oldi. Qullikdan qutulgan Nurmuhammad yig‘ilgan soliqlar hisob-kitobini yuritadigan Qadam mahram mahkamasiga devon (mirzalik) ishiga o‘tib ketdi Yillar ketidan yillar o‘tib, devonlikda hiyla nufuz orttirdi, birin-ketin farzandlar ko‘rdi…” .

Endi yana X.Devonovning tarjimai holini o‘qishda davom etsak:
“…1889 yilda meni soatsoz ustaga shogird qilib berdilar. Bir yil davomida bu ishni o‘rganish uchun ustodim bo‘lmish Adam ismli bir rus ustaga 300 so‘m to‘ladim. 3 yil bu ish bilan shug‘ullandim.
Shul vaqtlarda foto ishlarini o‘rganishga menda katta havas paydo bo‘ldi. 1903 yil bir miqdor pul anjom qilganim holda Polvon hoji bilan birlik-la Maskavga ketdim…”
Xudoybergan Devonov tarjimai holini yozgan kezlarida, chamasi, nemis millatiga mansub kishilar bilan hamkorlik qilganligi, chunonchi, Oq masjidga kelib o‘rnashgan nemislardan biri Vilgelm Pennerdan fotografiyani o‘rganganligini aytish xavfli bo‘lgan ko‘rinadi.. Shuning uchun ham u Adamning rus millatiga mansubligini aytgani holda asosiy ustozi Vilgelm Penner nomini umuman tilga olmagan. Holbuki, unda foto san’atiga qiziqishning uyg‘onishi va uning ilk o‘zbek fotografi bo‘lib shakllanishi shu Vilgelm Pennerning nomi bilan bevosita bog‘liq.

Xorazmlik nemislar tarixini varaqlab…
Bir zamonlar rus hukumati Prussiyadan nemis elatlaridan birini Rossiyada yashashga taklif etgan va ular Volga bo‘ylariga kelib, shu yerni tabdili makon aylagan edilar. Bu nemis elati Menno Simons mazhabiga mansub bo‘lgani uchun menonitlar deb atalgan. Bu mazhabdagi kishilarning asosiy shiori hech bir holatda qo‘lga qurol olmaslik, biror kishiga nisbatan, hatto qurol ko‘tarib kelgan dushmanga nisbatan ham qurolli harakat qilmaslik edi..
Chor hukumati menonitlarning o‘z diniy maslaklariga qat’iy rioya qilishlarini yaxshi bilgani uchun ma’lum vaqtgacha ularni harbiy ishlarga jalb etmagan. Ammo 1874 yilga kelib, Rossiyada majburiy harbiy xizmat joriy etiladi va bu qonun 1880 yildan boshlab menonitlarga ham taaluqli deb belgilanadi. Bu hol aksar menonitlarning Amerikaga ko‘chib keta boshlashlariga sabab bo‘ldi. Ammo shu payt yaqin orada “Olloh hukmronligi ming yilligi”ning boshlanajagi to‘g‘risida mish-mishlar tarqaladi. Bunday qarash tarafdorlari “xilistlar” deb atalgan. (“Xilia” yunoncha so‘z bo‘lib, “ming” ma’nosini anglatgan.). Xilistlarning fikrlariga ko‘ra, “Olloh hukmronligining mingyilligi” Sharqda boshlanar, “gunohkor G‘arb” esa ilohiy jazoga mubtalo etilgan ekan. Bunday fikrlar Tavriya va Samara gubernyalarida istiqomat qilgan menonitlar jamoasi orasida keng tarqalib, ular Peterburgga, rus imperatoriga o‘zlarini harbiy xizmatdan xoli Sharqdagi biror mamlakatga ko‘chirishni so‘rab, delegatsiya yuborganlar. Menonitlarning tashvishlaridan xabar topgan Turkiston general-gubernatori K.P.fon Kaufman menonitlar jamoasini Turkistonga taklif qilgan va ularni 25 yilgacha harbiy xizmatdan ozod qilishga va’da bergan. Shundan so‘ng menonitlar mol-mulklarini sotib, bir karvon bo‘lib yo‘lga chiqqanlar. Ular safari uzoq davom etib, turli-tuman qiyinchilik va musibatlarni boshdan kechirganlar. Ular O‘rta Osiyoda joylashib, koloniya tuzishlariga maxsus ruxsatnoma kelguniga qadar Injilni o‘qib, o‘zbek tilini o‘rgana boshlaganlar.
“Bizning menonitlardan tashkil topgan jamoamizda, — deb yozadi Volga bo‘ylaridan Xorazm vohasiga kelib qolgan nemislardan biri — German Yantsen “Olis Turkistonda” deb nomlangan maqolasida, — hamma ham dinga e’tiqod qo‘ygan emas edi. Ko‘chib kelayotganlarning otaxoni va’zxon Ioganni Penner edi. Yigit va qizlar, shu jumladan, men ham uning va’zlari tufayli dinga bo‘lgan munosabatimizni o‘zgartirganmiz. Uning yuragida mehr-muhabbat jo‘sh urib turardi. U men bilan najot haqida suhbatlashganida Ollohga: “Ey Parvardigor, senga o‘z yuragimni ko‘rsat”, deb tilovat qilishimni maslahat bergan. Men shunday qildim. Shuning uchun men unga butun umrim bo‘yi minnatdorman.. Volga bo‘ylaridagi vatanni tark etganimizga bir yil bo‘lgan esa-da, jamoamizning joylashishi uchun hali ham biror aniq makon yo‘q edi…”

Shu yerda aytish lozimki, 1873 yildagi istilochilik harakatlaridan so‘ng Xorazm xonligi Rossiya imperiyasining ta’sir doirasiga o‘tgan. Turkistonning birinchi general-gubernatori K.M. fon Kaufman O‘rta Osiyoga ko‘chirib keltirilajak rus fuqarolari uchun maktab, gimnaziya va kutubxonalarni tashkil etish bilan birga namunali qishloq xo‘jaliklarini ham barpo etmoqchi bo‘lgan. Volga bo‘ylaridan ko‘chirilayotgan nemislar uning shu maqsadining amalga oshishiga yordam berishlari mumkin edi. Shuning uchun ham u aslida Kavkazga ko‘chib borish niyatida yurgan nemislarni katta va’dalar bilan O‘rta Osiyoga taklif qilgan.

Manbalarda aytilishicha, O‘rta Osiyo rus qo‘shinlari tomonidan zabt etilib, Rossiya tasarrufiga o‘ta boshlagan XIX asrning 60-yillarida mamlakatimizga asosan Boltiq bo‘yidagi nemis millatiga mansub harbiylar, tadbirkorlar, injenerlar, vrachlar, amaldorlar ko‘chib kelishgan. Menonitlar va boshqa muhojirlar esa O‘rta Osiyoga 1874 yildan boshlab kela boshlaganlar. Menno Simons mazhabi izdoshlari yo‘lda 18 hafta yurib, 1880 yilning 18 oktyabrida Toshkentga yetib kelishgan va qishni Qoplonbek qishlog‘ida o‘tkazishgan. Ammo shu orada fon Kaufman vafot etib, Buxoro amiri ham, Toshkent uyezdi boshlig‘i ham menonitlarning o‘z yerlarida o‘rnashib qolishlariga ijozat berishmaydi. Arosat dashtida qolgan menonitlar Xiva xoni Muhammad Rahimxon II ga murojaat etishga majbur bo‘lishadi. Muhammad Rahimxon II Xiva shahridan xiyla uzoqda joylashgan qishloqdan ularga yer ajratib beradi. Xonning Amudaryo bo‘limi boshlig‘iga 1882 yil 15 iyulda yo‘llagan xati saqlangan bo‘lib, unda bunday so‘zlar yozilgan edi: “…Men bu yerga kelgan uch nemisni ko‘rib, ular bilan so‘zlashdim: ular mening fuqaroligimga o‘tib, mening yerimda yashash istagini bildirishdi; ular arpa-bug‘doy ekib, mening boshqa fuqarolarim bilan bir qatorda soliq to‘lashni xohlashmoqda. Bundan tashqari, ular agar yomon ishlar qilishsa, shu ishlarning muhimligiga qarab shariat va odat bo‘yicha jazolashim mumkinligiga rozi ekanliklarini bildirishdi. Men o‘z tomonimdan ularni bir yil soliq to‘lashdan ozod qilaman va bunday soliqni keyingi yili olaman…Men ularga Lavzan va Xo‘jayli yaqinidan yetarli miqdorda yer-suv ajratib beraman…”

Shunday qilib, menonitlarning 60 oilasi Xiva xoni ajratgan yerlarga ko‘chib keladi. Menonitlar o‘zlari bilan barcha kerakli narsalarni, hatto aravalarni ham qism-qismlarga bo‘lib olib kelishganlari, yo‘lda esa eshik-derazalarni sotib olganlari uchun qishga qadar kimsasiz yerlarni o‘zlashtirib, nemis posyolkasini barpo etadilar. Yaqin atrofda yashagan aholi ularga un, guruch, tuxum, baliq singari zarur oziq-ovqat mahsulotlarini olib kelib, ular nazarida, “suv puli”ga sotadi. Masalan, uzunligi bir metrgacha bo‘lgan osetra balig‘ining narxi bozorda atigi 25 tiyin bo‘lgan.
Nemislar joylashgan yerdan besh-o‘n chaqirim narida, Amudaryoning quyi oqimida yovmud qabilasi yashar edi. Bu jangari qabila nemislarning qurolsiz ekanliklarini bilganlaridan so‘ng qariyb har kuni bostirib kelib, ularning otlarini, mol-mulklarini, hatto yosh kelinilarni ham o‘g‘irlab qochishgan. Bir kuni German Yantsen ikki akasi bilan oldindan tayyorlab qo‘ygan yog‘och nayzalari bilan bisotlaridagi uch otni yovmudlar qo‘lidan qaytarib olmoqchi bo‘lishgan. Buni ko‘rgan ota o‘g‘illariga qarab g‘azab bilan bunday degan:
— Uyalmaysizlarmi, bo‘talarim,yomonlikka qarshi shu tarzda kurashadimi? Xalqimiz qo‘lga qurol olmaslik uchun bu yerga yetib kelguniga qadar qanchadan-qancha o‘lkalarni orqada qoldirdi. Biz o‘z ahdu paymonimizda qat’iy turayotganimizni ko‘rsatishimiz lozim emasmi!. Nahotki sizlar bir hamla bilan otalaringiz imonini bir pul qilsangiz! Qani, uyga kirib yotinglar! Otlarimizning o‘g‘irlanayotganini ko‘rib turgan Ollohimiz bizning ularsiz ochlikdan o‘lim ketishimizga yo‘l qo‘ymaydi!

Xorazm vohasiga najot izlab kelgan nemislar shunday imonli kishilar bo‘lishgan.
Ammo zamona zayli bilan shu yerga kelib qolgan kazaklar menonitlarga yovmud balosidan xalos bo‘lish uchun xonga murojaat etishni maslahat berishadi. Nemislarning mushkul ahvolda qolganidan xabar topgan xon zudlik bilan ichki ishlar noziri Qosim Devonni ular huzuriga yuboradi. Nozir nemislar o‘rnashgan joyning qoq o‘rtasida hashamatli chodir tikib, jamoa oqsoqolini qabul qiladi va ularga izzat-hurmat ko‘rsatadi. O‘z navbatida Yantsenlar oilasi ham dasturxon yozib, nozirni o‘z uylariga taklif qiladilar. Nozir uy bekasining tikuv asboblari turgan stoli ustida turgan qutichani ko‘rib, oromini yo‘qotib qo‘yadi. Qutichaning usti garchand oyna kabi yaltillib turgan bo‘lsa-da, uning yog‘och taxtacha ustiga o‘rnatilganligi sezilib turardi. Nozir bu antiqa qutichani ko‘radi-yu Muhammad Rahimxon II bilan birga Peterburgga borganini eslaydi. O‘shanda xon sharafiga ziyofat berilgan zal parketi ko‘zni qamashtirgudek xuddi shunday yaltillab turgandi. Xon o‘z saroyida shunday parketli zalning bo‘lishini orzu qilgan edi, o‘shanda!

Nozir uy egasidan qutini kim yasaganini so‘raydi.
— Qaynotam, — deb javob beradi keksa Yantsen.
— Sizlarning orangizda ham shunday ishlarni qila biladigan ustalar bormi? – so‘raydi nozir.
— Qaynotam ham biz bilan birga kelgan, — javob beradi Yantsen.
Ha, shunday ustalar bor edi. Va ular ko‘p o‘tmay, Xivaga borib, xon saroyidagi katta zal parketini qurishga kirishib ketadilar. Xon nemislarga katta hurmat ko‘rsatib, qirq nemis oilasi uchun Oq masjiddagi akasiga tegishli yerdan joy ajratib beradi. Ko‘p o‘tmay, Oq masjidda nemislarning duradgorlik, temirchilik ustaxonalari paydo bo‘ladi. Ular dehqonchilik bilan shug‘ullanib, Oq masjid dalalariga ham yevropacha madaniyat shabadasini olib kiradilar.
Xorazm naqqoshlik maktabining asoschilaridan biri Abdulla Boltayevning nomi ko‘pchilikka ma’lum. Uning bu hunarni egallashiga, eshik-romlarni yasovchi ustalardan biri bo‘lishiga nemis menonitlari sabab bo‘lishgan. “Otam, — deb yozgan edi Abdulla akaning o‘g‘li Karim Abdullayev, — nemislarning tikuvchilik va dehqonchilik ishlariga ham qoyil qolar edi. Men birinchi bo‘lib ovrupocha ko‘ylak va kostyumlarni nemis chevarlari sharofati bilan kiyganman”, — deydi Abdulla. Boltayev. Nemis ustalari ish olganda uni vaqtida bajarar, qolgan bir qarich materialni ham tayyor kiyimning ustiga qo‘yib, qaytarib berishardi.
Oqmasjidlik nemis dehqonlari dehqonchilikning yangi usullarini kashf etib, Xorazm uchun qishloq xo‘jalik mahsulotlarining yangi navlarni yaratishgan. Xorazmda kartoshka, pomidor kabi ne’matlarni birinchi bo‘lib ekkan ham oqmasjidlik nemis dehqonlari edi. “Nemis tarvuzi”, “nemis sigiri”, “nemis mol yog‘i” va boshqa (atama) lar ham shundan qolgan”1.
Yuqorida tilga olganimizdek, XIX asrning 40-yillaridan boshlab O‘rta Osiyoga jahonning turli mamlakatlaridan sayyohlar, fotograflar, missionerlar kela boshlashdi. Ularning bir qismi Yevropani O‘rta Osiyo bilan, uning tarixi, madaniyati va odamlari bilan tanishtirish niyatida tashrif buyurgan bo‘lsa, boshqasi josuslik ma’lumotlarini to‘plash maqsadida kelgan. Shu sayyoh, fotograf va missionerlarga o‘zbek tilini, xususan Xorazm shevasini o‘rgangan, shuningdek, rus tilini yaxshi bilgan nemis yoshlari tarjimonlik qilishgan. Ular orasida nomi yuqorida zikr etilgan Iogann Pennerning o‘g‘li Vilgelm ham bo‘lib, u tashviqotchilik ishlaridan tashqari, fotografiya bilan ham shug‘ullangan. 1858 yili Orenburg-Ustyurt-Qo‘ng‘irot-Xiva yo‘nalishi bo‘yicha Xorazm xonligiga kelgan rus missioneri N.Ignatyev hvm yaxshigina fotograf edi. Uning shu safar chog‘ida olgan suratlari, aytib o‘tganimizdek, 1862 yili Berlinda albom shaklida nashr etilgan. 1873 yili rus qo‘shinlari Xorazm xonligiga qarshi urush boshlaganlarida esa ular safida 12 nafar fotograf va rassom ham bo‘lgan. Lekin nemis menonitlari 1882 yil oxirlarida Xorazm xonligi hududlariga yetib kelgunlariga qadar mahalliy xalq orasidan birorta fotograf hali yetishib chiqmagan edi.

Biz yuqorida keksa Yantsenning o‘g‘illariga aytgan so‘zlarini bejiz keltirmadik. Birovga, hatto dushmanga ham qo‘l ko‘tarishni gunohi azim deb bilgan menonitlar otaxoni Iogann Penner farzandi Vilgelm Pennerni ham shu ruhda tarbiya qilgan, uning har bir tashlagan qadami, har bir aytgan so‘zi uchun Olloh oldida javobgar ekanligini diliga quygan, boriga ham, yo‘g‘iga ham shukronalar aytib yashaydigan, oq ko‘ngil inson qilib o‘stirdan edi. Vilgelm Penner shu fazilatlari bilan tevarak-atrofda yashagan mahalliy aholiga manzur bo‘lgan va ular ham o‘z navbatida o‘zbek tilini yaxshi bilgan va o‘zbeklarga hurmat bilan munosabatda bo‘lgan Chiqirchi qishloqlik fotografni Panor (Fanor) ota deb aiqashgan
Xullas, Xudoybergan Devonov 1900-1901 yillarda Fanor ota – Vilgelm .Penner bilan tanishib, undan fotoapparat vositasida surat olish hunarini o‘rgana boshladi.

Yangi kasbni egallash yo‘lida

Qatag‘on davri qurbonlari nomini tilga olish mumkin bo‘lgan 60-70-yillardan boshlab Xudoybergan Devonov to‘g‘risida o‘nlab maqola va ocherklar e’lon qilindi. Bu xayrli ishni boshlab bergan, birinchi o‘zbek fotografi va kinooperatori haqida bir necha maqolalar yozgan va hujjatli filmlarni yaratgan taniqli kinoshunos olim, filologiya fanlari doktori Hamidulla Akbarov, xorazmlik fidoyi yozuvchi va jurnalistlar Erkin Madrahimov, Salimjon Hasanov, Komil Nurjonov, Ro‘zimboy Hasan va boshqalar Xudoybergan Devonovning hayoti va ijodiy faoliyatini o‘rganish ishiga muhim hissa qo‘shdilar. O‘zbek fotografiyasining dunyoga kelganiga 125 yil to‘lishi munosabati bilan bu ulug‘ ishga O‘zbekiston Badiiy akademiyasi raisi Tursunali Qo‘ziyev, Toshkent Fotografiya uyi direktori Shahnoza Karimboboyeva va boshqalar bel bog‘lab kirishdilar, buyuk zamondoshimiz merosining yangi tarixiy-madaniy davrda o‘rganilishi va ommalashishida tashabbuskor bo‘ldilar. Shuning uchun ham kamina ushbu risolani yozish jarayonida ular qalamiga mansub qissa, ocherk va maqolalarda berilgan qimmatli ma’lumotlardan keng foydalandim. Bunday baxtli imkoniyatga ega bo‘lganim uchun kamina ularga chin qalbdan minnatdorchilik bildiraman.

Shunday qilib, soatsozlik bilan shug‘ullangan va ehtimol, yoshlik yillarini shu hunarga bag‘ishlamoqchi bo‘lgan 22 yashar yigitning Vilgelm Pener bilan uchrashuvi uning taqdirini ag‘dar-to‘ntar qilib yubordi. Kishilar va tabiat manzaralarining bir lahzadagi holatini fotosuratda muhrlab qoldirish chindan-da mo‘’jiza edi. Uning baxtiga, Vilgelm Pener ham o‘z hunarini — tirikchilik manbalaridan birini yashirishga urinmaydigan, raqobat orttirishdan cho‘chimaydigan mard va olijanob inson edi. Aksincha, u Xudoyberganda foto san’atiga qiziqish uyg‘otib, unga surat olish va oynaga tushirilgan tasvirni qorong‘i xonada fotodorilar yorlamida yuzaga chiqarishning murakkab jarayonini qunt bilan o‘rgatdi. Hatto unga “Zot” rusumli fotoapparatini sovg‘a qildi. Xudoybergan uning daldasi bilan shu fotoapparatda surat olishga quvona-quvona kirishdi.

Yosh musulmon yigitchaning surat olayotgani xabari bir zumda tarqaldi. Agar Xudoyberganning tengdosh va qurdoshlari bu ishini havas bilan kuzatgan va uning orqasidan chuvalashib ergashib yurgan bo‘lsalar, mutaassib kishilar shariat qonun va qoidalarini pesh qilib, “gunohga botayotgan” yigitni bu hunarni tashlashga da’vat qildilar, hatto: “Sen suratga olgan odamlar qiyomat-qoyim bo‘lganda tirilib kelib, jonimni qaytarib ber, deb sendan talab qilishadi. O‘zing ham o‘lganingda do‘zaxga tushib, shariat oldidagi gguohlaring uchun jahannam azobini tortib yotasan”, deb qo‘rqitdilar. Mutaassiblar guruhi tepasida kimsan Salimxon oxund ismli qozikalon turardi. Uning do‘qu po‘pisalari, Xudoyberganni hatto kofir deb e’lon qilishi katta yoshdagi kishilarning ham undan yuz o‘gira boshlashlariga sabab bo‘ldi. Lekin Xudoybergan hechs narsaga qaramay, o‘z ahdida qat’iy turdi. Agar shu yillarda Xiva xoni taxtini Muhammad Rahimxon II — Feruz emas, balki ma’rifatdan yiroq boshqa bir xon egallab turganida Xudoyberganning ham, “uning jilovini o‘z qo‘liga ololmagan” otasining ham hayoti, aminmanki, o‘zgacha kechgan bo‘lardi.

Ma’lumki, 1898 yili Peterburgda rus saltanatiga kelgan yangi imperator Nikolay II ga toj kiydiriish marosimi bo‘lib o‘tgan. Mazkur tantanali marosimga Xiva xoni ham faxriy mehmonlar qatorida taklif etilgan. Muhammad Rahimxon shu voqea munosabati bilan Peterburgga borib, rus jamiyati hayotiga fotografiya va ovozsiz kino san’atlarinig kirib kelayotganini o‘z ko‘zi bilan ko‘rdi va ilmiy-texnik taraqqiyotning bu buyuk samarasidan qattiq hayratga tushdi. U Xorazm vohasiga kelgan xorijiy fotograflar bilan uchrashgan, ular olgan suratlarni tomosha qilgan, texnikaning bu yangi mo‘’jizasini ko‘rib, yoqasini ushlab qolgan edi. Peterburgga borganida esa u sinema bilan ham tanishdi. Peterburg shahridagi va shahar atrofidagi muhtasham saroylarni, xushhavo bog‘u rog‘larni, ularda osmon baravar otilib turgan favvoralarni borib ko‘rdi. Xiva bilan Peterburgdagi kishilar, shaharlar, bog‘lar o‘rtasidagi farq uni o‘ylantirib qo‘ydi. U Xiva xonligiga ham texnik va madaniy taraqqiyot shabadalarining kirib kelishi lozimligini dil-dilidan sezdi.

“Xon, — deb yozadi respublika “Oltin meros” jamg‘armasi Xorazm viloyat bo‘limi raisi Komil Nurjonov, — adabiyot va san’atni o‘ta qadrlaydigan, zarurat tug‘ilsa, homiylik qiladigan inson bo‘lgan. Tarixiy manbalarda bitilishicha, u rus podsholari huzuriga kirib, o‘lkaga temir yo‘l olib kirish, zamonaviy bosmaxona, tikuvchilik fabrikasi va kinematografiya laboratoriyasi tashkil etishni so‘ragan” .
Komil Nurjonovning bu so‘zlari haqiqat zarralaridan xoli emas. Lekin kinoshunos Hamidulla Akbarov “Kinopublitsistikaning mashaqqatli yo‘li” degan maqolasida yozganidek, 1900-1901 yillarda Devonov foto va kinematografiya bilan shug‘ullangan vaqtda Rossiyada hali kinematografiya paydo bo‘lmagan edi.. Hatto Moskva va Peterburg singari yirik shaharlarda ham filmlarni ishlab chiqarish yo‘lga qo‘yilmagan, shuning uchun ham asosan Fransiyadan keltirilgan kinosyujetlar kattagina pul evaziga shahar va qishloqlarda namoyish etilgan. 1908 yilda Rossiyada “Ponizovaya volnitsa” yoki “Stenka Rozan i knyajna” degan ilk kinoasar ekran yuzini ko‘rganida X.Devonov “o‘z davrining muhim voqealarini kino tasmasiga tushirib ulgurgan edi. “Oradan 13 yil o‘tib, — deb yozadi H.Akbarov, — XX asrning 20-yillarda rus kinosi vakillari X.Devonovga murojaat etib, hamkorlikda ishlashni taklif etishgan” .

“Xudoybergan, — deb davom etadi kinoshunos olim, — Peterburg bilan emas, Xivadan 25 kilometr naridagi Oqmachit qishlog‘iga joylashgan nemislar koloniyasi bilan aloqa o‘rnatib, ulardan foto va kinokamera bilan muomala qilishni o‘rgangan. 1890 yilda tavallud topgan, 1907 yilda X.Devonovning singlisiga uylangan Hasan Chitkarov bilan suhbatlashganimizda u shunday degan edi: “Oqmachitga qaynim Xudoybergan aka kunda borardi. Uyga vaqt xuftondan o‘tganida qaytib kelardi..25 km u tomonga, 25 km Xiva tomonga, umumiy, kuniga 50 km yo‘l bosardi. Avval nemis tilini o‘rganish uchun bordi. O‘qituvchisining ismi Vilgelm Penner edi. Mahalllamizdagilar uni “mulla Panar” desa, qaynim unga “Panar buva le murojaat etardi”3. H.Akbarov mazkur manbaga tayangan holda X.Devonovnng Vilgelm Penerdan ikki yil mobaynida har kuni Oqmasjidda dastlab nemis tilini, keyinchalik foto-kino ishlarini o‘rganganligini aytadi. Uning Hasan Chitkarovdan olgan ma’lumotiga qaraganda, Vilgelm Pener bozor (yakshanba) kunlari Xivaga kelib, X.Devonov istiqomat qilgan manzilda unga saboq berishda davom etgan. Xullas, X.Devonov XX asr boshlaridayoq moskvalik va peterburglik hamkasblaridan avval kinematografiya bilan tanishibgina qolmay, kichik-kichik kinolavhalarni ham suratga olgan.

Taxmin qilish mumkinki, Xudoyberganning shu yillarda fotografiya bilan qiziqib, tabiat manzaralari, tarixiy-madaniy obidalar bilan birga tirik kishilarni ham suratga ola boshlagani xonning qulog‘iga yetib, unda yosh fotografga nisbatan xayrixohlik paydo bo‘lgan. Binobarin, xonning Xudoyberganga nisbatan yaxshi munosabatini ko‘rgan qozikalon o‘z tahdidlarini amalga oshirishga ojizlik qilgan.
Xudoybergan Devonovning havaskor fotograf va kinooperator sifatidagi ijodiy yo‘lining yanada ravshanlik kasb etishida uning Moskva va Peterburgga borib, zarur asbob-anjomlarni olib kelishi muhim omil bo‘ldi. X.Devonovga bag‘ishlangan barcha risola va maqolalarda uning mazkur shaharlarga 1907 yilda safar qilgani qayd etib kelinadi. Holbuki, u yuqorida tilga olingan tarjimai holida biz uchun bunday yangi ma’lumotni bergan:

“…1903 yil bir miqdor pul anjom qilganim holda Polvon hoji bilan birlik-la Maskavga ketdim. U yerdan o‘zima kerakli soat asboblari hamda apparat bilan foto materiallarini olib qaytdim-da, burung‘icha ishlay boshladim. Bu vaqtlarda rasm olish ishi ari1 din ahllari tomonidan “shariatga xilof” hisoblanar edi.
Hatto otam yoniga elatning oqsoqol, mulla, eshonlari kelib,: “O‘g‘ling rasm olishga kirishgan emish. Bu ish shariatda man qilingan, surat turgan joyga farishta kirmaydi, o‘g‘lingni bu yo‘ldan qaytar”, deb taklif qilganlar.

Otam esa ularga javoban: “O‘g‘limning bu hunarni o‘rganishiga to‘sqinlik qila olmayman, uning o‘ltirgan joyiga farishtalar kirmasa, boshqa joyga kirganlari yetmaydimi?! Bunday quruq so‘zlarning nima zarurligi bor?!” deb qaytarib yubordi. Shu vaqtlarda Xivada foto havaskorlarining soni bir-ikkita edi…”
Afsuski, tarjimai holning shu so‘zlardan keyingi bir-ikki satri o‘chib ketganligi uchun ularni o‘qishning iloji bo‘lmadi. Ammo keyingi so‘zlardan ma’lum bo‘lishicha, Xudoybergan Devonov mutaassib kishilarning bunday qarshiliklariga qaramay, nafaqat fotografiya, balki, yuqorida aytib o‘tganimizdek, kino bilan ham qiziqa boshlagan.

“Bu bilan qanoatlanmay, – deb davom etgan u, — kino-kartinka olish ham o‘ynatish ishlariga havaslandim. Kino-kartinkalarni birinchi martaba Maskavga borganimda ko‘rib kelib, shu ishlar bilan ham shug‘ullanishni orzu qilgandim” .
Xudoybergan Devonovning 1936 yili shaxsiy nafaqa olish uchun tayyorlagan hujjatlarida uning shu vaqtda 58 yoshda bo‘lganligi, shundan 35 yili fotografiyaga bag‘ishlanganligi qayd etilgan. Bundan ma’lum bo‘lishicha, 1878 yilda tug‘ilgan Devonov 1901 yildan e’tiboran fotografiya bilan jiddiy shug‘ullana boshlagan. 1903 yilda esa shu sohadagi malakasini oshirish va zarur foto asbob-anjomlarini olib kelish uchun Moskvaga borgan. Ayni paytda u Moskvadagi yangi ochilgan kino-teatrlarga borib, dastlabki ovozsiz kino-kartinalarni tomosha qilgan vao‘zida kino san’atiga ham astoydil qiziqish hosil qilgan.
X.Devonovning yuqoridagi so‘zlaridan yana shu narsa ayon bo‘ladiki, uning otasi mutaassib kishilarning dag‘dag‘alaridan cho‘chimaydigan mard, tarixiy-madaniy davr baraqar qadam tashlagan, farzandining foto va kinematografiya sirlarini egallashini har tomonlama qo‘llab-quvvatlagan ilhor kishi edi..

1907 yilning so‘nggi oylarida taqdir Xudoyberganga Moskva va Peterburgga borish imkonini berdi. Bu safar u nufuzli delegatsiya a’zosi sifatida Rossiyaning markaziy shaharlariga borib, rus imperatori saroyida bo‘ldi, Moskva va Peterburgning diqqatga sazovor joylarini o‘z ko‘zi bilan ko‘rdi. X.Devonovning hayotida ro‘y bergan shu unutilmas voqea Erkin Madrahimovning hujjatli qissasida bunday tasvirlangan:
“…1907 yilning kech kuzi. Xiva xonligining Islomxo‘ja boshliq bir guruh vakillari Amudaryo bo‘ylab kemada Chorjo‘yga yetib kelgach, u yerdan poyezdga o‘tirishdi-da, Toshkentga, u yerdan esa Peterburgga yetib kelishdi. Yigirma to‘qqiz bahorni ko‘rgan suratkash yigit – birinchi o‘zbek fotografi Xudoybergan Devonov Xiva ulamolarining Peterburgga safarlari, oq podsho, oliy mansabdagi boshqa amaldorlar bilan bo‘lgan uchrashuvlari, muzokara va ziyofatlarini suratga tushira boshladi Nikolay II, uning rafiqasi, shahzoda Aleksey, podsholik ministrlari xorazmlik fotograf Xudoybergan Devonov olgan suratlarda o‘z aksini topdi…

…Peterburgda ekanliklarining uchinchi kuni xivalik mehmonlar sharafiga berilgan kechki ziyofatdan keyin kutilmagan voqea ro‘y berdi. Qorong‘i tushgach, mezbonu mehmonlar qo‘shni xonaga o‘tishdi. To‘rdagi devorga tutilgan oq matoga qarab o‘rindiqlarga o‘tirishdi. Chiroq o‘chib, orqa tomondan paydo bo‘lgan allaqanday nur oqimi matoga tushdi-da, unda ajoyib manzara paydo qildi: devorda kishilar yugurib yurishar, bir-biri bilan chaqqon harakat qilib suhbatlashar, Nikolayning izvoshga chiqayotgani-yu unga qo‘shilgan otlarning qiziq chopqillashi mehmonlarni hayratga qoldirayozgan edi…”1
Shubhasiz, xonning yaqin ayonlaridan biri bo‘lgan, uning madaniyat, ma’rifat va sihat-salomatlik masalalariga oid qutlug‘ rejalarini ro‘yobga chiqargan, hatto o‘zi ham xonni shu ishlarni amalga oshirishga rag‘batlantirgan Islomxo‘ja, valiahd Asfandiyor (Isfandiyor) va boshqalardan iborat delegatsiya iqtisodiy aloqalarni o‘rnatish, fan, madaniyat va texnika sohasidagi yangiliklar bilan tanishish va shu yangiliklarni olib kelish maqsadi bilan Rossiyaga borgan edi. Shuning uchun ham delegatsiya Xorazmga qaytib ketganidan keyin ham X.Devonov Islomxo‘janing moddiy madadi bilan yana ikki oy rus zaminida bo‘ldi.

“…Harakatlantiruvchi fotokinoapparat – “Pate”ni o‘rgangancha, — deb davom etadi Erkin Madrahimov, — ikki oydan ortiqroq vaqt o‘tdi. Xudoybergan 1908 yilning boshlarida Xorazmga “Pate”, teleskop, grammafon, fotoapparat va surat chop qiladigan qog‘oz bilan talaygina lenta olib qaytib keldi”1.
Xuddi shu voqea Komil Nurjonovning yuqorida tilga olingan maqolasida bunday tasvirlangan: “…Xudoybergan Devonovga davlat ahamiyatiga molik muhim uchrashuvlarda ishtirok etish, fan va texnika yangiliklarini o‘zlashtirish, “devorda harakatlanadigan odamlar”ni suratga tushiradigan dastgohlar xarid etish vazifalari yuklatilgan edi. U o‘ziga topshirilgan vazifani a’lo darajada bajardi, chet el firma magazinlari, kinofotstudiyalarida tajriba to‘pladi. “Pathe Freres” kinokamerasi, grammafon, stereoskop, va boshqa zarur anjomlarni olib Xivaga qaytdi. Muhammad Rahimxon II og‘ir kasal bo‘lishiga qaramay, Rossiyadan olib kelingan kinokamera va apparaturalarni ko‘zdan kechirdi, “oq devorda harakatlanuvchi odamlar”ni qayta-qayta tomosha qildi. “Nurmuhammad Devon o‘g‘li Xudoybergan suratkashga zarur shart-sharoit yaratish” haqida ko‘rsatma berdi”.

Afsuski, har ikkala muallif ham o‘z asarlarida keltirilgan ma’lumotni qayerdan olganlarini qayd etishmagan. Maqoladan-maqolaga bir oz o‘zgarib, boyib, ba’zan mubolag‘alashib ko‘chayotgan bu ma’lumot o‘quvchida uning haqqoniylik darajasiga shubha uyg‘otishi mumkin.
X.Devonovning o‘zi esa tarjimai holida mazkur safar natijalari to‘g‘risida bunday ma’lumotni bergan, xolos: “1908 yilda, — deb yozgan u, — yana Maskavga borib, Petr Yahum degan boydan kino apparati sotib oldim. Bir oy uning xususiy laboratoriyasida pul berib o‘rgandim. Kino o‘ynataturgan apparat va materiallarni sotib olib, Xivaga keltirdim”.

Ko‘ramizki, X.Devonov Rossiyaga qilgan safaridan go‘yo olib kelgan teleskop, grammafon, stereoskop va boshqa narsalarni umuman tilga olmagan, aksincha, u bir oy mobaynida kinoapparatda suratga olish va kinolentadagi tasvirni ro‘yobga chiqarish texnikasini o‘rganganini aytgan. U garchand tarjimai holida qayd etmagan bo‘lsa-da, yuqorida zikr etilgan anjomlarni Xivaga olib kelib, xonga ko‘rsatgan va xasta xon ularni tomosha qilgan, hatto “Nurmuhammad Devon o‘g‘li Xudoybergan suratkashga zarur shart-sharoit yaratish” borasida ko‘rsatma bergan bo‘lishi mumkin. Ammo hamma gap shundaki, 1910 yil 7 avgustda Muhammad Rahimxon II vafot etgach, Xiva taxtini uning o‘g‘li Asfandiyorxon egallaydi va u otasining vasiyatini ijro etish o‘rniga, aksincha, Xudoybergan Devonovni siquvga olib, uning fotograflik va kinooperatorlik faoliyatining keng qanot yozishiga imkon bermaydi.

“Biroq, — deb davom etadi X.Devonov, — buni o‘ynatib, xalqqa ko‘rsatishimga yo‘l berilmas edi. Foto va qo‘limdagi apparatimni Isfandiyorxon Sobir mahram degan kishini yuborib, zo‘rlab olib, Bog‘dan Ochildov degan xususiy fotografchisi va o‘zining savdo bo‘limi boshlig‘iga topshirdi”.

X.Devonovning bu so‘zlari, bizningcha, Asfandiyorxonning 1910-1912 yillardan keyingi davriga oid. Negaki, agar shu yillarda xon saroyida boshqa fotograf xizmat qilgan bo‘lsa, u (Asfandiyorxon) 1912 yili Rossiyaning Peterburg va boshqa shaharlariga qilgan safariga X.Devonovni olib ketmagan bo‘lardi.

X.Devonov hayotini arxiv hujjatlari va zamondoshlarning xotiralari asosida puxta o‘rgangan Erkin Madrahimovning “Chaqmoq” asarida bunday ma’lumot mavjud. “Islomxo‘ja yangi xon – Isfandiyorni oq poshsho Nikolay II bilan tanishtirgani 1910 yilning oxirlarida Peterburgga boshlab borgan”1. E.Madrahimovning yozishicha, X.Devonov mazkur safar chog‘ida Asfandiyorxonga hamrohlik qilgan. Ammo agar E.Madrahimov bu tarixiy voqeani 1910 yili ro‘y bergan, deb yozgan bo‘lsa, shu safar ishtirokchisi Polvonniyoz hoji Yusupov esa “Yosh xivaliklar tarixi” kitobida mazkur voqea sanasini 1912 yil, deb qayd etgan.

U yozadi: “1912 yilda (Asfandiyorxon) Peterburgga safar qilmoqchi bo‘lib, oq podsho va ministrlarga hadyalar ola boshladi. Ham o‘zi birlan olib ketaturgan sipohiylarni nomzod qilib qo‘ydi. Bosh vazir Islomxo‘ja, Husinbek Devonbegi, Muhammad, karvonboshi Hojiboy… va boshqa shularga yaqin odamlar birlan Peterburgga safar qildi… Moskvada ham turmasdan, to‘g‘ri Peterburgga borib, oq podshoning Qishki saroyiga tushdi”2.
Polvon hoji Yusupovning kitobidagi Asfandiyorxonga hamrohlik qilgan kishilar ro‘yxatida nima uchundir X.Devonovning nomi uchramaydi. Ammo E.Madrahimov uning shu safar ishtirokchisi bo‘lganligini va safar chog‘ida o‘ziga kerakli asbob-anjomlarni xarid qilganini aytib, bunday yozgan: “Xudoybergan ertalabdan yangi fotoapparat, surat qog‘ozlari, kinolentalar xarid qilish rejalarini belgilab, asosiy ishni moskvalik kinochilar bilan uchrashishdan boshlashga qaror qildi”3. Agar E.Madrahimovning bu so‘zlari haqiqatga zid bo‘lmasa, birinchi o‘zbek fotografi va kinooperatori Asfandiyorxonga hamrohlik qilib, uning Rossiyaga qilgan safarini fotosuratlar va kinolentalar shaklida muhrlash bilan mashg‘ul bo‘lgan.
Xo‘sh, Asfandiyorxon mazkur safar chog‘ida qayerlarda bo‘lgan va kimlar bilan uchrashgan? X.Devonov ushbu safardan qanday taassurotlar, fotosuratlar va kinotasmalar bilan qaytgan bo‘lishi mumkin? Bu muhim savollarga javob topish uchun yana Polvonniyoz hoji Yusupovga murojaat etaylik:
“Oq podsho tarafindan xonga generallik rutbasi berdilar, — deb yozadi u. – Hasanbekka polkovniklik, Islomxo‘ja va Muhammad Vafo Karvonboshiga ham Katta yulduz nishonlarni berdilar. Boshqa hamma xizmatkorlar, mahramlarga oltin, kumush soatlar berdilar. Shuning birlan 13 kun turub, Kavkazga bormoqchi bo‘lub ruxsat olib, ekstrenniy poyezd bilan chiqdilar ham kelib Pyatigorskiga tushdilar. Xon uchun alohida bir yaxshi joy tayyor qilgan erkanlar. Xizmatkorlar ushbu joyning oldidagi mehmonxonaga joylashdilar. Shunda xon 6 kun turdi. Shul o‘rtada Kislovodsk, Essentukilarni tomosha qildik. Kavkazning ushbu bayon bo‘lgan yerlarida har turli kasalga foydali modan suvlari bor turur. Har yilda 6 oy har turli kasalga muftalo bo‘lgan odamlar kelib, davoi qildirub, sihat bo‘lib qaytadilar…

Kavkazda ko‘p ajoyib joylar bor turur va hovasi ko‘p yaxshi erur. Kasal odam davoi qilmasdan bir necha vaqt tursa ham o‘z-o‘zidan sihat bo‘lur. Bir necha kundan so‘ng xon yanida bo‘lgan sipahiylar bilan Xivaga qaytmoqchi bo‘ldi. Islomxo‘ja kasal erdi. O‘ziga davoi qildirmoq uchun doktorlarning maslahatlari birlan qolmoqqa qaror qildi.
Maxfiy qolmasinkim, ushbu bir necha kun turganda Isfandiyorxon Kavkaz go‘zallarini keltirib, har oqshomda xususiy bazm qilib, go‘zallarga ko‘p nimarsalar – birliyont, isirg‘a, oqchalar berib turdi.

Shunday qilib, xon Maskavga qarab yo‘lga chiqdi. Islomxo‘ja Pyatigorskida qoldi… Yo‘lda bir oqshom qo‘nib, Maskavga keldik. Maskavda Kirki arkiga tushurdilar. Maskavdagi kattalar peshvoz chiqib kutib oldilar.. Bir necha kun Maskavda kayfu safo qilib Xivaga qarab qaytdilar” .
Ko‘ramizki, Asfandiyorxon o‘z mahramlari bilan dastlab Peterburgga borib, shahzoda Alekseyning aqiqa oqshomida ishtirok etgan, rus imperatoriga sadoqati evaziga generallik unvoni bilan taqdirlangan. So‘ngra Kavkazga borib, jahonning jannatmonand joylarini ko‘rish bilan birga Kavkaz go‘zallari ila bazmi jimshid qurgan. Nihoyat, Moskvaga borib, bir muncha muddat turganidan so‘ng Xivaga qaytib kelgan. Agar shu safar Asfandiyorxon uchun rus imperatori va Rossiyaning mashhur shahar va oromgohlari bilan tanishish safari bo‘lgan bo‘lsa, Xudoybergan Devonov uchun avvalo ijodiy safar edi. Taxmin qilish mumkinki, u mazkur safardan «bir qop» fotosurat va kinotasmalar bilan qaytgan. Bu fotosurat va kinotasmalar oddiy surat va kadrlar emas, balki o‘zgarib borayotgan davr va mamlakat tarixining noyob kinohujjatlari edi.

Tarixiy davr foto va kino ko‘zgusida

1908 yilda Xudoybergan Devonov Xivada O‘rta Osiyodagi birinchi foto-kinolaboratoriyani tashkil etadi. U shu vaqtdan boshlab foto va kino ishlari bilan muntazam shug‘ullanadi. Uning «Xalq sayillari» deb nomlangan birinchi kinolavhasi ham taxmiman shu yillarda suratga olingan. Ushbu kinolavhada asr boshlarida Xorazm xonligi hududlarida yashagan o‘zbek, turkman, qoraqalpoq, qozoq millatlariga mansub kishilarning madaniy va maishiy-etnografik hayoti manzaralari tasvir etilgan. Bu kinolavha bilan tanishar ekanmiz, o‘tmishdoshlarimizning o‘tgan asr boshlaridagi qiyofalari, kiyim-kechaklari, faeton aravalari, kurash tushishlari, dorvozlik, xo‘roz va it urishtirish singari milliy o‘yin va tomoshalari to‘g‘risida tasavvur hosil qilamiz. O‘z san’atiga oshifta bo‘lgan kinoperator shu yillarda Urganch, Xiva, Toshsoqa, Toshhovuz, Xo‘jayli, To‘rtko‘l singari shahar va tumanlarni kezib, shu manzillarning diqqatga sazovor joylarini, aholining dehqonchilik ishlarini kinotasmalarda muhrlashga intilgan. “Qo‘lbola kinoteatrlar”da namoyish etilgan bu kinolavhalar tomoshabinlarda zo‘r taassurot qoldirib, ularda yangi san’at – kinematografiyaga katta qiziqish uyg‘otgan.

X.Devonovning fotograf va kinooperator sifatida shakllanishi XX asrning 10-yillari arafasida boshlanib, 10-yillar avvalida muayyan samaralarini bergan. X.Devonovning 1913 yilda ilk bor Turkiston shaharlari bo‘ylab ijodiy safarga chiqishi tasodifiy emas.
Agar Xorazm xonligining X.Devonov yashagan davriga – XIX asr oxiri — XX asr boshlariga nazar tashlasak, ikki muhim narsa diqqat-e’tiborimizning o‘ziga jalb etadi.
Shuni iftixor bilan aytish kerakki, Xorazm xonligi poytaxti Xiva — o‘zbek xalqining me’moriy dahosi to‘la mujassamlangan uch buyuk shahardan biri. XYIII asrning ikkinchi yarmi – XIX asrning birinchi yarmida Xiva O‘rta Osiyoning eng go‘zal va betakror shaharlaridan biriga aylangan ediki, uning go‘zalligi avvalo shu yerda barpo qilingan mahobatli me’moriy inshootlar bilan belgilanadi. Ikki qismdan iborat shaharning bir qismidagi Ichan (ichkari), ikkinchi qismidagi Dishan (tashqari) qal’alar, shahar markazidagi Juma masjidi, bundan tashqari, Sherg‘ozixon, Qutlug‘ Murod inoq, Olloqulixon va Muhammad Aminxon madrasalari, Pahlavon Mahmud maqbarasi va Tosh hovli saroyidan tashkil topgan bu muzey-shahar o‘sha davrlardan boshlaboq xorijiy sayyohlar, fotograflar va rassomlarni maftun etib keldi. Shu muhtasham me’moriy ansambllar bir asrdan beri mahalliy aholidan fotograf va rassomlarning yetishib chiqishini kutayotgan edi. X.Devonov o‘z zimmasiga tushgan shu tarixiy vazifani ilk ijodiy qadamlaridan boshlab bajarishga astoydil kirishdi. O‘tgan asrning 10-yillarida Xiva shahrining me’moriy obidalari, xalq sayillari, dorvozlar va masxaravozlarning tomoshalari X.Devonov ijodining bosh mavzularidan biri bo‘ldi.

Afsuski, X.Devonovning ijodiy merosi hanuzga qadar turli mamlakat va shaharlardagi davlat fondlari hamda xususiy arxivlarda sochilib yotibdi. Shuning uchun ham biz uning na o‘tgan asrning 10-yillarida, na 20-30-yillarida olgan suratlari, kinolavhalari va hujjatli filmlari to‘g‘risida asosli va tahliliy fikr yuritish, qaysi surati qachon va qayerda olinganligi haqida aniq-tayin ma’lumot berish imkoniga ega emasmiz. “O‘zbek fotografiyasi. 125 yil” fotoalbomining tuzuvchilari ham xuddi shu qiyinchilik tufayli mazkur albomdan o‘rin olgan Xorazm manzaralarini aks ettiruvchi suratlarning kimga mansub ekanligini qayd eta olmaganlar. Bu suratlar orasida o‘tgan asrlarda Xorazmga kelgan boshqa fotograflar tomonidan suratga olingan fotoasarlar ham bo‘lishi ehtimoldan holi emas. Biroq X.Devonovning muallifligi aniq bo‘lgan suratlarni o‘rganish uning nafaqat o‘ziga xos mavzu doirasi, balki tasvirlash uslubi ham mavjud bo‘lganidan shahodat beradi. Masalan, zikr etilgan albomdan o‘rin olgan Islomxo‘ja portreti bilan X.Devonov suratga olgan portretlarni o‘zaro qiyoslab ko‘raylik. Agar tilga olingan portretda bosh vazir Islomxo‘janing fotografga mutlaqo yot kishi ekanligi ayon bo‘lib tursa, X.Devonov suratlarida muhrlangan kishining fotograf uchun begona emasligi yaqqol sezilib turadi. Ana shu ruhiy holat – fotografning tasvir etilayotgan hodisa yoki kishiga loqayd emasligi X.Devonovning Xorazm manzaralari va kishilari tasvirlangan suratlarida aniq sezilib turadi. Hatto aytish mumkinki, X.Devonov suratga olinayotgan joyda hozir bo‘lgandek yoki suratt olinayotgan kishining yonida turgandek bo‘ladi.

X.Devonovning bizga ma’lum asarlari orasida Xiva me’moriy obidalari tasvirlangan suratlar ko‘p emas. Chunonchi, biz uning Xivadagi Jome masjidi muhrlangan suratini ham ko‘rish imkoniga ega bo‘lmadik. Ammo biz shuni yaxshi bilamizki, u Jome masjidini turli rakursdan bir necha marotaba suratga tushirgan. U bu bilan kifoyalanib qolmay, masjid minorasiga ko‘tarilib, bizga Xivaning XYIII asrdagi ko‘rinishini ham muhrlab qoldirgan. Bu suratga nazar tashlagan kishi loydan qad ko‘targan, bir qavatli uylar panoramasini ko‘radi. Xivani faqat me’moriy inshootlar shahri sifatida tasavvur etuvchi kishilar uchun bu suratda “oyning qorong‘i tomoni” aks etgan, desak xato bo‘lmaydi.

Fotografiya garchand tarixning soat millari ko‘rsatib turgan daqiqa, hatto soniyadagi ko‘rinishini, holatini muhrlash san’ati bo‘lsa-da, uning imkoniyatlari cheksiz-chegarasizdir. Masalan, X.Devonov yuqorida tilga olingan asarida o‘tgan asrning 10-yillaridagi Xiva shahri ko‘rinishinigina emas, balki o‘tmishini ham tasvirlashni o‘z oldiga maqsad qilib qo‘ygan. Binobarin, minora tepasidan, ya’ni makon va zamon yuksakligidan turib suratga olingan bu asarda X.Devonovga zamondosh Xiva emas, balki uning ajdodlariga zamondosh Xiva o‘zining badiiy in’ikosini topgan.

Biz yuqorida XIX asr oxiri — XX asr boshlaridagi Xorazm xonligida ikki muhim narsa diqqat-e’tiborimizni o‘ziga jalb etishini aytgan edik. Bu ikki narsaning biri Xiva tarixini o‘zida mujassamlantirgan mashhur me’moriy obidalar, maydon va ko‘chalar bo‘lsa, ikkinchisi X.Devonovga zamondosh kishilar – davlat va madaniyat arboblaridir.

Xudoybergan Devonov hayotining dastlabki yillari Muhammad Rahimxon II — Feruzning xonlik davrida kechgan. Shu davrda yashagan Hasan Murod qori Muhammadamin o‘g‘li Laffasiyning “Xiva shoirlari va adabiyotchilarining tarjimai hollari” tazkirasidan ma’lum bo‘lishicha, ma’rifatparvar xon saroyida 54 ta shoir bo‘lgan. Ular orasida Ogahiy, Tabibiy, Chokar, Avaz O‘tar o‘g‘li, Komiljon Devoniy singari mashhur shoirlar, bundan tashqari, Muhammad Yusuf Bayoniy singari tarixchilar, olimlar, xattotlar bo‘lib, ular shu davrda madaniyat va ma’rifat ishlarining ravnaq topishiga katta hissa qo‘shganlar Feruzdan tashqari, Islomxo‘ja singari ma’rifatparvar davlat arboblari bo‘lishgan. X.Devonov shunday mashhur va nomashhur zamondoshlarining suratlarini tarix uchun olib qoldirishni o‘zining muqaddas burchi deb bildi.
X.Devonov ijodiy merosining katta qismini shunday zamondoshlarining suratlari tashkil etadi. Agar u xon va uning ayonlari suratini saroyning hashamatli joylari fonida, aksar holda butun bo‘y-basti bilan olgan va shu yo‘l bilan ular suratiga tantanavorlik ruhini bag‘ishlagan bo‘lsa (masalan, Muhammad Rahimxon II, Islomxo‘janing o‘g‘li Abdusalomxo‘ja, Muhammad Vafo Karvonboshining suratlariga e’tibor bering), oddiy kishilar qiyofasini muhrlashda turli-tuman usullardan istifoda qilgan. Chunonchi, u Xiva go‘zallarining suratlarini olishda yirik rejadan foydalanib, ular liboslari va taqinchoqlarining ham diqqat markazida bo‘lishiga erishgan (“Xorazmlik ayol”, “Ayol portreti”, “Temur G‘ozi to‘raning enagasi Saodat” suratlari). Turli kasb egalari qiyofasini tasvirlashda esa suratkash odatda o‘rta rejadan unumli foydalanib, ularni ish jarayonida aks ettirishga alohida e’tibor qaratadi. Bunday suratlarning ”qahramon”lari aksar holda biror joyda o‘tirgan bo‘lishadi (“Ip yigiruvchilar”,”Yog‘ sotuvchilar”, “Sahroda yer o‘choq” suratlari). Hatto “Xon ovchisi” asari “qahramon”i ham ot ustida o‘tirib, ikki qushni ushlagan holda tasvirlangan. Bu hol X.Devonovning, umuman, zamondoshlarining suratlarini olishni emas, balki ularning muayyan sohaga mansub kishilar sifatida obrazini yaratishni o‘z oldiga maqsad qilib qo‘yganidan dalolat beradi.

Xudoybergan Devonovning fotosuratlari tavsif etilayotgan ushbu faslda biz uning ikki asariga alohida to‘xtashni istar edik. Bulardan birinchisi “Dorvozlar” deb ataladi. Qo‘qon xonligida bo‘lganidek, Xorazm xonligida ham dorvozlar san’ati xalq teatrining muhim bir bo‘lagi sifatida qadimdan yashab, avloddan-avlodga o‘tib keladi. O‘tgan asrning 10-yillarida xorazmlik dorvozlar orasida eng mashhuri Sobir dorvoz edi. Uning dor ustidagi akrobatlarga xos chaqqon va jozibali harakatlari tomoshabinlarni maftun etgan. Bu ajoyib xalq san’atining muxlislaridan biri bo‘lgan suratkash Sobir dorvozning dor ustidagi o‘yinlarini turli vaqtda turli rakursdan suratga olgan. Shulardan birida biz go‘yoki hozirgina oldimizdan lipillab o‘tib, dorga chiqib olgan va shiddat bilan dorning eng baland qismiga langar ko‘tarib ketayotgan dorvozni ko‘ramiz. Tomoshabinlar ommasi pastda — dor atrofida yarim doirani hosil qilib, “qil ustida o‘ynayotgan” dorvozning har bir harakatini og‘izlarini lang ochgan holda kuzatib — tomosha qilib turishibdi. Arqonni ko‘tarib turgan birinchi rejadagi ikki ustunning “X” shaklidagi kesishgan ko‘rinishi suratga intriga tusini bergan. Dorvoz shu o‘ynab ketishida o‘n-o‘n besh odam bo‘yi keladigan baland ustunga omon-eson yetib bora oladimi yo yo‘qmi, degan savol hammma bu bilan tomoshabinga zavq-shavq bag‘ishlash, uni bir necha daqiqa mobaynida bo‘lsa-da dunyo tashvishlaridan xalos etish niyatida “o‘z hayoti bilan o‘ynashayotgan” dorvoz obrazini tasvirlashga erishadi va oddiy, ismi hatto noma’lum bo‘lgan personajni qahramonlantiradi.

Biz to‘xtalmoqchi bo‘lgan ikkinchi surat o‘tgan asr boshlarida Xorazm honligi hayotida ro‘y bergan muhim voqea haqida. Ma’lumki, buyuk vatandoshimiz, tibbiyot fanining otasi Ibn Sino mashhur Ma’mun akademiyasi gullab-yashnagan zaminda yashaganiga qaramay, XX asrning 10-yillariga qadar Xorazm xonligida shifokorlik ishlari yaxshi yo‘lga qo‘yilmagan va shu achinarli hol tufayli yuqumli kasalliklar avj olgan edi. Shunday sharoitda o‘z davrining ilg‘or fikrli, millatparvar va ma’rifatparvar xonlaridan biri Feruzning buyrug‘i bilan Xivada muhtasham kasalxona binosi qurilib ishga tushirilgan. Bu, o‘sha vaqtdagi xonlik hayotida muhim voqea bo‘lgan. Suratkash bu kasalxonani shunday rakursdan turib suratga olganki, bu suratni ko‘rgan kishi uning ko‘chada to‘da-to‘da bo‘lib ketayotgan dardmand kishilar salomatligining garavi bo‘lishiga chindan-da ishonadi. Surat tomoshabinga shunday hayotbaxsh kuch va ruh bag‘ishlash qudratiga ega, desak yanglishmagan bo‘lamiz.. X.Devonov olgan mazkur surat tomoshabinda shunday umid va ishonchni uyg‘ota olishi bilan, ayniqsa,. qimmatlidir.

Xonlikning tugatilishi

Oqil kishilarni saroydan uzoqlashtirib, aysh-ishratga berilgan va beliga qaysarlik kamarini bog‘lagan Asfandiyorxon mamlakat ishlarini, kanal va zovurlarni tozalash lozimligini mutlaqo unutib qo‘ydi. Natijada 1913 yilning bahor va yoz oylarida ariqlarga suv chiqmay, qurg‘oqchilik avj olib, ocharchilik boshlandi. Suvsiz kanallar yonida yashagan aholi boshqa joylarga ko‘chib ketishga majbur bo‘ldi. Sabr kosasi to‘lgan xalq 1914 yilning boshlarida ko‘p joylarda norozilik bildirib g‘alayon ko‘tardi. Maishatparast xonning 1916 yildagi vahshiyona qilmishlari esa xalqning unga bo‘lgan nafrat olovini yanada gurillatib yubordi. Xonlik kemasi to‘fon shabadasi esayotgan davr dengizida qattiq chayqala boshladi.
“1912 yillargacha foto materiallaridan maza topa olmay ishlar edim, — deb yozadi o‘sha yillarda ruhiy tanazzul holatini boshidan kechirgan X.Devonov. – Ba’zan zerikib, u ishlarni to‘xtatib, shu vaqtdagi gazeta-jurnallarni o‘qur edim. 1915 yildan keyin inqilobiy ishlarga aralashib ketib, 1917 yilda Isfandiyorxonni taxtdan tushirishda ishtirok qildim. Shu yilning o‘zida xon yovmutlarga suyangani holda inqilobiy ishlarda qatnashib yurgan kishilarni ta’qib qila boshladi. Boboxon Yoqubov, Otajon Safoyev, men va yana bir nechalarimiz Toshkentga qochdik. Xivada bir oz tinchlik boshlanganidan keyin qaytib kelib, tag‘in ham Yosh xivalilar tashkilotida ishimizni davom ettirdik”1.
Asfandiyorxon .xalqqa qanchalik jabr-zulm o‘tkazib, zolim podsho sifatida xalqning g‘azab-nafratiga duchor bo‘lgan bo‘lmasin, Rossiya imperiyasi uchun Xiva xonligi taxtida shunday manfur kimsaning turishi ayni muddao edi. Rus quroli kuchiga ishongan Asfandiyorxon xonlikda muxolif kuchlarning uyusha boshlaganiga sira parvo qilmay, zulm va zo‘ravonlikka asoslangan siyosatini davom ettiraverdi.

Mustabid xon 1917 yil qishining qahraton sovuq kunlari Qrimda istirohat qilib yotganida Peterburgda Fevral inqilobi sodir bo‘ldi va 300 yil hukmronlik qilgan Romanovlar sulolasi taxtni tark etishga majbur bo‘ldi. haqida xabar kelib qoldi. Bu “hunuk” xabarni eshitgan xonning paytavasiga qurt tushib, taxt qo‘ldan ketgandir, degan xavotirda Turkistonga, so‘ngra Xivaga uchib keldi. Uning baxtiga, Fevralning olovli nafasi hali bu yerga kelib ulgurmagan edi. Ammo tarxning o‘yinini qarangki, boyagi qozkalonning farzandi Bobooxun Salimov rahbarligidagi Yosh xivaliklar mamlakatda demokratik islohotlarni amalga oshirish yo‘lida sa’y-harakat qilayotgan edilar.

Fevral inqilobidan keyin ko‘p o‘tmay, Muvaqqat hukumatga sadoqat bildirish uchun Xiva shahriga rus soldatlarining katta bir guruhi kelib joylashadi. Yosh xivaliklar o‘z maqsadlarini amalga oshirishda polkovnik Merzlyakovdan yordam berishni so‘raydilar. Polkovnik Merzlyakov xonni o‘ldirmaslik sharti bilan ularga yordam beradi. “Yosh xivaliklar tashkil etgan ko‘p ming kishilik kolonnani xon saroyiga boshlab borish uchun bir rota askar jo‘natiladi va ular boshqargan olomon “Yashasin ozodlik!”, “Yo‘qolsin zolimlar!” shiorlari ostida Nurullaboy tomon xon saroyiga yo‘l oladilar. Yosh xivaliklar partiyasi a’zolari saroyga yetib borib, xondan davlatni konstitutsiya asosida boshqarishni, xonning ayrim mulozimlarini ular qo‘liga topshirishni talab qiladilar. Bu voqealarning guvohi Abdulla Boltayev esdaliklarida aytilishicha, Polvonniyoz hoji Yusupov, Sholikarovlar Yosh xivaliklar va shahar aholisining vakili sifatida Isfandiyorxon yoniga kirib, o‘z talablarini bayon qiladilar. Birinchi bo‘lib Polvonniyoz hoji Yusupov so‘z boshlaydi: “Taqsir, O‘rusiyada ishchi va dehqonlar polshoh hukmronligini ag‘darib tashlab, hurriyat e’lon qildilar va “Idorai mashvarat”1 tashkil etdilar. Biz, Yosh xivaliklar, ham sizdan hurriyat olib, “Idorai mashvarat” tashkil qilish uchun Xorazm fuqarolari nomidan vakil bo‘lib huzuringizga keldik”, — dedi. Isfandiyorxon ularga qarab: “Sizlar vakil bo‘lib kelgan bo‘lsangizlar, hurriyatni kuch bilan olasizlarmi yoki shariat bilanmi?” – de(b so‘ra)di. Polvonniyoz hoji Yusupov xonning bu savoliga javoban: “Taqsir, hurriyatni shariat bilan olamiz”, — dedi. Xon Yosh xivaliklar vakillariga qarab: “Sizlar ham shariat yo‘lini bilasizlarmi?!” – dedi. Isfandiyorxonning bu so‘zlari Povonniyoz hoji va Nazir Sholikarovlarni g‘azablantirib yubordi Nazir Sholikarov o‘rnidan sakrab turib Isfandiyorga baland ovoz bilan: “Bizlar shariatni yaxshi bilamiz, lekin sizlar uni yaxshi bilmaysiz. Yosh qizlarni zo‘ravonlik yo‘li bilan ota-onasidan tortib olib nomusiga tegish, uni boshqa bir odamga xotinlikka berish qaysi bir shariatda bor?! Yoki qizlarni nomusiga tegib, ularni urib o‘ldirish, badaniga qaynoq suv quyish, begunoh xalqning mol-mulkini talash, qarshilik ko‘rsatganlarni zindonga tashlash, qiynab o‘ldirish qaysi shariatda bor?! Agar zarur bo‘lsa, biz sizning dahshatli qilmishlaringizni dalillar bilan isbotlab berurmiz”, — dedi“.

Asfandiyorxonning so‘nggi kunlari tasvirlangan bu lavhani keltirishdan maqsad, birinchidan, X.Devonovning o‘tgan asrning 10-yillarida kechirgan ruhiy tanazzul sabablari va uning Yosh xivaliklar harakatiga kelib qo‘shilish yo‘llarini ko‘rsatish bo‘lsa, ikkinchidan, siz, hurmatli kitobxonlarni Xorazm inqilobi tarixining shu muhim nuqtasi bilan tanishtirishdir.

Asfandiyorxon o‘sha kuni Yosh xivaliklar bilan uchrashuv chog‘ida ularning keskin harakatga moyil ekanliklarini sezib, bunday degan: “Mening ota-bobolarim shariat yo‘li bilan ishlab kelganlar. Men ham shariat yo‘lidan chiqmayman. Agar bu ishlar kelajakka muvofiq bo‘lsa, hurriyat berdim”. Shu so‘zlardan keyin u Yosh xivaliklarning 7 moddadan iborat manifestlariga imzo chekkan, qozi kalon va uning yordamchisi bu imzoning qonuniy ekanligini o‘z muhrlari bilan tasdiqlaganlar.

Manifestning birinchi moddasida bunday so‘zlar yozilgan edi: “Tarixi hijriy ming uch yuz o‘ttiz beshinchi jumodul-avvalning 25-kuni erdikim, milodiy yilning 1917 yil aprel oyining 5-kuni Men, Xiva xoni Sayyid Asfandiyor Bahodirxon, tubanda yozilgan o‘zimning xohishimni e’lon qilaman. Avvalo mening sodiq fuqarolarimga “Idorai mashrutiya” berdim, toki ular o‘zlarini xohlaganlaricha mamlakatni shariatga muvofiq idora qilsinlar. Chunonchi, o‘zlari xohlagancha fuqarolarning maslahati bilan saylov qilib, hukumat ishlariga o‘zlari xohlagan odil odamlarni tayin qilsinlar”3.
Mazkur manifestga ko‘ra, Xiva xonligida shu kundan boshlab konstitutsion monarxiya tuzumi qaror topgan edi. Asfandiyorxon garchand xonlik taxtini o‘z qo‘lida saqlab qolgan bo‘lsa-da, vujudga kelgan yangi siyosiy-ijtimoiy vaziyat bilan murosai madora qilishni istamadi. U saylov yo‘li bilan tashkil topgan deputatlar Majlisi raisi Bobooxun Salimov va boshqa Yosh xivaliklarga qarshi fitna uyushtirdi va Nozirlar kengashi raisi Jumaniyoz Matmurodov boshchiligida Yosh xivaliklarning 14 vakilini qamoqqa oldi. Qamoqqa olingan jadidlarning bir qismi qochishga muvaffaq bo‘ldi, qolganlari esa otib tashlandi.. B.Salimovni qo‘lga tushira olmagan Asfandiyorxon uning singlisi Ullijonbiyni tutib olib, qiynab o‘ldirdi.

Afsuski, ixtiyorimizda mavjud bo‘lgan hujjat va xotiralarda Xudoybergan Devonovning Xorazm inqilobi voqealaridagi ishtirokiga doir biror hujjat yoki ma’lumot uchramaydi. Shuning uchun ham biz uning ”Bobojon Yoqubov, Otajon va bir necha birodarlar bilan” Toshkentga qochib kelishining asosli sabablarini ko‘rsatishga ojizmiz.
Asfandiyorxon dushmanlarini qirib tashlash hisobiga o‘z mavqeini saqlab qolishga qanchalik urinmasin, uning taqdiri hal qilingan, umr daftarining eng so‘nggi sahifasi ochilgan, Xorazm xonligning tarixi ham tugayotgan, binobarin, Xorazmning XX asrdagi yangi tarixi boshlanayotgan edi. Buni sezgan Yosh xivaliklar 1918 yil 30 sentyabrda Asfandiyorxon o‘z saroyida o‘ldirilganidan so‘ng yana o‘z kuchlarini yig‘ib oldilar.
“Ifandiyorxon, — deb davom ettiradi tarjimai holini X.Devonov, — yovmutlar tomonidan o‘ldirilib, uning o‘rniga Sayid Abdulla xon tiklandi. Shu vaqtlarda sho‘’bamizning To‘rtko‘l bo‘limi bilan munosabatimiz yaxshilandi. Toshkent tomonga qochib ketgan yo‘ldoshlarimiz bir qanchalli askarlar bilan qaytib keldilar (1919 yilning oxiri edi) va Xivani qo‘lga oldilar. Bu ishlarga ishtirokim yuzasidan materiallarim bordir. (Bu materiallarim sizga berilgan deloda bor.)»3

Hujjatlar so‘zlaydi

O‘tgan asrning 20-yillari o‘rtalaridan boshlab maorif va madaniyat sohasida fidokorona xizmat qilgan kishilar davlat nafaqalari bilan ta’minlana boshlagan. Xudoybergan Devonov el-yurt e’tiborini qozongan shunday hurmatli kishilar toifasidan bo‘lganligi tufayli Xorazm okrug Ijroiya Qo‘mitasi hay’ati uni respublika miqyosidagi nafaqaga tavsiya etgan. X.Devonov shu sharofatli voqea munosabat bilan 1936 yilning bahor oylarida o‘zining faoliyatiga doir hujjat va ma’lumotnomalarni, shuningdek, ayrim zamondoshlarining xotira-guvohnomalarini to‘plab, iyun oyida O‘zbekston Xalq Komissarlari Soveti raisi Fayzulla Xo‘jayevga ariza bilan murojaat etgan. Yuqorida tilga olingan va ayrim lavhalari keltirilgan X.Devonovning tarjimai holi va boshqa hujjatlar ana shu “delo”da hozir ham saqlanib keladi..
Mazkur “delo”dan o‘rin olgan hujjatlardan biri Yosh xivaliklar harakatining faollaridan biri Polvon hoji tomonidan imzolangan quyidagi ma’lumotnomadir:

Berildi ushbu spravka o‘rtoq Xudoybergan Devonovga.

Ushbu o‘rtoq Yosh xivalilarning maxfiy inqilobchilar to‘dasida bo‘lib, 1914 yildan boshlab maxfiy inqilobga xizmat qilib keldi. 1917 yilda Isfandiyor xondan hurriyat olib, Majlis tashkil qil(in)ganda Majlisga haqiqiy a’zo bo‘lib saylandi. 1920 yilda Xorazmda 1-qurultoy tomonidan goskontrol bo‘lib saylandi. Ushbu yilda manatni davir1da mudir bo‘lib ishlab keldi.
1921 yil xorijiy nozari2 bo‘lib saylandi, ushbu yilda moliya nozari bo‘lib (ham) saylandi. 1923 yilda Maskovga vistavka vakili bo‘lib saylanib keldi. 1924 yili Maskovdan qaytib kelib, texnikum ……..3siga fotograf(iya) muallimi bo‘lib saylanib xizmat qildi. Ushbu yillarda maorif huzurida fotograf(iya) ochib, ishlab turmoqdadir.

Sobiq Yosh xivalilarning inqilob
qo‘mitasinda hukumat pensiyorini (Polvon hoji).”.

Agar Yosh xivaliklar harakatining rahbarlaridan biri Polvon hoji X.Devonovning “maxfiy inqilob”ga xizmat qila boshlagan vaqtini 1914 yil deb qayd etgan bo‘lsa, uning, ya’ni X.Devonovning o‘zi “inqilobiy ishlar”ga 1915 yildan keyin aralashganini aytgan. Shu ma’lumot Bobojon Yoqubovning “spravka” tarzida yozilgan guvohnomasida ham qariyb aynan takrorlangan va quyidagicha tafsilot bilan boyitilgan.
“Ushbu spravka beriladir birodar Xudoybergan Devonovga shuning uchunkim, 1916 yilda Xivada bir necha yillardan buyon ezilib kelayotgan kambag‘al xalqni zolim mustabid xonlar zulmidan qutqarmoq uchun qilgan bizlarni maxfiy majlislarimizga 1-haqiqiy a’zo bo‘lib, shul jamiyatimiz aksari vaqtda ushbu Devonovning joyida bo‘lur edi. Shuning bilan birlikda bizlarning bir necha birodarlarimiz xon tarafidan o‘ldirilib, bir nechalarini(ng) Toshkentga ketuvimizga qadar majlisi maxfusanga a’zo bo‘lib ishlashib turdi. So‘ngra bizlar Toshkentga qochib borib, (X.Devonov) inqilob qo‘mitasi tashkil qilib ishlab turgan vaqtda ham Xivada maxfiy ishlab, bizlarga Xiva ahvolini bildirib turdi. To‘rtko‘lda inqilob (qo‘mitasining) sho‘’basi ochilgan vaqtlarda ham Xivada ishlab, bizlarni To‘rtko‘l sho‘’bamizga maxfiy xat yuborib va ham xat olib turdi. Inqilob Xivada barpo bo‘lganidan buyon ishlab kelmakdadir”.

Mazkur “delo” tayyorlangan vaqtda Bobojon Yoqubovning ko‘zi ojiz bo‘lib qolganligi sababli “spravka” uning og‘zidan shahar sovetining kotibasi tomonidan yozib olingan..
Ham X.Devonovning, ham zamondoshlarining mazkur ma’lumotlari shundan dalolat beradiki, u Yosh xivaliklar harakati vujudga kelgandan keyin taxminan 1915-1916 yillardan boshlab shu harakatda ishtirok eta boshlagan X.Devonov Yosh xivaliklarga ruhan yaqin bo‘lganligi tufayli Asfandiyorxon uni o‘zidan chetlashtirib, saroyga boshqa fotografni jalb etgan va, o‘z navbatida, xonning maishiy buzuqligi va zolimligini ko‘rgan X.Devonov ham undan uzoqlashib, Yosh xivaliliklar safida o‘ziga maslakdosh kishilarni topgan bo‘lishi ehtimoldan xoli emas..
Xullas, tarixga “Xorazm inqilobi” atamasi bilan kirgan voqea Yosh xivaliklar tomonidan (bolsheviklar yordamida) amalga oshirilgani sababli ular xalq vakillarining 1-Umumxorazm qurultoyida Xorazm Xalq Sho‘ro Respublikasi tuzilganini e’lon qiladilar va nozirlik “portfel”laridan birini xonga qarshi “inqilobiy harakatlar”da ishtirok etgan Xudoybergan Devonovga beradilar. U yangi tuzilgan hukumatda Davlat nazorati noziri va qimmatli qog‘ozlar korxonasi rahbari lavozimlarida xizmat qila boshlaydi.
Erkin Madrahimovning yozishicha, Xudoybergan Devonov nozirlikni ham, qog‘oz korxonasiga rahbarlik qilishni ham dastlabki kunlardan boshlab binoyidek eplab ketadi. Muassasa, tashkilot va korxonalar ishi ustidan ilk kunlardanoq qat’iy davlat nazorati o‘rnatadi. X.Devonov rahbarlik qilgan qog‘oz korxonasi esa hurriyat tufayli vohada chiqa boshlagan “Inqilob quyoshi”, “Xorazm xabarlari”, “Rosta”, “Ishchi tovushi”, “Izvestiya” (RSFSRning Favqulodda vakolatxonasi nashri), “Posledniye vesti” singari gazetalarni, “Qizil Xorazm”, “Qopqon”, “Hunarmandlar cho‘kichi” (bolg‘asi) singari jurnallarni qog‘oz bilan o‘z vaqtida ta’minlab turadi.

“Xudoybergan, — deb yozadi u, — nozirlik va qog‘oz korxonasidagi yumushlarni erinmay, ko‘ngildagidek saranjom-sarishta qilardi-yu, shaharning biron yerida – qaysi bir korxona yo muassasada, tashkilot va nozirlikda biron-bir yig‘ilishmi, anjumanmi o‘tkazilguday bo‘lsa, Polvon bilan birga apparatlarni qo‘ltiqlashgancha o‘sha yoqqa faeton surib qolishardi”.
Shunday qilib, X.Devonov xonlik tuzumi ag‘darilgandan so‘ng Xorazm vohasida yangi ijtimoiy tuzum barpo etilgan kundan boshlab, ham hukumat a’zosi, ham fotograf va kinooperator sifatida qizg‘in faoliyat olib bordi. Davr uning oldiga yangi-yangi vazifalar qo‘ydi va u davr da’vatlariga “labbay” deb javob berishga odatlandi.
“1920 yilda tuzilgan vaqtli hukumat, — deb yozadi u tarjimai holida, — meni tashviqot-targ‘ibot sho‘’basiga tayinladi. Shu vazifada ishladim. Xivada yetim bolalar maktabi ochish va ularga iona to‘plash ishi menga topshirildi. 30 martabalab kino tomoshalari tashkil qilib, o‘zim va o‘g‘lim bilan birlikda bu tomoshalardan tushgan pullarni yetimlar foydasiga xarjladim.

1921 yil boshida meni qog‘oz pul bosaturgan korxonaga tayinladilar.
1922 yilda xorijiy ishlar komissari bo‘lib, aksilinqilobchi Ota Maxsum hukumat tepasidan tushirilgandan keyin moliya komissarligiga tayinlandim. 23-yil Maskovda ochilgan Qishloq xo‘jalik vistavkasiga Xorazm bo‘limini uyushtirish uchun yuborildim….”1
Bu so‘nggi voqea 1922 yilning iyul oyida ro‘y berdi. Xalq vakillarining shu yil yoz oyida bo‘lib o‘tgan III qurultoyida X.Devonov moliya noziri etib tayinlandi. Bu biz uchun kutilmagan qarordan shunday xulosaga kelish mumkinki, X.Devonovning davlat nazorati noziri, tashviqot va targ‘ibot sho‘’basi raisi sifatida, yetim bolalar maktabini tashkil etish va uni moddiy ta’minlash sohasida olib borgan ishlari hukumat rahbarlariga ham, el-yurtga ham manzur bo‘lgan.

Shubhasiz, yosh Xorazm respublikasi uchun murakkab bir davrda ota-onasiz qolgan yetim bolalar uchun o‘quv yurtini tashkil etish, uni asbob-anjom, o‘tin-ko‘mir, bolalarni esa kiyim-kechak va oziq-ovqat bilan ta’minlash oson bo‘lmagan. X.Devonov aholidan pul yig‘ish yo‘li bilan emas, balki tadbirkorlikning ajoyib namunasini ko‘rsatib, o‘g‘li bilan birga hujjatli va badiiy filmlarni namoyish etgan hamda shunday kinoseanslardan tushgan mablag‘ hisobiga yetim bolalar uchun maktab tashkil qilgan. O‘z mehnati bilan xalol pul topib, el-yurtning og‘ir kuniga yaragan kishining moliya noziri etib tayinlanishi shuning uchun ham tasodifiy hol emas edi.

Zamondoshlarning guvohlik berishlaricha, X.Devonov moliya noziri lavozimida xizmat qila boshlagan dastlabki kunlarda Xorazmda tanga pullarni chiqarish masalasini o‘rtaga tashlaydi. Marqaziy Ijroiya Qo‘mitaning yangi raisi Yangiboy Murodov hali biror sho‘ro respublikasida tanga pullar chiqarilmaganini aytib, bu taklifni rad etmoqchi bo‘lganida, u o‘z taklifining to‘g‘riligini asoslab, bunday deydi:
— To‘g‘ri aytasiz, boshqa sho‘ro respublikalarida hali tanga pullar chiqarilmagan. Ammo agar mamlakat boy bo‘lmoqchi bo‘lsa, tanga pullar ham chiqarib, o‘zini ham, xalqni ham har bir tiyinni qadrlashga o‘rgatishi lozim. Tejalgan 1 tiyin 1 so‘mni, tejalgan 1 so‘m esa 10 so‘mni olib keladi. Agar biz birinchi bo‘lib tanga pulni chiqara boshlasak, boshqa respublikalar ham bizga ergashishga majbur bo‘lishadi. Biz, Xudo xohlasa, tarixda bu xayrli ishning tashabbuskori bo‘lib qolamiz.

Shu bahsdan keyin ko‘p o‘tmay, Xorazm respublikasining mato va qog‘ozga bosilgan pullari bilan birga “XXSR” – “XNSR” tamg‘asi bosilgan tanga-chaqa pullari ham zarb etila boshladi.
20-yillarning boshlarida Xorazm respublikasining rahbar lavozimlariga saylangan aksar kishilar yomg‘irdan qutulib, qorga tutilayotganilarini juda yaxshi bilishgan. Shuning uchun ular qo‘shni Afg‘oniston, Buxoro va boshqa davlatlar bilan mustahkam aloqa o‘rnatish, bolsheviklarning doimiy tazyiqlariga chap berish, milliy-madaniy boyliklarning tashib ketilishiga yo‘l qo‘ymaslik choralarini axtardilar. Ularning bunday xatti-harakatlari Moskvaning Xorazmdagi vakillari tomonidan aksilinqilobchilik sifatida baholanib, ko‘plab rahbarlar “Xorazm xalqining dushmanlari” degan ayb bilan qamoqqa olindi.

O‘lkada shunday noxush vaziyat hukmronlik qilayotganiga qaramay, yosh sho‘ro davlati 5 yil ichida erishgan yutuqlarini jahon afkor ommasiga ko‘z-ko‘z qilish maqsadida Moskvada Butunittifoq qishloq xo‘jalik yutuqlari ko‘rgazmasini tashkil etishga qaror qiladi. Xorazmga mazkur ko‘rgazmada so‘nggi 3 yil ichida erishgan yutuqlarini namoyish qilish imkoniyati berilgan edi. Shu munosabat bilan X.Devonov xizmat vazifasidan ozod etilmagan holda ko‘rgazmaga tayyorgarlik ishlarini olib boruvchi Xorazm qo‘mitasiga dastlab a’zo, keyin esa rais o‘rinbosari etib tayinlanadi. U mazkur vazifada xizmat qilar ekan, jahon ilm-fani va madaniyati taraqqiyotiga katta hissa qo‘shgan Xorazmning Qishloq xo‘jalik ko‘rgazmasi pavilonlarida ham munosib ishtirok etishini ta’minlashga urindi. Ko‘rgazma ochilishi arafasida Moskvaga yetib kelgan xorazmlik san’atkorlar o‘zlarining jo‘shqin raqs va ashulalari bilan ziyoratchilarning ko‘hna mamlakatning nafaqat qishloq xo‘jaligi, balki madaniyati haqidagi tasavvurlarining ham boy va go‘zal bo‘lishiga katta hissa qo‘shdilar. X.Devonov ko‘rgazmaning muvaffaqiyatli o‘tishidagi samarali xizmatlari uchun Xorazm respublikaning “Mehnat” ordeni bilan taqdirlandi.

Endigina 5 yilligi nishonlanayotgan sho‘ro davlati rahbarlari makkorlik maktabini o‘tgan, uncha-muncha ko‘zbo‘yamachilarni dog‘da qoldiruvchi kimsalar edi. Ular “tashabbus”i va ko‘rsatmasi bilan Turkiston Markaziy Ijroiya Qo‘mitasining 1924 yil 16 sentyabrda bo‘lib o‘tgan sessiyasi chegaralanish to‘g‘risida qaror qabul qiladi. Shu qarorga muvofiq “o‘zbek xalqiga Turkiston Avtonom Sovet Resrpublikasi tarkibidan chiqish va mustaqil O‘zbekiston Sovet Sotsialistik Respublikasini tuzish huquqi” beriladi. O‘sha yilning 30 sentyabrida Sovetlarning Y Umumbuxoro qurultoyi bo‘lib o‘tadi. Qurultoyda Fayzulla Xo‘jayevning “O‘rta Osiyoning milliy belgi bo‘yicha chegaralanishi to‘g‘risida”gi ma’ruzasi yuzasidan qaror qabul qilingan. Mazkur qarorga bunday modda ham kiritilgan edi: “I….g) avvalgi buyuk o‘zbek madaniyatini tiklash maqsadida Turkiston Buxoro va Xorazmning o‘zbek aholisi tarkibidan Buyuk O‘zbekiston Sovet Sotsialistik Respublikasi tashkil etilsin, bu viloyatda yashovchi tojiklardan Tojikiston avtonom viloyati tashkil etilsin”. Mazkur qaror Turkiston hududlaridan chetda tayyorlanganligi sababli uning Y moddasida mahalliy xalqning “xohish”ini “ifodalovchi” yana bunday so‘zlar yozilgan edi: “O‘zbekiston va Turkmaniston respublikalarining Sovet Sotsialistik Respublikalar Ittifoqi tarkibiga kirishi zarur, deb hisoblansin”.

1925 yil 13 fevralda Buxoro shahrida O‘zSSR Sovetlarining I qurultoyi ochiladi va qurultoy 17 fevralda “O‘zbekiston Sovet Sotsialistik Respublikasining tashkil topishi to‘g‘risidagi deklaratsiya”ni qabul qiladi. 1925 yil 13 mayda SSR Ittifoqi Sovetlarining III qurultoyi Turkmaniston va O‘zbekiston respublikalari “xalqlarining erkin xohishi”ni inobatga olib, bu respublikalarni SSSR tarkibiga kiritadi.
X.Devonov Xorazm respublikasi 1924 yilda O‘zbekiston Respublikasi tarkibiga kiritilgunga qadar moliya noziri bo‘lib, so‘ngra 1926 yilga qadar Xorazm okrugi moliya bo‘limi boshlig‘i bo‘lib el-yurt manfaati yo‘lida xalol xizmat qiladi.

Ijodiy faoliyat maydonlari

Xorazmning O‘zbekiston tarkibiga qo‘shilishi Xudoybergan Devonovning hayoti va ijodiy faoliyatida yangi davrni boshlab berdi. Har bir ijodkor davlat va jamoat arbobi sifatida qanday fidoyilik bilan ishlab, el-yurt e’tiborini qozongan bo‘lmasin, u asosan ijod olamidagi xizmatlari bilan tarixda qoladi. Alisher Navoiy vazir sifatida Xurosonning XY asrdagi ijtimoiy, iqtisodiy va madaniy hayotida qanchalik ulkan ishlarni amalga oshirgan bo‘lmasin, u davlat arbobi sifatida emas, balki buyuk shoir va mutafakkir sifatida e’zozlanib keladi. Biz, avlodlar, uchun Bayronning grek xalqining milliy ozodlik uchun olib borgan kurashidagi ishtiroki emas, balki jahon she’riyatining zavol bilmas durdonalarini yaratganligi muhim. Rus xalqi Griboyedovni “muxtor vazir” sifatida jabru jafo chekkanini emas, balki “Aqllilik balosi” tragediyasini yozib qoldirganini yoddan chiqarmaydi…

Ammo hamma gap shundaki, aksar ijodkorlar kamtarin insonlar qavmiga mansub bo‘lganlari tufayli o‘zlarini baland tutmaydilar va hattoki atoqli shoir, yo artist, yoki rassom ekanliklarini pesh qilib yashamaydilar.
Kim biladi, balki Xorazm respublika sifatida yashashda davom etganida X.Devonovning davlat arbobi sifatidagi faoliyati davom etgan bo‘larmidi… Ammo shu narsa muhimki, u moliya noziri “portfel”ini topshirganidan so‘ng davlat idoralarida xizmat qilishdan ko‘ra o‘z hunarini yoshlarga o‘rgatishni afzal bilib, ta’lim va tarbiya texnikumida o‘quvchilarga foto muallimi sifatida dars bera boshladi. Shu bilan birga boshqa maktablarning o‘quvchilari ham undan fotografiya sirlarini o‘rgandilar. Uning tashabbusi bilan, boshqa viloyatlardan farqli o‘laroq, Xorazm maktablarida fotografiya fan sifatida o‘qitila va o‘rgatila boshladi. Shuning natijasi o‘laroq shu yillarda Xorazmda iste’dodli yosh fotograflar avlodi yetishib chiqdi.

XX asr boshlarida Xorazm xonlarining Rossiya shaharlariga qilgan safarlari vaqtida X.Devonov shu tarixiy voqeani faqat fotograf sifatidagina emas, balki kinooperator sifatida ham kinotasmalarga muhrlagan edi. U keyinchalik Xivadagi me’moriy yodgorliklarni, Xorazmda nishonlangan milliy bayram va sayil kunlarini, “Xorazm inqilobi” singari tarixiy voqealarni ham suratga oldi. Ammo Xorazm Xalq Respublikasining majburiy ravishda sho‘ro respublikalaridan biriga aylanishi, sobiq Yosh xivaliklarning hukumat tarkibidan chiqarilib, qamoqqa olinishi yoki ta’qib qilinishi undagi “inqilobiy-romantik” kayfiyatning so‘nishiga olib keldi. U shu yillarda kinooperatorlik kasbi bilan shug‘ullanishga o‘zida moddiy va ma’naviy kuch topa olmadi. X.Devonov endi fotografiya muallimi sifatidagina turmush kechira boshladi. Lekin…
Lekin aka-uka Lyumyerlar tomonidan 1895 yil 28 dekabrda Parijda namoyish etilgan “jonli kartinalar” — sinematograf yil sayin emas, balki kun sayin o‘sib, voyaga yetib bormoqda edi. Shu voqeadan keyin ko‘p o‘tmay, qisqa hajmli “manzarali filmlar” suratga olina boshladi. Hujjatli kinematografning bu dastlabki ko‘rinishlaridan biri 1907 yilda Rossiyaga ham kirib keldi. X.Devonov shu yili Rossiyadan olib kelgan “Pathe Freres” kinokamerasi bilan ham dastlabki qisqa hajmli o‘zbek reportaj-filmlarini, manzarali filmlarni suratga oldi. Bu, o‘zbek madaniyati tarixida texnik taraqqiyotga asoslangan yangi san’atning tug‘ilishi edi.

San’at shunday g‘aroyib sohaki, uni kashf etgan yoki X.Devonov singari yangi milliy zaminga olib kirgan kishining hayoti keyinchalik qanday kechmasin, rivojlanishda davom etaveradi. X.Devonov “inqilobiy-ijtimoiy ishlar” bilan band bo‘lgan yillarda sinematograf o‘sishda davom etdi
Turkistonda birinchi kino “asar”i 1897 yilda namoyish qilingan. Bunday kino namoyishlari asosan o‘lkaning yirik shaharlarida chetdan kelgan tadbirkorlar tomonidan amalga oshirilgan. Shunday kino namoyishlari XX asrning dastlabki yillarida Toshkentning Eski shaharida ham tashkil etilib, yangi san’at turi sekin-asta musulmon aholi hayotiga kirib kela boshlaydi.

Kino san’atining shakllanish jarayonida uning kinotryuklar bilan tomoshabinlar og‘zini lang ochirib qo‘yuvchi, ularga xordiq va farog‘at bag‘ishlovchi san’at turigina emas, balki muhim madaniy-ma’rifiy va g‘oyaviy tarbiya vositasi ekanligi ham ravshan bo‘ladi. Bolsheviklar 1924 yilga qadar nafaqat yirik shaharlar, balki olis qishloqlarda ham filmlarni bepul namoyish etib, o‘z g‘oyalarini targ‘ib qilishga katta e’tibor berdilar. 1919 yilning o‘rtalarida ular tashabbusi bilan Turkston Maorif xalq komissarligi qoshida maxsus Kinofotobo‘lim tashkil etiladi. 1923 yili esa mazkur bo‘lim zaminida Turkiston davlat kinosi (Turkgoskino) tashkiloti tuziladi. Bu tashkilot RSFSR Davlat kinosining respublika bo‘limi bo‘lib, unga qarashli kinoteatrlarda ilmiy-ommabop va targ‘ibot-tashviqot yo‘nalishidagi hujjatli filmlar bilan birga badiiy filmlar ham namoyish etiladi. Shu yillarda RSFSR Davlat kinosining yo‘llanmasi bilan Turkistonga rus kinematografchilari tez-tez tashrif buyurib, qayta-qayta aytganimizdek, qadimiy shaharlar va ulardagi tarixiy-me’moriy obidalarni suratga oladilar. Chunonchi, 1925 yilda Amir Temur saltanati poytaxtiga kelgan rejissyor K.Gavryushkin va operator O.Skachko ishtirokida qisqa muddatda “Samarqand bo‘ylab” filmi yaratiladi va ekranga chiqariladi.

Birinchi o‘zbek fotografi va kinooperatorining bu muhim voqealardan bexabar bo‘lganiga ishonmaysan, kishi. Bizningcha, u fotografiya va kinematografiya olamlarida ro‘y berayotgan har bir yangilikni, binobarin, Toshkentda o‘z faoliyatini boshlagan Turkiston Davlat kinosi (1925 yildan O‘zbek Davlat kinosi) ning har bir qadamini ham diqqvt-e’tibor bilan kuzatib turgan.
Xorazm sho‘ro respublikasi O‘zbekiston respublikasi tarkibiga okrug maqomida qo‘shilganidan so‘ng, 1925 yil iyun oyida O‘zbek Davlat kinosining Xorazm okrug bo‘limi tashkil etiladi. Bu hol Xudoybergan Devonov qalbidagi kinoga muhabbat gullarining qayta chaman bo‘lib ochilishiga sabab bo‘ldi. U O‘zbek Davlat kinosi bilan mustahkam aloqa o‘rnatish bilan birga 1926 yildan boshlab “Sovkino” – Butunittifoq fotokinematografiya tashkiloti bilan ham hamkorlik qildi, Moskvada chiqib turgan “Soyuzkinojurnal” uchun O‘zbekiston hayotidan olingan kinolavhalarni tez-tez yuborib turdi..

“O‘zbek davlat kinosi”ning foto-kino korxonasi va uning Xorazm bo‘limi o‘sha yillarda Toshkent shahrining Abdulla To‘qay ko‘chasidagi 3-uyda (hozir O‘zbekiston ko‘chasidan Vazirlar Mahkamasiga kiraverishdagi xiyobonning so‘l tarafida) joylashgan edi. Ushbu bo‘lim vakili Chimikov tomonidan 1928 yil 15 mayda berilgan quyidagi shahodatnoma X.Devonovning taxminan shu yillardan boshlab O‘zbek Davlat kinosi buyurtmasi bilan hujjatli filmlar va kinolavhalar olganidan darak beradi:

Ushbuning ko‘rsatuvchi o‘rtoq Xudoybergan Devonov haqiqatdan O‘zbek Goskinoning Xorazm sho‘’basida osor atiqalar va Xorazm okrugida har xil manzaralarni kartinaga oluvchi fotorassom — “operator” vazifasida turadir.
Shahodatnoma muhr va imzolar bilan tasdiq etiladir.

Xorazmdagi vakili (Chimikov)
Ish boshqaruvchi ( imzo)
Asliga to‘g‘ri (imzo). ”

Agar biz Chimikovning 1926 yil 7 dekabrdan boshlab X.Devonovga yo‘llagan xatlariga nazar tashlasak, kinooperatorning shu yillarda O‘zbek Davlat kinosi uchun Xorazmda bo‘lib o‘tgan kasaba soyuz tashkiloti qurultoyining ish jarayonini, Xalqaro yoshlar kuni va 1-may bayramining nishonlashini, Xiva shahrining umumiy ko‘rinishlarini, dalani shudgorlash va sug‘orish ishlarini, kustar usulda pilla ishlab chiqarish-u, kustar tegirmonlar ishi va boshqa narsalarni suratga olganidan xabar topamiz. Chimikov va undan keyin “Xorazm vakili” lavozimiga tayinlangan A.N. Olgin X.Devonovga qaysi syujet uchun necha metr plyonkani sarf etish mumkinligigacha belgilab berganlar.

X.Devonov 20-yillar oxiri – 30-yillar avvalida nafaqat O‘zbek davlat kinosi, balki “Soyuzkinojurnal”ning ijodiy buyurtmasi bilan ham Xorazm hayotiga oid bir qator syujetlarni suratga oldi. Kinojurnal rahbariyati tomonidan 1929 yil 16 oktyabrda berilgan 260-raqamli guvohnomadan ma’lum bo‘lishicha, X.Devonov 1930 yilning 1 oktyabriga qadar jurnal topshirig‘i bo‘yicha ham, shuningdek, unga berilgan yo‘riqnoma asosida ham suratga olishi mumkin edi. X.Devonov shu imkoniyatlardan foydalinib, “Soyuzkinojurnal” uchun 1929 yilning o‘zida “Ishchi ayollar”, “Sho‘rko‘l”, “Ko‘za”, “Chig‘ir”, “Tuzkon”, “Degish ofati”, “Xorazm dalalarida”, “Paxta karvoni” singari hujjatli film va syujetlarni suratga olib yubordi.

Shunday hujjatli kino namunalaridan biri “Sho‘rko‘l” filmi Xorazmdagi shifobaxsh suvi bilan mashhur bo‘lgan maskanga bag‘ishlangan. Bu hujjatli film Xorazm vohasining turli joylaridan shifotalab kishilarning piyoda yoki aravalarda kelishlari tasviri bilan boshlangan. Tabiat yaratgan shu ajoyib maskanga xasta bo‘lib kelgan yuzlab kishilarning shu yerda davo topib, uylariga sihat-salomatliklarini tiklab ketishlari tasvirlangan film tomoshabinlarda katta qiziqish uyg‘otdi. X.Devonov shu filmi bilan nafaqat muhim hayotiy materialni tanlash, balki shu materialni tomoshabinga yuksak badiiy shaklda yetkazish san’atini ham egallaganini namoyish etdi. “Bu filmda, — deb yozgan edi “O‘zbekiston madaniyati” gazetasi, — X.Devonovning kinooperatorlik san’atini to‘la-to‘kis o‘zlashtirib olganligi yaqqol sezilib turibdi. Mana shu jajji film X.Devonovning mahorati oshib borayotganligini, u murakkab texnik vositalardan, masalan, panoramali syomkani, yirik planldan foydalanishni, shuningdek, harakatda bo‘lgan ishlarni suratga olishni o‘rgana boshlaganidan darak beradi”.

Sobiq ittifoqning barcha kinoteatrlarida badiiy filmlardan avval namoyish etilgan shunday hujjatli film va syujetlar o‘sha yillardagi Xorazmning ijtimoiy, iqtisodiy, madaniy va maishiy hayoti to‘g‘risida muayyan tasavvur bergan. Hatto “Soyuzkinojurnal” rahbarlaridan X.Devonovga kelgan xatdan ma’lum bo‘lishicha, uning “Ishchi ayollar” va “Sho‘rko‘l” filmlari moskvalik kinotanqidchilar tomonidan yuqori baholangan.
Afsuski, “Soyuzkinojurnal” buyurtmasi bilan suratga olingan X.Devonovning bu film va syujetlari Moskvaning Krasnogorsk shaharchasidagi kinoarxivda saqlanayotganligi sababli ularni respublika kinoteatrlari va televideniyesi ekranlarida ko‘rish imkoniyatiga ega emasmiz. Shuning uchun bu asarlar haqida tahliliy fikrlarni bayon qilishni istiqlol yillarida tug‘ilayotgan kinoshunoslarga qoldiramiz. Ammo bizga shu narsa ma’lumki, mazkur arxivda 1926-1938 yillarda olingan O‘zbekiston hayotiga oid talaygina syujetlar mavjud. Masalan, shunday syujetlardan biri haqida marhum kinoshunos olim Boriy Hasanov bunday ma’lumot bergan edi: “Soyuzkinojurnal”ning 1929 yil 30 (218)-sonida ham respublika hayotidan olingan syujetni uchratish mumkin. (Buni ham X.Devonov yuborgan bo‘lsa ajabmas.) Bu syujetda agronomlar va dehqonlarning tabiiy ofatga qarshi keskin kurashlari tasvirlanadi, kurash yo‘llari va usullari bayon etiladi”.

H.Akbarov va B.Hasanov singari kinoshunos olimlardan tashqari, X.Devonovning jiyani Abdulla Yusupov ham tog‘asining ijodiy merosini to‘plash va o‘rganish bo‘yicha muhim ishlarni olib borgan. U bundan bir necha yil ilgari Krasnogorsk shahridagi Markaziy davlat kino-foto-fonomateriallar arxivida ishlab, Xorazm hayotiga oid, binobarin, X.Devonovning muallifligi taxmin qilingan kinolavhalarni qunt bilan o‘rgangan. Chunonchi, u mazkur arxivda 1936 yilda suratga olingan “Moskva – Qoraqum – Moskva” hujjatli filmini ko‘rgan. Bu filmda Moskvadan Qoraqum orqali Xorazmga yetib kelgan bir ekspeditsiya tarixi tasvir etilgan bo‘lib, unda, Abdulla Yusupovning aytishiga qaraganda, X.Devonov tomonidan suratga olingan kadrlar ham bo‘lgan. Afsuski, biz bu fikrning to‘g‘riligini tasdiqlash yoki noto‘g‘riligini asoslash imkoniyatiga ega emasmiz. Har holda shu narsa ayonki, X.Devonov ijodiy merosiga oid fotosurat va kinotasmalarni kelajakda Moskva va boshqa shaharlardagi arxivlardan topish istiqboli yo‘q emas.
Shu narsa quvonarliki, zikr etilgan davrda X Devonovning yolg‘iz o‘zigina emas, balki shogirdlari ham qator hujjatli film va kinolavhalarni suratga olishgan. Ular ijodiga mansub “Bo‘z to‘qish”, “Qizil Armiya”, “Xivada xalq shodiyonalari”, “Suv yo‘llarini tozalash”, “Paxta terimi”, “Birinchi traktor”, “Xorazm pionerlari”, “Qurbon Beregin”, “Shahzoda” kabi filmlarning nomlanishidanoq mavzuning tanlanishi va suratga olinishida ustozning ularga badiiy rahbar sifatida yordam bergani sezilib turadi.

Ijodiy faoliyatini fotograf sifatida boshlagan X.Devonovning mamlakat va xalq hayotida ro‘y berayotgan muhim o‘zgarishlarga befarq qarab turishi, ularni fotosurat sifatida muhrlab qollirmasligi amri mahol edi. U ayni paytda “Uzbekistanskaya pravda” (hozirgi “Pravda Vostoka”), “Qizil O‘zbekiston” (hozirgi “O‘zbekiston ovozi”) va “Inqilob quyoshi” singari nashrlarning fotomuxbiri sifatida ham jonbozlik ko‘rsatdi. Agar biz mazkur gazetalarning 20-yillar oxiri – 30-yillar avvalidagi sonlarini varaqlash imkoniyatiga ega bo‘lsak, uning shu yillarda mamlakatimizning qariyb barcha shahar va qishloqlariga, barcha qurilishlarga borib, “yangi hayot”ni barpo etish orzusi bilan yashagan xalq hayotininng fotoyilnomasini yaratganiga ishonch hosil qilamiz

“O‘zbek fotografiyasi. 125 yil” fotoalbomining 1-jildini (Toshkent, 2005) varaqlagan kishi X.Devonovning “Dala ishlari”, “Dorvozlar”, “Qo‘sh darvoza”, “Minoraning qaytishi”, “Ko‘zalar”, “Xalq cholg‘u asboblari ansambli”, “Xorazmlik ayol”, “Xorazmlik ovchi” singari surat va etyudlari bilan tanishadi. X.Devonov bu suratlarda umumiy rejadan ham, yirik rejadan ham katta mahorat bilan foydalangan, yirik rejadagi asarlarida qahramonning ham ijtimoiy qiyofasini, ham ruhiy olamini ochishga, umumiy rejadagi asarlarda esa xalqning qahramonona mehnati va san’atini ko‘rsatishga intilgan san’atkor sifatida gavdalanadi. U fototexnika hali yetarli darajada rivojlanmagan davrda umumxalq qurilishlari va sayillarni shunday suratga olgan va shunday fotoetyudlar yaratganki, muallifning nur va soyadan asosiy bo‘yoq sifatida yuksak mahorat bilan foydalanganligi ayon bo‘lib turadi.

“JannatMakon” jurnalining Komil Nurjonov maqolasi e’lon qilingan 2008 yil 10-sonida X.Devonovning bir qancha fotosuratlari ilk bor jurnalxonlar e’tiboriga havola qilingan. Bu suratlar orasida “X.Devonov Yosh xivaliklar davrasida”, “Yog‘ sotuvchilar”, “Suratxonada rasmga tushish payti”, “Xiva aerodromi”,”Muhammad Rahimxon II”, “Erkak portreti” singari suratlar mavjud bo‘lib, ularda muallifning nafaqat fotoobyektivdan yuksak badiiy maqsad yo‘lida foydalanish mahorati, balki tarixiy davrni o‘ziga xos betakror koloriti bilan ifodalash san’ati ham balqib ko‘rinadi

“X.Devonov fotosuratlarini tomosha qilar ekansiz, — deb yozadi O‘zbekiston Badiiy akademiyasi raisi Tursunali Qo‘ziyev, — bu ajoyib rassomga xos bo‘lgan badiiy tafakkurning tarixiyligiga hayron qolasiz. U kelajak avlod oldidagi mas’uliyatini, xalq va zamonasining vakili sifatidagi.. vazifasini chuqur anglab yetgan edi. Surat tushirish uchun syujet tanlar ekan, u obyektivni abadiy qadriyatlar muhrini o‘zida yaqqol mujassam etgan syujetlarga – minoralar, masjidlar, tarixiy obidalarga yo‘naltiradi. Insonlarni suratga tushirar ekan, u etnografik yondashishni badiiy yondashish bilan muvofiqlashtirishga intiladi – har bir personaj u yoki bu turni ifodalaydi, o‘zini qaytarilmas shaxs sifatida namoyish etadi”.

Xorazm viloyatida rahbarlik lavozimini egallagan kishilarning tashabbusi bilan, yuqorida aytib o‘tganimizdek, Urganchdagi maktab va texnikumlarga fotografiya “fan”i kiritilgan va bu “fan”ni o‘tish X.Devonovga topshirilgan edi. X.Devonov umrining so‘nggi kunlariga qadar o‘z zimmasiga topshirilgan shu vazifani sharaf bilan bajarib, o‘ndan ziyod malakali fotograflarning yetishib chiqishiga qalb qo‘rini bag‘ishladi. “Yer yuzi” jurnali 1926 yildagi sonlaridan birida e’lon qilingan “O‘zbek fotografchisi” degan maqolada u tarbiyalab yetishtirayotgan shogirdlar to‘g‘risida bunday samimiy so‘zlarni yozgan edi: “Devonov yosh havaskorlarni yetishtirish borasida ham ko‘p ish qildi. Xivalik yosh yigitni shogirdlikka olib, uni yaxshi fotografchi qilib yetishtirdi, shuningdek, yana bir yigitni ham fotografchilikka o‘rgatdi. Bu yigit ham mohir fotograf bo‘lib yetishdi. Devonov 1924 yilda Xivadagi ta’lim-tarbiya teznikumida foto bo‘limini ochdi. Bunda o‘z apparati, o‘z bilimi bilan 13 bolani fotografchilik ishiga o‘rgatdi”.

1932 yilda Xiva rayon xalq maorif bo‘limi mudiri Rizayev imzolagan shahodatnomada qayd qilinishicha, Xudoybergan Devonov o‘zining 32 yillik xizmati mobaynida chinakam foto-kino xodimi degan unvonga munosib kishilarni yetishtirib bergan. “Devonov, — deb yozilgan unda, — Xorazmda eng katta ahamiyatga ega foto-kino ilmini rivojlantirish, ayniqsa, bu maydonda turli moneliklarga qaramasdan, oldimizda turgan ekin ma’rakalarida, tarixiy, inqilobiy voqealarda kuchi yetgancha tashabbus ko‘rsatdi va ko‘rsatmakda”. Yana shu hujjatdan ma’lum bo‘lishicha, u shu yillarda Xiva rayon foto bo‘limi mudiri bo‘lib ham ishlagan.
1936 yil 25 iyul kuni respublika Xalq Komissarlari Soveti raisi Fayzulla Xo‘jayev Xudoybergan Devonovga 500 so‘m miqdorida shaxsiy nafaqa belgilash haqidagi qarorga imzo chekadi.

Xorazm okrug Ijroiya Qo‘mitasi X.Devonovga nafaqa belgilish masalasida ruspublika hukumati rahbariga murojaat etguniga qadar qanchadan-qancha ma’lumotnoma va shahodatnomalar to‘plamagan. Shunday ma’lumotnomalarning eng mo‘’tabari, bizningcha, okrug maorif bo‘limi mudiri Rahmonov tomonidan imzolangan va Xorazm okrugi Ijroiya Qo‘mitasi hay’atiga yuborilgan xatdir. Xat muallifi X.Devonovning Xorazm okrugi mehnatkashlari oldidagi katta xizmatlarini alohida qayd etib, jumladan, bunday yozgan edi:
“Xudoybergan Devonov o‘zining 35 yillik foto ishlari sohasida hormay-tolmay ishlash bilan (birga) Xorazm oazisida sanoyi nafisa ishini(ng) boshlanishi va bu ishga negiz solish bilan sanoyi nafisa tarixida (Xorazmda) birinchi o‘rinni olishga haqlidir. Nafis san’atning o‘sishiga eng qattiq dushman bo‘lgan diniy xurofotlarning eng kuch olgan hujum va tanbehlarga qaramay, ishini taraqqiy qildira berishi, buning natijasida Xorazm tarixi uchun eng qimmatli rasmlar olinib, tarix uchun juda ko‘p materiallar yig‘nab berishi jihatidan (qaraganda) Devonovning tarix fani sohasida ham katta xizmatlari bor. Devonov xonlar davrida eski urf-odat, turmush, qishloq xo‘jaligi, Xorazmning inqilob tarixi, inqilobdan so‘nggi o‘sishlariga doir… ko‘p qimmatli materiallar berdi va bermakda”.
Bu so‘zlarda X.Devonovning nafaqat Xorazm, balki umumo‘zbek madaniyati taraqqiyotiga qo‘shgan hissasi ham to‘g‘ri talqin qilingan.


Ozodlikning so‘nggi kunlari

Mehnat va mashaqqat og‘ushida o‘tgan umrining so‘nggi yillarida Xudoybergan Devonovga davlat miqyosidagi nafaqaning tayinlanishi uning – o‘zbek xalqi tarixida fotografiya va kinematografiya tamal toshini qo‘ygan, mashhur kishining el-yurt o‘rtasida qadrlana boshlaganining mujdasi edi. Taxmin qilish mumkinki, u avvalo xuddi shu narsadan g‘oyat mamnun, uni alqagan davlatdan esa behad minnatdor bo‘lib, yanada zavq bilan, yangi-yangi ijodiy rejalarini ro‘yobga chiqarish uchun yangi kuch va yangi ilhom bilan ishlashga kirishdi.
U hayotining turli pallalarida nafaqat xonlar va ularning aqru heshlari, bilki Ogahiy, Komil Xorazmiy, Avaz O‘tar singari shoirlar bilan ham muloqotda bo‘lgan va muloqotlari ta’sirida, kitobsevarligi natijasida uncha-muncha g‘azal ham mashq qilgan. Zamondoshlar uning xotin-qizlar ozodligi mavzuida bitilgan:

Keldi qizlar bayrami, chimmatdin ozod ayladi,
Inqilob nuri ular ko‘ngillarni shod ayladi —

bayti bilan boshlgangan g‘azalini hali ham aytib yurishadi. Kim biladi, balki u hayotining o‘sha xushnud kunlarida yana ko‘ngil rozlarini shunday g‘azallar orqali ifodalagandir…

Ammo uning xursandchiligi uzoqqa bormadi. U hali 300 so‘mlik nafaqa gashtini tuyib ulgurmay, 37-yil qonli etiklari bilan qariyb har bir xonadonga bostirib kirdi.

X.Devonov o‘ziga nafaqa berila boshlagan kun bilan ozodlikdagi so‘nggi kuni orasida nima bilan shug‘ullandi? Kimlarning suratlarini tarix uchun muhrlab qoldirdi? Mamlakatda, shu jumladan, Xorazmda ro‘y bergan va ro‘y berayotgan qaysi voqealarni kinotasmalarga tushirdi. Afsuski, biz bunday savollarga javob bera olmaymiz. Balki kelajakda Krasnogorsk shahridagi arxivda ishlash, “Inqilob quyoshi”, “Qizil O‘zbekiston”, “Pravda Vostoka” singari gazetalarning to‘la taxlamlarini topib o‘rganish natijasida bunday savollarga javob topish imkoniyat paydo bo‘lar…
Agar X.Devonovni nafaqaga tavsiya etish uchun to‘plangan hujjatlarga yana bir bor nazar tashlasak, ular orasida shunday hujjatlarni ko‘ramizki, bu hujjatlardan yaqinlashib kelayotgan 37-yilning sovuq nafasi esib turgandek bo‘ladi. Mana, shunday hujjatlardan biri:

Beriladir ushbu ispravka 4-uchastka 4-elatda o‘ltirimli Xudoybergan Devonifga shuning uchunkim, mazkurning ijtimoiy chiqishi: otasi Otajon to‘rani dag‘ma1si bo‘lib, so‘nggi vaqtlarda Qadam yasavulboshini(ng) devoni bo‘lgan. O‘zining iqtidorligi orqasida fotograf ishlari bilan shug‘ullangan. Ahvoli esa hozirda xizmatchi, mazkur mafkura tomondan sog‘lom, sho‘ro majburiyatlarini vaqtida bajarib turmoqda.
Sovet saylanuv huquqiga molik.

4-sovet raisi (Safarif)
— “ — — “ — (Abdullayef).

Uchastka sovetining bergan ispravkasi Shahar soveti tomonidan tasdiqlangan.

Shahar soveti mas’ul kotibi (Qutli Bulatif)”.

Agar 1936 yil 23 mart kuni 275 raqami bilan Shahar soveti ro‘yxatidan o‘tgan, X.Devonovning “mafkura tomondan sog‘lom, sho‘ro majburiyatlarini vaqtida bajarib tur”ayotganini tasdiqlagan bu ma’lumotnoma bo‘lmasa, unga – xalq va mamlakat oldidagi xizmatlarni 7 yoshdan 70 yoshgacha kishilar hurmat qilgan jamoat va madaniyat arbobiga davlat nafaqasi berilmagan bo‘larmidi…
Ammo bu ma’lumotnomaning kuchi faqat bir narsagagina yetdi. X.Devonovga nisbatan tish qayrab yurgan kimsalar dog‘da qoldilar. Bu hujjat ular qo‘lidan kelajak sovuq xatti-harakatlarning oldini oldi. Biroq bosh g‘oyasi Kremlda tug‘ilgan, Lyubyankada esa mufassal ishlab chiqilgan Katta qirg‘in operatsiyasining ko‘tarilib kelayotgan bo‘roni oldida nafaqat shahar, balki respublika rahbarlarining kafolatnomalari ham sariq chaqalik kuchga ega emas edi.

Zulmat og‘ushida
Zikr etilayotgan arxiv materiallari orasida yana bir hujjat bor. U ham o‘sha kunlarda tuzilgan quyidagi ma’lumotnomadir:

Beriladir ushbu spravka 4-uchastka 4-elatda o‘lturumli Xudoybergan Devonovga.
Shuning uchunkim, mazkurning qaramog‘idagi jon sonlari:
1. Xudoybergan Devonov, 58 yashar.
2. Bekajon Devonova, xotini, 62 yashar.
3. O‘g‘uljon Devonova, ukasi, 44 yashar.
4. Onajon Devonova, opasi, 62 yashar.
5. Hoji Masharipov, axtiqi1, 15 yashar.
6. Jumaniyoz Masharipov, axtigi, 12 yashar.
yuqoridagilar durusdir.
Saylov va saylanuv huquqiga molikdir.

4-uchastka sovet raisi (Saparov)
Kotibi (Abdullayev)”.

Muhr va imzolar bilan tasdiqlangan bu ma’lumotnomada X.Devonovning xotini va, ehtimol, boshqa yaqin qarindoshlarining ham tug‘ilgan yillari noto‘g‘ri qayd qilingan. Ammo bizning bu hujjatni keltirishdan murodimiz, birinchidan, X.Devonovning oilasi to‘g‘risida muayyan tasavvur berish bo‘lsa, ikkinchidan, uning boshiga tushajak mudhish voqealar tufayli shu oila a’zolarining ham jabr-jafo ko‘rajaklarini aytib o‘tishdir.
Hurmatli kitobxon, siz bu ro‘yxatda X.Devonov farzandlarining ismlarini ko‘rmay ajablanayotgan ko‘rinasiz. Olloh kelajak kulfatlardan xalos etish uchunmikin, uning bir-biridan shirin ikki farzandi – o‘g‘li Ollobergan bilan qizi To‘tijonning aziz jonlarini bundan ilgariroq olgan edi. Shuning uchun ular nomi bu ro‘yxatga kiritilmagan..

Shunday qilib, 1937 yilning qonli bo‘roni daf’atan ko‘tarildi. Bu bo‘ron sobiq sho‘ro mamlakatining barcha hududlarida yashagan aholini bir vaqtning o‘zida yamlab-yutib yubormoqchi bo‘ldi. Bu bo‘rondan na shaharning shinam uylarida istiqomat qilgan davlat va jamiyat arboblari, na olis tog‘ etaklarida mol boqib yurgan cho‘ponlar tirik qolishdi. Bu, Ollohdan emas, balki yer yuzida yashagan va o‘zini shu bepoyon hududlarning birdan-bir xo‘jayini deb o‘ylagan Iblisdan kelgan ofat edi.

Mudhish yilning qora bulutlari birinchi o‘zbek fotografining boshi uzra ham to‘planayotgan edi. Bo‘ron kuchga kirishi bilan, 30 iyun kuni, yarim kechada, NKVD xodimlari Xiva shahrining 4-mahalla 4-elatidagi Xudoybergan Devonov yashagan 18-uyga bostirib keldilar. X.Devonovni hibsga olish haqidagi qarorda uning xon noziri oilasidan ekanligi, o‘zining devon (mirza) lik bilan shug‘ullanganligi, Asfandiyorxon bilan Muhammad Rahimxonning fotografi bo‘lganligi, inqilobdan so‘ng Xoraxm Xalq Respublikasida moliya noziri bo‘lib xizmat qilganligi, shu kecha-kunduzda esa Urganch shahrida suratkashlik kasbi bilan mashg‘ulligi aytilgan edi..

Shu kuni yuqorida tilga olingan manzilda tintuv o‘tkazilib, X.Devonovning 90 varaqdan iborat yozishmasi, 230 dona fotosurati va qo‘shotar ov miltig‘i olib ketildi.
Ayni paytda ayblanuvchining kuyovi Hasan Chitkarovning Yangi Urganch shahri Lenin ko‘chasidagi 18-uyida ham tintuv o‘tkazilib, chemodanda saqlangan 20 varaqdan iborat yozishmasi, 17 varaqdan iborat hujjatlari va 59 dona fotosurati musadara qilindi.
Shu kuni kechasi qamoqxonada X.Devonov nomiga mahbuslik anketasi ochilib, unga quyidagi ma’lumotlar qayd etildi: o‘zbek, Xorazm okrugi yer-suv xizmati bo‘limi fotografi, otasi Xiva shahridagi Qadam yasavulboshida devon (mirza) bo‘lgan, uning 6 gektar yeri, 4 ta ho‘kizi, ikkita oti, 1 ta tuyasi va bir uyi bo‘lgan. Mahbus otasi bilan bir xo‘jalikda ishlagan, otasi vafotidan so‘ng esa 1927 yilga qadar otameros yer-suvni ijaraga berib, undan daromad olgan. (X.Devonov 1927 yilda shu yer-suvni sho‘ro hokimiyati foydasiga topshirgan.)

Shu vaqtda oilasi: xotini Bekajon Otajonova (56 yoshda, uy bekasi), o‘g‘li Masharif Xudoyberganov (40 yoshda, Xazorasp tuman xalq maorif bo‘limida fotograf), opasi Onajon Devonova (70 yoshda), singlisi O‘g‘iljon Devonova (41 yoshda, uy bekasi) dan iborat bo‘lgan. Mahbus mazkur anketa savollariga javob berib, eski maktabda o‘qigani va o‘rta ma’lumotga ega ekanini, shuningdek, 1925 yilda XXSRning Mehnat ordeni bilan mukofatlangani va moliya noziri bo‘lib xizmat qilganini aytgan.

Shubhasiz, X.Devonov bilan bir vaqtda xorazmlik ko‘plab tanilgan va tanilmagan kishilar ham hibsga olingan. Shahar qamoqxonasi mahbuslar bilan to‘lib-toshib ketgan. Shu va boshqa sabablarga ko‘ra, NKVD xodimlari mahbus fotografni 8 sentyabrga qadar tergovga chaqirishmagan. 8 sentyabr kuni esa u tergovchi bilan yuzma-yuz uchrashib, uning savollariga javob bergan.

O‘sha yillarda NKVD tizimida joriy etilgan tartib-qoidaga ko‘ra, tergovchi siyosiy masalalarda ayblangan mahbusdan shu ayblarning tasdiqlanishiga xizmat qiluvchi ma’lumotlarni olishga harakat qilgan. Uni mahbusning aybsiz ekanligi, unga qo‘yilgan ayblarning tuhmatdan boshqa narsa emasligi masalasi mutlaqo qiziqtirmagan. Tergovchilar ”qaysar” mahbuslardan kerakli ma’lumotni olish uchun qiynoqning har qanday dahshatli usullaridan istaganlaricha foydalanganlar. Shuning uchun ham tergov materiallarida bayon qilingan ma’lumotlarni chin haqiqat deb qabul qilish to‘g‘ri emas.
Ammo X.Devonovning mahbus savollariga bergan ko‘rsatmasida, bizningcha, uning hayoti va ijtimoiy faoliyatiga oydinlik kirituvchi ba’zi bir chizmalarni yo‘q, deb bo‘lmaydi. Shuning uchun biz mahbusning tergovchi tomonidan yozilgan ko‘rsatmasidagi ayrim ma’lumotlarni quyida keltirishni o‘rinli, deb bilamiz:

“…Men, — deb yozilgan X.Devonovning ko‘rsatmasida, — 1923 yili Xorazm hukumati tomonidan XXRning Moskvadagi ko‘rgazma komissiyasiga a’zo, ko‘rgazma komissiyasiga rais etib esa Hoji Aminatdinov tayinlandik. U XXR suv tizimining raisi edi. Men 1923 yil 12 avgustda Moskvaga borib, 27 yoki 28 dekabrda qaytib, 1924 yil 15 yanvarda Xorazmga yetib keldim. Men Aminatdinov bilan birga Xonqaga yetib kelganimda, Xivaning Junaidxon qo‘shinlari tomonidan o‘rab olingani ma’lum bo‘ldi. Shuning uchun biz Xonqadan qochib, To‘rtko‘lga bordik. Ular tugatilgan keyin Xivaga keldik. Shu kunning ertasiga CHK (xodimi) Slobodin meni hibsga oldi, ammo men (faqat) 1 kun(gina) qamoqxonada bo‘ldim. Menimcha, meni aksilinqilobiy tashkilotga mansub, degan shubha bilan hibsga olishgan edi. Oradan ikki yoki uch oy o‘tganidan keyin CHK meni Madraim Devoniy bilan birga yana hibsga olib, 20 kuncha guvoh sifatida qamoqxonada saqlashdi. Men ko‘rgazma komissiyasining a’zosi bo‘lganimda, Madraim Devoniy XXRning tashqi savdo raisi (noziri) edi. U Moskvada bo‘lgan payti(miz)da Moskvadagi qandaydir Lombergmi yoki Lengermi degan nemis vakolatxonasi bilan Germaniyaga paxta sotish masalasida shartnoma tuzgan. Madraim Devoniy buni sudda tan olgan va (uni) otib tashlashgan…

…1928 yilda Karim Boltayev Toshkentda Narkomzem (Yer ishlari xalq komissarligi) da ishlar edi. Men shu yili Toshkentga fotoapparat sotib olish uchun borgan edim. Pulim bo‘lmagani uchun Toshkentda Narkomzemga, Boltayevning huzuriga borib, undan moddiy yordam so‘radim va Farg‘ona vodiysiga sayohatga borib, ba’zi bir yangiliklarni suratga olish niyatida ekanligimni aytdim. O‘shanda Boltayev menga bunday degan edi: “Siz xalq maorifi sohasida ko‘p ish qildingiz, shuning uchun iltimosingizni bajo keltiramiz” Boltayev shu zahoti Maorif xalq komissarligidagi qandaydir Jarginga qo‘ng‘iroq qilib, unga menga mablag‘ bilan yordam berishni topshirdi va telefonda unga mening qayerdan kelganligim va qaysi lavozimda ishlayotganimni aytdi. Shundan keyin Boltayev meni Maorif xalq komissarligiga yubordi. Men Jarginning huzuriga borganimda, u menga pul berishga va’da qildi…

…1936 yili yoki 1935 yilning sentyabr oyida O‘zKP(b) kotibi Ikromov Urganchga kelgan. (Uni) fotograf sifatida suratga olishim uchun meni Isroilov1ning uyiga taklif qilishdi. Borsam, u yerda Ikromov o‘tirgan ekan. U meni ko‘rib: “Keksayib qolibsiz”, dedi va o‘sha yerda tik turgan Isroilov, Hasanov, (Masharif) Qoriyev va boshqalarga qarab, bunday dedi: “Devonov qarib qolipti, unga nafaqa belgilash masalasida okrijroqo‘mda hujjatlarni rasmiylashtirib, bizga, Toshkentga yuboringlar. Biz unga oylik nafaqa tayinlaymiz”. Shu hodisadan keyin men bevosita okrug xalq maorif bo‘limi (raisi) Rahmonovga murojaat etib, unga Ikromovning topshirig‘ini yetkazdim… Toshkentda Beregin menga: “Fayzulla Xo‘jayev orqali rasmiylashtiring”, dedi va darhol Fayzulla Xo‘jayevning kotibi Abdullajonovga qo‘ng‘iroq qilib, qabul kunini belgilab berishini aytdi. U (Abdullajonov) menga 21-kuni ariza bilan kelishimni tayinladi. Rosa uch kundan keyin menga 300 so‘m oylik nafaqa berish haqidagi Xalq Komissarlari Sovetining Fayzulla Xo‘jayev imzo chekkan farmoyishi qo‘limga tegdi….

…Agar 1926 yoki 1927 yilda 15,5 tanob yerimni davlatga bermaganimda, meni, albatta, quloq qilishgan va xo‘jaligimni tortib olishgan bo‘lardi. Men shu holni e’tiborga olganman…”
Yuqorida bayon qilingan ma’lumotlarda Akmal Ikromov va Fayzulla Xo‘jayevning nomlari tilga olingan. X.Devonov, ehtimol, hibsga olingan vaqtida shu respublika rahbarlarining “xalq dushmanlari” sifatida qamoqqa olinganini bilmagan, hatto ular nomini tilga olib va ularga yaqinligimni bildirib, hibsdan ozod bo‘laman, deb o‘ylagan bo‘lishi ehtimoldan xoli emas, Holbuki, o‘sha mudhim yillarda shu ikki arbobga yaqin bo‘lganlikning o‘zi har bir kishining qamoqqa olinishi va otib tashlanishi uchun yetarli jinoyat hisoblangan.

Xullas, Xudoybergan Devonovning taqdiri hal qilingan edi.
1937 yil 1 dekabrda tuzilgan qarorda aytilishicha, X.Devonov 1934 yildan boshlab aksilinqilobchi tashkilot rahbarlari Fayzulla Xo‘jayev va Davlat Rizayevning topshirig‘i asosida Angliya razvedkasi foydasiga josuslik ishlarini faol olib borganlikda hamda shu tashkilot topshirig‘i bilan Xorazmda bosmachilik harakatini tashkil qilganlikda va ingliz josusi, bosmachilik tashkilotchisi Junaidxon bilan shaxsan aloqada bo‘lganlikda ayblangan edi. Bu tuhmatdan iborat qaror keyinchalik yangi ayblar bilan “boyigan” bo‘lsa, boyidiki, aslo kamaymadi.

Oradan 11 oy o‘tgach, Toshkentda, 1938 yil 5 sentyabrda 37-yil qurbonlari ustidan sud boshlandi. Shu kuni soat 10 dan 35 daqiqa o‘tganda boshlangan sud bor-yo‘g‘i 15-20 daqiqa davom etdi, xolos. Ammo shu qisqa fursatda sud X.Devonovni 1920 yildan “Milliy ittihod” aksilinqilobiy millatchilik tashkiloti a’zosi bo‘lib, Xorazmda bosmachilik harakatini tashkil etishda faol ishtirok etganlik va ingliz razvedkasi agenti – Turmanistondagi bosmachilik harakati rahbari Junaidxon bilan aloqa o‘ratganlik haqidagi “eski” ayblardan tashqari, uning gardaniga yana bir qator “yangi” ayblarni qo‘yishga erishdi. Bu ayblarga qaraganda, mahbus o‘z oldiga O‘zbekiston SSRni SSSRdan ajratib olib, burjua davlatni barpo etish maqsadini qo‘ygan aksilinqilobiy, millatchilik, qo‘zg‘olonchilik, terrorchilik va diversiya-zararkunandachilik tashkiloti bilan aloqa o‘rnatgan va shu tashkilot rahbari Fayzulla Xo‘jayevning topshirig‘i bilan O‘zbekiston bo‘ylab rayonma-rayon kezib, ingliz ravedkasi uchun josuslik ma’lumotlarini to‘plagan edi.

Mahbus bu o‘ta bema’ni ayblarning birortasini tan olmadi. Ammo shunga qaramay, sud uni otish va shaxsan unga tegishli bo‘lgan mol-mulkni musodara qilish haqida hukm chiqardi.
Hukm o‘sha kuniyoq yarim kechada, Toshkentning Yunusobod tumanidagi qatlgohda ijro etildi.
Ammo bu mudhish hukm va uning ijrosi X.Devonov oilasidan uzoq vaqtgacha yashirilib keldi.
X.Devonov ishini qayta ko‘rish masalasi hatto Stalin vafotidan keyin ham bir necha yil cho‘zildi. Nihoyat, SSSR Oliy Sudining Harbiy kollegiyasi 1959 yil 25 iyunda 1938 yil 5 oktyabrda chiqarilgan hukmni bekor qilib, X.Devonovni oqlash haqida bir bitimga keldi.

X.Devonov oqlanib, uning qarindosh-urug‘lari manglayidan “xalq dushmani”ga daxldorlik tamg‘asi olib tashlangach, kenja jiyani Abdulla Yusupov Davlat xavfsizlik qo‘mitasiga murojaat etib, tog‘asining tug‘ilgan sanasi to‘g‘risida aniq ma’lumot berishlarini so‘radi. Mazkur muassasa xodimlari esa unga “1879 yil”, deb javob berdilar. Ammo birinchi o‘zbek fotografining aniq tug‘ilgan sanasi 1878 yil bo‘lib chiqdi.

Abdulla Yusupovning kaminaga yo‘llagan xati
(Xulosa o‘rnida)

Aytishlariga qaraganda, omad, davlat qushi inson boshiga juda kam hollarda, sanoqli marotaba qo‘nar ekan, Bunda uning xalolligi, fidoyiligi, beg‘arazligi, taqvodorligi alohida ahamiyatga ega bo‘lsa kerak.

Fikrlarimni tasdiqlash uchun hayotimda 70-yillar(da) sodir bo‘lgan voqeani siz bilan baham ko‘rsam, deyman. Biz, o‘zbeklar, bolalarimiz o‘rta maktabda o‘qiyotgan paytlarda proforiyentatsiya (ya’ni kasb tanlash) masalasiga e’tibor berib,, bolamizga uning hayotida haq taolo tomonidan berilgan asl yo‘nalishni, kasbni (prizvaniyeni), ya’ni haqiqiy iste’dodni aniqlashga e’tibor bermaymiz. Uning davomli mehnat jarayonida(gi) taqdiri, baxti-iqbolini belgilaydigan narsaga umuman befarq qaraymiz.
Hali-hali esimda, 5-6-sinfdanoq kinotasvirchi bo‘laman, deb g‘ururlanib, ota-onamni holi-joniga qo‘ymay yurardim. Keyinchalik rahbarlikmi, rag‘batmi, nimadir yetishmay, Moskvaga, VGIKka bormay, Toshkent aloqa politexnikumini bitkazib, harbiy xizmatni ham bitkazib, Xorazm eliyektrtaromoqlar korxonasida katta muhandis bo‘lib ishladim. O‘sha paytga kelib, oila qurdim, bola-chaqali bo‘ldim, ishim, maoshim – hammasi yaxshi edi. Ammo…. oradan shuncha yil o‘tgan bo‘lishiga qaramay, o‘rta maktabda qalbimdan kinooperator bo‘laman degan niyatim menga sira tinchlik bermasdi. Aslini olganda, bu ham o‘z-o‘zidan shakllangan emas edi. Mening otam – rahmatli Yusufjon Hasanov (buvimiz Bibijon Devonova alohida bir zavq, g‘urur bilan “Muhammad Yusuf” derdilar) o‘zbek kinosan’atini(ng) ilk bor qaldirg‘ochi sanalmish Xudoybergan Devonovning jiyani bo‘lib, tog‘asi yoniga 13 yoshlik o‘spirin davrida borib, ustozining ko‘plab har xil sinovlaridan muvafaqiyatli ravishda o‘tib, hurmatini qozongan. Shu davrda Xudoybergan Devonovning ikki farzandi – Ollobergan ismli o‘g‘li, To‘tijon degan qizi vafot etib, bobo farzand visoliga zor bo‘lib, otamni o‘g‘li o‘rniga qabul qilib, mehr qo‘yib, qalbidan joy ato etgan. Ustoz-shogird to taqdir shafqatsiz hukmini amalga oshirguncha yelkama-yelka turib mehnat qilib, tarixda bebaho xazina hisoblanmish ko‘plab fothujjatlar yaratganlar. Shu-shu Devonovning siymosi doimo otamning ko‘z o‘ngida bo‘lib, qalbida muhrlanib, beixtiyor har dam tilida ham go‘yo bo‘lardi. Otamning ustoziga hurmat-ehtiromi ila sug‘orilib, ishtiyoq, g‘urur bilan “dada”si haqida (aytgan) hikoyalari, tabiiyki, bizlarni rom qilardi.

Biz Xudoybergan ota hibsga olinganidan ancha yil keyin dunyo yuzini ko‘rdik. Biz u kishini suratidan tanishimizga qaramay, u kishining qiyofasi, unga bo‘lgan buyuk mehr Yusufjon Hasanov hikoyalari tufayli avtomatik tarzda qalbimizga o‘tgan, muhrlangan. Biz ham “dada” deb Devonovni o‘zimizning dadamizga aylantirib, uning nomi bilan atalgan kinoteatrga kirsak, alohida bir g‘urur, ruh bizga hamroh bo‘lardi. U bizning faxrimiz.

Otam eng iste’dodli shogirdlaridan hisoblanib, Xorazmda mehnati, suratgirlik talanti tufayli katta obro‘ sohibi edi. “Yusufjon aka, Xorazmda sizdek rasmchi yo‘q, siz suratga chinakamiga jon kiritib ishlaysiz, sizga tasanno”, derdilar mijozlar. O‘ta madaniyatli, bir so‘zli, lafzli (bu yaxshi xislatlar, fazilatlar X.Devonov tarbiyasi natijalari, deb tushunsak, to‘g‘ri bo‘ladi) otamiz 45 yil rasmchilik qilib, 1978 yil yanvar oyida ishxonasida noma’lum shaxslar tomonidan vahshiyona o‘ldirildi. (Jinoyat haligacha ochilmagan.) Fikrimcha, bunda konkurensiya (raqobat) ma’lum-muayyan rol o‘ynagan bo‘lsa ajab emas.

Otam rahmatlik bizning qalbimizda Devonovga nisbatan nafaqat mehr, balki avlod estafetasi shaklida rasmchilikni, kino san’atini, dadamizni(ng) tutgan yo‘lini davom qildirishdek savob ishni, u bilan bog‘liq foto-kinohujjatlarni yig‘ib, ko‘z qorachig‘idek avaylab saqlash hunarini ham singdirgan.
Yana mavzuimizga qaytaylik.

“Dadang Xudoybergan Devonov nafaqat O‘rta Osiyoda, balki butun mamlakat hududida (sobiq SSSRda, qarang: “Sov. foto”, 1981, № 5) birinchilar qatori suratkash, kinematografchi bo‘lsa, undan ko‘plab foto-kinolavhalar — katta xazina qolgan bo‘lsa, urug‘-aymog‘ining orasida sendan boshqa bu ishni davom qildiruvchi yo‘q. Shunday ekan, umringni behuda o‘tkazma, yigit”, dedim o‘zimga elektrtarmoqlarda ishlab yurib.
Tangri taolo yo‘lchi yulduzimni ham tayinlagan ekan. Bu, otamning, oilamning yaqin odami, Xorazm viloyat kinolashtirish boshqarmasining sobiq rahbari marhum Madr(ay)im aka Yusupov edilar. Shu kishining sa’y-harakatlari sabab aziz, qalbimda alohida o‘rin olgan — men u kishi oldida bir umr uyatliman – Aziz Po‘latovich Qayumov bilan uchrashishga muyassar bo‘ldim. U kishi u davrda O‘zbekiston SSR Ministrlar Soveti qoshidagi Kinematografiya davlat qo‘mitasining raisi edilar. Uncha katta bo‘lmagan kabinet, oddiy kamtarona jihozlar, kitoblar, kulib, yuzimga boqib turgan kabinet sohibi…

Qo‘limdagi Xudoybergan Devonov tushirgan tarixiy suratlarni ko‘rib, Aziz Po‘latovich juda xursand bo‘ldilar. Men esa u kishiga “O‘zbekfilm” kinostudiyasidan ish so‘rab kelganimni aytdim. “Gap bunday, yigitcha, — deb bir zumda o‘ylanib qoldilar. – Aslida men bu kursini(ng) egasi emasman. Men adabiyotchiman. Bu kursida esa kino san’ati bo‘yicha mutaxassis o‘ltirishi kerak, — deb davom qildi so‘zida Aziz aka. — Sizga kelsak, to‘g‘ri yo‘lni ko‘rsatishimiz bizga farz. Kinoga o‘zingizni baxshida qilgan ekansiz, siz ham kino mutaxassisi bo‘lishingiz shart, ish esa qochmaydi. Moskvaga borib, VGIKka imtihon topshiring. O‘zbekistonga shu dargohdan uch o‘rin beriladi. Siz “3” bahoga topshirsangiz ham, men institutga sizni kirgizaman. Komandirochniy harajatlarini ham zimmamga olaman”, – Aziz Po‘latovich bu gaplarni ixlos, ishonch, qat’iyatlik ila aytdilar. Bunday madad, taklif, omad, to‘g‘ri yo‘l – haqiqatni aytsam – hayotimda kam bo‘lgan. O‘rta maktabda olgan bilimimga ishonch hosil qilmadim, oilamni o‘yladimmi, ishqilib Moskvaga ketishga menda jur’at yetishmadi.

Mana, 30 yildan buyon shunday afsus, nadomat, pushaymonlar qilaman. Domlaning oldida uyatliman…

Hayotda voqealar takrorlanar ekan. 2000 yil Toshkent televideniyesida ishlayotgan bolam Xudoybergan (bobomning nomini berganimda ham, aslida, bir hikmat bor bo‘lsa kerak) xuddi yuqorida tasvirlangan vaziyatga tushib qolsa bo‘ladimi. U oldin Benkov nomidagi bilim yurtini bitkazdi, so‘ngra Ostrovskiy nomidagi Teatr va rassomlik institutini(ng) telerejissura fakultetini tamomlab, O‘zbekiston televideniyesida rejissyorlik qilardi. Moskvadan, VGIKdan 2,5 yillik rejissyorlik oliy kursiga 2 o‘rin ajratishgan (ekan) O‘zbekiston uchun. Ustozi Shuhrat Abbosov : “Xudoybergan Yusupov ketadi, u shunga loyiq”, deb turib olsa bo‘ladimi. Bu nima? O‘xshashlikmi yoki hayotning hazilimi. Bolam ham xuddi mendek ikkilanib turibdi. “Bolam, otam mendan rozi bo‘lsin, desang, hech nimani o‘ylab o‘tirma. Men bir umr afsusdaman. Sen mening xatoimni takrorlama. Moskvaga uch, seni Xudoybergan dadamizning ruhi-poki qo‘llagay. Yaratganning o‘zi madadkoring bo‘lgay, dab bolamni ko‘ndirib, Moskvaga jo‘natdim.

Albatta, Moskvada yashash, o‘qishni(ng) o‘zi bo‘lmaydi. Ko‘p qiyinchiliklar, iqtisod masalasi, kasalliliklar bo‘ldi.. Mana, o‘qish ham bir zumda bitib qoldi. Tinim bilmaydigan, tirishqoq dadamizni(ng) kasbini davom ettirish estafetasini bo‘yniga olgan o‘g‘lim Xudoybergan muvaffaqiyatlar sari siljimoqda. 3 minutlik “O‘yin tugadi” deb nomlangan annimatsion filmi bilan 2001 yilda Annimatsion filmlar xalqaro festivalida “Muqaddas Anna” mukofoti uchun o‘tkazilgan tanlovda qatnashib, maxsus diplom bilan taqdirlandi. O‘zbekiston Respublikasi Buxoro shahrida o‘tkazilgan kinofestivalda shu filmga ikkinchi faxrli o‘rin berilib, qiymatbaho priz (sovrin) oldi. Xudoyberganni(ng) rejalari ko‘p. Shular orasida Xudoybergan Devonov nomida Moskvada kinostudiya ochib, dovrug‘ini butun dunyoga taratish ham bor. Dadamiz haqida mening ssenariyam asosida bobomizning 125 yilligiga qarab film olish va h.k.

Hozircha u “Charli” studiyasida ishlab, Rossiyadagi firma va kompaniyalarning reklamalari va mashhur estrada yulduzlarining videoroliklarini ko‘plab ishlab, TVN, STS, Rossiya TK, NTV kanallarida namoyish etib tirikchilik qilmoqda. Qanotlarini yoyib, ko‘ngildagidek parvoz qilishga kerakli zamonaviy texnika yetishmasligi, goh-gohda sog‘lig‘ini(ng) mazasi yo‘qligi, qolaversa, iqtisodiy yetar-yetmaslik beldan urayapti.
Mana, ota-bolaning bir-biriga o‘xshash ikki taqdiri…

P.S. Господин Каримов!
Высылаю Вам материалы для статьи. За грамматические ошибки и логику прошу меня простить. Трудная, полная проблем, в то же время короткая жизнь, не даёт возможности конкретно, от души сосредоточиться на конкретной тематике. К тому же я очень жалею, что кончил учебное заведение на чужом, русском, языке.
А.Юсупов.
2004 г. .Ургенч.

Taqdir kishilarni, hatto xalqlarni ham qanday dahshatli sinov va imtihonlardan olib o‘tmaydi. Agar tabiat ofatlari shaytoniy kuch bilan hamla qilgudek bo‘lsa, ulkan tog‘lar ham nuray boshlashi mumkin. Inson esa tarix ummonida va shu ummonning asovsiz g‘alayonlarida bir bargdek bir soniyada ummon qa’riga kirib ketadi.

Ammo shu narsa dahshatliki, insonni tabiat oftlari emas, balki uning o‘zi, uning ichidan chiqqan kuchlar majaqlab tashlaydi.

Xudoybergan Devonov sho‘rolar davrida yo‘q qilib yuborilgan 20 millionli jabrdiydalar karvonidagi bir kishigina, xolos. Uni va unga o‘xshash kishilarni mahv etish bilan mustabid davlat nimaga erishdi? Qudratli bo‘ldimi? Yo‘q!

Aksincha, minglab iste’dodli kishilarni qirib tashlashi bilan davlat o‘zining tagiga o‘zi suv quydi. O‘zi zaiflashdi. O‘zini-o‘zi butun dunyo oldida sharmandai sharmisor qildi. Shoyad qatag‘on degan, 1937 yil degan mudhish voqealar tarix sahifalarida qolgan bo‘lsa-yu, qayta takrorlanmasa.

Shoyad bir Xudoybergan Devonovning, bir Cho‘lponning, bir Ubaydulla Xo‘jayevning o‘rniga o‘nlab yoshlar “Men Xudoybergan Devonovman “Men Cho‘lponman!”, “Men Ubaydulla Xo‘jayevman!” deb maydonga otilib chiqsalar-da, ular bajarib ulgurmagan ishlarni ulardan ham a’lo darajada basharishsa.

Shoyad avlodlar bu jabrdiyda ulug‘ ajdodlarini unutmay, ularni yod etish,ular xotirasiga hurmat bildirish yo‘li bilan poklanib, barkamollashib borsalar. Shoid o‘zbek xalqining kelajagi,ular orzu qilganlaridek, biz orzu qilayotganimizdek, munavvar bo‘lsa…

Наим Каримов (1932)

Родился в Ташкенте в семье интеллигента.

Окончил среднюю школу, филологический факультет (1955), аспирантуру (1958) Средне-Азиатского Госуниверситета (ныне НУУ).

Вся трудовая деятельност связана с институтом языка и литературы АН Узбекистана: был старшим, ведущим научным сотрудником, сейчас заведующий сектором.

Его научная деятельность направлена освещению основных черт и направлений узбекской литературы XX века. В частности, он автор исследований о творчестве джадидских писателей как Чулпан, Фитрат, Хамзы и др. Как текстолог он принимал активное участие в подготовке 20 томника сочинений Айбека, 12 томника сочинений Гафура Гуляма, 10 томника Хамида Алимджана и 5-ти томника сочинений Хамзы.

Председатель общественной комиссии по увековечении памяти жертв репрессий (1999): принимал активное участие в создании памятника жертв репрессий города Ташкента (2001), в открытии музея жертв репрессий (2002). Н. Каримов член Главной редакции “Национальная Энциклопедия Узбекистана” (1997), лауреат Государственной премии имени Беруни Узбекистана (1985), заслуженный деятель науки Узбекистана (1996), кавалер ордена “Эл-юрт хурмати”, доктор филологических наук (1993), профессор (1994).

Он автор научно-популярных книг “Хамид Алимджан” (1979), “Айбек” (1985), “Усман Насыр”, “Последние годы жизни Усмана Насыра” (1993/94 годы).

Основные произведения –
Каримов Н. Хамид Алимджан. Т.: “Еш гвардия”, 1979 (на узбекском языке)
Каримов Н. Айбек. Т.: “Еш гвардия”, 1985.
Каримов Н. Чулпон. Т.: “Фан”, 1991 (на узбекском языке).
Каримов Н. Усман Насыр. Т.: “Шарк”, 1993 (на узбекском языке)

Литература о нем:
Назаров Б. Нозиктаъб адабиетшунос (Уточенный взор литература). Журнал “Узбек тили ва адабиети”, 2002 год, №6 (на узбекском языке).

Naim Karimov (1932)

Karimov Naim Fotihovich (1932. 12.12, Toshkent) — adabiyotshunos olim, jamoat arbobi. O‘zbekistan Respublikasi fan arbobi (1996). Filologiya fanlari doktori (1993), professor (1994).

Toshkent universitetining filologiya fakultetini tugatgan (1955). O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Til va adabiyot institutida bo‘lim mudiri (1990 yildan).

Naim Karimov 20-asr o‘zbek adabiyoti taraqqiyoti xususiyatlarini ochish borasida ilmiy tadqiqotlar olib boradi. U shu davrdagi o‘zbek adabiyoti va uning yirik vakillari ijodini milliy g‘oya mezonlari asosida o‘rganish ishini birinchilardan bo‘lib boshlab berdi. Uning ilmiy faoliyatida adabiyot hodisalarini tarixiy voqealar, badiiy asarni esa yozuvchi hayoti va ma’naviy-estetik olami bilan uzviy aloqada o‘rganish ustuvorlik qiladi.

Naim Karimov Oybek, G‘afur G‘ulom, Hamid Olimjon, Hamzaning ko‘p jildli akademik nashrlarini tayyorlash va nashr etishda ishtirok etgan. O‘rta maktab o‘quvchilari va oliy o‘quv yurti talabalari uchun o‘zbek adabiyotidan darsliklar yozgan.

Naim Karimov O‘zbekiston ma’rifatparvarlar jamiyati raisi (1999 yildan). Mustamlakachilik davri qurbonlari xotirasini abadiylashtirish komissiyasi va «Shahidlar xotirasi» xayriya jamg‘armasi kengashi raisi (1999 yil dan), «Qatag‘on qurbonlari xotirasi» muzeyi direktori (2002 yildan). Beruniy nomidagi O‘zbekiston Davlat mukofoti laureati (1985). «El-yurt hurmati» ordeni bilan taqdirlangan (1999).

Lotin alifbosida maqola: Naim Karimov (1932) haqida to’liq ma’lumot kategoriyasi: Adabiyot fikringiz bo’lsa izohda qoldiring va do’stlaringiz bilan ulashing biz bundan minatdor bo’lamiz bizni kuzatishni davom eting (u kim, bu nima, qanaqa ?, tushunchasi, degan savolarga javob topishingiz mumkin)

25-05-2022, 13:34 148

Категории
Популярные тексты

Музыка очень многообразна в своих направлениях и жанрах, пожалуй, это единственный вид искусства столь многогранный. Музыка способна успокоить и зарядить энергией. Лирическая музыка расслабляет, ритмичная возбуждает это всем хорошо известно. Эти свойства музыки известны и используются нами еще с древних времен. Безусловно, первый вид искусства был музыкальным. Возможно, это была колыбельная песня или боевой марш. Редко встретишь человека, который был бы равнодушен к музыке. В настоящее время музыка перестала быть только искусством. Для многих музыка это стиль жизни, для других это имидж, для кого-то это порция адреналина или лекарство от депрессии. Первыми музыкальными дисками или скорее их прародителями можно считать музыкальные автоматы-проигрыватели с набором грампластинок. Назывались эти автоматы Juke Box, и они были популярны в Америке в 20-30 годах. Количество грампластинок обычно достигало сотни, но они вмещали только одну музыкальную композицию. Эти автоматы были очень популярны, и именно они дали толчок к развитию граммофонной промышленности и появлению первых студий звукозаписи. Особенно стоит отметить 60-е годы. Это время считают музыкальной революцией, именно в это время музыка покидает тесные бары и музыкальные клубы и выходит на улицу. Ее можно было услышать в парках, во дворах и на стадионах. Этому во многом способствовали современные технологии. В большом количестве появляются музыкальные радиостанции, на волнах которых постоянно проигрываются музыкальные диски. Чуть позже появляются первые компакт диски, которые по достоинству были оценены звукозаписывающими компаниями как удачная замена виниловым музыкальным дискам. Вся продукция нашего магазина лицензирована и имеет сертификаты качества. Прямые поставки от производителей позволяют нам торговать по разумным ценам. Мы постоянно проводим сезонные распродажи и всевозможные акции, информацию о которых мы высылаем всем зарегистрированным пользователям.

Почта для предложений: admin@uztext.com

Права на тексты песен и переводы принадлежат их авторам.
Все тексты и переводы представлены для ознакомления.

Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.