Press "Enter" to skip to content

Imom al-Buxoriy maqbarasi

Ҳадис ровийларига нисбатан алоҳида диққат-еътибор, чуқур муносабат билан қаралиб, ҳар хил услубу қоидалар яратилди, масалан: қайси ҳолатларда замондошларнинг иллати қабул қилинмайди, қайси бир ҳолатларда қабул қилинади каби аниқ йўл-йўриқлар ишлаб чиқилди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадисларда иллат масаласи муҳим аҳамият касб этиб, у билан шуғулланадиганлардан ўта диёнатли ва тақводорлик, қобилият талаб қилинади. Имом ал-Бухорий бу соҳада ўзига асосий дастурул-амал қилиб олган эҳтиёткорлик маслаги, у диёнат, иймон-ихлос ва художўйликда юксак даражага эришганлигини кўрсатади.

Имом ал-Бухорий: ҳаёт йўллари

Имом ал-Бухорийнинг исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби баъзан имом ал-муҳаддисийн (муҳаддисларнинг имоми, пешвоси), баъзан амир ул-муъминийн фил-ҳадис (ҳадис илмининг амири, султони) ва насаби Муҳаммад ибн Иброҳийм ибн ал-Муғийра ибн Бардазбаҳ ибн Базазбеҳдир. Сўнгги икки исми ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳ)дан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорийнинг асл насаби ажамларга бориб тақалади. Бу фикр талай адабиётларда қайд қилинган бўлиб, кўпчилик муҳаддисларнинг таъкидлашларича, “Бардазбеҳ” сўзи арабча “зориъ” (зироат, деҳқончилик билан шуғулланувчи киши) маъносини билдиради. Машҳур олим имом ас-Субкий ўзининг “Табақот аш-шофиъийя ал-кубро” (“Шофеъий улуғ табақалар”) номли йирик асарида Бардазбеҳнинг отасини Базазбеҳ деб кўрсатган.Имом ал-Бухорий ҳақида ёзган кўпчилик олимлар эса унинг насабини фақат Бардазбеҳга боғлаб тугатганлар. Афсуски тарихчилар Бардазбеҳ, унинг отаси Базазбеҳ ҳақларида деярли ҳеч қанақа маълумот келтирмаганлар. Баъзи олимларнинг хабарларига кўра улар икковларининг келиб чиқиши ажамдан бўлиб, уларнинг динларига эътиқод қилганлар. Имом ал-Бухорий отасининг бобоси ал-Муғийра Бухоро ҳокими Яман ал-Жуафийдан ислом динини қабул қилган бўлиб, Бухорони ватан тутиб яшаб қолган. Ўша пайтдаги таомулга кўра, агар бирон киши ислом динини кимдан қабул қилса, ўша кишининг қабиласига мансуб ҳисобланган. Бу одат қабул қилинган динга содиқликнинг белгиси бўлиб, арабча нисбат ул-вилў фил-ислом (ислом динига содиқлик нисбати) деб аталиши одат тусига кирган эди. Албатта ал-Муғийра ҳам ўша даврда оммавий тус олган ушбу урфдан ҳоли бўлмаганлигидан унинг ўзи ҳам, ундан кейинги туғилган авлодлари ҳам, шу жумладан имом ал- Бухорий ҳам Жуъафий деб атала бошладилар. Имом ал-Бухорийнинг насли-насаби ҳақида тарихчилар келтирган маълумотлардан яна шуни қайд қилиш керакки, унинг бобоси Бардазбеҳнинг исмини баъзилар аслида ал-Аҳнаф деб келтирганлар. Аҳнаф деб одатда энг ақлли, доно кишиларганисбат берилган, гўёки сахий, қўли очиқ кишилар “Ҳотамтой” деб айтилгани сингари. Бундан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорийнинг бобосининг ҳақиқий исми Бардазбеҳ бўлса-да, у оқил, зукко инсон бўлганлигидан ал-Аҳнаф лақаби билан ҳам аталган.

Имом ал-Бухорийнинг отаси Исмоил, унинг куняси Абул-Ҳасан бўлиб, ўз даврининг етук муҳаддисларидан саналиб, имом Моликнинг шогирд ва ашобларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган. Афсуски ҳозирча унинг қаламига мансуб бирор асар ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Бироқ уни Ҳамад ибн Зайд, имом Молик, Абу Муовия каби ўз даврининг йирик муҳаддисларидан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг суҳбатида бўлиб, ундан таълим олгани ҳақидаги хабарлар манбаларда келтирилади. Унинг шогирдларидан ироқлик бир қанча олимлар Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Имом ал-Бухорий “ат-Таърих ал-Кабир” (“Катта таърих”) асарида отасининг таржимаи ҳоли ҳақида талай маълумотлар келтиради. Тарихчи ал-Ҳофиз ибн Ҳиббон ўзининг “Китоб ас-Сиққот” (“Буюк инсонлар ҳақида китоб”) номли асарида Исмоил ибн Иброҳим яъни ал-Бухорийнинг отаси, Ҳамад ибн Зайд ва Моликдан ҳадислар ривоят қилган, ундан эса ироқлик олимар ҳадислар ривоят қилганлар”,-деб таъкидлайди.

Манбаларда зикр қилинишича, аллома Исмоил ўта тақводор, художўй, ҳалол бир инсон бўлган. Тарихчи Аҳийд ибн Ҳафаснинг ёзганлари бу фикримизга ёрқин далилдир. “Абу Абдуллоҳ (имом ал-Бухорийнинг отаси) бандаликни бажо келтираётган чоғида уни зиёрат қилганимда менга у: “бор молу-дунёмдан на ҳаром йўл билан, на шубҳали, нопок йўл билан топилган бир дирҳамни ҳам билмайман, деб илтижо қилганида менинг нафасим бўғилиб, бутун вужудим унинг улуғворлигидан ҳеч нарсадай туюлди”,- деб ёзади.

Шунингдек имом ал-Бухорийнинг отасига хос бўлган яна бирқанча асл инсоний фазилатлар ва унинг алоҳида хусусиятлари зикр этилиб, бундай фазилатлар ўша даврдаги камдан-кам кишиларда учрагани ҳақида ҳам қайд қилинади.

Имом ал-Бухорийнинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва ҳар хил кароматлар соҳибаси бўлган оқила аёл бўлган. У эл орасида Аллоҳ таолога илтижо этиб, доимо дуолар ўқиб юрадиган покиза аёл сифатида танилган эди. Маълумки, имом ал-Бухорий ёшлигида кўзи жароҳатланиб кўриш қобилияти сусайган бўлиб, ҳар қанча уринмасин ҳам табибларуни даволай олмагандилар. Кунлардан бир куни ал-Бухорийнинг онаси тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўрганда у зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: “Eй волида! Сенинг дуоларингнинг кўплигидан Аллоҳ-таоло ўғлингга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди”, – деб хитоб қилганлар. Кейин у “Уйқумдан уйғонсам ўғлим Муҳаммаднинг кўз нури тўлиқ қайтиб тузалиб кетибди”,-деган ривоят мавжуддир. Афсуски, имом ал-Бухорий ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолганлиги, унинг сабаблари, сўнгра унгатўлиғича кўз қувватининг қайтганлигини-чунончи у “ат-Тарих ал-Кабир” номли асарини ойнинг ёруғида ёзган- тафсилотлари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар учратмадик. Абу Али ал-Ғассоний деган олим “Муҳаммад ибн Исмоилнинг ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолган. Унинг онаси тақводор аёл бўлиб тушида Иброҳим Халилуллоҳни кўрганда у: Кўп дуолар қилиб йиғлаганингдан Аллоҳ таборако ва таоло ўғлингни кўзини қайтарди”,-деган. Она: “Eрталаб уйғонсам, Аллоҳ ўғлимга кўриш қобилиятини қайтарганини кўрдим”,-деган. У ҳам юқоридаги фикрни айнан қайтаради.

Имом ал-Бухорий азалдан илм фан ва маданият равнақида машҳур бўлган Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Кўплаб муарриҳларнинг гувоҳлик беришларича, Бухоро азалдан Мовароуннаҳрнинг энг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бири бўлган. Манбаларда зикр қилинишича, шаҳарнинг ўраб турган деворлари ўттиз олти миллга чўзилган. Шаҳарнинг обод ва кўркамлиги, унинг беназир гўзаллигихусусида Манбаларда зикр қилинишича, шаҳарнинг ўраб турган деворлари ўттиз олти миллга чўзилган. Шаҳарнинг обод ва кўркамлиги, унинг беназир гўзаллиги хусусида кўплаб шоирлар ва фозиллар ўзларининг насрий ва назмий асарларида алоҳида эҳтирос билан тараннум этганлар.

Мана шу муҳташам шаҳар-Бухорои шарифда 194 ҳижрий сана шаввол ойининг 13 кунида салотул жумъадан кейин (810 мелодий сана 21 июл) жамийъ муҳаддисларнинг имоми, ҳадис илмининг султони (амирул мўмъинийн фил ҳадис), саййидул фуқаҳо каби улуғ лақабларга муяссар бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларига дурдонасимон сайқал бериб, уларни абадул-абад барҳаёт қилган улуғ зот имом ал-Бухорий дунёга келган. Буюк шоир ва мутафаккир Абдурраҳмон Жомий буюк муҳаддиснинг илмий салоҳиятига юксак баҳо бериб: Батха (Макка) ва Ясриб (Мадина)да ясалган танганинг Бухорода сайқали камолига етди”-деб ёзган эди. Ўрта асрларда туғилган олимлар таваллуд этган ойлар, кунлар тугул манбаларда хатто кўпинча йилларида ҳам аниқ бир сана бўлмай, хилма-хил йиллар кўрсатилган ҳоллари кўп учрайди. Имом ал-Бухорийнинг туғилган вақти (куни, ойи, йили)нинг аниқ келтирилишининг боиси шундаки, унинг ўзини ёзишича, у туғилган вақт ҳақида отаси қўли билан ёзиб қўйган варақ, унга замондош олимларга етиб келган.

Имом ал-Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, унинг тарбияси фақат волидаси кафолатида бўлган. Бирмунча улғайиб ақли расо бўлгач, унинг қалбида исломий илмларга, айниқса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга мойиллик тобора кучая бориб, у даставвал Ибн ал-Муборак ва Вакийънинг ҳадисларга оид асарларини ёд олади.

Имом ал-Бухорийнинг котиби, унинг асосий таснифи “Саҳиҳ” асари ровийларидан бири Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотам ал-Варроқ шундай деб ёзади: “Ал-Бухорийнинг: “Ҳадисларни ёд олиш илҳоми менга бошланғич мактабда ўқиётганимда келган эди”-деб айтганини эшитганимда: “Ўшанда неча ёшда эдингиз”?-деб сўрадим: у “Ўн ёшда балким ундан ҳам кичик эдим”, – деб жавоб берганди. Бу мисолдан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорий жуда ёшлигидан бошлаб ҳадисларни ёд олиб, бу илмга алоҳида завқ-шавқ ва қизиқиш билан қараган.

Имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида гапирадиган бўлсак, у энг аввало ўша пайтда Бухоронинг таниқли муҳаддисларидан саналган олим ад-Дохилийдан ҳадис илмидан сабоқ олган. Ҳадисларни ўрганиш бўйича ушбу олим ташкил этган тўгарак (ҳалқа)нинг шуҳрати кенг тарқалган бўлиб, унинг фаолияти ёйилиб улкан самараларга эришган. Кунлардан бир куни ад-Дохилий ўз одатича ҳадис илмидан дарс берар эди, ал-Бухорий ҳам бошқалар қатори дарс тинглаб ўтирган эди. Шунда Ад-Дохилий бир ҳадис исноди ҳақида гапириб: Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деб қилди. Бунга ал-Бухорий: “Абу Зубайр ҳеч вақт Иброҳимдан ривоят қилмаган”,- деди ва бу билан у ад-Дохилийнинг бу санад хусусидаги хатодан огоҳ қилмоқни истаганди. Ўз шогирдининг овозини эшитган ад-Дохилий эса ҳайратга тушиб дағаллик билан уни сўзини бўлди. Шунда ал-Бухорий ўта хотиржамлик билан: -“Устоз, агар ишонмасангиз асил манбага қаранг”,- деди. Ад-Дохилий манбага қараб ал-Бухорий айтган гапнинг тўғрилигини эътироф қилиб тан олди-ю, лекин ўша ҳадис санадини тузатишни пайсалга солди. Инсоф юзасидан ёки уни синаб кўриш учунми хуллас, санадни тузатиш масаласини ал-Бухорийнинг ўзига ташлади. Ташқарига чиқишгач, ал-Бухорийдан:

-“Э, бола, бу ёғи энди қандай бўлади”?-деб сўради.

Ал-Бухорий эса ўйламасдан шундай жавоб қилди:

-“Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилган”. Шундан кейин у (ад-Дохилий) қалам олиб ёзганини тузатди ва сен ҳақсан, – деди. Ал-Бухорийнинг айтишича, бу вақтда у атиги ўн бир ёшда бўлган”. Манбаларда келтирилишича, ал-Бухорийга ўн ёшидан бошлаб ҳадисларни ёд олиш илҳоми насиб этиб, ёши улғайган сари бу рағбати тобора кучайиб зиёда бўлиб борган, у нафақат ҳадисларни шунчаки ёд олиш, балки унда ёшлигидан бошлаб ҳадисларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳларга (хато, нотўғри) ажратиш, уларнинг иллатларини аниқлаш, ҳадис ровийларини ўрганиб таҳқиқ қилиш, улар ривоятининг адолатлилиги, тўғрилиги, ишончли ёки ишончсизлиги, ровийларнинг маиший ҳаётлари, яшаш жойлари, туғилган ва вафот этган саналари, бир-бирлари билан ўзаро қилган мулоқотлари(, турли ровийлар келтирган ҳадисларни бир-бирига солиштириб муқояса қилиш, уларнинг бир-бирлари билан ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирига боғлиқ бўлмай узилишлар бор ҳолатлари, ҳадис илмининг хилма-хил ва энг юқори нуқталарига етишиш, унинг турли масалаларини чуқур таҳқиқ этиш, уларни жаъмлаш ва Қуръони карим оятлари билан узвий боғлиқликда ўрганиш каби масалалар билан қизиқди. Агар мухтасар ҳолда хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу масалалар билан имом ал-Бухорий ёшлигидан бошлаб алоҳида иштиёқ ва меҳр билан астойдил шуғулланиб, бу олий жаноб ишлар унинг бутун фикри-зикрини батамом чулғаб, унинг дилида кундан-кун кучайиб тобора мустаҳкамланиб боради.

Ҳадисшуносликда яна бир муҳим фан бўлган иллатли ҳадисларни аниқлаш ғоятда масъулиятли ва мураккаб ишлардан ҳисобланади. Ҳадис илмига оид барча тартибот ва услубларни мукаммал билиш билан бир қаторда ровийларнинг туғилган ва вафот этган вақтлари, ушбу ҳадисни кимдан эшитиб, кимдан ривоят қилаётгани, эшитган ибора ва алфозларининг аниқлигини тўла-тўкис эгаллаган бўлишлиги керак. Шу боисдан ҳам муҳаддисларнинг кўпчилиги: “бу масалаларни тўла-тўкис эгаллаш ҳадис илмида энг йирик муаммо ва айни вақтда ўта шарафли масъулият деб ҳисоблайдилар. Ҳадисни ёдлаб уларни мукаммал идрок қилган ва улкан тажрибага эга бўлганларгина, ҳадислар хусусида узил-кесил гапиришга ҳақлари бўлганлардан фақат Али ибн ал-Мадийний, Яқуб ибн Шайба, Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Бухорий, Абу Ҳотам, Абу Зуръа, Ад-Дорақутний ва уларга эргашган бир неча муҳаддислар ушбу юксак мақомга сазовор деган фикрни олға сурадилар. Бу ўринда Али ибн ал-Мадийнийнинг қуйидаги сўзларини келтириш иллатли ҳадисларни қанчалик қийин ва мураккаб эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. “Менинг ўзим билган бир ҳадиснинг иллатини аниқлашдан кўра янги, мен билмаган йигирмата ҳадис ёзиб олишим мен учун осондир”. Дарҳақиқат, ҳадисларда гарчанд зоҳиран ўзаро боғлиқлик бўлса-да, исноди жиҳатидан дастлабки ровийга бекаму-кўст етказиш ёки узилиш билан етказиш, ёки бир ҳадис ибораларини иккинчи бир ҳадис сўзлари билан аралаштириб юбориш ёки бўлмаса ровийлардан бирининг нуқсонини аниқлаш жуда қийин ва машаққатли вазифадир. Мана шу зайлдаги тўлиқ имкониятга ва ҳар томонлама мукаммал ахборотга эга бўлмаганлар, табиийки, ҳадис илмида бирор ютуққа эришиши амри маҳол эди. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, имом ал-Бухорий мукаммал эгаллаган буюк санъатлардан бири бу иллатли ҳадисларни аниқлаш санъати бўлган. Имом ал-Бухорийнинг замондоши бўлган олим ал-Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳамдун бундай деган: “Усмон ибн Абу Саъийд ибн Марвоннинг жанозаси пайтида Муҳаммад ибн Яҳъя аз-Зуҳлий ал-Бухорийдан ровийлар исмлари ва иллатли ҳадислар ҳақида савол сўраганида ал-Бухорий гўёки у “қул ҳува оллоҳу аҳад”ни ёддан ўқиётгандек-мерганнинг бехато ўқи мисоли тўғри жавоб қилганини кўргандим”. Мавриди келганда шуни айтиш керакки, мана шу даврда-яъни ИХ асрда Нишопурда илм-фан, айниқса; ҳадис илми ниҳоятда тараққий қилиб, унда имом ал-Бухорий, имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, имом ат-Термизий ва бошқа бирқанча буюк муҳаддислар йиғилган бўлиб, улар шаҳарда фаолият кўрсатадиган мадрасаларда ҳадис илмидан дарс берардилар. Бу буюк муҳаддислар ораларида илмий мунозаралар ва баҳслар жуда кўп бўлган. Имом ал-Бухорий ҳадис соҳасидаги ўз илми ва салоҳияти, айниқса, иллатли ҳадисларни аниқлаш маҳорати билан барчани қойил қолдирган, муҳаддисларнинг ҳаммаси унга бир овоздан тан берган. Имом ал-Бухорий масжидларда, оммавий илмий йиғинларда ҳам иштирок этган. Унинг чуқур билимига тан бериб, ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан бири саналган Муслим ибн ал-Ҳажжож имом ал-Бухорийга ўз самимий муносабатларини билдириб: “Сизни фақат ҳасадгўйларгина кўра олмайди. Менинг иймоним комилки, сиздек буюк олим жумлаи- жаҳонда йўқ.- деб ҳитоб қилган.

Имом ал-Бухорийнинг иллатли ҳадисларни билишдаги беназир маҳорати, мукаммал илми ва қобилияти ҳақида унинг замондошлари кўп қимматли фикрларни билдирганлар. Иллатли ҳадисларга атаб махсус асар ёзган имом ат-Термизий ўз асари “Китоб ал-Илал”да: “Ҳадислар, ровийлар, улар тарихларидаги иллатлар хусусидаги фикрларим имом ал-Бухорийнинг “Китоб ат-Таърих” асаридан фойдаланганларим, улардан яна кўпроғини Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий билан қилган илмий мунозараларим пайтида олганман, шунингдек Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон, Абу Зуръадан ҳам фойдаландиму, лекин барибир кўпроғи Муҳаммад ал-Бухорийдан, камроғи эса Абдуллоҳ билан Абу Зуръадандир”,-деб таъкидлаган. Яна имом ат-Термизий, “иллатли ҳадисларни ва иснодларни аниқ билишда Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан кўра устун бўлган бирорта олимни кўрмадим”,-деб қайд қилган.

Имом ал-Бухорий иштирок этган илмий мажлисларнинг бирида ўз замонасининг етук олимларидан саналган ал-Фарёбий санади қуйидагича бўлган бир ҳадис ҳақида гапириб: “Суфён Абу Урвадан у Абул Хаттобдан, у Абу Ҳамзадан”,-деди. Мажлисда ҳозир бўлганларнинг бирортаси ҳам Суфёндан бошқаларининг ким бўлганлигини аниқ билмади, чунки бу ўринда уларнинг фақат кунялари (Абдул Хаттоб, Абу Ҳамза) айтилган эди. Шунда Муҳаммад ал-Бухорий вазминлик билан: “Абу Урва-бу Муаммар ибн Рошид, Абул Хаттоб эса Қатода ибн Даома, Абу Ҳамза бўлса Анас ибн Моликдир. Буюкларнинг ишлари инқилобий тусда улуғвор бўлганлиги учун ҳам улар фақат кунялари билан айтилганлар”,-деди. Ҳадис ривоятидаги ноқислик ва уларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш масалалари саҳобалар давридан бошланиб, ўша пайтданоқ ҳадисларни ёзиб олишда унга алоҳида эътибор берилган. Чунончи, саҳобаларнинг ўзлари ривоят қилган ҳадисларда ҳам иллатли ҳадислар учраган ҳоллари аниқланган эди. Пайғамбар вафотларидан кейин вақт жиҳатидан муддат кам ўтганлиги, ҳадисларни нақл қилишда воситаларнинг озлиги туфайли бошда унга эҳтиёж унчалик катта бўлмаганди. Ривоятда иштирокчилар сони кўпайиб, вақт ўтаборган сари ровийларнинг иллатини аниқлаш масаласига янада зарурат кучайди. Ҳадис илмида ҳам, муҳаддислар орасида ҳам бу масала муҳим аҳамият касб эта бошлади.

Ҳадис ровийларига нисбатан алоҳида диққат-еътибор, чуқур муносабат билан қаралиб, ҳар хил услубу қоидалар яратилди, масалан: қайси ҳолатларда замондошларнинг иллати қабул қилинмайди, қайси бир ҳолатларда қабул қилинади каби аниқ йўл-йўриқлар ишлаб чиқилди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадисларда иллат масаласи муҳим аҳамият касб этиб, у билан шуғулланадиганлардан ўта диёнатли ва тақводорлик, қобилият талаб қилинади. Имом ал-Бухорий бу соҳада ўзига асосий дастурул-амал қилиб олган эҳтиёткорлик маслаги, у диёнат, иймон-ихлос ва художўйликда юксак даражага эришганлигини кўрсатади.

Иллатли ҳадислар ҳақидаги имом ал-Бухорийнинг мулоҳазалари жуда мутавозеъ ва одоб- аҳлоқ юзасидан бўлиб, “уни шундай қолдирганлар (таракаҳу) “у ташлаб кетилган” (матрук), “тушириб қолдирилган”(соқит), “бу ҳақда ўзгача бир фикр-мулоҳаза ҳам бор”, “бу хусусда аввал ўтганлар ҳеч нарса демаганлар” ва шунга ўхшаш беозор, оддий ва самимий иборалардан ташкил топган. Жуда камдан-кам ҳолларда имом ал-Бухорий бирон одамга нисбатан: “у ичидан ўйлаб чиққан ёки “каззоб” демасди, иллатли ҳадислар масаласида ал-Бухорий ишлатган энг қаттиқ айблов “ҳадиснинг инкор қилувчи” (“мункир ал-ҳадис”) деган ибора бўларди. Ҳадис илмида шу қоида одат тусига кирдики, агар имом ал-Бухорий бирон ровий ҳақида “у мункир ал-ҳадис” деса, ундан ҳеч вақт ҳадис ривоят қилинмасди. Бу хусусда Ибн ал-Қаттон имом ал-Бухорийнинг ушбу сўзларини келтиради: у (ал-Бухорий) унга “Ҳар қандай киши ҳақида “у мункир ал-ҳадис” деган бўлса тамом, ундан ҳеч вақт ҳадис ривоят қилинмайди”,-деган.

Имом ал-Бухорий устозларининг сони кўп бўлиб, улардан бирининг исми “Мусаддид” (луғавий маъноси “тўғри йўлга бошловчи”) эди. Ал-Бухорий унга қаттиқ ишониб: “Мусаддид-ўз исмига монанд тўғри йўлга бошловчидир. Китобларим ўзимда бўладими ёки унда бўладими-менга фарқи йўқ”,-деб доимо такрорлар эди. Ушбу таъкиддан аён бўлаётирки, имом ал-Бухорий ўз китобларини муҳофазасига алоҳида аҳамият берган. У бу масалага бамисоли ҳадис ривоятига эътибор бергандек алоҳида эътибор билан қараган. Шунингдек, улар қандай одамларнинг қўлида сақланишига ҳам жиддий қараган. Ўз китобларини ҳар қандай кимсанинг қўлига тушиб қолишига бефарқ қарамаган.

Имом ал-Бухорий ўзининг бутун фаолияти давомида ҳам илмий, имкони бўлса моддий жиҳатидан одамларга, яъни Оллоҳнинг бандаларига бирор навф етказишни ўзининг асосий мақсади қилиб қўйган эди. У доимо илм аҳллари-ю, илм толибларига, ҳатто устозлар (аш-шуюҳ) ва муҳаддисларга ҳам моддий ёрдам кўрсатарди. Тижорат қилганда ҳар сафар ўзи кўраётган ойлик даромадидан, яъни фойдасидан беш юз дирҳамни фақиру мискинларга, илм толибларига сарфларди. Толиби илмларга маълум маблағлар (маошлар) ажратиб, уларни алоҳида қизиқиши, завқ-шавқ билан Пайғамбар алайҳиссалом илмларини (ҳадиси шарифларини) ўрганишга рағбатлантирарди, аҳли илмга нисбатан ғоятда кўп эҳсон кўрсатарди. Айни вақтда имом ал-Бухорий ўз шахсий ҳаётида, ейиш-ичишда ва кийинишда сира ҳам ортиқча дабдаба ва беҳуда сарфу-харажатларга йўл қўймасди, сабр- тоқат ва қаноат, чидамлилик унинг учун одат тусидаги табиий бир ҳол эди.

Имом ал-Бухорий ғоятда беғубор, ҳалол-покиза, диёнатли инсон бўлиб, ғийбату-ноҳақликлардан узоқ бир киши эди. У доимо “Ғийбат қилишлик ҳаром эканини билганимдан бошлаб, ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман”,-деб таъкидларди.

Имом ал-Бухорийнинг энг улуғ фазилатларидан яна бири у таассуб (мутаассиблик)нинг ҳар қандай кўринишларидан узоқ бўлган аллома эди. Унинг шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий” билан чуқурроқ танишилса, ал-Бухорийнинг ўз китобидаги маълумотларга ниҳоятда катта синчковлик ва эҳтиёткорлик билан ёндошганини кўрамиз. Қанчадан-қанча машаққатлар билан тўпланган ҳадисларининг саҳиҳлигига тўла ишонч ҳосил қилиб, обдон текширгандан кейингина ўз асарига киритганлиги ушбу фикримизни яна бир бор тасдиқлайди. Имом ал-Бухорийнинг “Саҳиҳ” асари ҳақида гапирар эканмиз, шуни ҳам қайд қилиш керакки, ушбу китобнинг саҳиҳ иснодларида аҳли суннага мансуб бўлмаган ровийлар ҳам учрайди. Имом ал-Бухорий муҳаддисларда ҳадисларга бўлган катта меҳр ва интилиш ҳамда унга қатъий амал қилиш ҳар қандай таҳсинга сазовор, деб ҳисобларди. Бу масала ғоятда муҳим бўлиб, бу хусусда баъзи муҳаддисларнинг ўзлари ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирганлар. Жумладан, имом Аҳмад ибн Ханбал “ўзим амал қилмаган битта ҳам ҳадисни китобга олмаганман” деб таъкидлаган бўлса, ўз даврининг йирик муҳаддисларидан бири саналган Вакийъ ибн ал-Жарроҳ: “Агар бирор ҳадисни ёдлашни истасанг, энг аввало унга амал қил”,-деган. Яна бир муҳаддис Иброҳим ибн Исмоил эса:”Ҳадисларни ёдлашда энг аввало унга амал қилиш йўлидан фойдаланардик”, -деб таъкидлаган, аллома ас-Суютий ўзининг “Ат-Тадрийб” номли асарида бу жараённи қуйидагича ифодалайди: “Ибодатлар, одоб-аҳлоқ, фазилатлар, солиҳ аъмоллар хусусида эшитган ҳадислардан самарали фойдаланиш лозим. Бу биринчидан ушбу ҳадиснинг закоти, иккинчидан эса-уни ёдлаш учун яхши омилдир”.

Имом ал-Бухорий яшаган даврда Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий Тоҳирийлар томонидан бўлиб, Бухоронинг амири сифатида салтанат юритарди. Хорижий юртларга қилган узоқ йиллар давом этган сафаридан қайтиб, имом ал-Бухорий ўз она юрти Бухорода ўрнашгач, унинг шону-шуҳрати турли томонларига тарқаб, кўплаб ҳадис толиблари тўда-тўда бўлишиб, имом ал-Бухорий ҳузурига кела бошлагач, Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий-улар билан гарчанд мазҳабий масалаларда бир қадар мухолафатда бўлса-да, уларнинг ривоятларини ташлаб кетмасдан китобига киритган. Бу тусдаги тасомуҳ (сабр-тоқатлилик, бошқа мазҳабларга нисбатан эътиром билан қараш) қандай ҳолатда бўлмасин чегараланган ёки чегараланмаган кўринишда бўлса-да, бунинг дастидан ҳадис ривоятига шак-шубҳа бўлмаслиги учун муҳаддислар ўртасида удум бўлган қоидага кўра улар аҳл ул-ҳавога (шийъалар, хорижийлар, муътазилийлар ва ҳаказо) ҳам мансуб ривоятларини қабул қилганлар, фақат шу шарт биланки, улар бидъатга даъват қилмайдиган, ёлғон-ёшиқ ривоятларни тарқатмайдиган, ҳар қандай ҳолатда ҳам сохта (ёлғон) аралашишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайдиган кишилар бўлиши талаб қилинган. Шу боисдан ҳам имом ал-Бухорийнинг ровийларига назар солсак, улардан баъзилари шийъа тамғаси билан кўрсатилган бўлиб, имом ал-Бухорий уларнинг ривоятини “Саҳиҳ” китобига киритган. Баъзан эса-асоси бўлган ҳолларда баъзи- бир бошқаларини шийъаларга ёки рофизийларга мансублигидан улар ривоятларини ўз китобига киритмаган.

Ҳадислардаги ноқис (иллат)ликларга алоҳида эътибор бергани каби имом ал-Бухорий ровийларнинг ибратли, гўзал фазилатларини алоҳида кўрсатишга ҳам катта аҳамият берган. Агар келтирган ривоятлари тўғри бўлса ровийларнинг ҳақиқий тавсифлари-ю, адолатли ишларини ҳеч бир камситмасдан батафсил зикр қилган.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига нисбатан қизиқиши бўлган Бухоронинг амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий имом ал-Бухорийни ўз саройига келиб, унга ва унинг ўғилларига “Саҳиҳ ал-Бухорий” ва “ат-Таърих” каби асарларидан сабоқ беришини талаб қилади. Шунда аллома амирдан келган хабарчига: “Мен илмни хор қилиб, унинг ҳукмдорлар эшигига олиб бормайман”,-деган жавобни берди. Шундан кейин амир агар имом ал-Бухорий амир саройига келишни хоҳламаса, болалари учун алоҳида, махсус вақт ажратиб дарс беришини, унда бошқа талабалар иштирок қилмаслигини таъкидлаб, яна вакилини юборди. Лекин имом ал-Бухорий амирнинг бу талабига ҳам рад жавобини берди, чунончи илм олмоқлик Пайғамбаримиз алайҳиссалом меросларидан бўлиб, бунда ҳар бир инсон-хосу-авом тенг ҳуқуққа эга, деди ва агар амирда ундан дарс олиш эҳтиёжи бўлса, уйига ёки бўлмаса масжидга келишлигини сўраб “Агар бу таклифим сизга маъқул бўлмаса, сиз ҳокимсиз менинг сабоқларимдан (илмий йиғинларимдан) маън қилинг (тўхтатинг), бу менга одамлардан ўз илмимни бекитмаётганим учун қиёмат кунида оллоҳ ҳузурида бир узр бўлади”,-деди. Мана шу дадил жавобдан кейин Бухоро амири қаттиқ ғазабланади ва алломани шаҳардан чиқариб юбориш йўлларини излайди. Лекин имом ал-Бухорий миллионлаб мусулмонларнинг қалбини ўзига ром қилиб, уларнинг чексиз ҳурмати-ю муҳаббатига сазовар бўлганлигидан амир ўз ҳокимияти-ю, салтанати кучи билан уни шаҳардан чиқариб юборишга муваффақ бўла олмади. Шундан кейин беандиша бир гуруҳ нопок кимсаларни топиб имом ал-Бухорийга нисбатан халойиқни ғазабини қўзғайдиган ёлғон-яшиқ туҳмат ва бўҳтонлардан иборат айбномалар излади. Натижада улар имом ал-Бухорийга қарши хилма-хил бўлмағур сафсаталар ва туҳматлар тарқатадилар, шулар сабабли амир алломадан шаҳарни тарк қилиб чиқиб кетишини талаб қилди.

Имом ал-Бухорий Бухородан чиқиб кетгач,Пойкандга келди. Ғанимлар Бухорода алломага қарши тўқиган иғвогарона тўҳматларни чор атрофга тарқатишга зўр бериб, жидду жаҳд кўрсатиб, ушбу туҳматни халқ орасида ошкора қилиб, ёйган эдилар. Шу боисдан ҳам бу бўҳтон хабар имом ал-Бухорийдан олдин Пойкандга келиб етган бўлиб, Пойканд аҳли шу масала хусусида икки тоифага бўлинган эдилар. Уларнинг бир қисми имом ал-Бухорийни ушбу тўҳматдан ҳимоя қилиб унинг тарафини олса, иккинчи қисми эса фисқу фасодчиларни қўллаб-қувватлагандилар. Қачонки имом ал-Бухорий Пойканд аҳли ўртасидаги ушбу ихтилофдан воқиф бўлгач, бу шаҳарда яшамасликни ўзига муносиб кўрмади. Айни вақтда Самарқанд аҳли ал-Бухорийни Пойкандига келганини билгач, улар уни Самарқандга таклиф қилиб, унда муқъим истиқомат этиб, мударрислик қилишларини сўрадилар. Бунга розилик билдирган имом ал-Бухорий Пойканддан чиқиб, уларга томон равона бўлди ва Самарқанд яқинидаги Хартанг деб аталадиган қишлоқда бир қариндошиникида тўхтайди.

Лекин имом ал-Бухорий Бухорода кўтарилган фитна Самарқандга ҳам етиб келганидан хабар топиб унинг аҳли Пойканддаги каби икки гуруҳга бўлинганини-улардан бир гуруҳи уни қўллаб-қувватлашини, иккинчи гуруҳ эса унга мухолифлик билдириб, қаршилик изҳор этганини билгач: “Аллоҳим қанчалик кенг бўлгани билан дунё менга торлик қилиб қолди, энди мени ўз раҳматингга қабул эт”,-деб дуо қилди. Шу орада у қаттиқ бетоб бўлиб қолди ва 256 ҳижрий йилнинг Рамазон ҳаетида (Ийд ал-фитр) кечасида (870 йил 31 август) вафот этди.

Имом ал-Бухорий ҳақида ёзган муаррихлар ва солномачилар унинг ҳусни-хулқлари зикр қилганларида, албатта, унинг қувваи-ҳофизаси ва хотирасининг кучлилигини алоҳида таъкидлаб кўрсатадилар.

Чунончи, имом ал-Бухорийнинг хотираси кучли бўлганлиги хусусида кўпдан-кўп афсонавий тарздаги ривоятлар қилинади. Унинг устозлари Муҳаммад ал-Бухорийнинг ёшлигидан Аллоҳ-таоло ато қилган ноёб иқтидори ва қувваи-ҳофизасини сезиб, унга бир овоздан тан берганлар. Ёшлигидаёқ унинг ҳақида “ғоятда фозил инсон бўлади”, “довруғи эл орасида достон зот бўлиб чиқади”, деб айтган башоратлари тарих китобларида битилган.

Буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизий: “Имом ал-Бухорий эл орасида танила бошлагач, Абдуллоҳ ибн Мунир: “E, Абу Абдуллоҳ Аллоҳ сени бу умматнинг зийнати қилиб яратган!” деган фикрини келтиради. Ат-Термизий яна: “Аллоҳ-таоло унинг барча хоҳишини мустажоб қилиб яратган эди”-деб таъкидлайди. Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий қуйидагича ҳикоя қилади: “Холид ибн Исмоил шундай деган эди: Басра машойихлари хусусида имом ал-Бухорий билан бизнинг фикримизда кўпинча ихтилоф бўларди. Шу пайтда у ўспирин бола бўлиб, ҳадисларни сира ёзмасди. Шу зайлда ўн олти кун ўтгач у бизга: Жуда кўп ҳадис эшитиб ёзиб олдинглар, қани менга кўрсатингларчи, қанча ҳадис ёзиб олибсизлар, деди. Ҳисоблаб кўрсак ўн беш мингдан зиёд ҳадис ёзган эканмиз. Ал-Бухорий уларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди, ҳатто ёзган ҳадисларимизнинг кўпларидаги хатоларни унинг ёддан айтганларига қараб тузатиб ҳам олдик”. Олим Муҳаммад ибн ал-Азҳар ас-Сижистоний “Биз аллома Сулаймон ибн Харабдан ҳадис илмидан сабоқ олардик. Ал-Бухорий ҳам биз билан бирга ҳадис эшитарди-ю, лекин сира ёзмасди. Нега у ёзмаётир?- деб сўраганлар: “Ўз юрти Бухорога қайтгач, ёдидан ёзади”,- деб жавоб олгандилар. Ушбу Сулаймон ибн Ҳараб-ўз замонининг машҳур алломалари ва ҳадис ҳофизларидан ҳисобланиб, Маккаи-мукаррамада қози ҳам бўлган. Унинг хотираси ғоятда кучли бўлиб, ҳеч бир китоб дафтарга боқмай ўн минглаб ҳадисни ёддан ривоят қилган. Абу Ҳотам шундай ҳикоя қилади: Мен Бағдодда Сулаймон ибн Ҳарабнинг дарсларидан сабоқ олганман. Унинг сабоғини олганларнинг сони қирқ мингдан ҳам ошиб кетган бўлиб, у ҳижрий 224 йилда вафот этган. Имом ал-Бухорий ҳам унинг шогирдларидан ҳисобланарди. Фазлу камолининг шунчалик буюк бўлишига қарамасдан у ал-Бухорийдан “Сен бизга Шуъабанинг хатосини тушунтириб бер”,-деб илтимос қиларди. Ҳифзу заковат, идроку тафаккурдан раббоний (илоҳий) бир ноёб қобилият ва истеъдод Имом ал-Бухорийга аъто этилгандики, ҳатто унга устозлари томонидан ҳам ғоят даражада иззат-икром ва ҳурмат кўрсатилиб, кўп муҳаддислар унинг ҳузурида дарс ўтишдан ҳам ҳижолат бўлиб, ҳайиқиб турганлар. Шу хусусда Фатҳ ибн Нуҳ ан-Найсобурийнинг: “Али ибн ал-Мадийнийнинг дарсида ҳозир бўлганимда Муҳаммад ал-Бухорийнинг унинг ўнг томонида ўтирганини кўрдим. Устоз ҳар бир ҳадисни зикр қилганида ҳурмат бажо келтириб, ал-Бухорий томонига оҳиста бурилиб қўяр эди”,-деб ёзиши устозларининг имом ал-Бухорийга ҳурмат эътибори алоҳида бўлганлигидан далолатдир.

Кўпгина манбалар ва тарих китобларида имом ал-Бухорийнинг ақл-заковати ва қувваи-ҳофизасини синаш мақсадида қилинган имтиҳон (синов) хусусида аниқ маълумотлар зикр қилинган. Дарҳақиқат, бундай жиддий бир имтиҳон Бағдодда Дор ул-хилофат (Халифалик уйи)да Бағдод уламолари томонидан уюштирилган. Бағдодлик олим Абу Бакр ал-Калузоний (вафоти 249 ҳижрий йил) “Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийга ўхшаш ҳеч бир олимни кўрмадим. Бирор илмга оид ҳар қандай китобни олиб синчиклаб мутолаа қилардида, унда келтирилган барча ҳадисларни бир мартанинг ўзидаёқ ёдлаб оларди”,-деб ёзган.

Қачонки имом ал-Бухорий ҳадис илми бўйича мукаммал илмга эга бўлиб илмий мажлислар уюштириб, сабоқ бера бошлагач ва унинг бу тарздаги мажлисларининг довруғи ҳар тарафга тарқаб, эл орасида ёйилгач, илм толиблари-ю, аҳли дониш унинг сабоқларига шунчалик кўп ёғилиб кела бошладики, ҳатто мажлисларига одамлар сиғмай кетарди. Бу тартибдаги илмий мажлислар бир қанча-Басра, Бағдод, Ҳижоз, Балх каби шаҳарларда уюштирилиб, аллома умрининг охирларида ўз ватани Бухорода ҳам ҳадислардан дарс берганди.

Imom al-Buxoriyning ismi Muhammad, kunyasi Abu Abdulloh, laqabi ba‘zan imom al-muhaddisiyn (muhaddislarning imomi, peshvosi), ba‘zan amir ul-mu‘miniyn fil-hadis (hadis ilmining amiri, sultoni) va nasabi Muhammad ibn Ibrohiym ibn al-Mug‘iyra ibn Bardazbah ibn Bazazbehdir. So‘nggi ikki ismi ibn Bardazbeh ibn Bazazbeh)dan ko‘rinib turibdiki, imom al-Buxoriyning asl nasabi ajamlarga borib taqaladi. Bu fikr talay adabiyotlarda qayd qilingan bo‘lib, ko‘pchilik muhaddislarning ta‘kidlashlaricha, “Bardazbeh” so‘zi arabcha “zori‘” (ziroat, dehqonchilik bilan shug‘ullanuvchi kishi) ma‘nosini bildiradi. Mashhur olim imom as-Subkiy o‘zining “Tabaqot ash-shofi‘iyya al-kubro” (“Shofe‘iy ulug‘ tabaqalar”) nomli yirik asarida Bardazbehning otasini Bazazbeh deb ko‘rsatgan.Imom al-Buxoriy haqida yozgan ko‘pchilik olimlar esa uning nasabini faqat Bardazbehga bog‘lab tugatganlar. Afsuski tarixchilar Bardazbeh, uning otasi Bazazbeh haqlarida deyarli hech qanaqa ma‘lumot keltirmaganlar. Ba‘zi olimlarning xabarlariga ko‘ra ular ikkovlarining kelib chiqishi ajamdan bo‘lib, ularning dinlariga e‘tiqod qilganlar. Imom al-Buxoriy otasining bobosi al-Mug‘iyra Buxoro hokimi Yaman al-Juafiydan islom dinini qabul qilgan bo‘lib, Buxoroni vatan tutib yashab qolgan. O‘sha paytdagi taomulga ko‘ra, agar biron kishi islom dinini kimdan qabul qilsa, o‘sha kishining qabilasiga mansub hisoblangan. Bu odat qabul qilingan dinga sodiqlikning belgisi bo‘lib, arabcha nisbat ul-vilo’ fil-islom (islom diniga sodiqlik nisbati) deb atalishi odat tusiga kirgan edi. Albatta al-Mug‘iyra ham o‘sha davrda ommaviy tus olgan ushbu urfdan holi bo‘lmaganligidan uning o‘zi ham, undan keyingi tug‘ilgan avlodlari ham, shu jumladan imom al- Buxoriy ham Ju‘afiy deb atala boshladilar. Imom al-Buxoriyning nasli-nasabi haqida tarixchilar keltirgan ma‘lumotlardan yana shuni qayd qilish kerakki, uning bobosi Bardazbehning ismini ba‘zilar aslida al-Ahnaf deb keltirganlar. Ahnaf deb odatda eng aqlli, dono kishilarganisbat berilgan, go‘yoki saxiy, qo‘li ochiq kishilar “Hotamtoy” deb aytilgani singari. Bundan ko‘rinib turibdiki, imom al-Buxoriyning bobosining haqiqiy ismi Bardazbeh bo‘lsa-da, u oqil, zukko inson bo‘lganligidan al-Ahnaf laqabi bilan ham atalgan.

Imom al-Buxoriyning otasi Ismoil, uning kunyasi Abul-Hasan bo‘lib, o‘z davrining yetuk muhaddislaridan sanalib, imom Molikning shogird va ashoblaridan biri bo‘lib, tijorat ishlari bilan ham shug‘ullangan. Afsuski hozircha uning qalamiga mansub biror asar haqida aniq ma‘lumotga ega emasmiz. Biroq uni Hamad ibn Zayd, imom Molik, Abu Muoviya kabi o‘z davrining yirik muhaddislaridan hadislar rivoyat qilgani, Abdulloh ibn al-Muborakning suhbatida bo‘lib, undan ta‘lim olgani haqidagi xabarlar manbalarda keltiriladi. Uning shogirdlaridan iroqlik bir qancha olimlar Ahmad ibn Hafs, Nasr ibn Husayn va boshqalarni ko‘rsatish mumkin. Imom al-Buxoriy “at-Ta‘rix al-Kabir” (“Katta ta’rix”) asarida otasining tarjimai holi haqida talay ma‘lumotlar keltiradi. Tarixchi al-Hofiz ibn Hibbon o‘zining “Kitob as-Siqqot” (“Buyuk insonlar haqida kitob”) nomli asarida Ismoil ibn Ibrohim ya‘ni al-Buxoriyning otasi, Hamad ibn Zayd va Molikdan hadislar rivoyat qilgan, undan esa iroqlik olimar hadislar rivoyat qilganlar”,-deb ta‘kidlaydi.

Manbalarda zikr qilinishicha, alloma Ismoil o‘ta taqvodor, xudojo‘y, halol bir inson bo‘lgan. Tarixchi Ahiyd ibn Hafasning yozganlari bu fikrimizga yorqin dalildir. “Abu Abdulloh (imom al-Buxoriyning otasi) bandalikni bajo keltirayotgan chog‘ida uni ziyorat qilganimda menga u: “bor molu-dunyomdan na harom yo‘l bilan, na shubhali, nopok yo‘l bilan topilgan bir dirhamni ham bilmayman, deb iltijo qilganida mening nafasim bo‘g‘ilib, butun vujudim uning ulug‘vorligidan hech narsaday tuyuldi”,- deb yozadi.

Shuningdek imom al-Buxoriyning otasiga xos bo‘lgan yana birqancha asl insoniy fazilatlar va uning alohida xususiyatlari zikr etilib, bunday fazilatlar o‘sha davrdagi kamdan-kam kishilarda uchragani haqida ham qayd qilinadi.

Imom al-Buxoriyning onasi ham taqvodor, diyonatli va har xil karomatlar sohibasi bo‘lgan oqila ayol bo‘lgan. U el orasida Alloh taologa iltijo etib, doimo duolar o‘qib yuradigan pokiza ayol sifatida tanilgan edi. Ma‘lumki, imom al-Buxoriy yoshligida ko‘zi jarohatlanib ko‘rish qobiliyati susaygan bo‘lib, har qancha urinmasin ham tabiblaruni davolay olmagandilar. Kunlardan bir kuni al-Buxoriyning onasi tushida Ibrohim alayhissalomni ko‘rganda u zoti sharif bu mushfiqa onaga qarab: “Ey volida! Sening duolaringning ko‘pligidan Alloh-taolo o‘g‘lingga to‘liq ko‘rish qobiliyatini qaytardi”, – deb xitob qilganlar. Keyin u “Uyqumdan uyg‘onsam o‘g‘lim Muhammadning ko‘z nuri to‘liq qaytib tuzalib ketibdi”,-degan rivoyat mavjuddir. Afsuski, imom al-Buxoriy yoshligida ko‘zi ojiz bo‘lib qolganligi, uning sabablari, so‘ngra ungato‘lig‘icha ko‘z quvvatining qaytganligini-chunonchi u “at-Tarix al-Kabir” nomli asarini oyning yorug‘ida yozgan- tafsilotlari haqida manbalarda aniq ma‘lumotlar uchratmadik. Abu Ali al-G‘assoniy degan olim “Muhammad ibn Ismoilning yoshligida ko‘zi ojiz bo‘lib qolgan. Uning onasi taqvodor ayol bo‘lib tushida Ibrohim Xalilullohni ko‘rganda u: Ko‘p duolar qilib yig‘laganingdan Alloh taborako va taolo o‘g‘lingni ko‘zini qaytardi”,-degan. Ona: “Ertalab uyg‘onsam, Alloh o‘g‘limga ko‘rish qobiliyatini qaytarganini ko‘rdim”,-degan. U ham yuqoridagi fikrni aynan qaytaradi.

Imom al-Buxoriy azaldan ilm fan va madaniyat ravnaqida mashhur bo‘lgan Buxoro shahrida tavallud topgan. Ko‘plab muarrihlarning guvohlik berishlaricha, Buxoro azaldan Movarounnahrning eng qadimiy va go‘zal shaharlaridan biri bo‘lgan. Manbalarda zikr qilinishicha, shaharning o‘rab turgan devorlari o‘ttiz olti millga cho‘zilgan. Shaharning obod va ko‘rkamligi, uning benazir go‘zalligixususida Manbalarda zikr qilinishicha, shaharning o‘rab turgan devorlari o‘ttiz olti millga cho‘zilgan. Shaharning obod va ko‘rkamligi, uning benazir go‘zalligi xususida ko‘plab shoirlar va fozillar o‘zlarining nasriy va nazmiy asarlarida alohida ehtiros bilan tarannum etganlar.

Mana shu muhtasham shahar-Buxoroi sharifda 194 hijriy sana shavvol oyining 13 kunida salotul jum‘adan keyin (810 melodiy sana 21 iyul) jamiy‘ muhaddislarning imomi, hadis ilmining sultoni (amirul mo‘m‘iniyn fil hadis), sayyidul fuqaho kabi ulug‘ laqablarga muyassar bo‘lib, Payg‘ambar alayhissalomning muborak hadislariga durdonasimon sayqal berib, ularni abadul-abad barhayot qilgan ulug‘ zot imom al-Buxoriy dunyoga kelgan. Buyuk shoir va mutafakkir Abdurrahmon Jomiy buyuk muhaddisning ilmiy salohiyatiga yuksak baho berib: Batxa (Makka) va Yasrib (Madina)da yasalgan tanganing Buxoroda sayqali kamoliga yetdi”-deb yozgan edi. O‘rta asrlarda tug‘ilgan olimlar tavallud etgan oylar, kunlar tugul manbalarda xatto ko‘pincha yillarida ham aniq bir sana bo‘lmay, xilma-xil yillar ko‘rsatilgan hollari ko‘p uchraydi. Imom al-Buxoriyning tug‘ilgan vaqti (kuni, oyi, yili)ning aniq keltirilishining boisi shundaki, uning o‘zini yozishicha, u tug‘ilgan vaqt haqida otasi qo‘li bilan yozib qo‘ygan varaq, unga zamondosh olimlarga yetib kelgan.

Imom al-Buxoriy yoshligidayoq otasi vafot etib, uning tarbiyasi faqat volidasi kafolatida bo‘lgan. Birmuncha ulg‘ayib aqli raso bo‘lgach, uning qalbida islomiy ilmlarga, ayniqsa, Payg‘ambar alayhissalomning muborak hadislarini o‘rganishga va yodlashga moyillik tobora kuchaya borib, u dastavval Ibn al-Muborak va Vakiy‘ning hadislarga oid asarlarini yod oladi.

Imom al-Buxoriyning kotibi, uning asosiy tasnifi “Sahih” asari roviylaridan biri Abu Ja‘far Muhammad ibn Abu Hotam al-Varroq shunday deb yozadi: “Al-Buxoriyning: “Hadislarni yod olish ilhomi menga boshlang‘ich maktabda o‘qiyotganimda kelgan edi”-deb aytganini eshitganimda: “O‘shanda necha yoshda edingiz”?-deb so‘radim: u “O‘n yoshda balkim undan ham kichik edim”, – deb javob bergandi. Bu misoldan ko‘rinib turibdiki, imom al-Buxoriy juda yoshligidan boshlab hadislarni yod olib, bu ilmga alohida zavq-shavq va qiziqish bilan qaragan.

Imom al-Buxoriyning ustozlari haqida gapiradigan bo‘lsak, u eng avvalo o‘sha paytda Buxoroning taniqli muhaddislaridan sanalgan olim ad-Doxiliydan hadis ilmidan saboq olgan. Hadislarni o‘rganish bo‘yicha ushbu olim tashkil etgan to‘garak (halqa)ning shuhrati keng tarqalgan bo‘lib, uning faoliyati yoyilib ulkan samaralarga erishgan. Kunlardan bir kuni ad-Doxiliy o‘z odaticha hadis ilmidan dars berar edi, al-Buxoriy ham boshqalar qatori dars tinglab o‘tirgan edi. Shunda Ad-Doxiliy bir hadis isnodi haqida gapirib: Sufyon Abu Zubayrdan, u Ibrohimdan”, deb qildi. Bunga al-Buxoriy: “Abu Zubayr hech vaqt Ibrohimdan rivoyat qilmagan”,- dedi va bu bilan u ad-Doxiliyning bu sanad xususidagi xatodan ogoh qilmoqni istagandi. O‘z shogirdining ovozini eshitgan ad-Doxiliy esa hayratga tushib dag‘allik bilan uni so‘zini bo‘ldi. Shunda al-Buxoriy o‘ta xotirjamlik bilan: -“Ustoz, agar ishonmasangiz asil manbaga qarang”,- dedi. Ad-Doxiliy manbaga qarab al-Buxoriy aytgan gapning to‘g‘riligini e‘tirof qilib tan oldi-yu, lekin o‘sha hadis sanadini tuzatishni paysalga soldi. Insof yuzasidan yoki uni sinab ko‘rish uchunmi xullas, sanadni tuzatish masalasini al-Buxoriyning o‘ziga tashladi. Tashqariga chiqishgach, al-Buxoriydan:

-“E, bola, bu yog‘i endi qanday bo‘ladi”?-deb so‘radi.

Al-Buxoriy esa o‘ylamasdan shunday javob qildi:

-“Zubayr ibn Adiy Ibrohimdan rivoyat qilgan”. Shundan keyin u (ad-Doxiliy) qalam olib yozganini tuzatdi va sen haqsan, – dedi. Al-Buxoriyning aytishicha, bu vaqtda u atigi o‘n bir yoshda bo‘lgan”. Manbalarda keltirilishicha, al-Buxoriyga o‘n yoshidan boshlab hadislarni yod olish ilhomi nasib etib, yoshi ulg‘aygan sari bu rag‘bati tobora kuchayib ziyoda bo‘lib borgan, u nafaqat hadislarni shunchaki yod olish, balki unda yoshligidan boshlab hadislarni sahih (to‘g‘ri, ishonchli) va g‘ayri sahihlarga (xato, noto‘g‘ri) ajratish, ularning illatlarini aniqlash, hadis roviylarini o‘rganib tahqiq qilish, ular rivoyatining adolatliligi, to‘g‘riligi, ishonchli yoki ishonchsizligi, roviylarning maishiy hayotlari, yashash joylari, tug‘ilgan va vafot etgan sanalari, bir-birlari bilan o‘zaro qilgan muloqotlari(, turli roviylar keltirgan hadislarni bir-biriga solishtirib muqoyasa qilish, ularning bir-birlari bilan o‘zaro bog‘liqligi va bir-biriga bog‘liq bo‘lmay uzilishlar bor holatlari, hadis ilmining xilma-xil va eng yuqori nuqtalariga yetishish, uning turli masalalarini chuqur tahqiq etish, ularni ja‘mlash va Qur‘oni karim oyatlari bilan uzviy bog‘liqlikda o‘rganish kabi masalalar bilan qiziqdi. Agar muxtasar holda xulosa qilib aytadigan bo‘lsak, bu masalalar bilan imom al-Buxoriy yoshligidan boshlab alohida ishtiyoq va mehr bilan astoydil shug‘ullanib, bu oliy janob ishlar uning butun fikri-zikrini batamom chulg‘ab, uning dilida kundan-kun kuchayib tobora mustahkamlanib boradi.

Hadisshunoslikda yana bir muhim fan bo‘lgan illatli hadislarni aniqlash g‘oyatda mas‘uliyatli va murakkab ishlardan hisoblanadi. Hadis ilmiga oid barcha tartibot va uslublarni mukammal bilish bilan bir qatorda roviylarning tug‘ilgan va vafot etgan vaqtlari, ushbu hadisni kimdan eshitib, kimdan rivoyat qilayotgani, eshitgan ibora va alfozlarining aniqligini to‘la-to‘kis egallagan bo‘lishligi kerak. Shu boisdan ham muhaddislarning ko‘pchiligi: “bu masalalarni to‘la-to‘kis egallash hadis ilmida eng yirik muammo va ayni vaqtda o‘ta sharafli mas‘uliyat deb hisoblaydilar. Hadisni yodlab ularni mukammal idrok qilgan va ulkan tajribaga ega bo‘lganlargina, hadislar xususida uzil-kesil gapirishga haqlari bo‘lganlardan faqat Ali ibn al-Madiyniy, Yaqub ibn Shayba, Ahmad ibn Hanbal, al-Buxoriy, Abu Hotam, Abu Zur‘a, Ad-Doraqutniy va ularga ergashgan bir necha muhaddislar ushbu yuksak maqomga sazovor degan fikrni olg‘a suradilar. Bu o‘rinda Ali ibn al-Madiyniyning quyidagi so‘zlarini keltirish illatli hadislarni qanchalik qiyin va murakkab ekanligiga yana bir bor ishonch hosil qilamiz. “Mening o‘zim bilgan bir hadisning illatini aniqlashdan ko‘ra yangi, men bilmagan yigirmata hadis yozib olishim men uchun osondir”. Darhaqiqat, hadislarda garchand zohiran o‘zaro bog‘liqlik bo‘lsa-da, isnodi jihatidan dastlabki roviyga bekamu-ko‘st yetkazish yoki uzilish bilan yetkazish, yoki bir hadis iboralarini ikkinchi bir hadis so‘zlari bilan aralashtirib yuborish yoki bo‘lmasa roviylardan birining nuqsonini aniqlash juda qiyin va mashaqqatli vazifadir. Mana shu zayldagi to‘liq imkoniyatga va har tomonlama mukammal axborotga ega bo‘lmaganlar, tabiiyki, hadis ilmida biror yutuqqa erishishi amri mahol edi. Komil ishonch bilan aytish mumkinki, imom al-Buxoriy mukammal egallagan buyuk san‘atlardan biri bu illatli hadislarni aniqlash san‘ati bo‘lgan. Imom al-Buxoriyning zamondoshi bo‘lgan olim al-Hofiz Ahmad ibn Hamdun bunday degan: “Usmon ibn Abu Sa‘iyd ibn Marvonning janozasi paytida Muhammad ibn Yah‘ya az-Zuhliy al-Buxoriydan roviylar ismlari va illatli hadislar haqida savol so‘raganida al-Buxoriy go‘yoki u “qul huva ollohu ahad”ni yoddan o‘qiyotgandek-merganning bexato o‘qi misoli to‘g‘ri javob qilganini ko‘rgandim”. Mavridi kelganda shuni aytish kerakki, mana shu davrda-ya‘ni IX asrda Nishopurda ilm-fan, ayniqsa; hadis ilmi nihoyatda taraqqiy qilib, unda imom al-Buxoriy, imom Muslim ibn al-Hajjoj, imom at-Termiziy va boshqa birqancha buyuk muhaddislar yig‘ilgan bo‘lib, ular shaharda faoliyat ko‘rsatadigan madrasalarda hadis ilmidan dars berardilar. Bu buyuk muhaddislar oralarida ilmiy munozaralar va bahslar juda ko‘p bo‘lgan. Imom al-Buxoriy hadis sohasidagi o‘z ilmi va salohiyati, ayniqsa, illatli hadislarni aniqlash mahorati bilan barchani qoyil qoldirgan, muhaddislarning hammasi unga bir ovozdan tan bergan. Imom al-Buxoriy masjidlarda, ommaviy ilmiy yig‘inlarda ham ishtirok etgan. Uning chuqur bilimiga tan berib, o‘z davrining mashhur muhaddislaridan biri sanalgan Muslim ibn al-Hajjoj imom al-Buxoriyga o‘z samimiy munosabatlarini bildirib: “Sizni faqat hasadgo‘ylargina ko‘ra olmaydi. Mening iymonim komilki, sizdek buyuk olim jumlai- jahonda yo‘q.- deb hitob qilgan.

Imom al-Buxoriyning illatli hadislarni bilishdagi benazir mahorati, mukammal ilmi va qobiliyati haqida uning zamondoshlari ko‘p qimmatli fikrlarni bildirganlar. Illatli hadislarga atab maxsus asar yozgan imom at-Termiziy o‘z asari “Kitob al-Ilal”da: “Hadislar, roviylar, ular tarixlaridagi illatlar xususidagi fikrlarim imom al-Buxoriyning “Kitob at-Ta’rix” asaridan foydalanganlarim, ulardan yana ko‘prog‘ini Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriy bilan qilgan ilmiy munozaralarim paytida olganman, shuningdek Abdulloh ibn Abdurrahmon, Abu Zur‘adan ham foydalandimu, lekin baribir ko‘prog‘i Muhammad al-Buxoriydan, kamrog‘i esa Abdulloh bilan Abu Zur‘adandir”,-deb ta‘kidlagan. Yana imom at-Termiziy, “illatli hadislarni va isnodlarni aniq bilishda Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriydan ko‘ra ustun bo‘lgan birorta olimni ko‘rmadim”,-deb qayd qilgan.

Imom al-Buxoriy ishtirok etgan ilmiy majlislarning birida o‘z zamonasining yetuk olimlaridan sanalgan al-Faryobiy sanadi quyidagicha bo‘lgan bir hadis haqida gapirib: “Sufyon Abu Urvadan u Abul Xattobdan, u Abu Hamzadan”,-dedi. Majlisda hozir bo‘lganlarning birortasi ham Sufyondan boshqalarining kim bo‘lganligini aniq bilmadi, chunki bu o‘rinda ularning faqat kunyalari (Abdul Xattob, Abu Hamza) aytilgan edi. Shunda Muhammad al-Buxoriy vazminlik bilan: “Abu Urva-bu Muammar ibn Roshid, Abul Xattob esa Qatoda ibn Daoma, Abu Hamza bo‘lsa Anas ibn Molikdir. Buyuklarning ishlari inqilobiy tusda ulug‘vor bo‘lganligi uchun ham ular faqat kunyalari bilan aytilganlar”,-dedi. Hadis rivoyatidagi noqislik va ularning to‘g‘riligiga ishonch hosil qilish masalalari sahobalar davridan boshlanib, o‘sha paytdanoq hadislarni yozib olishda unga alohida e‘tibor berilgan. Chunonchi, sahobalarning o‘zlari rivoyat qilgan hadislarda ham illatli hadislar uchragan hollari aniqlangan edi. Payg‘ambar vafotlaridan keyin vaqt jihatidan muddat kam o‘tganligi, hadislarni naql qilishda vositalarning ozligi tufayli boshda unga ehtiyoj unchalik katta bo‘lmagandi. Rivoyatda ishtirokchilar soni ko‘payib, vaqt o‘taborgan sari roviylarning illatini aniqlash masalasiga yanada zarurat kuchaydi. Hadis ilmida ham, muhaddislar orasida ham bu masala muhim ahamiyat kasb eta boshladi.

Hadis roviylariga nisbatan alohida diqqat-e‘tibor, chuqur munosabat bilan qaralib, har xil uslubu qoidalar yaratildi, masalan: qaysi holatlarda zamondoshlarning illati qabul qilinmaydi, qaysi bir holatlarda qabul qilinadi kabi aniq yo‘l-yo‘riqlar ishlab chiqildi. Xulosa qilib aytadigan bo‘lsak, hadislarda illat masalasi muhim ahamiyat kasb etib, u bilan shug‘ullanadiganlardan o‘ta diyonatli va taqvodorlik, qobiliyat talab qilinadi. Imom al-Buxoriy bu sohada o‘ziga asosiy dasturul-amal qilib olgan ehtiyotkorlik maslagi, u diyonat, iymon-ixlos va xudojo‘ylikda yuksak darajaga erishganligini ko‘rsatadi.

Illatli hadislar haqidagi imom al-Buxoriyning mulohazalari juda mutavoze‘ va odob- ahloq yuzasidan bo‘lib, “uni shunday qoldirganlar (tarakahu) “u tashlab ketilgan” (matruk), “tushirib qoldirilgan”(soqit), “bu haqda o‘zgacha bir fikr-mulohaza ham bor”, “bu xususda avval o‘tganlar hech narsa demaganlar” va shunga o‘xshash beozor, oddiy va samimiy iboralardan tashkil topgan. Juda kamdan-kam hollarda imom al-Buxoriy biron odamga nisbatan: “u ichidan o‘ylab chiqqan yoki “kazzob” demasdi, illatli hadislar masalasida al-Buxoriy ishlatgan eng qattiq ayblov “hadisning inkor qiluvchi” (“munkir al-hadis”) degan ibora bo‘lardi. Hadis ilmida shu qoida odat tusiga kirdiki, agar imom al-Buxoriy biron roviy haqida “u munkir al-hadis” desa, undan hech vaqt hadis rivoyat qilinmasdi. Bu xususda Ibn al-Qatton imom al-Buxoriyning ushbu so‘zlarini keltiradi: u (al-Buxoriy) unga “Har qanday kishi haqida “u munkir al-hadis” degan bo‘lsa tamom, undan hech vaqt hadis rivoyat qilinmaydi”,-degan.

Imom al-Buxoriy ustozlarining soni ko‘p bo‘lib, ulardan birining ismi “Musaddid” (lug‘aviy ma‘nosi “to‘g‘ri yo‘lga boshlovchi”) edi. Al-Buxoriy unga qattiq ishonib: “Musaddid-o‘z ismiga monand to‘g‘ri yo‘lga boshlovchidir. Kitoblarim o‘zimda bo‘ladimi yoki unda bo‘ladimi-menga farqi yo‘q”,-deb doimo takrorlar edi. Ushbu ta‘kiddan ayon bo‘layotirki, imom al-Buxoriy o‘z kitoblarini muhofazasiga alohida ahamiyat bergan. U bu masalaga bamisoli hadis rivoyatiga e‘tibor bergandek alohida e‘tibor bilan qaragan. Shuningdek, ular qanday odamlarning qo‘lida saqlanishiga ham jiddiy qaragan. O‘z kitoblarini har qanday kimsaning qo‘liga tushib qolishiga befarq qaramagan.

Imom al-Buxoriy o‘zining butun faoliyati davomida ham ilmiy, imkoni bo‘lsa moddiy jihatidan odamlarga, ya‘ni Ollohning bandalariga biror navf yetkazishni o‘zining asosiy maqsadi qilib qo‘ygan edi. U doimo ilm ahllari-yu, ilm toliblariga, hatto ustozlar (ash-shuyuh) va muhaddislarga ham moddiy yordam ko‘rsatardi. Tijorat qilganda har safar o‘zi ko‘rayotgan oylik daromadidan, ya‘ni foydasidan besh yuz dirhamni faqiru miskinlarga, ilm toliblariga sarflardi. Tolibi ilmlarga ma‘lum mablag‘lar (maoshlar) ajratib, ularni alohida qiziqishi, zavq-shavq bilan Payg‘ambar alayhissalom ilmlarini (hadisi shariflarini) o‘rganishga rag‘batlantirardi, ahli ilmga nisbatan g‘oyatda ko‘p ehson ko‘rsatardi. Ayni vaqtda imom al-Buxoriy o‘z shaxsiy hayotida, yeyish-ichishda va kiyinishda sira ham ortiqcha dabdaba va behuda sarfu-xarajatlarga yo‘l qo‘ymasdi, sabr- toqat va qanoat, chidamlilik uning uchun odat tusidagi tabiiy bir hol edi.

Imom al-Buxoriy g‘oyatda beg‘ubor, halol-pokiza, diyonatli inson bo‘lib, g‘iybatu-nohaqliklardan uzoq bir kishi edi. U doimo “G‘iybat qilishlik harom ekanini bilganimdan boshlab, hech qachon biror kishi haqida g‘iybat gapirmaganman”,-deb ta‘kidlardi.

Imom al-Buxoriyning eng ulug‘ fazilatlaridan yana biri u taassub (mutaassiblik)ning har qanday ko‘rinishlaridan uzoq bo‘lgan alloma edi. Uning shoh asari “Sahih al-Buxoriy” bilan chuqurroq tanishilsa, al-Buxoriyning o‘z kitobidagi ma‘lumotlarga nihoyatda katta sinchkovlik va ehtiyotkorlik bilan yondoshganini ko‘ramiz. Qanchadan-qancha mashaqqatlar bilan to‘plangan hadislarining sahihligiga to‘la ishonch hosil qilib, obdon tekshirgandan keyingina o‘z asariga kiritganligi ushbu fikrimizni yana bir bor tasdiqlaydi. Imom al-Buxoriyning “Sahih” asari haqida gapirar ekanmiz, shuni ham qayd qilish kerakki, ushbu kitobning sahih isnodlarida ahli sunnaga mansub bo‘lmagan roviylar ham uchraydi. Imom al-Buxoriy muhaddislarda hadislarga bo‘lgan katta mehr va intilish hamda unga qat‘iy amal qilish har qanday tahsinga sazovor, deb hisoblardi. Bu masala g‘oyatda muhim bo‘lib, bu xususda ba‘zi muhaddislarning o‘zlari ham fikr-mulohazalarini bildirganlar. Jumladan, imom Ahmad ibn Xanbal “o‘zim amal qilmagan bitta ham hadisni kitobga olmaganman” deb ta‘kidlagan bo‘lsa, o‘z davrining yirik muhaddislaridan biri sanalgan Vakiy’ ibn al-Jarroh: “Agar biror hadisni yodlashni istasang, eng avvalo unga amal qil”,-degan. Yana bir muhaddis Ibrohim ibn Ismoil esa:”Hadislarni yodlashda eng avvalo unga amal qilish yo‘lidan foydalanardik”, -deb ta‘kidlagan, alloma as-Suyutiy o‘zining “At-Tadriyb” nomli asarida bu jarayonni quyidagicha ifodalaydi: “Ibodatlar, odob-ahloq, fazilatlar, solih a‘mollar xususida eshitgan hadislardan samarali foydalanish lozim. Bu birinchidan ushbu hadisning zakoti, ikkinchidan esa-uni yodlash uchun yaxshi omildir”.

Imom al-Buxoriy yashagan davrda Xolid ibn Ahmad az-Zuhliy Tohiriylar tomonidan bo‘lib, Buxoroning amiri sifatida saltanat yuritardi. Xorijiy yurtlarga qilgan uzoq yillar davom etgan safaridan qaytib, imom al-Buxoriy o‘z ona yurti Buxoroda o‘rnashgach, uning shonu-shuhrati turli tomonlariga tarqab, ko‘plab hadis toliblari to‘da-to‘da bo‘lishib, imom al-Buxoriy huzuriga kela boshlagach, Xolid ibn Ahmad az-Zuhliy-ular bilan garchand mazhabiy masalalarda bir qadar muxolafatda bo‘lsa-da, ularning rivoyatlarini tashlab ketmasdan kitobiga kiritgan. Bu tusdagi tasomuh (sabr-toqatlilik, boshqa mazhablarga nisbatan e‘tirom bilan qarash) qanday holatda bo‘lmasin chegaralangan yoki chegaralanmagan ko‘rinishda bo‘lsa-da, buning dastidan hadis rivoyatiga shak-shubha bo‘lmasligi uchun muhaddislar o‘rtasida udum bo‘lgan qoidaga ko‘ra ular ahl ul-havoga (shiy‘alar, xorijiylar, mu‘taziliylar va hakazo) ham mansub rivoyatlarini qabul qilganlar, faqat shu shart bilanki, ular bid‘atga da‘vat qilmaydigan, yolg‘on-yoshiq rivoyatlarni tarqatmaydigan, har qanday holatda ham soxta (yolg‘on) aralashishini hatto xayoliga ham keltirmaydigan kishilar bo‘lishi talab qilingan. Shu boisdan ham imom al-Buxoriyning roviylariga nazar solsak, ulardan ba‘zilari shiy‘a tamg‘asi bilan ko‘rsatilgan bo‘lib, imom al-Buxoriy ularning rivoyatini “Sahih” kitobiga kiritgan. Ba‘zan esa-asosi bo‘lgan hollarda ba‘zi- bir boshqalarini shiy‘alarga yoki rofiziylarga mansubligidan ular rivoyatlarini o‘z kitobiga kiritmagan.

Hadislardagi noqis (illat)liklarga alohida e‘tibor bergani kabi imom al-Buxoriy roviylarning ibratli, go‘zal fazilatlarini alohida ko‘rsatishga ham katta ahamiyat bergan. Agar keltirgan rivoyatlari to‘g‘ri bo‘lsa roviylarning haqiqiy tavsiflari-yu, adolatli ishlarini hech bir kamsitmasdan batafsil zikr qilgan.

Payg‘ambar alayhissalomning hadislariga nisbatan qiziqishi bo‘lgan Buxoroning amiri Xolid ibn Ahmad az-Zuhliy imom al-Buxoriyni o‘z saroyiga kelib, unga va uning o‘g‘illariga “Sahih al-Buxoriy” va “at-Ta’rix” kabi asarlaridan saboq berishini talab qiladi. Shunda alloma amirdan kelgan xabarchiga: “Men ilmni xor qilib, uning hukmdorlar eshigiga olib bormayman”,-degan javobni berdi. Shundan keyin amir agar imom al-Buxoriy amir saroyiga kelishni xohlamasa, bolalari uchun alohida, maxsus vaqt ajratib dars berishini, unda boshqa talabalar ishtirok qilmasligini ta‘kidlab, yana vakilini yubordi. Lekin imom al-Buxoriy amirning bu talabiga ham rad javobini berdi, chunonchi ilm olmoqlik Payg‘ambarimiz alayhissalom meroslaridan bo‘lib, bunda har bir inson-xosu-avom teng huquqqa ega, dedi va agar amirda undan dars olish ehtiyoji bo‘lsa, uyiga yoki bo‘lmasa masjidga kelishligini so‘rab “Agar bu taklifim sizga ma‘qul bo‘lmasa, siz hokimsiz mening saboqlarimdan (ilmiy yig‘inlarimdan) ma‘n qiling (to‘xtating), bu menga odamlardan o‘z ilmimni bekitmayotganim uchun qiyomat kunida olloh huzurida bir uzr bo‘ladi”,-dedi. Mana shu dadil javobdan keyin Buxoro amiri qattiq g‘azablanadi va allomani shahardan chiqarib yuborish yo‘llarini izlaydi. Lekin imom al-Buxoriy millionlab musulmonlarning qalbini o‘ziga rom qilib, ularning cheksiz hurmati-yu muhabbatiga sazovar bo‘lganligidan amir o‘z hokimiyati-yu, saltanati kuchi bilan uni shahardan chiqarib yuborishga muvaffaq bo‘la olmadi. Shundan keyin beandisha bir guruh nopok kimsalarni topib imom al-Buxoriyga nisbatan xaloyiqni g‘azabini qo‘zg‘aydigan yolg‘on-yashiq tuhmat va bo‘htonlardan iborat aybnomalar izladi. Natijada ular imom al-Buxoriyga qarshi xilma-xil bo‘lmag‘ur safsatalar va tuhmatlar tarqatadilar, shular sababli amir allomadan shaharni tark qilib chiqib ketishini talab qildi.

Imom al-Buxoriy Buxorodan chiqib ketgach,Poykandga keldi. G‘animlar Buxoroda allomaga qarshi to‘qigan ig‘vogarona to‘hmatlarni chor atrofga tarqatishga zo‘r berib, jiddu jahd ko‘rsatib, ushbu tuhmatni xalq orasida oshkora qilib, yoygan edilar. Shu boisdan ham bu bo‘hton xabar imom al-Buxoriydan oldin Poykandga kelib yetgan bo‘lib, Poykand ahli shu masala xususida ikki toifaga bo‘lingan edilar. Ularning bir qismi imom al-Buxoriyni ushbu to‘hmatdan himoya qilib uning tarafini olsa, ikkinchi qismi esa fisqu fasodchilarni qo‘llab-quvvatlagandilar. Qachonki imom al-Buxoriy Poykand ahli o‘rtasidagi ushbu ixtilofdan voqif bo‘lgach, bu shaharda yashamaslikni o‘ziga munosib ko‘rmadi. Ayni vaqtda Samarqand ahli al-Buxoriyni Poykandiga kelganini bilgach, ular uni Samarqandga taklif qilib, unda muq‘im istiqomat etib, mudarrislik qilishlarini so‘radilar. Bunga rozilik bildirgan imom al-Buxoriy Poykanddan chiqib, ularga tomon ravona bo‘ldi va Samarqand yaqinidagi Xartang deb ataladigan qishloqda bir qarindoshinikida to‘xtaydi.

Lekin imom al-Buxoriy Buxoroda ko‘tarilgan fitna Samarqandga ham yetib kelganidan xabar topib uning ahli Poykanddagi kabi ikki guruhga bo‘linganini-ulardan bir guruhi uni qo‘llab-quvvatlashini, ikkinchi guruh esa unga muxoliflik bildirib, qarshilik izhor etganini bilgach: “Allohim qanchalik keng bo‘lgani bilan dunyo menga torlik qilib qoldi, endi meni o‘z rahmatingga qabul et”,-deb duo qildi. Shu orada u qattiq betob bo‘lib qoldi va 256 hijriy yilning Ramazon hayetida (Iyd al-fitr) kechasida (870 yil 31 avgust) vafot etdi.

Imom al-Buxoriy haqida yozgan muarrixlar va solnomachilar uning husni-xulqlari zikr qilganlarida, albatta, uning quvvai-hofizasi va xotirasining kuchliligini alohida ta‘kidlab ko‘rsatadilar.

Chunonchi, imom al-Buxoriyning xotirasi kuchli bo‘lganligi xususida ko‘pdan-ko‘p afsonaviy tarzdagi rivoyatlar qilinadi. Uning ustozlari Muhammad al-Buxoriyning yoshligidan Alloh-taolo ato qilgan noyob iqtidori va quvvai-hofizasini sezib, unga bir ovozdan tan berganlar. Yoshligidayoq uning haqida “g‘oyatda fozil inson bo‘ladi”, “dovrug‘i el orasida doston zot bo‘lib chiqadi”, deb aytgan bashoratlari tarix kitoblarida bitilgan.

Buyuk muhaddis Abu Iso at-Termiziy: “Imom al-Buxoriy el orasida tanila boshlagach, Abdulloh ibn Munir: “E, Abu Abdulloh Alloh seni bu ummatning ziynati qilib yaratgan!” degan fikrini keltiradi. At-Termiziy yana: “Alloh-taolo uning barcha xohishini mustajob qilib yaratgan edi”-deb ta‘kidlaydi. Tarixchi Shamsuddin az-Zahabiy quyidagicha hikoya qiladi: “Xolid ibn Ismoil shunday degan edi: Basra mashoyixlari xususida imom al-Buxoriy bilan bizning fikrimizda ko‘pincha ixtilof bo‘lardi. Shu paytda u o‘spirin bola bo‘lib, hadislarni sira yozmasdi. Shu zaylda o‘n olti kun o‘tgach u bizga: Juda ko‘p hadis eshitib yozib oldinglar, qani menga ko‘rsatinglarchi, qancha hadis yozib olibsizlar, dedi. Hisoblab ko‘rsak o‘n besh mingdan ziyod hadis yozgan ekanmiz. Al-Buxoriy ularning hammasini yoddan aytib berdi, hatto yozgan hadislarimizning ko‘plaridagi xatolarni uning yoddan aytganlariga qarab tuzatib ham oldik”. Olim Muhammad ibn al-Azhar as-Sijistoniy “Biz alloma Sulaymon ibn Xarabdan hadis ilmidan saboq olardik. Al-Buxoriy ham biz bilan birga hadis eshitardi-yu, lekin sira yozmasdi. Nega u yozmayotir?- deb so‘raganlar: “O‘z yurti Buxoroga qaytgach, yodidan yozadi”,- deb javob olgandilar. Ushbu Sulaymon ibn Harab-o‘z zamonining mashhur allomalari va hadis hofizlaridan hisoblanib, Makkai-mukarramada qozi ham bo‘lgan. Uning xotirasi g‘oyatda kuchli bo‘lib, hech bir kitob daftarga boqmay o‘n minglab hadisni yoddan rivoyat qilgan. Abu Hotam shunday hikoya qiladi: Men Bag‘dodda Sulaymon ibn Harabning darslaridan saboq olganman. Uning sabog‘ini olganlarning soni qirq mingdan ham oshib ketgan bo‘lib, u hijriy 224 yilda vafot etgan. Imom al-Buxoriy ham uning shogirdlaridan hisoblanardi. Fazlu kamolining shunchalik buyuk bo‘lishiga qaramasdan u al-Buxoriydan “Sen bizga Shu‘abaning xatosini tushuntirib ber”,-deb iltimos qilardi. Hifzu zakovat, idroku tafakkurdan rabboniy (ilohiy) bir noyob qobiliyat va iste‘dod Imom al-Buxoriyga a‘to etilgandiki, hatto unga ustozlari tomonidan ham g‘oyat darajada izzat-ikrom va hurmat ko‘rsatilib, ko‘p muhaddislar uning huzurida dars o‘tishdan ham hijolat bo‘lib, hayiqib turganlar. Shu xususda Fath ibn Nuh an-Naysoburiyning: “Ali ibn al-Madiyniyning darsida hozir bo‘lganimda Muhammad al-Buxoriyning uning o‘ng tomonida o‘tirganini ko‘rdim. Ustoz har bir hadisni zikr qilganida hurmat bajo keltirib, al-Buxoriy tomoniga ohista burilib qo‘yar edi”,-deb yozishi ustozlarining imom al-Buxoriyga hurmat e‘tibori alohida bo‘lganligidan dalolatdir.

Ko‘pgina manbalar va tarix kitoblarida imom al-Buxoriyning aql-zakovati va quvvai-hofizasini sinash maqsadida qilingan imtihon (sinov) xususida aniq ma‘lumotlar zikr qilingan. Darhaqiqat, bunday jiddiy bir imtihon Bag‘dodda Dor ul-xilofat (Xalifalik uyi)da Bag‘dod ulamolari tomonidan uyushtirilgan. Bag‘dodlik olim Abu Bakr al-Kaluzoniy (vafoti 249 hijriy yil) “Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriyga o‘xshash hech bir olimni ko‘rmadim. Biror ilmga oid har qanday kitobni olib sinchiklab mutolaa qilardida, unda keltirilgan barcha hadislarni bir martaning o‘zidayoq yodlab olardi”,-deb yozgan.

Qachonki imom al-Buxoriy hadis ilmi bo‘yicha mukammal ilmga ega bo‘lib ilmiy majlislar uyushtirib, saboq bera boshlagach va uning bu tarzdagi majlislarining dovrug‘i har tarafga tarqab, el orasida yoyilgach, ilm toliblari-yu, ahli donish uning saboqlariga shunchalik ko‘p yog‘ilib kela boshladiki, hatto majlislariga odamlar sig‘may ketardi. Bu tartibdagi ilmiy majlislar bir qancha-Basra, Bag‘dod, Hijoz, Balx kabi shaharlarda uyushtirilib, alloma umrining oxirlarida o‘z vatani Buxoroda ham hadislardan dars bergandi.

Imom al-Buxoriy maqbarasi

17797 Musulmon olamining taniqli muhaddislaridan biri Imom al-Buxoriy 810 yil 21-iyulda Buxoroda tavallud topgan, 870 yilda Samarqanddan 25 km uzoqda joylashgan Xartang qishlog’ida (Samarqand viloyatining hozirgi Chelak tumani) vafot etgan va o sha yerda dafn etilgan. Biroq, bu joy asrlar davomida qarovsiz holatda qolgan edi. O‘zbekiston mustaqillikka erishganidan so‘ng, majmua qayta tiklandi. 1997- yilning 29-apelida o‘zbekiston Respublikasi hukumatining “Imom al-Buxoriy tug‘ilgan kuninining hijriy-oy taqvimi bo‘yicha 1225 yilligini nishonlash” to‘g‘risidagi qarori qabul qilindi. Shu yilning noyabr oyida, YuNESKO ning bosh konferensiyasi 1998-yilda muhim sana-olim Ismoil al -Buxoriy tavalludining 1225 yilligining nishonlanishida qatnashish to‘g‘risida qaror qabul qiladi. Shu munosabat bilan, Imom al-Buxoriyning maqbarasida O‘rta Osiyonong me’moriy an’analariga ko‘ra bajarilgan yodgorlik majmuasi barpo etilgan edi. Yodgorlik uchun ajratilgan yerning umumiy maydoni 10 gektarni tashkil etadi. Majmua, Samarqand-Imom al Buxoriy avtotrassasiga tutashib ketadi (25 кm.). Majmuaning qurilishi va undagi obodonlashtirish ishlari O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Islom Karimov boshchiligida amalga oshirilgan. Majmua qurilishida Samarqand, Buxoro, Xiva, Toshkent, Andijon, Qo‘qon va Shahrisabzning xalq hunarmandlari va ishbilarmonlari qatnashdilar. Maqbara, masjid, ma’muriy bino va boshqalar milliy me’morchilik an’analarida barpo etilgan. Majmua ma’muriy binosi, janub tomonga qaragan. Majmuaga kirish, uchta yirik o‘yma arkasimon darvozalari orqali amalga oshiriladi. Darvoza-xona orqali asosiy kirishda, milliy uslubdagi katta ayvon qurilgan. Kirish darvozasining old qismida, majmuaning qurilish tarixi matni arab va o‘zbek tillarida yozilgan. Darvoza-xonaga kirishda, o‘ng tomonda ma’muriy va boshqa xonalar joylashgan. Majmuaning asosiy qismida, Imom al-Buxoriyning maqbarasi joylashgan. Kub shaklidagi bu inshootga o‘n yetti metrlik gumbaz o‘rnatilgan. Devorlar, och-yashil, havorang, oq qoplamali plitalar, marmar, onikslar bilan bezalgan. O‘ng tomonda, och-havorang oniksga ishlov berib yasalgan qabr toshi (sag‘ana) ostida al-Buxoriyning marmar bilan qoplangan qabri joylashgan. Ichki hovlining chap tomonida, maydoni 786 kv.m. bo‘lgan masjid joylashgan. Ayvonlarning umumiy maydoni 214 kv. m. Masjidda bir vaqtning o‘zida 1500 kishi namoz o‘qishi mumkin.
Mehrob tokchasida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Islom KarimovgaSaudiya Arabistoni qiroli Fahd ibn Abdulaziz tomonidan sovg‘a qilingan kisva-Ka’baning qoplamasi osilgan. Hovlining chap qanotida, yordamchi xonalari bilan zal (miyonsaroy) joylashgan. Miyonsaroy gumbazi, boshqa gumbazlar kabi bir xi o‘lcham va hajmga ega. Bu binoda, kutubxona, ilmiy xodimlarning kabinetlari va boshqa xonalar joylashgan. Uning umumiy maydoni 946 kv.m. ni tashkil etadi. Kutubxonada, Qur’onning noyob namunalari, ilk nashrlar hamda Imom al-Buxoriyning asarlarining namunalari saqlanadi. Imom al-Buxoriy majmuasi yaqinida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Islom Karimovning 2008-yil, 23-maydagi qaroriga asosan barpo etilgan Imom al-Buxoriy Xalqaro markazi joylashgan. Imom al-Buxoriy majmuasi, yurtimizdagi oxirgi vaqtlarda barpo etilgan shu turdagi inshootlarning eng katta va noyoblaridan biri hisoblanadi. Prezident Islom Karimovning so‘zlariga ko‘ra, bu majmua faqatgina muqaddas ziyorat joyi bo‘lib qolmasdan, balki O‘zbekistondagi yurtimiz dovrug‘ini dunyoga yoyuvchi va o‘sib kelayotgan yosh avlod tarbiyasida muhim rol o‘ynovchi, har bir kishini hayot va mangulik to‘g‘risida o‘ylashga majbur qiluvchi joylardan biridir. Xarita

Sharhlar

The revered Imam Al Bukhari (R.A.) ❤❤❤
ANWAR KHAN | 27.06.2022

O‘z fikringizni qoldiring

Fikr qoldirish uchun siz ijtimoiy tarmoqlar orqali kirishingiz kerak:

Kirish orqali siz shaxsiy ma’lumotlarni qayta ishlashga rozilik bildirasiz

Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.