Istihora namozi qanday o’qiladi
إِذَا دَخَلَ الْعَشْرُ وَأَرَادَ بَعْضُكُمْ أَنْ يُضَحِّيَ فَلاَ يَمَسَّ مِنْ شَعْرِهِ وَبَشَرِهِ شَيْئًا” وَفِي رِوَايَةٍ” فَلاَ يَأْخُذَنَّ شَعْرًا وَلاَ يَقْلُمَنَّ ظُفْرًا ” وَفِي رِوَايَةٍ ” مَنْ رَأَى هٍلاَلَ ذِي اْلحِجَّةِ وَأَرَادَ أَنْ يُضَحِّيَ فَلاَ يَأْخُذْ مِنْ شَعْرِهِ وَلاَ مِنْ أَظْفَارِهِ ”
(رواه الامام مسلم)
Hidoyat.uz
Истихора намози қандай ўқилади. Ўқилиш тартиби ва нияти қандай бўлади?
Асосий саҳифа FAQ Истихора намози қандай ўқилади. Ўқилиш тартиби ва нияти қандай бўлади?
Истихора намози қандай ўқилади. Ўқилиш тартиби ва нияти қандай бўлади?
Чоп этилди Fevral 26, 2019 Истихора намози қандай ўқилади. Ўқилиш тартиби ва нияти қандай бўлади? da fikr bildirishni o’chirish
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
“Истихора” сўзи луғатда “яхшилик излаш”, “бир нарсанинг яхшироғини танлаш” деган маънони англатади. Мусулмон киши мубоҳ бўлган икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди.
Истихора намозида хоҳлаган сурасини ўқийди. Лекин биринчи ракатида “Фотиҳа” сурасидан кейин “Кофирун” сурасини, иккинчи ракатда зам сурага “Ихлос” сурасини ўқиса яхшироқ. Истихора намозидан сўнг ушбу дуо ўқилади:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، – عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، – عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي بِهِ.
Маъноси: “Эй Аллоҳ, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилмоқчи бўлган ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб этгин ва осон қилгин. Сўнг уни менга баракотли қилгин. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қилгин ва мени ундан рози этгин”.
Сўнгра ўша ишни қилиш ёки қилмаслик тўғрисида кўнгли мойил бўлган томонга ҳаракат қилади. Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса амалга оширади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Анас разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Анас қачон сен бир ишни қилмоқчи бўлсанг у иш борасида Аллоҳ таолодан етти мартагача истихора қилгин. Сўнг унинг натижасига қара. Дилингга нима солинса ўшани ихтиёр қил, сен учун ўша нарса яхшидир” дедилар.
Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Истихора – бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишини сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам Аллоҳ таолонинг ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
МАҚОЛАЛАР
Бу дунёдаги жаннат боғи қаерда? Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи …
Қадр кечаси қачон? Қадр кечаси рамазон ойида эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки …
Рамазон ўргатади… Рамазон доимо муносиб вақтда келади. Уни бизга Роббимиз дунё хароб …
Минтақа. Фижилик мусулмонлар Фижи Суверен Демократик Республикаси – Океанияда, Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида, Фижи …
Ифторликдан сўнг Расулуллоҳ қандай дуо қилганлар? Рамазон ойида мусулмонлар кўплаб руҳий, маънавий манфаатлар оладилар. Бу ойнинг …
Каъбани қучоқлаб, дуолар қилдим Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий …
САВОЛИМ БОР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Азалдан аёллар пардоз қилишга мойил бўлганлар. Аввалги аёлларнинг қилган пардозлари табиий воситалардан бўлган. Айниқса табиий мойлар, гул ва ифор ёғлари, сурма, хина ва ўсмадан пардоз учун фойдаланиб келишган. Шунинг учун ҳам улар ҳатто 70-80 ёшларида ҳам ўз гўзалликларини йўқотишмаган. Аммо кейинги вақтларда нафақат ёшлар, балки катта ёшдаги аёлларда ҳам сунъий пардозга берилиш ҳоллари урф бўлиб бормоқда.
Шариатимизда аёлларнинг қош ва юздаги тукларни териши ёки тердириши, сунъий тарзда ҳуснини ўзгартириши гуноҳ саналади. Кўплаб ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам танасига сурат чиздирувчи, қош терувчи, қош тердирувчи, Аллоҳ яратган ҳуснни ўзгартириб, сунъий гўзалликка ҳаракат қилувчи аёлларни лаънатлаганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لَعَنَ اللهُ الْوَاشِمَاتِ وَالْمُسْتَوْشِمَاتِ ، وَالنَّامِصَاتِ وَالمُتَنَمِّصَاتِ ، وَالمُتَفَلِّجَاتِ لِلْحُسْنِ المُغَيِّرَاتِ خَلْقَ اللهِ
яъни: “Баданга игна билан сурат чизувчи ва чиздирувчи аёлларга, қошни терувчи ва тердирувчи аёлларга, ҳусн учун тишларининг орасини очувчи аёлларга ва Аллоҳ яратган (шакл)ларини ўзгартирувчиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин” (Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаий ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳ таоло яратган табиий хилқатни ўзгартирувчи аёлларга лаънат бўлиши таъкидланмоқда. Фуқаҳолар мазкур ҳадисга кўра аёл киши қоши, юзи ва пешонасидаги тукларни олиши ёки олдириши шаръан ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунга ҳозирда аёллар орасида кенг оммалашган кўз, қош ва лабларни шаклини сунъий тарзда ўзгартириш – татуаж, растушовка ва ботекс қилдириш кабилар ҳам киради.
Аёллар орасида бир марта қош тердирган аёл кейин доим тердириб юриш керак, чунки кейин чиққан тук – ҳаром тук бўлади, деган нотўғри тушунча юради. Динимизда қатъиян қайтарилган ишни қилиб юрганини билган муслима опа-сингилларимиз, дарҳол бу ишдан тўхтаб, тавба қилиб, солиҳ амалларга ўтишлари лозим.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, оилали аёл эрининг рухсати билан юзидаги айбли ҳисобланган тукларини олиши жоиз. Айниқса, аёлнинг юзидан соқол ёки мўйлаб чиқса, жумҳур уламолар ўша тукларни олиб ташлаш мустаҳабдир, деганлар. Сабаби аёлнинг эри учун зийнатланиши шариат талабидир (манба “Раддул мухтор” китоби).
Шунингдек, жумҳур уламолар аёл кишининг қўли, оёғи, қорни ва баданининг бошқа жойларидаги тукларни олиши мумкинлигини айтишган. Моликий мазҳаби фуқаҳолари эса бу ишни вожиб, дейишган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
“Фалон тиш пастасида чўчқа ёғи бор, шунинг учун уни ишлатиш ҳаром” дейиш учун аниқ далил-ҳужжатлар етарли бўлиши керак. Етарли бўмаган ва исботини топмаган хабарларга асосланиб бирор махсулотни ҳаром ёки ҳалол дейиш эса жоиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلَالٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ
“Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром» деявермангиз! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмагайлар” (Наҳл сураси, 116-оят).
Бизда бор маълумотларга кўра кўпгина тиш пасталари, шу жумладан колгейт (colgate) тиш пастасига Малайзия “Ҳалол” стандарти ҳамда “Таиланд Марказий Исломий мажлис”и томонидан “Ҳалол” сертификати берилган. Албатта, бу каби сертификатлар қаттиқ текширув ва назоратлардан кейин тақдим этилади. Шундан келиб чиқиб, колгейт (colgate) тиш пастасидан фойдаланишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шариатимизда Зулҳижжа ойи киргандан бошлаб токи қурбонлик қилгунча киши соч ва тирноқларини олмаслиги шарт қилинмаган. Балки бу – ихтиёрий бўлган мубоҳ ишдир.
Мана шу ўн кунда бошқа кунларда бажарадиган баъзи одатий амалларимизни бажармасликка тарғиб қиладиган кишилар, ўз гапларини ушбу ҳадис билан қувватлайдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
إِذَا دَخَلَ الْعَشْرُ وَأَرَادَ بَعْضُكُمْ أَنْ يُضَحِّيَ فَلاَ يَمَسَّ مِنْ شَعْرِهِ وَبَشَرِهِ شَيْئًا” وَفِي رِوَايَةٍ” فَلاَ يَأْخُذَنَّ شَعْرًا وَلاَ يَقْلُمَنَّ ظُفْرًا ” وَفِي رِوَايَةٍ ” مَنْ رَأَى هٍلاَلَ ذِي اْلحِجَّةِ وَأَرَادَ أَنْ يُضَحِّيَ فَلاَ يَأْخُذْ مِنْ شَعْرِهِ وَلاَ مِنْ أَظْفَارِهِ ”
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Қачон Зулҳижжанинг аввалги ўн куни бошланса ва бирортангиз қурбонлик қилмоқчи бўлса, соч ва соқолига тегмасин (олмасин)”, бошқа ривоятда “Соч ва тирноқ олмасин”, яна бошқа бир ривоятда эса “Ким Зулҳижжанинг ҳилолини кўрса ва қурбонлик қилмоқчи бўлса сочи ва тирноғини олмасин” (Имом Муслим ривояти).
Бу мавзуда улуғ Ҳанафий олим Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
яъни: “Баъзи аҳли илмлар бу ҳадис(ҳукми)га юрадилар. Уни маҳкам тутиб, (амал қилиш учун) асос қилиб олишади. Бошқа уламолар эса ўзгача йўл тутадилар ва шундай дейдилар: “Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида қурбонлик қилишни ният қилган ва ният қилмаганлар учун соч ва тирноқларини олишда ҳеч қандай зарар (гуноҳ) йўқ”. Улар бу тўғрисида “Ҳаж китоби”да келтирган ҳадисимизни ҳужжат қиладилар: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳадий (қурбонлик учун аталган ҳайвон)ларига қурбонлик белгиларини боғлар эдим. У зот қурбонликларини (Макка шаҳрига) жўнатар ва биз билан (Мадина шаҳрида) ҳалол (яъни, эҳромсиз) турардилар. Эҳромли киши эҳтиёт бўлиши керак бўлган нарсалар (соч ва тирноқ олиш, жинсий алоқа ва ҳаказолар)дан сақланмас эдилар. Одамлар ҳаждан қайтгунча шу ҳолат давом этарди”. Бу ҳадисда аввалги ҳадисда ман қилинган ишларнинг мубоҳ эканига далил бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтган ҳадиснинг бизга етиб келиш йўли Умму Салама онамиз (розияллоҳу анҳо)никидан яхшироқ. Чунки Оиша онамизнинг ҳадиси бизга “Мутавотир” ҳолда етиб келган. Умму Салама онамиздан ривоят қилинган ҳадиснинг бизга етиб келиши эса ундай эмас, балки Имом Моликдан ривоят қилинган ҳадиснинг иснодига таъна етган. Бу ҳадис Пайғамбаримизга етиб бормайди, Умму Саламада тўхтайди, деганлар” (“Шарҳи маонил осор”)
Имом Таҳовий бу мавзуни ҳадислар билан шарҳлаб бўлгач, масалага бошқа томондан ёндашиб айтадиларки, эҳром – кишига аввал ҳалол бўлган кўп нарсаларни ман қилади. Шуларнинг ичида энг қаттиқ ман қилингани жинсий алоқа бўлиб, у эҳромни бузади. Энди, эҳромда бўлмаган киши қурбонлик қилмоқчи бўлса, у жинсий алоқадан ман қилинмайди. Ундан ман қилинмагандан кейин ўз-ўзидан ундан пастроқ даражадаги иш (соч, тирноқ олиш)лардан ман қилинмайди. Мана шу – Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад (роҳматуллоҳи алайҳим)ларнинг сўзидир.
Муҳаққиқ аллома Мулла Алийюл Қорий роҳимаҳуллоҳ бу масалада шундай дейдилар:
وَقَالَ أَبُو حَنِيْفَةَ: هُوَ مُبَاحٌ لاَ يُكْرَهُ وَلاَ يُسْتَحَبُّ
яъни: “Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу иш – мубоҳ бўлиб, (соч, тирноқни олиш) макруҳ ҳам эмас, (уларни олмаслик) мустаҳаб ҳам эмас”” (“Мирқотул Мафотиҳ”).
Демак, қурбонлик қилмоқчи бўлган шахс модомики эҳромда эмас экан соч-соқолини, тирноғини олишида ҳеч қандай гуноҳ йўқ, балки бу – ихтиёрий бир амалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
“Бир инсон бошқа бир инсонга Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатса, дўзах олови ўша инсон учун ҳаром қилинади” мазмунида ҳадис йўқ! Балки, бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга тўқилган уйдирмалардан биридир. Буни бир неча жиҳатдан асослаш мумкин:
Биринчидан – ушбу тўқима “ҳадис”ни бирор ҳадис тўпламига келтирилмаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган исноди – ровийлар силсиласи мавжуд эмас. Зеро, ҳар бир ҳадиснинг исноди бўлиши лозим. Агар бирор ривоятни исноди бўлмаса уни ҳадис деб, аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам буюк муҳаддислардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи: «Иснод диндандир! Агар иснод бўлмаса, хоҳлаган кимса ўзи хоҳлагандек гапираверади», деганлар.
Иккинчидан – Рамазон ойининг кириб келиш санаси олдиндан ҳеч кимга маълум бўлмайди. Балки, Рамазон ойининг ҳилолини кўриш билан маълум бўлади. Демак, у ҳақида аввалдан эслатиш мантиқан имконсиз ишдир.
Учинчидан – Рамазон ойи кириб келиш санасини биринчи бўлиб эслатган кишига дўзах олови ҳаром қилиниши ҳам шариатимизнинг умумий қоидаларига зиддир. Чунки, ким жаннатга кириши, ким дўзахга кириши бу каби амаллар билан белгиланмайди. Балки, шариат кўрсатмаларига амал қилиши билан белгиланади.
Имом Жалолиддин Суютий (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг ҳадис илмига бағишланган китобида тўқима ҳадислар ҳақида сўз юритиб, муҳаддис олим ибн Жавзийдан қуйидагиларни нақл қилиб келтиради:
“Агар бирор ҳадисни ақлга тўғри келмаслигини ёки (саҳиҳ) нақлларга мувофиқ эмаслигини ёхуд асл манбаларга зид эканини кўрсанг, билгинки, у – тўқима ҳадисдир. Асл манбаларга зид эканидан мурод – муснадлар ва машҳур китоблардан иборат Ислом оламидаги (ҳадис) тўпламларига киритилмаганидир” (“Тадрибур-ровий”, 469-бет).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, билиб-билмай турли гапларни ҳадис деб айтиш катта гуноҳдир. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун бирор ривоятнинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, нақл қилиш яхши эмас.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дедилар”.
(Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Имом Муслимнинг ривоятида:
“Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга ёлғонни билиб туриб тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин”, дейилган.
Яъни, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни у зотдан, деб нақл қилиш, инсонни дўзах томонга етакловчи амалдир. Бундай йўл тутишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.
Муғийра ибн Шўъба разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг номимдан ёлғон деб гумон қилинган ҳадисни айтса, у ёлғончилардан биридир”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз тўқима ҳадисларни айтиш ва тарқатишдан қаттиқ қайтарганлар. Ҳатто баъзи уламолар уни гуноҳи кабиралардан санаган. Фақат ўша “ҳадис” тўқима эканидан огоҳлантириш мақсадида айтишга рухсат берилган. Шундай экан, билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин, оддий-асоссиз гапларни ҳадис деб тақатишни тўхтатишсин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Саволда зикр қилинган ҳукмлар (атамалар) асосан еттига бўлинади:
1.Фарз 2.Вожиб 3.Суннат 4.Нафл 5.Мубоҳ. 6.Макруҳ 7.Ҳаром
✔️ Фарз – қатъий далилар билан собит бўлган амаллардир (масалан, исломнинг беш аркони каби). Фарз амаллар кўпайиш ва камайишни қабул қилмайди (масалан намозларнинг ракаатлари каби). Фарзга амал қилиш шарт. Фарзни инкор қилиш куфр, узрсиз тарк қилиш катта гуноҳ ва фосиқликдир. Энг катта савоб фарз амалларга берилади.
Фарз иккига бўлинади: фарзи кифоя ва фарзи айн.
?Фарзи айн – ҳар бир киши ўзи қилиши лозим бўлган фарзлар, масалан, таҳорат, намоз каби.
?Фарзи кифоя – жамоатдан бир неча киши бажарса бошқалардан соқит бўладиган, агар ҳеч ким қилмаса, ҳамма гуноҳкор бўладиган фарзлар, масалан, жаноза намози, Қуръонни тўлиқ ёд олиш каби.
✔️ Вожиб – фарз каби бажариш қатъий талаб қилинган, лекин далиллар фарзникидан кучсизроқ бўлган амаллар, масалан, фитр садақаси ва қурбонлик каби. Фарздаги каби қатъий билимни ифодаламагани учун вожибни амалий фарз ҳам дейилади ва уни инкор қилган кишини кофирга чиқарилмайди. Вожибни тарк қилган одам ҳам фосиқ бўлади.
✔️ Суннат – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин (Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али разияллоҳу анҳум)ларнинг тутган йўлларидир. Унинг ҳукми – фарз ёки вожиб бўлмасада бандадан уни бажариш талаб қилинади.
Суннат иккига бўлинади: суннатул ҳуда (ҳидоят суннати) ва суннатуз-завоид (қўшимча суннатлар).
?“Суннатул ҳуда” – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ибодат маъносида, Аллоҳ таолонинг розилиги учун доимий қилган амаллари. Уларнинг баъзилари бошқаларига қараганда кўпроқ таъкидланган бўлади, масалан, намозни жамоат билан ўқиш, азон ва иқомат такбирини айтиш каби. Бу суннатларнинг аксарияти исломнинг шиорлари бўлиб, бажарган савобга эришади, тарк қилган киши охиратда маломат ва итобга қолади
?”Суннатуз-завоид” – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийиниш, ўтириш, туриш ва таомланиш каби одатлари (бу ишлар ибодат ва қурбат сифатида қилинмаган). Уларга амал қилган киши савоб олади, тарк қилган киши гуноҳкор бўлмайди.
✔️ Нафл – қилса савоб, қилмаса гуноҳ бўлмаган амаллардир. Масалан, нафл намозлар каби. Нафл ибодатлар фарз ибодатлардаги нуқсонларни тўлдирувчи ҳисобланади. Баъзи уламолар “нафл” ўрнида мустаҳаб атамасини ҳам қўллашади. Мустаҳаб – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гоҳида қилиб, гоҳида тарк қилган ва салафи солиҳлар хуш кўрган амаллари. Уни “мандуб”, “адаб” ёки “фазилат” деб ҳам атайдилар. Баъзи уламолар уни суннатул ҳуда ва суннатуз-завоиддан паст даражада туради десалар, бошқа уламолар суннатуз-завоид мустаҳаб маъносидаги амалдир, деганлар. Мустаҳаб ҳам савобли амал бўлиб, уни тарк қилишни уламолар асло макруҳ деб билмайдилар.
✔️ Мубоҳ – қилинса ҳам, қилинмаса ҳам дуруст бўлаверади. Ундан киши савоб ҳам, гуноҳ ҳам топмайди. Қилиш-қилмаслик банданинг ихтиёридадир. Масалан, ҳалол таомларни ейиш, ҳалол ичимликларни ичиш, ўтириш, туриш, юриш ва зарарсиз сўзларни сўзлаш каби.
✔️ Макруҳ – қатъий бўлмаган далиллар билан ундан тийилиш талаб қилинган амал. Макруҳ амал иккига: макруҳи таҳримий (ҳаромга яқин) ва макруҳи танзиҳий (ҳалолга яқин)га бўлинади.
?Макруҳи таҳримий – вожибни тарк қилишдан келиб чиқади. Уни қилмаслик билан савобга, қилиш билан эса гуноҳга эга бўлинади. Масалан, Ҳайит кунлари рўза тутиш каби.
?Макруҳи танзиҳий – суннатни тарк қилишдан келиб чиқади. Суннат қанчалик такидланган бўлса, уни тарк қилиш шунча ҳаромга яқин бўлиб боради. Баъзи манбаларда “мустакраҳ” атамаси ҳам учрайди, у одобни тарк қилишдан келиб чиқади ва макруҳдан пастроқ даражада туради.
✔️ Ҳаром – тарк қилиш қатъий талаб қилинган амал. Ҳаромни тарк қилган савоб олади, амалга оширган гуноҳкор бўлади. Масалан, ноҳақ одам ўлдириш, одамзотга ва ҳайвонотга зулм қилиш, ғийбат қилиш каби ишлар.
Ҳаром иккига бўлинади:
? қатъий далиллар билан собит бўлган ҳаром, у фарзнинг муқобилида туради. Яъни, уни тарк қилиш фарз даражасидаги амал.
? қатъий бўлмаган далиллар билан собит бўлган ҳаром, уни макруҳи таҳримий ҳам дейилади. У вожибнинг муқобилида бўлади. Яъни уни тарк қилиш вожиб даражасидаги амал (“Нурул анвор”, “Қамарул ақмар”, “Кувайт фиқҳ энциклопедияси” ва “Хошиятус Сунбулий” китоблари).
Муҳими, мазкур амалларни бажариш ёки тарк қилишда ихлос, Аллоҳ таолонинг розилиги қасд қилиниши лозим. Шунда улар ибодат даражасига кўтарилади, ихлос бўлмаса, ибодатлар ҳам одатларга айланиб қолади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar
Istihora namozi qanday o’qiladi
“Истихора” сўзи луғатда “хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш” деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир. Шариатга тўғри келмайдиган ишни қилиш ёки қилмаслик учун истихора намози ўқиб бўлмайди, балки бундай ишга мутлақо яқинлашмасликга ҳаракат қилинади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: “Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг “Аллоҳим, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил”, десин ва ҳожатини айтсин”, дедилар”. . (Ҳадисни Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган)
Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинган ушбу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни тўғриси зоҳир бўлмаган нарсаларда Аллоҳга қайтиш, ҳар қандай муҳим ишларда Ундан маслаҳат талаб қилишни ўргатмоқдалар. Бу истихорани таълим беришда худди Қуръон сураларини таълим бергандек ғоят аҳамият қилардилар. Агар бандага бирор иш мушкул бўлиб, тўғриси қайси нарсада экани ноаниқ бўлиб қолса, туриб икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳга юзланиб, у ишни ҳақиқатини очиб беришини талаб қилиб, албатта сўраётганида Холиқга сано айтиб, дуо қилиб, ўша дуосида тазарруъ ва бўйин эгиб, махлуққа хос синиқ ҳолда туришини уқтирмоқдалар. Чунки инсон ўзига фойда ҳам зарар ҳам келтира олмайди. Демак, мусулмон киши Раббисига юзланаётганида ўша истихора қилиб сўраётган нарсаси дини ва дунёсида яхшилик бўлса ўша ишни осон бўлишини, бордию дини, дунёси, ҳаёти ва охиратида ёмон бўлса қалбидан у нарсани бошқа нарсага буриб юборишини сўрамоғини уқтирмоқдалар. Бу нарса фақат бандани Раббисига бўйсуниши ва убудийятга иқрор бўлишининг бир намунасидир. Аллоҳ фазлини ўз бандалари устида доим бўлишини яхши кўради. Бандаларнинг ўша фазлга етишиш учун фақат Унга юзланиб, фазлини талаб қилишса кифоя. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини қўл чўзишганида ноумид қайтаришдан азизроқдир.
Киши иcтихора намозини ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб ёки ўша ишга олиб борувчи шароитлар осонлашиб, қилгиси келиб қолса, қилади. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Афзали истихорани уч кундан етти кунгача кетма-кет қилинади. Агар ундан кейин ҳам қалб бир нарсага таскин топмаса, бир тараф ғолиб бўлгунича истихора давом этилаверади ва ишни қилишдан тўхтаб турилади. Аслида «истихора фалон кунгача қилинсин» деган муайян муддат йўқ. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳу бир ой кетма-кет истихора қилганлар. Агар бир ойдан кейин ҳам шарҳи содр, қалби таскин топмаганида истихорани давом эттирган бўлар эдилар. (Роҳматуллоҳил васиъа)
Истихоранинг натижаси ва намознинг қабул бўлганининг аломатлари: Уламолар истихора борасида «Истихоранинг таъсири шунчаликки ким бирор ишни қилишда иккиланиб тараддудга тушган бўлса, суннатга мувофиқ қилинган истихорадан икки фойда бўлади.
1.-Қалб қайсидир бир ишга ҳотиржам бўлади.
2.-Қилинадиган ишнинг сабабларини Аллоҳ таоло муҳайё қилиб қўяди» деганлар.
Баъзи уламолар «Истихора қилгандан кейин инсоннинг қалби бир тарафга таскин топади. Фаразан бир тарафга таскин топмаса ҳам истихорадан кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Чунки банда истихора қилишнинг ўзи билан Аллоҳ таоло бандага унинг фойдаси учун бўладиган ишни муяссар қилади. Мабодо киши бир ишни яхши деб билсаю, Аллоҳ таоло унга бирор тўсиқни пайдо қилиб бандани ундан буриб қўйса, банда билсинки унда яхшилик йўқдир. Ўша тўсиқ истихоранинг баракоти туфайли пайдо бўлган тўсиқ ҳисобланади» деганлар.
Истихора қилинганидан кейин ҳам зиён кўрилса. Бирор киши истихора қилиб қалби таскин топганидан кейин ўша ишни қилиб зоҳирида зарар кўрса ҳам қилган истихораси тўғрисида нотўғри гумонга бормасин. Макҳуул Аздий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «Баъзи вақт инсон Аллоҳ таолога қайси иш менга яхши бўлса ўшани менга насиб қилгин – деб истихора қилади ва Аллоҳ таоло у учун фойдали бўлган ишни унга насиб қилади. Кейинчалик кишига у иш машаққатли ва зарарли кўринади. Шунда банда норози бўлади. Лекин бироз вақт ўтгач Аллоҳ таоло у учун яхшиликни ирода қилгани намоён бўлади. Аллоҳ таолонинг чиқарган ҳукми шак-шубҳасиз тўғридир, унинг оқибати яхши эканлиги баъзи вақт бу дунёда зоҳир бўлса, баъзи вақт охиратда билинади» деганларни эшитдим» дедилар. (Зуҳд китобидан)
Истихора намози ҳақидаги нотўғри тушунчалар:
Истихора қилиш аслида жуда ҳам осон иш. Лекин шайтон шунга ҳам аралашган ва одамларда бир неча нотўғри фикрлар пайдо бўлган. Ҳалқ орасида тарқалган асоссиз фикрларнинг айримлари:
1. “Икки ракат ўқиб ҳеч ким билан гаплашмасдан ухлаш керак, акс ҳолда истихоранинг фойдаси бўлмайди”, деб ўйлаш. Уламолар икки ракат намоз ва ҳадисда ўргатилган дуо билан истихора қилиш мустаҳаб амалдир», дейишган. Ўша намоз икки ракат бўлиб, фарз намозидан олдинги ёки кейинги равотиб суннат намозларида, таҳиййатул масжид ёки бундан бошқа нафл намозларида ҳам ҳосил бўлаверади.
2. “Истихора ўқиган одам уйқуга ўнг тараф билан ётиш керак; Қиблага юзланиб ётиш керак”, деб ишониш. Таҳоратли бўлиб, қиблага юзланиб, ўнг томон билан ётиш ухлашнинг одобларидан эканлигида шак йўқ. Лекин истихора қилган кечаси шундай ҳолатда бўлиши шарт деган тушунча нотўғридир. Уйқуга ётган кишининг ўнг ёнбоши билан, юзини қиблага буриб ётиши шариат одобларидан бўлиб, истаганлар истихора ўқишни кутмасдан ҳам амал қилаверадиар.
3. “Уйқусида мақсадига ишора қилувчи тушни кутиш керак; Тушда фалон рангни кўрса яхши, фалон ранг ёмон; Тушига бирор улуғ одам кириши керак ва ҳ.к”, деб ишониш. Истихора қилган иши ҳақда туш кўриши ҳам мумкин, лекин туш кўриш шарт қилинмайди. Истихора намози тўғрисидаги келган ривоятларда туш кўриш ҳақида бирор аниқ хабар келмаган.
Юқоридаги каби фикрларнинг истихорага алоқаси йўқ, ҳадис орқали ҳам собит бўлмаган. Баъзи китобларда шундай гаплар келган бўлса, таҳқиқ қилинмасдан ёзилган бўлади. Кўпчилик «истихора фақат жуда муҳим ва катта ишлар тўғрисида ёки инсон қилиш-қилмасликда иккиланиб қолган ўринлардагина қилинади» деб ўйлашади. Масалан никоҳ, тижорат, катта нарсаларни сотиб олишлардагина қилишади. Чунончи авом халқ саноқли ўринлардагина истихорадек суннат амалини қилишга муваффақ бўладилар.
Ваҳоланки истихоранинг таржимасидан ҳам маълумки, истихора Аллоҳ таолодан хайр барака тилаш ишидир. Уни инсон кечаю-кундуздаги барча ишларида Аллоҳ таолодан сўраши керак. Хоҳ у қилмоқчи бўлган иши кичик ёки катта бўлсин, иккиланмаётган ҳам бўлсин, ўзининг наздида кичик деб ҳисоблаётган бўлсин ёки қилса яхшилиги аниқ бўлсин ёки қилишга мажбур бўлсин барчасида истихора билан бошласа, аввало суннатга амал қилган бўлади ва истихоранинг баракотидан насибадор бўлади. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ «Қачонки бирор киши менга савол билан мурожаат қилса, жавоб беришдан аввал бироз тўхтайман ва «Бу инсоннинг асл ҳолати Ўзинга маълум, бу киши учун нима фойда ва нима зарарлиги ҳам Ўзинга маълум, бунинг масаласи жавоби нима бўлишини менинг қалбимга солгин, унутган бўлсам эслатгин» деб Аллоҳга боғланаман» деганлар. Бу ҳам бир жиҳатдан, ўзига хос истихора ҳисобланади.
Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди. Агар бу сураларни билмаса, Қуръондан ўзи билган бошқа сурани ўқиши ҳам мумкин.
Истихора дуоси
Истихора намози ўқиб бўлингач, саломдан кейин қуйидаги дуо ўқилади:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَالْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ،اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي، وَمَعَاشِي،وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ، فَاقْدُرْهُ لِي، وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْلِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي، وَمَعَاشِي،وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَو فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ، فَاصْرِفْهُ عَنِّي، وَاصْرِفْنِيعَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي
“Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ” деб, ҳожати айтилади.
Маъноси: “Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт”.
Юқоридаги дуо ёддан, бошқа нарсага чалғимасдан ўқилиши афзал. Бу дуо билан энди танишаётганлар бўлса, ёдлаб олгунларича қоғоздан ёки бошқа бирор нарсадан дуо матнини ўқиб туриб дуо қилишлари мумкин. Агар киши узрли бўлиб, бунга ҳам қодир бўлмаса, қуйидаги дуони айтиши керак:
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бир иш қилишни хоҳласалар: اللهُمَّ خِرْ لِي وَاخْتَرْ لِي
«Аллоҳумма хир лий вахтар лий», деб айтардилар». (Ҳадисни Имом Термизий заиф санад билан ривоят қилган)
Маъноси: Аллоҳим, менга яхшиликни ихтиёр қил.
Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.