Press "Enter" to skip to content

Temur tuzuklari” – muhim tarixiy-huquqiy manba

bugungi kunda “Temur tuzuklari”ning qo‘lyozma va toshbosma nusxalari dunyo bo‘ylab keng tarqalgan. Ushbu noyob asarni jahonning ko‘pgina mamlakatlarida, jumladan, Buyuk Britaniya, Fransiya, AQSH, Rossiya, Finlyandiya, Daniya, Eron, Hindiston, Turkiya, Misr, Yaman kutubxonalaridan topsa bo‘ladi.

To’lqin Alimardonov. Amir Temurning Ovroosiyo geosiyosati yoki uning tarixiy saboqlari & Amir Temur tavalludining 660 yilligiga bag’ishlangan tantana (Samarqand. Registon. 1996)

XIV асрда яшаб ўтган Амир Темур ва Йилдирим Боязид мусулмон турк оламининг икки буюк саркардаси ва давлат арбоби сифатида ўзининг улкан зафарли солномалари билан дунё тамаддунининг қиёфасини ўзгартиришга эришган улуғ сиймолар қаторига киради. Улар ўз даврида Евроосиё геоҳудудий маконида жаҳон сиёсий ва маданий марказини вужудга келтирган ҳамда унинг тартиботини ўрнатган туркий империялар қудратини намоён қилади.

АМИР ТЕМУРНИНГ ЕВРОСИЁ ГЕОСИЁСАТИ
ЁХУД УНИНГ ТАРИХИЙ САБОҚЛАРИ
Тўлқин АЛИМАРДОНОВ
Сиёсий фанлар доктори, профессор

XIV асрда яшаб ўтган Амир Темур ва Йилдирим Боязид мусулмон турк оламининг икки буюк саркардаси ва давлат арбоби сифатида ўзининг улкан зафарли солномалари билан дунё тамаддунининг қиёфасини ўзгартиришга эришган улуғ сиймолар қаторига киради. Улар ўз даврида Евроосиё геоҳудудий маконида жаҳон сиёсий ва маданий марказини вужудга келтирган ҳамда унинг тартиботини ўрнатган туркий империялар қудратини намоён қилади.

Туркий халқлар империяси тарихи ва ҳукмронлик қилган ҳудудлар тахминан бир хил жуғрофий кенгликларда уйғун қадриятларга суянган давлатчилик маданиятини шакллантирган. Улар хоҳ Хуннлар бўладими, хоҳ Хоқонликлар, хоҳ Қорахонийлар ёки Миср мамлуклари, Салжуқийлар, Усмонийлар, Ануштегинийлар, Мўғуллар бўладими, Тинч океанидан Ғарбий Европа ҳудудларигача қамраб олган кенгликлардаги империялар деярли бир хил сиёсий бошқарув анъаналарига эга бўлган. Амир Темур ва Йилдирим Боязид қадимий анъаналарни ривожлантирган, янги давлатчилик тамойилларини ҳаётга татбиқ этган. Улар жаҳон миқёсида камдан-кам учрайдиган дунёга ҳукмронлик қилиш амбицияларини даъво қилган ва унинг уддасидан чиққан ҳукмдорлардир.

XIV асрда Евроосиё ҳудудларида янги геосиёсий майдоннинг юзага келишига асосий сабаб ўша давргача кучлар мувозанатини таъминлаб келган Чингизийлар сулоласининг таназзули ҳисобланади. Мана шундай шароитда Евроосиё ҳудудида учта қудратли империя: Амир Темур давлати, Усмонийлар империяси ва Олтин Ўрда ташкил топади. Ушбу кучлар туркий сиёсий элиталар томонидан яратилган бўлиб, аҳолисининг аксарияти ислом динига эътиқод қилган.

Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур — ақлли, маърифатли, стратегик тафаккур соҳиби Ўрта Осиёда мўғул империяси парчаларидан интизомли қўшинга эга кучли ҳарбий армияни ташкил этишга эришади. Кўп йиллар давомида бу армия мағлубиятларни билмайди. Унинг режаларига Ҳиндистон ва Хитойни забт этиш, шунингдек, Ғарбга, Европага ўтиш мақсадлари қўйилган.

Усмонли империясининг ҳукмдори Султон Йилдирим Боязид қўшинларни тезлик билан янги режалар асосида ҳаракатлантириш қобилияти учун Болқонда болгарлар, серблар ва Византияга қарши муваффақиятли фатҳларни олиб боради. У Константинополни забт этишни ва Босфор ва Дарданел бўғозларини тўлиқ назорат қилишни режалаштиради. XIV аср сўнггига келиб, усмонли турклар султони Йилдирим Боязид Болқонбўйи ва Кичик Осиёнинг ҳудудларини ўзига бўйсундириб, улкан салтанатга эгалик қила бошлади.

Турк давлати Олтин Ўрда христиан қўшниларини XIV асрнинг ўрталарига қадар даҳшатга солди, аммо беқарорлик, ўзаро ихтилоф, ички уруш ва иқтисодий мураккабликлар туфайли таназзулга юз тутди. Хон Тўхтамиш (1380-1395) даврида Олтин Ўрданинг янги юксалишини бошлаб беради. Маълумки, Тўхтамиш ҳокимият тепасига кўтарилишининг бошида Амир Темурнинг қўллаб-қувватлашига таянган, кейинчалик хоннинг Олтин Ўрдадаги мавқеи мустаҳкамланиб, у Марказий Осиё ҳукмдорининг рақибига айланади. Айнан ана шу учала туркий ҳукмдорлар ўз даврида дунё маркази ҳисобланган Евроосиё минтақасининг тортишув нуқтасига айланади. Қолган давлатлар шу “нуқта”лар атрофида нажот халқасидан паноҳ излайди.

Амир Темур моҳир сиёсатчи ва беназир ҳарбий стратег сифатида даставвал ўз ғояларига мувофиқ ҳолда ички ўзаро ихтилофда бўлган давлатларни маҳв этиш билан Турон чегара ҳудудлари хавфсизлигини таъминлашга интилади. У айни пайтда ҳамма томондан ҳужумга дучор бўлиши мумкинлигини яхши биларди. Негаки, Турон давлатининг вужудга келиши ва маҳоратли саркарданинг зафарли юришлари, айниқса, истиқболдаги имкониятлари нафақат мўғул улусларини, балки Яқин ва Ўрта Шарқ давлатларини ҳам ташвишга солиб қўйган эди. Кўтилмаган жойдан Туронлик ўрта мавқелик барлос бекининг фарзанди асрлар давомида шаклланиб келган “ворисийлик” анъаналарига айланган ҳудудий ва минтақавий тартиботларга раҳна солиши, ростини айтганда, улар тарафидан қабул қилиниши қийин кечади. Шу важдан Олтин Ўрда хонзодалари бошчилигида Усмонли турклар, Миср, Эрону Хуросон, Ироқ, Сурия, Мўғулистон ва шу ниятларга шерик ва ҳамтовоқ Кавказ ҳукмдорлари ўзаро иттифоқчиларга айланадилар. Улар Мовароуннаҳрда бузилган сиёсий ҳукмронликни тез фурсатда тиклашдан умидвор эдилар. Кўриб турганимиздек, Турон давлати ҳудудий доирадан чиқиб, Евросиё минтақаси марказида иккинчи бир ҳалқа оралиғидаги сиқувда қолади. Бундай шароитда Амир Темурнинг ташқи сиёсий ҳатти-ҳаракатлари қандай бўлиши лозим эди?

Вазият тақозоси юзасидан минтақавий етакчиликка интилган Тўхтамишхон мамлуклар ва усмонли турклар билан Амир Темурга қарши ўз ҳаракатларини доимий равишда мувофиқлаштириб туриш мақсадида иттифоқ тузишга интилади. 1394 йилда Миср Мамлуклари султони Дамашқда Тўхтамиш ва турк султони Боязиднинг элчилари учрашиб, Темурга қарши биргалашиб ҳаракат қилишга келишиб, мамлуклар давлати билан чегарадош бўлган туркман – Оққўйли (оқ қўюнли) ва Қорақўйли (қора қўюнли) амирликларининг бошлиқлари ҳам султон Барқуққа итоат этишларини билдириб, хабар юборганликларини таъкидлаб ўтади (1).

Туронни сиқиб қўйиш Чингизийлар ҳукмронлигини ўрнатиш Тўхтамишнинг асосий мақсадларидан эди. Унинг Маворауннаҳр худудларига тажоввуз қилиши, табиийки, Соҳибқироннинг режаларига қатъий ўзгартиришлар киритади. Шунинг учун Амир Темур Тўхтамишгача даставвал тарқоқ Эронни ўз мулкига қўшиб олишга қарор қилади ва бу Ҳулогу мулкини тамоман забт этишга асос бўлади. Ҳақиқатан, Амир Темур Ҳулогу мулкининг асосий қисми бўлмиш Эрон ва бу мулкнинг иккала пойтахти Табриз ва Султонияни забт этганидан сўнг унинг парчалари бўлмиш Ироқ, Сурия ва Шарқий Анатолияни қўшиб олмай иложи йўқ эди. Чунки бу ерларнинг ҳокимлари Амир Темурнинг душманларига паноҳ бериб, ўз мулкларини унга нисбатан иғво ва ҳужум даргоҳига айлантирган эди. Бундан ташқари, Кавказ давлатлари мўғул ўрдалари билан иттифоқда эканлиги, Темурга нафақат сиёсий хавф-хатар туғдирган, балки савдо-содиқ ишларига ҳам тўсқинлик қилган. Шулар қаторида алоҳида майда ҳукмдорликларга парчаланиб кетган Эрон ва Ироқ давлатлари уни парокандалиги туфайли улар ўртасида ўзаро ихтилофлар кучайган, қароқчилик, босқинчилик авжига чиқади. Бу эса Туронга жануб томондан турли таҳдидларни юзага келтирган.

Бу хатарларни ўз вақтида англаб етган Амир Темур барча ғанимлар билан алоҳида музокаралар олиб боради, кези келганда дўқ-пўписа қилади, уларни яккалаб маҳв этишга эришади. Лекин бунинг учун у бутун умр отдан тушмасликка маҳкум эди. Бу курашларда невараларидан, энг сара ва содиқ сафдошларидан маҳрум бўлади. Унинг ҳарбий юришлари сабаблари баъзи сиёсатдонлар таъкидлаб келаётганидек, босқинчилик эмас, даставвал Турон устидаги доимий хавф-хатарларни бартараф этиш эди. Шу сабабли Амир Темур иттифоқчилар ташаббускори Тўхтамишни халқаро фаол сиёсат майдонидан четлаштириб, қолган иттифоқчиларни бирлашувдан маҳрум этади. Натижада Амир Темурга қарши иттифоқ амалий ҳаракатларга киришишга улгурмай бирин-кетин мағлубиятга учрайди (2).

Амир Темур шу аснода Мамлуклар султони Барқуқнинг иродасизлигидан, Тўхтамишнинг фаҳмсизлигидан, Боязиднинг шошма-шошарлигидан оқилона фойдаланади. У ғанимларнинг хаёлларида пишитаётган қарорларини олдиндан ўқий олади. Ана шу оралиқдаги вазиятни қўлга олишда Амир Темур барчадан абжир ва доно бўлиб чиқди. Натижада У ўзига қарши тузилган “иттифоқ”қа нисбатан кураш бошлайди ва бу уни Анқара жангига етаклаган сабаблардан бирига айланди (3).

Амир Темур Евроосиё ҳудудида Йилдирим Боязид ва Европа давлатлари ўртасида вужудга келган мураккаб ва зиддиятли муносабатларни яхши тушунган. Бу борада у ғарб элчиларини тингласа-да, Боязидга қарши юришга шошилмас эди. Унинг ўткир зеҳни, мантиқ ва тажрибаси на европаликларга, на уларнинг дипломатларига ишонмасликка ишора қилган. У Боязид номини эшитган европаликларнинг ақли шошиб қолишини ҳам яхши билар, шундай вазиятда у ниҳоятда прагматик сиёсат юритади. Бинобарин, Низомиддин Шомий асарида: «Мен табиатан у томонга юзланиш ва у мамлакатга лашкар суришни хоҳламайман. Амир Боязид доимо фарангларга қарши ғазот қилаётганлиги сабабли мен фарангликлар қувватланиб, аҳли исломнинг кучсизланишини истамайман. Аммо Қора Юсуф қароқчи ва йўлтўсардир, унинг фитнаю фасодидан мусулмонлар шаҳарларига етган зарар атрофдаги бегоналарникидан кўра ортиқдир. Амир Боязид бўлса уни ўз ҳимоясига олиб, жой берипти. Энди, уч ишдан бирини қилиши керак: аввало, у (Қора Юсуф) нинг кирдикорини тўхтатмоқ учун шамшир ишлатиб, ишини охирига етказсин ёки уни бизга юборсин, токи биз гуноҳини бўйнига қўйиб, қилган қилмишига яраша жазосини берайлик. Агар (амир Боязид) бу икки ишнинг бирини ҳам хоҳламаса, уни мамлакатидан ташқарига ҳайдасин! Ана шунда ўртамизда ота-болалик, дўстлик ва иттифоқлик барпо бўлади, қиз бериб, қиз оламиз, ғанимларига қилган ғазотларида ҳар нимагаки қодир бўлсак, ёрдам қиламиз ва кўмаклашамиз» (4), деган мазмунда хат йўллаган эди.

Агар мактуб мазмунидаги ниятлар ижобий якун топганда, минтақада кучлар мувозанати туркий давлатлар манфаатлари устуворлигини таъминлаган бўлур эди. Афсуски, давлат устунлари ва улуғлари Амир Темурнинг селдай бостириб келувчи отлиқ қўшинию филларидан, жаҳон мамлакатларида эришган зафар ва муваффақиятларидан сўйлаб, Йилдирим Боязидга у билан келишув йўлини тутишни ташвиқ этса ҳам, бундан ҳеч бир фойда чиқмайди (5). Амир Темур ўз мактубида икки туркий давлатнинг ихтилофга киришиши ножоиз эканлиги тўғрисидаги важларни келтирган бўлса-да, барибир, ихтилоф юзага келди.

Туркий давлатлар тарихида қизиқ бир парадоксга дуч келамиз. Евросиё оралиғида вужудга келган қатор империяларни парчалашда Византия ва Хитой давлатлари доимо катта таъсир кўрсатган. Чунончи, салжуқий Султон Маликшоҳ даврида Византия дипломатик йўллар билан Хитойни салжуқийларга қарши гижгижлаб, улар ўртасида уруш чиқаришга обдан ҳаракат қилганлиги маълум (6). Турк хоқонлигининг интиҳоси ҳам шундай кечган. Бу геосиёсий жараёнлар Амир Темур даврида ҳам янги кўринишларда такрор келган. Византия фитнаси, Хитой айёрлиги жасур, мард, дангал, аммо баъзида тўпори туркий халқларни парчалашга ўз даврида жиддий таъсир кўрсатган.

Мавжуд геосиёсий вазият ва халқаро кучлар мувозанати оқилона мулоҳаза қилинганида, эҳтимол, Амир Темур Ўрта Ер денгизига эмас, Ғарбга асосий эътиборни қаратган бўлур эди. Тасаввур қилинг, агар Ғарбга қараб юрилганда ва унинг жанубий-ғарбий тарафидан Йилдирим Боязид кириб борганида дунёнинг минтақавий манзараси қай даражада ўзгарган бўлур эди?! Аслида, геосиёсий саъй-ҳаракатларнинг мантиғига кўра, Йилдирим Боязиднинг таъсир доираси Европа ҳудудлари бўлиб ҳисобланган. Унинг Шарқий ҳудудларга тортилиши оқибатида Амир Темур унинг рақибига айланади ва Евросиё кучлар мувозанатини издан чиқаради. Амир Темурнинг “Амир Боязид доимо фарангларга қарши ғазот қилаётганлиги сабабли мен фарангликлар қувватланиб, аҳли исломнинг кучсизланишини истамайман.” деган мактуби мазмунида аслида ана шундай сиёсий мақсадлар ётади.

Бундан ташқари ўзаро можародан олдин Темур Боязидга яна бир бошқа мактуб ёзиб, Олтин Ўрда хони Тўхтамишга қарши курашда иттифоқчилик муносабатларини таклиф қилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тафсилоти украиналик олим Александр Степанченко (7) мақоласида келтирилади. Яъни, Амир Темур Йилдирим Боязидга 1395 йили Ширвондан туриб Тўхтамишга қарши курашиш мақсадида мактуб ёзганлиги ва унда биргаликда ҳужум қилиш режасини баён қилганлиги келтирилади. Режага кўра, Боязид Болқон ярим оролидан келиб, Дунайдан ўтиб, Днепр вилоятига кириши ва Боязид билан бир вақтда Темур қўшинлари Кавказдан чиқиб қўшилиши керак бўлган.

Амир Темур Боязидни Днепр бўйларига юриш қилишга чақириши сабаби XIV асрнинг 90-йиллари бошларида Польша ва Литва Буюк князлиги ҳукмдорлари Киев князлиги ҳудудини тўлиқ назорат қилиб, Қора денгиз соҳилига етиб боришган эди. Литва герцоги Витовт янги ерларда қалъалар қуришни фаол бошлаб юборган. Натижада у Қирм -Львов савдо йўлларини ўз назоратига олиш ниятида бўлади. Буларнинг барчаси Тўхтамишнинг Кўндурчадаги мағлубиятидан кўп ўтмай содир бўлган. Шубҳасиз, 1391 йилдан сўнг Олтин Ўрда ҳарбий кучи заифлашади. У, энди Литванинг кенгайишига қарши тура олмай унинг таъсирига тушиб қолган эди.

Амир Темур Султон Боязидга ёзган мазкур мактубида Тўхтамишни ғанимларига ишончли тўсиқ қўймаганилиги айтилган. Бундан ташқари, украин олими юқоридаги мактуб ҳақида тўхталиб, Амир Темур Йилдирим Боязидни Тўхтамишнинг Франклар билан иттифоқи Усмонлилар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради. Амир Темур Рим папаси Польша қироли Владислав Ягайло билан княз Витовтга мусулмонларга қарши салб юришига фатво берганлигини билган. Бироқ Усмонли султонни Амир Темурнинг важ ва режалари қизиқтирмайди. У узоқ Днепр бўйидаги вазият ҳақида кам маълумотга эга эди ва амирнинг Украина ерларига қўшма ҳарбий экспедиция таклифини рад этди, деб ёзади муаллиф.
Умуман, олимнинг талқинлари Амир Темурнинг геосиёсий мақсадларига мос келади. Хусусан, 1395 йил февралида Ширвон орқали “Ўрус ва Ўрусжуқни таладилар ва андағи бўлғон эл-улусларни мусаххар қилдилар,(8)” деган маълумотлар Шарофиддин Али Язий асарида келади. Бу ерда муаллиф «Ўрус» деб Русни ва «Ўрусжуқ» деб Малая русни, яъни Украинани назарда тутади. Аммо, муаллиф ўз фикрларини далилловчи биронта манба-асос келтирмайди.

Бизни бундай мактубнинг манбаси қаерда, деган савол қизиқтириб қолди ва кейинги изланишларга даъват қилди. Мазкур мактуб тўғрисидаги маълумот “Векипидея” саҳифаларида жойлаштирилган бўлиб, унда мактуб мазмуни тафсилотлари келтирилган. Унда шарқшунос олим Л. Калимуллина (9) шу мактуб хусусида 2010 йилда ёзган мақоласи хусусида сўз юритади. Муаллиф ушбу санаси кўрсатилмаган мактуб матни 3333,вI. 6а- 10 а рақами билан Туркиянинг Сулаймон кутубхонасида сақланишини ва у Заки Вали Тўғоннинг немис тилида ёзган мақоласида келтирганлигига ишора қилади. Унда бу мактуб Мунсаъат Сари Абдуллоҳ афанди томонидан етиб келганлиги айтилади. Мазкур муаллиф шахси ҳозирча бизга ноъмалум.

Изланишлар натижасида дарҳақиқат, 1958 йилда Заки Вали Тўғон қаламига мансуб бўлган ушбу мақола электрон нусхаси 2014 йилда Германия давлати Мартен Лютер университетининг “Deutschen Morgenländischen Gesellschaft” (10) журналида немис тилида яна қайтадан нашр этилганлиги маълум бўлди. Унда мактубнинг форс тилидаги нусхаси келтирилган. Бундан ташқари мазкур хат борасидаги Заки Вали Тўғоннинг тафсифлари 1958 йилда Американинг “The Annals of the Ukrainian Academy of Arts and Sciemces” журнал тўпламида ҳам нашр этилганлиги маълум бўлди (11).

Хат матни баёнига кўра, Заки Вали Тўғон кириш қисмида қўйидаги талқинларни беради: “Темурнинг иккинчи юришининг сиёсий аҳамияти фақат Олтин Ўрда ишлари билан чекланиб қолмай, балки бутун замонавий Шарқий Европага тааллуқли бўлганлиги Темурнинг 1395-йил февралида Ширвондан (Боку ва Дарбант ўртасидаги ҳудуд) Усмонли султон Боязидга юборган мактубидан кўриниб турибди. Мен бу янги топилган хатни “Zeitschrift der Deutschen Morgenlandischen Gesellschaftни” журналининг сўнгги сонида эълон қилдим. Бу хат алоҳида қизиқиш уйғотади. Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланади; билишимча, у сақланиб қолган ягона нусхадир. Бу мактубда Темур Боязидга Днепр ҳудудини биргаликда босиб олишни таклиф қилади. Темур “бу томондан”, яъни Кавказ томондан юришни режалаштирган. Боязид «бошқа томондан», яъни Дунай дарёси ва Болқондан кўчиб ўтиши керак эди. Ўша мактубда Темур ўзини «Шарқнинг мусулмон бўлмаган мамлакатларини (Ҳиндистон ва Хитой) фатҳчиси» деб атаган ва Боязидни Ғарбда (Болқон) шундай ҳукмдор сифатида тавсифлаган. Темур иккала ҳукмдор ҳам биргаликда ҳаракат қилишлари кераклигини айтади. Амир Темур ўз мактубида Боязидни Тўхтамиш-Франк иттифоқининг Усмонлилар учун ҳам хавфли бўлишини огоҳлантиради» (12).

Матнларни қиёсланган Л. Калимуллина Амир Темур ёзган хат матнини эмас, балки Заки Валиди Тўғоннинг шу манба ҳақида билдирган таҳлилий мулоҳазаларини келтиради. Амир Темур хати, деб Тўғон мақоласида келтирилган ҳақиқий матн таржима қилинганида шу фарқ аниқланди. Қуйида эътиборингизга Амир Темур бобомизнинг Йилдирим Боязидга йўллаган хатнинг форс тилидаги нусхаси ва таржима қилинган матни тавсия этилади.

Мактубнинг форс тилидаги нусхаси pdf форматида:

Мактубнинг таржимаси: Турфа махлуқот ва мавжудотларига Ўз буюклиги-ю қудрати нурларини порлатган, кенг карамию чексиз раҳматини ҳам Ўз фазлу камоли ила бутун коинот қатламлари узра таратган Аллоҳ, ҳақли равишда, барча алқову олқишларга лойиқдир. [Аллоҳ томонидан] (13) мутлақ шарафли дин[Ислом]ни ёйиш учун танлаб олинган, бағоят гўзал фазилату сифатлар ва энг етук ахлоқ-ла танилган Пайғамбаримиз[Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам]ни, у кишининг аҳлу оиласи, мўътабар сафдошлари-ю, то қиёмат кунига қадар уларга сидқидил ихлос ила эргашган [мўмин] издошларининг ҳаммаларини Аллоҳ ярлақаб, уларга Ўзи пушту паноҳ бўлсин!

[Дуодан] сўнг, ушбу нома нусҳаси Амир Темур Кўрагондан буюк амир, ажамларнинг энг одил ҳукмдори, Аллоҳнинг душманларига қарши бамисоли “қинидан суғурилиб, шай турган қиличи”, Ўз суюкли бандалари манфаати йўлида юборган раҳмати, Аллоҳни таниган юртлар посбони, Аллоҳнинг солиҳ қулларига кўмакчи, золим ва кофирлар қотили, босқинчи ва мужоҳидлар йўлидаги ғов, мусулмон ўлкалари сарҳадларининг ҳимоячиси, “ҳақпарвар ва дунёю дин пешвари” (жалолул ҳаққ ваддунё ваддин), жасорат соҳиби (ғозий) – Аллоҳ унинг мулку давлат ва салтанатини боқий қилсин – Боязид Баҳодирхонга етиб, маълум бўлсинким, икки ўртадаги ўзаро муносабатларда ҳамкорлик алоқалари ва дўстлик ришталари рисоладагидек мустаҳкам эмас.

Элчи ва чопарлар юбориш, номалар йўллаш, вазиятларга мувофиқ тарзда иноқлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарини йўлга қўйиш ҳам барқарор ва бардавом бўлмади.

Аммо, маълумки, биз [Аллоҳнинг қуйидаги] “Бизни деб курашаётганларни, шаксиз, ҳақ йўлимизга йўллаб қўямиз”, деган ояти каримасида келтирилганидек, дунёнинг машриқ томонида кофирларга қарши жанг олиб бориш, итоатсиз исёнчи ва бузғунчи қавмларга қарши жиҳод қилиш билан бандмиз. Шунингдек, бор куч-ғайртимизни ҳақ дин аҳкомларини жорий қилиш, Жанобимиз саййидул мурсалин [Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам] келтирган шариъат равнақида энг олий мақсад ва кўзланган натижага эришиш учун сафарбар қилмоқдамиз.

У [Боязид] ҳазратлари эса мағриб ўлкаларида Ҳақ йўлидан озган фирқалар ва илоҳий шариъатни инкор этувчи қадимий динлар тарафдорлари билан курашда Аллоҳнинг “Чиндан ҳам Аллоҳ Ўз йўлида ҳудди мустаҳкам вужуддек саф-саф бўлиб, жангга киришганларни ёқтиради”, деган ҳукмига биноан ниҳоятда улкан саъй-ҳаракат ва жидду жаҳд кўрсатмоқдасиз.

[Султон ҳазратларининг] барча эзгу ниятли уриниш ва хатти-ҳаракатлари шариатни кенг ёйиш, мусулмонларнинг фаровон турмуши ва яккахудолик дини аҳкомларининг ўрнатилиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилгандир. Шу тариқа ҳамма аҳлу имон бехатар, тинч-омон, саодатманд кун кечиришмоқда. Бундан бохабар мўминларнинг имонлари кундан кунга зиёда бўлиб, эзгу мақсад сари интилиш ва ҳаётга иштиёқмандликлари ортмоқда.

Дарҳақиқат, “Кимнингки қалбини Аллоҳ исломга мойил қилиб қўйибдими, демак, у ўз Раббисининг нурига мушарраф бўлибди” ояти билан ўзини зийнатлаган ҳар қандай соҳиби давлат борки, у мағриб диёрларида шариъати Муҳаммадияни улуғлашга, миллати Аҳмадия ахволини яхшилашга уринади. Айни дамда у [Боязид Баҳодирхон ҳазратлари] ўз издошлари қуршовида “Кимки исломдан ўзгасини тиласа, дини қабул қилинмайди” ояти асосида жангу жадал билан машғул бўлиш баробарида кофирларга қарши курашга чақириш билан банддир. Бунинг учун, албатта, Унга Буюк қудрат эгаси – Аллоҳ таоло томонидан ажру мукофот тариқасида турлича мадад саҳоват-ла берилажак. Кун сайин сизнинг халқингиз гуллаб, яшнаб, иқбол юлдузингиз юксак порлаб, тобора ёрқин нур сочажак. “Фазлу карам Аллоҳнинг қўлида бўлиб, уни ўзи истаган бандасига инъом этади”.

Оташин салом, Сизнинг шаънингизга айтилган ва чин дилдан чиққан тилак ва истаклардан сўнг, Аллоҳ таолодан Сизнинг ҳаққингизга дуолар қилиб қоламиз.

Халқда “Солиҳ бандаларнинг дуолари мустажобдир [рўёбга чиқади]”, деган нақл бор. Аллоҳ таоло ўзининг мўмин қуллари илтижоларига қулоқ тутади, уларга ёрдам беради ва қўллаб қувватлайди. Биз У[Боязид ҳазратлари]нинг баркамол, чин ва содиқ мусулмон сифатида билиб, ҳар қандай шароитда ҳам “Содиқлар билан бирга бўлинглар” деган ояти каримага мувофиқ тарзда, Улар билан дўстлик ришталарини боғлаш, умид қиламизки, бу ҳар икки томон муваффақияти ва фаровонлигига кафолат бўлади.

“Рост гапни гапиринг. [Аллоҳ] ишингизни ўнглайди” қавлида келганидек, қолаверса, “Бир яхшининг муҳаббатини қозонсанг, унинг қадрига ҳам ет” байтида ҳам айтилганидек, [ростгўйлик ва қадрлаш] жамиятга фойда келтиради. [Шу тариқа] У соҳиби иззатнинг соф виждонлиги намоён бўлади.

Жаҳон подшоҳи Чингизхон Тангри таолонинг иродаси билан Эрону Турон ерларини забт этиб, салтанати довруғи чўққисига чиққач, у ўз қўли остидаги ҳудудларни ўғилларига бўлиб берди.

Шу жумладан, Эроннинг барча ерларини ўз ўғли – шахзода Чиғатойга бериб, идора ишларини ҳам унга топширди. Бир муддат, тахт Менку-хон қўлига ўтгунига қадар, давлатни бошқариш ваколати берилганлар мамлакатни донолик билан бошқардилар. Менку-хон тахт теппасига келгач, салтанат ишлари эркин бошқарила бошлади. Шунда у [Менку-хон] ўз укаси Ҳулагу ўғлонни мамлакат чегарасида турган қўшини билан Эрон ҳудудларига жўнатди. Сўнгра у [Ҳулагу ўғлон] давлат бошқарувини қабул қилиб олди. Ҳулагу ўғлон ва унинг фарзандлари узоқ йиллар давомида мамлакатни бошқардилар.

Шу боис, бизнинг мамлакатларимиз ўртасида мунтазам тарзда ихтилофлар чиқиб турди, бир-биримизга нисбатан эътирозлар бўлиб турди. Буларнинг аксарияти ҳарбий тўқнашувлар билан якунланди. Мамлакат бошқаруви Чингизхон ва унинг авлодлари қўлидан кетиши билан мамлакатда бош-бошдоқлик авжига чиқди. Йўллар хавф-хатарли ва эсон-омон ўтиб бўлмайдиган бўлиб қолди. Муборак Маккага ҳаж сафарига отланган карвонлар манзилга етиб олиш имкониятидан маҳрум бўлдилар. “Одамлар орасида уларни ҳажга тарғиб қил, улар пиёда ва йироқ йўллардан юриб, ҳолдан тойган ориқ туяларда сен томон келурлар”. Курд ва лурлардан иборат йўлтўсарлар кўнгилларига келган нобакорликларни қиладиган бўлиб қолдилар. Тижорат аҳли ўз касбини бемалол хавфсиз адо этолмайдиган бўлиб қолдилар. Мамлакат ва аҳолининг аҳволи даҳшатли тус олди, “Мазлумнинг додини Ундан бошқа яна ким эшитади” маъносидаги нидо бутун мамлакатни қамради. Наслу насаби номаълум, аллақайси Ҳасан Тикрити деган кимса Тикрит тупроғини “ўғрилаб” бўлса-да, қўлга киритди. Бу бизга “Ўғри қалъа қоровулидан қалъани ўғирлаб, уни чув тушурди” байтини ёдга солади [ёки “ўғрини қароқчи урибди”] .

Чор атрофдан келган фисқу фасодчилар бир ерга тўпландилар. Аҳмад Жалоири эса уларга тўсқинлик ва бартараф қилишга қодир эмас эди. Боз устига у айшу ишратга берилиб, шариат доирасидан чиқди. Номашруъ ишлари ортидан жиноятчи ва муштумзўрларни етиштириб, зимдан исёнчиларга йўл очди. Араблар “Кимда ким уйи остонасига қопонғич ит боғлар, одамлар итдан эмас, уни боғлаган кимсадан безар” деганларидек, у [Аҳмад Жалоири] ҳам одамлар назаридан қолди.

Аввалги ёзишмаларни дебоча десак, исломий подшоҳ, “сув ва лой” қаҳрамони, салаф султонлар вориси, шоҳлар буржининг порлоқ юлдузи, илоҳий раҳмат сояси, илқонийлар (илҳонийлар — яъни Чингизхон авлодлари) боғининг нури, Чингизхоннинг нуридийдаси, дин ва дунё ҳақпарвари [ғиёсул ҳаққу ваддунё ваддин] ҳазрат Султон Маҳмудхон – Аллоҳ унинг ҳукмронлигини бардавом қилиб, эзгу амаллари ва меҳру мурувватини курраи замин узра ёйсин – бошқаруви даврида подшоҳзода ва улус амирлари унга тобе эдилар. Эрон мамлуклари Чингизхон наслининг бошқарувидан холи бўлгани боис, авлоддан авлодга мерос тариқасида ўтиб келаётган ерларга юриш қилиб, у мамлакатни босқинчиларнинг қўлларидан тортиб олиш керак.
Қолаверса, Жонқи биринчи навбатда бу юртнинг майдонидан чодирлар тикиб, ғалаба иштиёқидаги қўшинни тўплаш учун фойдаланаётгани сабабли ҳам [шу ишга қўл уришимиз зарур]. Хали ҳануз у мамлакатнинг “Доро”ю подшоҳлари ўлкани гуллаб-яшнатиш пайида бўлган бир паллада дорулмулк Самарқанд томонидан хабар келдики, бадбахт Тўқтамиш беандишаларча бу юрт сарҳадларида талон-тарожликни бошлаб юборибди.

Шунинг учун Биз унинг қилмишига яраша адабини бериш ва “бурнини ерга ишқаш” мақсадида дорул мулк [Самарқанд] томон йўлга тушдик. У ердан улкан қўшин ҳамроҳлигида Дашти қипчоқ ва Ўзбак Диёри сари отланиш режасини туздик. Сиз, эшитган бўсангиз керак, раббимнинг инояти ила уни “тавбасига таянтир”дик. Унинг элию хешу ақрибоси ҳам, лашкарию қўшин ҳамда каттаю кичик мулозимлари ҳам бари ўлим таъми ва қилич заҳрини тотдилар. “Бу Раббимнинг фазлу карамидан” бўлиб, “Аслида, ғалабани мутлақ ғолиб ва ҳар ишни ҳикмат билан қилувчи Аллоҳ таъминлайди”.

Аллоҳ таолонинг мадади билан мурод ҳосил бўлиб, мақсадга эришилди. Тўқтамишнинг (Тўхтамиш) Темур Қутлуғ исмли амакиваччаси бўлиб, у анчадан бери камина ҳазратларининг хизматида бўлиб келар, хос мулозим ва битикчи мирзолари жумласидан эди. Айни пайтда у [Темур Қутлуғ] унга [Тўқтамишга] очиқдан очиқ адоватда эди. Биз уни тўла таъминлаб, яхши қуролланган лашкар бериб, токи уни [Тўқтамишни] буткул тор-мор қилсин, деб, Итил дарёси ортидан Жағанд, Сиғноқ, Наркас, Пувар вилоятларида келажакда унинг таянч нуқталари бўладиган қалъа ва истеҳкомларга ўтказиб юбордик.

Чунки Туронзамин томондан ҳеч бир хавф-хатарга ўрин қолмай, ислом подшоҳи [Султон Маҳмудхон] ҳазратга – Аллоҳ унинг салтанатини боқий қилсин – барча шаҳзода ва улусбейлар бўйинсунган эдилар. Ташқи таҳдид бартараф этилгач, бурунги қоидаларга мувофиқ, Эронзаминни яна ўз қўл остига олиш ва у ерда тартиб ўрнатиш палласи келди.

Шу тариқа, илоҳий иноят – Унинг қудрати ва марҳамати ила бир ҳамладаёқ Мозандарон, Гилон, Курдистон, Лувристон, Шулистон, Хузистон, Форис, Ироқ, Ҳурмиз, Кирмон, Киж, Мукрон, ДиёрБакр ва Озарбайжон ҳаммаси забт этилди. “Аллоҳ подшоҳликни кимга хоҳласа, ўшанга беради. Аллоҳ кенг қамровли ва барча нарсани билади”.

Айни фурсатда Гуржистон ва Абхаз чегаралари, Албурз тоғорти ноҳиялари, бизнинг бахту иқболимизга, қўлга киритилиб, бизнинг ер-сувга қўшилгач, қўшинн тўла жанговар ҳолатга келтирилгани тўғрисидаги хабар Тўқтамиш ва унинг яқинлари қулоғига етиб бориб, уларнинг руҳиятлари тушкун бир аҳволда қолдилар. Шунда унинг аскарининг бир қисми Биз ҳазратларига сафдош бўлмиш Темур Қутлуғ ўғлон тарафга ўтиб кетди. Баъзилари эса паноҳ илинжида Кафа ва Ожом Қирм бағри бўйи томонларга қочдилар. Раббимнинг тавфиқи ила уларнинг аҳволи танг бўлиб қолди. “Зулмкор қавм батамом, қуйруғигача қирилди. Барча олқишу мақтовларга фақат Аллоҳ – роббул оламингина лойиқдир”. Шу тариқа уларнинг узундан узоқ қиссаси ва батафсил муаммолари якун топди.

Бундан олдинроқ рўй берган воқеа қуйидагича: энг азиз фарзанди аржумандимиз Амираншоҳ Кўрагон Баҳодир – Аллоҳ умрини узоқ қилсин – ушбу номани элитувчи Ҳожи Муҳаммад Қиссахонни соҳиби иззат [Боязид ҳазратлари] ҳузурига дўстона тарзда бир хушхабарни етказиш учун жўнатган эди. Йўлда у [элчи] шундан хабар топадики, онҳазрат [Боязид] томони кофирларга қарши лашкар тўплаб, уни мағриб томонга йўллабдилар. Бу гапни эшитган ҳамон, ўша пайтда Сиз муқаддас жиҳодда бўлганингиз учун у сиз билан учраша олмай, ортига қайтган.

Ўйлабдики, ҳар гал [Сиз] жаноблари томонидан Биз ҳазратга элчилар келар бўлса, дўстликни мустаҳкамлаш ва садоқатларини билдириш мақсадида баъзи элчиларни юбориш зарур бўлар, бу ниятимиз холислигидан дарак берарди. Бундан илгари Гуржистон чегарасида у жанобга юборилган номада ҳам мавжуд вазият қандайлиги ҳақида баён этилган эди.

Шундан сўнг, Ширвон вилоятидаги Муштатда Биз ҳазратга тобе яқинларимиздан бири ҳозирда Дарбанд ҳокими ва айни чоғда Боб-ул абваб қалъаси бошқарувчиси – амир Араш ҳузурида қишлайдиган бўлдик. Унинг воситачилигида ундан [Тўқтамишдан] дўстлик таклифи билан юборилган бир нома олдим. У [Тўқтамиш] ўзининг чин ихлос-ла итоатини изҳор қилиб, ўз қизини фарзанду дилбандларимиздан бирига беришга розилик билдириб, ўз ўғлини бутун бошли лашкар билан Биз жанобга мулозим айлашга кўнибди. Биз ҳам бу таклифни қабул қилдик ва бу ёзни пурвиқор Олатоғ Яйлоқида ўтказмоқчимиз. Ўша ердан Шом томонга юриш борасида муқаррар азму қарорга келинди.

У жанобларига маълум бўлсинки, агар Аллоҳ таоло инояти ила бизнинг нариги тараф [Тўқтамиш] билан алоқаларимизда бирор янгилик рўй берса, бу ҳақда сизга хабар берамиз.

Ҳозирда Биз Сомурон (Шомурон) ноҳиясидаги Дарбандга қуйиладиган Самур дарёсининг жанубий томонида турибмиз. Шоядки, нариги томонда бу атрофни яхши биладиган тажрибали тужжору сайёҳлар бор бўлса, уларнинг бу ёқларга ўтишларига қўйиб бериб, бож ва солиқлардан озод этиш ва изларидан бориш керак. Ростанам, унинг тинчликка эришиш ҳақида музокаралар олиб боришга бўлган интилишлари реал воқеликка айланиб, иш тинчлик томон йўналганида эди, икки томоннинг бир-бирига яқинлашувига эришиларди. Бундан ҳар икки томондаги вазият ҳақида ўзаро маълумотлар алмашинувини таъминлаш учун фойдаланиш зарур. Бу музокаралар шунчаки бир ўйин бўлиб чиқса, унга қарши юришга тўғри келади.

Биз сидқидилдан ишонамизки, Ҳазрати олийлари керакли, деб топадилар ва амалий ҳаракатга ўтадилар. Биз ўзаро ҳамкорлигимиздан жуда мамнунмиз. Аминмизки, Аллоҳ таолонинг ёрдамида [Тўхтамиш] батамом тор-мор қилунгунига қадар Сизнинг жангчиларингиз унинг изидан борадилар. Имкони борича буни амалга оширинг. Фақат Аллоҳгина ҳақиқий мададкор, биз Ундангина паноҳ топамиз. Музокаралар ҳақидаги гапларга қарамай, эшитишимизча, у Сизга бўйсунмай, тинчлик ва содиқликдан юз ўгириб, Узу дарёсини кечиб ўтиб, қочиб қолибди. Эҳтимол, у Кафа дарёси соҳилидаги мустаҳкам қалъалар томон юриш ниятида кўринади. Агар бу ҳақиқатан шундай бўлса, у франк кофирлари билан махфий алоқада бўлаётгани учун бор куч ғайратимизни ишга солиб ва барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиб, биз унинг изидан таъқиб қилишимиз ва уни тутишимиз зарур. Биз Тангри таолонинг кўмагидан жуда умидвормиз, инша Аллоҳ таоло.

Умид қиламизки, уни тақиб қилаётганимиздан фойдаланиб, европалик кофирлар билан орамизда тўқнашув содир бўлар. Биз бу томондан, [Боязид] ҳазратларининг одамлари эса ўз томонингиздан кофирларга қарши жангу жиҳодга киришиб, оқибатда бефаросатларни биргаликда яксон қиламиз. “Бу ишлар муваффақияти фақат Аллоҳдандир”, “Жумҳур манфаатлари, халқлар қисмати ҳам Унинг қудратли қўлидадир”. Ҳозирда аҳвол мана шундай.

Ўтган йили араб Ироқида ва Шом вилоятларида бўлганимизда маҳаллий ҳокимлар билан ўзаро товар-маҳсулот айрбошлаган эдик. Салаф [ўтган] султонлару бурунги ҳукмдорлар урф-удумларига кўра, уларга биз совға-салом билан элчилар юбордик. Шу жумладан, шомлик номақбулу бетайин бир савдогар черкасс қулга ҳам [шундай иззату икром кўрсатдик] (14). У бўлса, обрў-эътиборли ҳукмдорлар йўқлиги учун айёрлик ва алдов йўли билан Мисрга хукмрон бўлиб олибди. Бу малъун, нобакор, нонкўр итоатсизлик қилиб, ўз хожасининг ўғлини ўлдириб, салтанат тепасига келибди. Демак, у араб мақолида айтилган “Куфрони неъматларга Раҳмоннинг лаънати бўлсин” қабилида иш тутибди.

У шунингдек, ислом тараққиёти ва мусулмонлар муваффақиятига сабаб бўлиб келаётган халифазода имомни оммадан яккалаб қўйди. Мисрнинг собиқ подшоҳлари чиқарган қонун ва хайрли ишларини ҳам бекор қилди, шу тариқа яккаҳукмронликка эришди. Сиз унинг ҳеч бир асоссиз элчиларни қатл қилганини ҳам эшитгандирсиз.

Бундай номаъқулу номақбул ишларни ва бундай пасткашлик билан қилинган гуноҳни бошқа бирон бир ҳукмрон ва обрўманд кимса томонидан қилинганини одамзот шу пайтгача эшитмаган ҳам, кўрмаган ҳам. [Қуръони карим оятида тавсифланганидек] “Вазифалари фақат хабар етказиш, хабардор қилиш” бўлган элчиларни бу тарзда қийнаш ва азоблаш ҳеч бир ақли расо ҳукмдорга муносиб иш бўлмаган. Ахир бу “Бундайларнинг дунё ҳаётидаги жазоси фақат шармандаликдир” [ояти орқали огоҳлантирилган кирдикор-ку!].

Энди илоҳий қазою қадардан сўнг, Қипчоқ масаласига келсак, уни ҳал қилгач, Шом томонга юриш лозим. Аллоҳ таолонинг инояти билан бу черкасваччани “қулоғидан бураб”, ақлини киргазиб қўйиш керак. Умид қиламизки, арабларнинг “Зулмкорнинг зулми алал оқибат ўзига қайтади” мақоли ҳақ гап бўлиб чиқади. Мақсаду истакларнинг тезроқ рўёбга чиқиши фақат ва фақат У[Аллоҳ]нинг қўлидадир.

Қозивачча Сиваси (15) ҳам араб ибораси билан айтганда, “Бурганинг қонидан на фойдаю, чумчуқнинг ёғидан не наф” деганларидек, беҳудаю аҳмоқона ўйларга берилиб, ақлдан озди. “Пес песни қоронғуда топибди” мақолига уйғун тарзда, ўша черкасваччани ёқлаб, уни дастаклади. Шундай қилиб, ношарьий кун кечириши ортидан ахир куни келиб, ўлимнинг аччиқ шарбатини тотади. У худди араб мақолидагидек, “ҳайвон каби ўз ажалига ўз туёғи билан юриб боради” [яъни, ўз ажалини ўзи қидириб топади].

Самимий дўстлик тамойилларига амал қилган ҳолда, ўз аҳволимиздан бир-биримизни бохабар қилиб туришимиз зарур. Бунда чинкўнгилдан бир-биримизга ёрдами тегишини инобатга олишимиз лозим. Юқорида зикр этилган ўзаро тушуниш, ҳурмат каби орамизда мавжуд тамойилларга риоя қилишимиз шарт. Иложи борича ўзаро элчилар ва ҳадялар алмашиш, Жанобларининг сиҳат-саломатликларидан хабардор бўлиш, ажойиб ҳолатдаги давлат ишлари ҳақида ҳам воқиф этишимиз керак. Бундай ўзаро муносабатлар ўзаро ёрдам ва қувватлашнинг гуллаган боғидаги бир жилони эслатади. Ўйлайманки, биз ўз таклифларимиз билан сизни ортиқча ташвишга солмадик. Сизга ҳозирда ҳам, келгусида ҳам барқарор тинчлик-омонлик тилаб қоламиз.”

Мактубда келтирилган талқинларда Амир Темур Йилдирим Боязидни тенгсиз ҳукмдор сифатида мақтайди. Уни Буюк Амир, Худонинг душманларига қарши қиличи, Худо томонидан мусулмонлар манфаатларини ва Ислом чегараларини ҳимоя қилиш учун юборилган шахс сифатида таъриф беради. Бундан ташқари, Амир Темур Ислом дунёсининг ғарбидаги Султон ёғийларга қарши доимо муқаддас уруш ҳолатида эканлигидан хабардорлиги айтилади. Бу фаолият учун уни мақтов билан олқайди ва муваффақият тилайди ҳамда қўллаб-қувватлаш учун тайёр эканлигини билдиради. Бундан ташқари Амир Темурнинг ўзи ҳам дунёнинг шарқида ёғийларга қарши уруш олиб бораётганлиги ва уларнинг ҳар иккиси ҳам шу ғояга хизмат қилаётганлиги таъкидланади.

Мактубда Амир Темур Чингизхон босқинидан кейин Эрон ва Туронда вужудга келган вазиятни, шунингдек, бу мамлакатлар унинг ўғиллари ўртасида бўлинганини назарда тутади. Шу билан бирга Амир Темур ўзини ва мўғул хони Султон Маҳмудни (16) Чингизхоннинг ҳақиқий ворислари, деб ҳисоблайди ва бу вазиятдан унинг бутун дунёни забт этиш ғояси аниқ ифода этилади. Эрон, унинг фикрича, дастлаб Чиғатой авлодига ўтган, Мангу Хон замонида у Ҳулогу ўғли тасарруфида бўлган, бу Чиғатой ва Элхон ворислари ўртасида кўплаб урушларни келтириб чиқарган.

Амир Темур Йилдирим Боязид билан бўлган муносабатларга ҳам алоҳида эътибор қаратади: Бироз олдинроқ ўғли Мироншоҳ Баҳодур ўз вакили Ҳожи Муҳаммад Қиссахонни унга дўстлик таклифи билан юборгани ва ўша пайтда уруш туфайли Ғарб мамлакатларига бўлганлиги учун уни кўрмасдан қайтиб келганлиги айтилади. Агар ундан бирон бир хабарчи вакил келса, унга элчи юборишиб, дўстлигини тасдиқлашини билдиради. Агар Тўхтамиш билан боғлиқ музокаралар янги босқичга кирса, бу ҳақда хабар юборишини билдиради. Айни пайтда, агар Тўхтамиш риёкорлик қилиб Франк кофирлари билан муомала қилса ва улар билан яширин алоқани ўрнатганлиги аниқланса, муқаддас уруш бошлаб, Амир Темур қўшинлари Кавказдан тарафдан, Йилдирим Боязид эса Болқондан ва кейин бу динсизларни умумий кучлари билан мағлуб этилиши назарга олинади.

Амир Темур Йилдирим Боязид билан муносабатини чексиз дўстлигининг яна бир белгиси сифатида ушбу масалалар тўғрисида аниқ маълумот бериб туришини, ҳаракатларини биргаликда амалга оширишга ва ўзаро ёрдам бе ришга йўналтиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди. Шу билан бирга бундан буён доимий равишда элчилар юборилишини, шунда ўзаро янгиликлар алмашинувига имкон туғилишини ва ўзаро аҳволларидан хабардор бўлишини тилайди.

Амир Темурнинг 1395 йил Шимолий Кавказ ва Днепр ҳудудларига бўлган иккинчи юриши ҳақидаги маълумотлар Шарафиддин Али Язди ва Ибн Арабшоҳ томонидан ҳавола килинган бўлсада, бу фактлар сабабияти кенгроқ тахлил килинган эмас. Ушбу хат Шаркий Европанинг тарихий геосиёсатини ҳамда мусулмон давлатларининг ўзаро муносатларини англашда жуда муҳим манба бўлиб ҳисоланади. Днепр ерлари (Днепр ерлари Тўхтамиш лашкарининг бош саркардаларидан бири Бахтёруқ шаҳзодасининг назорати остида эди) ва Қрим уни куллаб-кувватлаб турадиган нуқталар бўлиб колса, Темурнинг Олтин Ўрдадаги вассал маъмурлари (Темурқутлуқ ва Эдигей) хавф остида колиши турган гап эди.

Мактуб Амир Темурнинг Ислом динини ёйишда Йилдирим Боязид билан ҳақиқий ҳамкорликни вужудга келтириш истаги мавжудлигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, Амир Темурнинг Усмонлиларга нисбатан бўлган ижобий мақсадлар тўйилганлигини кўрсатади. Унга кўра Йилдирим Боязид Болқонда, шунингдек, Днепрнинг ғарбидаги мамлакатлар устидан ҳукмронликни ўз қўлига олиши керак эди. Айни пайтда, у Йилдирим Боязид тимсолида «салбчиларга қарши Ислом байроқдори»ни кўради. Аммо мактуб жавобсиз қолади. Натижада икки саркарда ўртасида ҳамкорлик эмас, душманлик вазияти юзага келади.

Мактуб хулосалари Амир Темурнинг Евроосиё қитъасига нисбатан олиб борган кенг қамровли ташқи сиёсати асосларини тасдиқлайди. Мактубда билдирилган сиёсий вазиятлар силсиласи дунёнинг глобал зиддиятларини, қарама-қарши қутблар курашини атрофлича очиб берадики, дунёга ҳукмдорлик борасидаги курашлар ихтилоф-моҳияти янги даврда ҳам худди шу сценария асосида келаётганлигига гувоҳ бўласан. Польша, Литва, Тўхтамиш бирлиги, уларнинг маънавий ҳомийси Рим папаси, пайтини пойлаб, ихтилофларга ҳомийлик қилиб турган Европа давлатлари, аросатда қолиб, тарафларга ем бўлаётган ва бунда буфер ҳудудини ташкил қилган кичик Русия, заифликдан ўз вазиятини кутиб турган рус князликлари, Шарқда Миср, Ироқ, Эрон ҳамкорлиги ва шу фитналар алалоқибатини фаҳмламаган Йилдирим Боязид такаббурлиги Амир Темурни ҳалқаро сиёсий майдонида яккаланиб қолинишига сабаб бўлади. Лекин, у бу курашлардан ғолиб чиқади.

Хулоса қилиш мумкинки, халқаро вазиятлар ва геосиёсий ташқи алоқалар моҳиятини очиб берувчи манба-хатлар икки қисмга ажратилганлигини кўзатамиз. Биринчиси бу – Амир Темурнинг Ғарб давлатлари билан бўлган ёзишмалари ва иккинчиси Йилдирим Боязидга юборилган тўртта мактуб ташкил этади. Агар биз тадқиқ этаётган мактуб, ҳақиқатан ҳам, Амир Темурга тааллуқли эканлиги исботланса, икки мусулмон турк саркардалари ўртасидаги муносабатлар моҳияти янги саҳифаларни очиб бериши шубҳасиз.

Ғарбнинг барча урушлари христиан дини (салб юриши — Т.А) ғоялари даъватларига асосланганлигини эътиборга оладиган бўлсак, Амир Темурнинг хат мазмунидан келиб чиққан даъволари мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилганлигини ва ғарб олимлар “осиб” келаётган соҳибқироннинг “босқинчлик юришлари” тўғрисидаги важлари ўз тасдиғини топмайди. Бошқа тарафдан, сиёсий жараёнлар сценарийси бўйича, Амир Темур ва Йилдирим Боязиднинг мафкуравий курашлардаги бирлашувлари мантиқан давр даъватларига мувофиқ келиши керак эди. Лекин геосиёсий манфаатлар моҳияти мантиққа эмас, шахсий амбициялар асосига қурилиши билан Евроосиё минтақасига ҳукмронлик қилиш мусулмонлар фойдасига тескари келади.

Зотан, минтақавий геосиёсий манфаатлар курашида Йилдирим Боязид бутун Европанинг бирлашган қўшинларига бас келиши билан Евросиё яхлитлигини ҳимоя қилишга муносиб хизматлар кўрсатади. Талвасага тушган Ғарб ғоявий мақсадлар йўлида, мусулмонларга қарши салб юришини бошлайди ва у 1396 йил Усмонлилар томонидан тор-мор этилади. Салбчилар таркиби французлар, венгерлар, инглизлар, голландлар, пруссиялик рицарлардан иборат бўлиб, уларнинг армияси 100 минг отлиқ ва пиёдалардан ташкил топган эди. Йилдирим Боязид қўшинлари эса 60 минг нафар отлиқ ва пиёдалардан иборат эди. (Айрим манбаларда Йилдирим Боязид қўшинлари сони 200 минг, салбчилар 60 минг қўшинни ташкил этган дейилади. — Муаллиф изоҳи) Никополис яқинидаги жангда салбчилардан 10 минг нафари ҳалок бўлади ва қисман асирга олинади. Ундан ташқари, Йилдирим Боязид салбчилардан 200000 олтин танга тўлов сифатида ундиради. Шу билан бирга Шарқий Рим императори Мануэль Палеолог турк султонига бож тўлаш мажбуриятини ҳам ўз бўйнига олади (17). Шу тариқа Ғарб давлатларининг Евросиё, Ҳиндистон ва Хитой бозорларига чиқиш йўллари назоратга олинади.

1389 йилда Усмонийлар империяси султони Мурод I Йилдирим Боязиднинг отаси Косово шаҳрида сербларга қарши жанг вақтида ҳалок бўлади. Жанг майдонининг ўзида тахтни султоннинг 19 ёшли ўғли Боязид эгаллайди ва сербларга қарши жангни давом эттиради. Боязид ёш бўлишига қарамай, тез орада кўплаб ҳарбий юришларда зафар қучади. Хусусан, Дунай бўйи давлатларини ўзига бўйсундириб, Македония, Фессалияни фатҳ этиб, Грецияга бостириб киради. Йилдирим Боязид Смирна (Измир) шарқида жойлашган Филаделфияга ҳарбий кампания уюштиради ва юнонлардан Кичик Осиёнинг ғарбий қисмини, 1393 йилда Болгария пойтахтини эгаллайди. 1395 йилда Болгария Усмонли империясининг бир қисмига айланади. Бундан олдин, 1394 йилда Пелопоннес юнонлари Усмонлиларга ўлпон тўлайдиган вассалга айланади. Фақат Албания тоғлари туркларнинг ғарбга томон илгарилашини тўхтатади. 1389 йилдан 1396 йилгача бўлган даврда Анатолиянинг сўнгги мустақил бекликлари — Ойдин, Сарухан, Гермиян, Ментеше, Хами, Караман ва Сивас ҳам Усмонийлар империяси таркибига киради. У 1396 йил Никопол яқинида Венгрия қироли Сигузмунд бошчилигидаги Европанинг турли давлатларидан йиғилган отлиқ қўшинини тор-мор этиб, Византия империясининг пойтахти Константинопол шаҳрини қамал қилади. Урушларда тезкорлик билан ғалаба қозонгани учун Боязидга улуғловчи “Йилдирим” лақаби берилади. Лекин, афсуски, буюк ва қудратли Йилдирим Боязид мард ва жасоратли бўлиш билан бирга табиатан таъсирчан ҳамда шошқалоқлиги учун олдиндан айтиб бўлмас ҳаракатлар қилишга ўта мойил шахс эди.
Бугунги кунда ислом оламининг икки буюк саркардаси тўқнашуви ва геосиёсий жараёнлар интиҳоси «Европанинг тантанаси» сифатида қаралиши, аслида ниҳоятда жўн ва тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди. Амир Темурнинг «Европа халоскори» сифатидаги хизматларининг кўкларга кўтарилиши эса мутлоқа илмий асоссиз даъво! Бошқача қилиб айтганда, тарихдан бехабар янги сиёсатдонларнинг ўйлаб топган таъвозеси. Боязидга ёзилган хатлар тафсилотида Соҳибқирон ўз олдига бундай мақсадларни ҳеч вақт қўймаган. Бинобарин, Амир Темур Йилдирим Боязиднинг ҳарбий қудрати, тартиботи ва юксак саркардалик маҳоратига шубҳа ҳам қилган эмас. Бундан ташқари, Йилдирим Боязид Ғарб билан Шарқ дарвозасининг посбони эди. Бу дарвоза қулагач, ғарбдан шарққа қарши бир неча бор “салб юриш”лари юзага келганлигига тарих гувоҳ. Салоҳиддин Айюбийдан кейин салбчиларга қарши тура оладиган энг жиддий ва қудратли ғов бу – Усмонли давлати ҳисобланган. Зеро, усмонлиларни ўртадан кўтариш осон эмас эди. Ҳолбуки, Оврупо масаласини узил-кесил ҳал этиш, уларни абадий белини кўтара олмайдиган қилиб қўйиш лозим эди (18). Бундай мақсадлар Амир Темурнинг ниятларига ҳам муштарак келганлигини инкор эта олмаймиз. Фақат минтақа ичидаги ихтилофу-ҳиёнатлар Амир Темурни Европа давлатлари билан алал-оқибатда ҳамкорлик қилишга, аниқроғи улардан фойдаланишга мажбур этади.

Хусусан, Шарофиддин Али Яздий ўз асарида қайт этганидек, Амир Темур Йилдирим Боязид Анқара жанги мағлубиятидан сўнг унга берган танбеҳида “Агар менинг маслаҳатларимга кўнганингда сенга ёрдам берган бўлур эдим ва бундайин аҳволга тушмас эдинг. Лекин сен менинг айтганларимга кўнмадинг, мусулмонларга кўп ташвишлар келтирдинг, мухолифатдан бошқа нарса зоҳир бўлмади. Аммо бу жиҳатким, ҳазрат Ҳаққ субҳонаҳу ва таоло менга нусрат берди, сенга ва сенга тааллуқ кишиларга яхшиликдин ўзга иш қилмағумдур”, дейди. Йилдирим Боязид хижил ва мунфаъил бўлуб, гуноҳини бўйнига олиб «Бали, мен хато қилдимки, Соҳибқироннинг сўзини эшитмадим, бу жиҳатдин ҳаромни топтим. Агар Соҳибқирон афв қилиб, гуноҳимдин кечса, мен фарзандларим била то тирик бўлсам хизматдин ўзга иш қилмағаймен», дейди. Соҳибқирон лутфу карамидин анга подшоҳона тўн кийдурди ва яхши сўзлар била кўнглини олди. Соҳибқирон Йилдирим Боязидга иноят ва шафқатлар қилиб, ҳар кун ани ўз қошиға келтуруб, суҳбат тутуб, кўнгул берур эрди, (19) деган мазмундаги суҳбат тафсилоти келади. Аммо ташқи ва ички фитналарнинг таъсирида бундай мафкуравий мақсадлар, минг афсуски, амалга ошмайди.

Башарият тарихидан маълумки, принципиал жиҳатдан ҳамма даврларда барча урушлар ғоявий характерга эга бўлган, чунки у ёки бу тарзда иштирок этган томонларнинг ҳар бири ҳаёт тарзига ва ўз душманининг қадриятлар тизимига тажовуз қилиш орқали устунликка эришган. Дунёда шу кунгача сақланиб қолган диний важлар орқали уруш оқибатлари келиб чиққанлиги ҳам сир эмас. Бугун ҳам мафкуравий қутбларга бўлиниш ва ғоявий таҳдидлар асри якунланди, деб айта оламизми? Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, ислом шариатига амал қилиш тартиблари Амир Темур сиёсий фаолиятининг асосини ташкил қилган. У ислом динини ёйишга у бутун куч-қувватини сарфлайди. Шу боисдан ҳам баъзи номусулмон давлатларга бўлган юришларини, энг аввало, у ўша мамлакатларда ислом динини ёйиш (жорий қилиш), мазкур жойларда мусулмонларга кўрсатилаётган жабр-зулмни бартараф қилиш билан изоҳлаган (20). Албатта, шу ўринда геосиёсий манфаатлар устувор бўлганлги аён. У, аввало босқичиликка эмас, балки, Турон ҳудудларининг хавфсизлигини кафолатлашга қаратилади.

Амир Темур ва Йилдирим Боязид ўртасига ихтилофлар, биринчидан, Европа учун енгилмас бўлган турк қўшинлари кучини заифлаштиришга олиб келди (21). Бундан ташқари, Туркия султони Боязидга бирлашиб зарба бериш мақсадида Византия императорининг Константинополдаги ноиби Иоанн VII Палеолог ва Генуянинг Перадаги (Константинопол яқинидаги мавзе) ҳокими Трабзон (Трапезунд) императори Мануил II воситасида Темурни Усмонлилар давлатига қарши юриш бошлашга ундайди. Бунинг эвазига улар ҳарбий юриш вақтида унга ёрдам бериш ҳамда Константинопол ва Перанинг Боязидга тўлаб келган божини бундан буён Темурга тўлашга ваъда қиладилар (22). Натижада, биринчидан, Оврупонинг катта қисми қудратли турк армияси тарафидан босиб олинишининг олди олинади, иккинчидан, улар Темур билан Боязидни уриштириб қўйиб, икки қудратли турк давлатини заифлаштиришга эришади. Учинчидан, Амир Темур Йилдирим Боязиддан умид қолмагач унга қарши боришга ва бу йўлда Европа давлатлари хизматидан фойдаланишдек бошқа йўл қолмайди.

Тарихнинг бурилиш чорраҳаларида катта сиёсий майдонда баъзан ниҳоятда арзимас омиллар таъсирида улкан тала-тўплар юз бергани ва йирик давлатлар асосий миссиядан чалғиб, таназзулга юз тутгани ҳам бор гап. Айнан икки буюк давлатнинг тақдир – қисмати ҳам шу борада ўхшаш келади. Масалан, Қора Юсуфнинг ўзи минтақавий доирада майда бир қароқчи бўлса-да, унинг «ўйинлари» катта давлатларга керак бўлади. Манфаатлар туташган нуқталарда, албатта, бундай ўйинчоқ “кимсалар”нинг қўпорувчилик табиатидан фойдаланилган. Соҳибқироннинг хати мазмунида умумий манфаатлар ётганлигини Йилдирим Боязид билсада, аммо қабул қилишни истамайди. Иккинчи тарафдан, Арзинжон борасида ихтилофга келмасдан, бу жой Йилдирим Боязид қўлида қолганида нима бўларди? Бинобарин, учинчи хатда “Сиздан истагимиз: Сивас ва унинг ҳудудларини тарк этишингиздир. Агар шундай қилсангиз, сизларнинг бизга нисбатан ҳеч қандай хусуматингиз йўқлигини намоён қилган бўласиз”, дейди Йилдирим Боязид. Бу ўжарликлар барча умумтурк манфаатлари учун жуда қимматга тушади.

Лекин ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати шундаки, қилинган фитналар учун ҳеч қайси тарафлар Яратганнинг муқаррар жазосидан айро қолмади. Мазкур сиёсий найрангларнинг оқибатини француз олими Л.Керен афсус-надоматлар билан ёдга олади. Ўз даврида экилган Овропанинг ғайриахлоқий фитналари ўзларининг бошига маломат бўлиб қайтишини таъкидлайди. Хусусан, Соҳибқирондан денгиз тарафга қочган усмонлиларни таъқиб қилиш мажбуриятини олган генуяликлар, венецияликлар ва византияликлар турк аскарларининг катта қисми ва Боязид аъёнларнинг кўпчилигини Европа қирғоқларига ўтиб олишига катта пул эвазига ёрдам беради. Уларнинг ичида Боязиднинг тўнғич ўғли Сулаймон ҳам бўлиб, у бунга Византия билан иттифоқ тузиш тўғрисидаги битимга имзо чекиш эвазига эришади. Бу ҳаракатлари билан улар ўзларига чоҳ қазиган эдилар, дея Европа бошига ёғилган маломат тошларининг сабабини очади. Амир Темур қўли билан тақдир уларга ҳадя қилган мислсиз имкониятни бой бериб, ярим асрдан сўнг ўзларини маҳв этажак ашаддий ғанимларини қутқариб қолганлигини англаб етмайди.

Европаликларнинг сиёсий калтабинлиги ва худбинлиги оқибатида Амир Темур ортидан усмонли турклар қисқа муддатларда яна ўз қудратларини тиклаб олдилар. Анқара жангида мағлуб бўлганлар кўп ўтмай Константинополни қўлга киритадилар ва Улуғ амирнинг номаъқул «иттифоқчилари»дан ўч оладилар. Бироқ шуниси ажабланарлики, европалик ва византиялик денгизчиларнинг Босфор денгизидаги кирдикорларидан табиий равишда бохабар бўлган Амир Темур ўз вақтида уларга асло қаршилик кўрсатмайди. У бу хиёнатни кўриб кўрмасликка олган (23). Константинопол — бугунги Истамбул айни кунда ҳам туркий халқ қудратининг ифодаси, Усмонли турклар империясининг тантанаси сифатида Йилдирим Боязиднинг тарихий ўрни ва ролини намоён қилиб турибди.

Афсуски, замонавий тадқиқот талқинларида икки буюк шахс сиймоларини таҳқирлаш ҳамон тўхтаган эмас. “Амир Темур Йилдирим Боязидни қафасга солган” қабулидаги важлар билан тарихий ҳақиқатни бузиш ҳамон давом этмоқда. Ғарб муаллифлари мазкур воқеликни худди кўргандек, иштирок этгандек даъволари кескин ва муросасиз. Қайсики ажнабий олим шу мавзуга қўл урмасин, албатта, шу масалани бўрттиришга ва икки шахс ўртасига раҳна солишга интиладилар. Бундай бўҳтонлар аслида уларга хос бўлган ахлоқсиз кибр билан мусулмон халқлари тарихий меросига нисбатан тажоввузнинг бир кўриниши. Ҳолбуки, барча тарихий аниқ манбаларда мазкур воқеалар тафсилоти мутлақо тескари келади. Ибн Арабшоҳ «Қачонки ушбу макон одамлар билан лиқ тўлгач, Темур Ибн Усмонни тезлик билан чақиртирди. У (Ибн Усмон) юраги титраган, ўз қайғуларига боғланган ҳолда келди. Темур унинг қалбига таскин бериб, ваҳимасини кетказди ва уни яхши жойга ўтказиб, ўзининг хушмуомалалиги билан (унинг) ғамгинлигини енгиллатди», дейди. Асирликдаги (Боязидни асир деб ҳам бўлмасди, Темур унга меҳмонлардек марҳамат кўрсатган эди) Боязид Амир Темурга уч турдаги насиҳатлар (булар насиҳатлар эмас, илтимослар)ни беради. «Темур ушбу насиҳатларини ундан бажону дил қабул қилди. Бу қаҳри қаттиқ инсон омонатларини дилига жо қилиб олиб, уларни Ибн Усмон ақлидан ортиқ билди ва тоқату имкони қадрича уларга вафо қилди», дейилади.

Албатта, ғарб олимларининг илиб олган жойи бор. Ибн Арабшоҳнинг асарида шундай фикр келади: «У Темур билан (бирга) бўлиб, темир қафасда кишанланган эди. Қайсар Шопурга (шундай) қилгани каби Темур ҳам унга қасос тариқасида шундай қилганди», дейилган. Лекин шарқшунос олим Убайдулла Уватовнинг изоҳига кўра, қўлёзмадаги кишанланган сўзи нотўғри берилган, чунки форсча манбаларнинг биронтасида Боязид Темурнинг ҳузурида эканида қафасда бўлганлиги ҳақида маълумот берилмаган. Тўғри, салтанатдан маҳрум бўлган, мағрур Йилдирим Боязиднинг ҳолатини Абн Арабшоҳ кишанга солинган шер мисолида бўрттиришга уринган. Аслида эса бу ҳақиқатга зиддир, агар Амир Темурнинг ёвуз мақсади бўлганида унга нисбатан юқоридаги каби илтифотлар кўрсатмаган бўларди. Аксинча, Амир Темур Йилдирим Боязидга иззат кўрсатиб, илтифот билан муомала қилгани зикр этилади. Бундан ташқари, бод касалига йўлиққан турк султони от устида ўзини тутиб туролмаслиги сабабли эгар атрофига суянчиқсимон мослама ясалганлиги тўғрисида маълумотлар ҳам мавжуд. Бу эса гўё “мағлуб Усмонлилар султонини қафасга солиб олиб кетишди” деган ва ҳозирги қадар асардан-асарга кўчиб юрган афсонанинг пайдо бўлишига замин яратган бўлса ажаб эмас.

Амир Темур Йилдирим Боязидни ҳурмат-иззатда тутгани ва унинг икромини баланд қилгани Низомиддин Шомийда алоҳида тилга олинади: «Ҳазрат Амир Соҳибқирон афву эҳсон рақамини унинг гуноҳлари устидан тортди ва уни подшоҳона тўну инъомлар ва иззату икромлар билан сийлади», дейилади. Бундан ташқари, Низомиддин Шомий «Амир Соҳибқироннинг равшан хотири ва нурли замирида шу икки фикр бор эдики, қачонки Рум мамлакати ишларидан тамоман фориғ бўлса, Йилдирим Боязидни иззат ва ҳурмат билан ўз мақомига қайтармоқчи эди: токи олам аҳли бу ҳазратнинг оламшумул афви ва комил марҳаматини ҳис этсинлар ва билсинларки, бу (Соҳибқирон) ҳазрат ўткир қилич учи билан мамлакатларни олади-ю, яна қудратли қамчин учининг ишорати билан уни бағишлайди», (29) дейди.

Амир Темур Йилдирим Боязиднинг илтимосига кўра, унинг Мусо ва Мустафо исмли ўғилларини излатиб, улардан Мусони топиб келтириб, отаси каби гуноҳларидан кечади, иззату икром кўрсатади. Кейинчалик Боязиднинг бошқа ўғли Султон Аҳмаднинг ҳам гуноҳларидан кечади. Йилдирим Боязиднинг эски доимий касали устига иззат-нафсининг инқирози қўшилиб, дарди оғирлашганда Амир Соҳибқирон ҳазрат унинг борасида шафқат маросимини бажо келтириб, атоқли табибларга доимо унинг хизматида бўлиб туришни буюради. Ҳар доим хушбўй шарбатлар, мувофиқ келадиган овқатлар бериб туришга фармон қилади (30).

Кўриб турганимиздек, ғарб тадқиқотларида тарихий объективлик, илмий холислик ўрнига таъна, маломат ва хўфиёна фитналарни кузатамиз. Боз устига, шу давргача бошқаларни ҳам шу воқеликка ишонтириб келишга уринишлари анча ачинарли ҳол. Шарофиддин Али Язди ёзади: “Панжшанба куни, шаъбон ойининг ўн тўртида, саккиз юз бешда (09.03.1403) хабар келдиким, Йилдирим Бойазид заййиқи нафас ва хуноқ марази била кетиб турур. Соҳибқироннинг муборак кўнгли бу жиҳатдин кўб мутаалам бўлди ва муборак кўзидин ёш чиқиб йиғлаб (Инна ли-ллаҳи ва инна илайҳи рожиъунани ўқуди.) Ҳазратнинг ҳимматида бу эрдиким, Рум мамоликини тамом забт қилғондин сўнг Йилдирим Бойазидқа бериб, йана ани тахти давлатқа ўлтурғузуб қайтқай. Аммо тақдир хилоф этиб, Йилдирим Бойазидни ўзга оламга элтти. (31)” Ваҳоланки, ғарб олимлари асарларида, у қўлидаги узукда жойлаштирилган заҳар билан ўзини заҳарлайди, деган важлар келади. Умуман, тарихий воқеликларнинг бузиб талқин этилиши, бирламчи манбаларда мавжуд бўлмаган маълумотларнинг инкор этилиши ғайриилмий ҳодисадир.

Тарихда босиб олинган ҳудудларни яна ўз эркича эгасига қайтариб бериш иштиёқида ёнган қайси ҳукмдорни биламиз? Дунёда ўтган номдор ҳукмдорлар ичида шундай олижаноб ҳукмдор сиймолар бўлганми? Амир Темур эса Йилдирим Боязид ўлимидан кейин афсус-надомат билан унинг салтанатини ўғилларига туҳфа қилади. У туркнинг буюк султони Йилдирим Боязид учун кўз-ёш тўкади. Эрон ҳукмдори Шоҳ Мансур вафотидан куйингани каби ундан-да забардаст арбобнинг ўлимидан азият чекади. Бу азият остида улуғ Соҳибқироннинг кўнглида мусулмон халқининг кейинги тақдир-қисмати ҳақида қайғуриш ётган бўлса, ажаб эмас. Афсуски, узоқни кўргувчи ва башорат қилгувчи бу улуғ арбобнинг армонлари ўзи билан кетди. Лекин негадир бу улуғ сиймонинг табаррук фазилатлари ғарб муаллифларининг оддийгина инсоний туйғуларини уйғотмайди…
Амир Темур ва Йилдирим Боязид вафотидан сўнг Евросиё ҳудудида ички зиддиятлар янада авжига чиқади. Бундан ташқари парчаланган Турон ва заифлаштирилган туркий ва араб давлатлари Евросиё минтақаси назоратини бирин-кетин қўлдан бой бера бошлайди. Европа эса бундай вазиятдан усталик билан фойдаланиш йўлига ўтади. Олдин савдо йўлларига киришга журъати етмаган бўлса, энди истаган ҳудудларда изғиб юради. Боз устига, денгиз йўлларининг кашф этилиши билан бу минтақадаги Буюк ипак йўлининг ва унинг иқтисодий ва маданий аҳамияти ҳам йўққа чиқади.

Шундай қилиб, дунё ресурсларига эгалик қилишнинг янги имкониятлари ва хўжайинлари вужудга келади. Ваҳоланки, Соҳибқирон туркий давлатлар бирлиги ва қудратини сақлаб қолиш борасида Тўхтамишга катта имконият беради, Боязидга хайрихоҳлик кўрсатади, араб ҳукмдорлари билан ҳамкорлик қилади, Эрон давлатини тиклашга ҳомийлик қилди. Лекин натижа глобал манфаатлар устуворлигини англаб етмаган туркий мусулмон давлатлари интиҳоси билан якун топади. Афсуски, бундай таҳдид ҳалигача Европа ва Хитой оралиғидаги давлатлар бошидан кетган эмас. Унинг янги, аксинча, мураккаб турлари вужудга келмоқда. Шу сабабдан Амир Темур бобомиз сиёсий меросидан сабоқ олмоқ, минтақавий яхлитлик доирасида ҳамкорликнинг самарали ва ўзаро манфаатлари тузулмасини яратиш даврнинг даъватига аллақочон айланиб бўлган. Фақат, ҳали ҳамон миллий махдутликдан чиқолмай юрган сиёсатчилар ҳудудий манфаатларни минтақавий манфаатлардан устун қўйиш билан ўз мустақилликларини бой беришларини англаб етмаяпдилар. Туркий халқлар ва давлатлар бирлиги бу нафақат ғоя, у табиий бирлик мужассамлашган яхлит тарихий-маданий ҳодиса. У ягона халқнинг миллий негизи. Қачонлардир шу томирларидан узилган туркий халқлар қисмати фақат мустақил давлатлар бирлиги — конфедерация ҳолатида тикланиши ва юксалиши мумкин.

Бугун туркий давлатлар олимлари тарафидан холисона илмий объектив тарихий тадқиқотлар яратилаётганлиги, буюк шахсларимиз қолдирган улкан меросимиз муносиб баҳоланаётганлиги қувонарли ҳолат. Шунга кўра, туркий халқлар давлатчилик меросини бир бутун яхлитликда ўрганиш, унинг юксалиш ва таназзул сабабларини тарихий ҳақиқат қонуниятлари асосида тадқиқ этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Амир Темур ва Йилдим Боязид вужудга келтирган қудратли давлатларнинг тарихий аҳамиятини тадқиқ этиш, туркий давлатчилик анъаналарини, хусусан, икки буюк давлат арбобининг жаҳон маданиятига қўшган улкан меросини таъна-дашномлардан ҳоли, маданиятлар ва манфаатлар уйғунлигида ўрганиш ўзанига қайтаётган туркий халқлар бирлигини мустаҳкамлашга ва ўзлигини англашга хизмат қилишига ишонамиз.

Изоҳлар

1. Бобоев Ҳ., Норматов К. Куч-қудрат адолатдадир. – Т.: «Чўлпон» наш. 2001. 84-б.
2. М.Шармуа. Войны Токтамыша с Аксак Тимуром в 1391,1395 годах. https://laws.studio/zolotoy-ordyi-istoriya/voynyi-toktamyisha-aksak-timurom-13911395-37762.html.
3. Ғуломов С. Амир Темур ва Боязид муносабатлари.// Шарқшунослик. – Тошкент: 1996.№7. 81-б.
4. Низомиддин Шомий. Зафарнома. – Т.: «Ўзбекистон» 1996. 323-б.
5. Аҳмад Шимширгил. Амир Темур. // «Жаҳон адабиёти», журнали, 2019. 21-б.
6. Азамат Зиё. Ўзбек давлатчилиги тарихи. – Т.: «Шарқ», 2001. — 132 б.
7. Александр Степанченко. О плане совместного похода Эмира Тимура и Султана Боязида на земле Украины. https://islam.in.ua/ru/istoriya/o-plane-sovmestnogo-pohoda-emira-timura-i-sultana-bayazida-na-zemli-ukrainy
8. Шарафиддин Али Яздий. Зафарнома. “Шарқ” нашриёт-матбаа концерн таҳририяти. Тошкент. 1997. 178 б.
9. Письмо Тамерлана Баязиду I // Восточно-европейская политика Тимура / Пер. Л. Калимуллиной. — Казань, 2010. — Т. 3. — (Золотоордынская цивилизация)
10. Германия. Мартен Лютер университети, “Deutschen Morgenländischen Gesellschaft” журнали, 2014. https://menadoc.bibliothek.uni-halle.de/dmg/periodical/titleinfo/94026
11. Zeki Velidi Togan. Timur’s campaign of the 1395 in the Ukraine and North Caucasus. The Annals of the Ukrainian Academy of Arts and Sciemces in the U. S., Volume VI 1958 No. 3,4 (1358 page)
12. Zeki Velidi Togan. Timur’s campaign of the 1395 in the Ukraine and North Caucasus. The Annals of the Ukrainian Academy of Arts and Sciemces in the U. S., Volume VI 1958 No. 3,4 (1358 page)
13. Матндаги катта қавслар ичида курсив ҳарфлар билан берилган сўзлар таржимон томонидан киритилди.
14. Мамлуклар cултони назарда тутилаяпди.
15. Сивас ҳокими Қози Бурҳониддин тутилаяпди.
16. Амир Темур томонидан хон қилиб кўтарилган Суйурғатмишнинг ўғли Султон Махмуд сўнгги хон бўлиб, 1403 вафот этади ва ундан сўнг бу мартабага ҳеч ким тайинланмайди.
17. Мир Ғулом Муҳаммад Ғубор. Афғонистоннинг тарихий йўли. – Қобул: 1967. 20-б.
18. Юнус Ўғуз. Амир Темур. – Т.: «Янги аср авлоди» нашр., 1916 йил, 506–507-б.
19. Шарофиддин Али Яздий. Зафарнома. “Шарқ” нашриёт-матбаа концерн таҳририяти. Тошкент. 1997. 261 б
20. Уватов У. Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида. – Т.: «Шарқ», 1997. 79-б.
21. Хайрулла Исматилла. Византия тарихида Амир Темурнинг ўрни. //Мулоқот. 1996. 5-сон.
22. Муҳаммаджонов А. Темур ва темурийлар салтанати. Қомуслар бош таҳририяти. –Тошкент: 1994. 56-б.
23. Керен Л. Амир Темур салтанати. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2018. 185–186-бетлар.
24. Ибн Арабшоҳ. Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур (Темур тарихида тақдир ажойиботлари). 1-китоб. – Тошкент: «Меҳнат», 1992. 276-б.
25. Ўша асар. 291-б.
26. Ибн Арабшоҳ. Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур (Темур тарихида тақдир ажойиботлари). 1-китоб. – Тошкент: «Меҳнат», 1992. 286-б.
27. Хуршид Даврон. Соҳибқирон набираси.Тошкент.: «Шарқ». 1995. 275-б
28. Низомиддин Шомий. Зафарнома. – Т.: «Ўзбекистон» 1996. 336-б.
29. Ўша асар. 350-б.
30. Ўша асар. 349–350-бетлар.
31. Шарофиддин Али Язди. Зафарнома. “Шарқ” нашриёт-матбаа концерн таҳририяти. Тошкент. 1997. 270-б

XIV asrda yashab o’tgan Amir Temur va Yildirim Boyazid musulmon turk olamining ikki buyuk sarkardasi va davlat arbobi sifatida o’zining ulkan zafarli solnomalari bilan dunyo tamaddunining qiyofasini o’zgartirishga erishgan ulug’ siymolar qatoriga kiradi. Ular o’z davrida Yevroosiyo geohududiy makonida jahon siyosiy va madaniy markazini vujudga keltirgan hamda uning tartibotini o’rnatgan turkiy imperiyalar qudratini namoyon qiladi.

AMIR TEMURNING YEVROSIYO GEOSIYOSATI
YOXUD UNING TARIXIY SABOQLARI
To’lqin ALIMARDONOV
Siyosiy fanlar doktori, professor

XIV asrda yashab o’tgan Amir Temur va Yildirim Boyazid musulmon turk olamining ikki buyuk sarkardasi va davlat arbobi sifatida o’zining ulkan zafarli solnomalari bilan dunyo tamaddunining qiyofasini o’zgartirishga erishgan ulug’ siymolar qatoriga kiradi. Ular o’z davrida Yevroosiyo geohududiy makonida jahon siyosiy va madaniy markazini vujudga keltirgan hamda uning tartibotini o’rnatgan turkiy imperiyalar qudratini namoyon qiladi.

Turkiy xalqlar imperiyasi tarixi va hukmronlik qilgan hududlar taxminan bir xil jug’rofiy kengliklarda uyg’un qadriyatlarga suyangan davlatchilik madaniyatini shakllantirgan. Ular xoh Xunnlar bo’ladimi, xoh Xoqonliklar, xoh Qoraxoniylar yoki Misr mamluklari, Saljuqiylar, Usmoniylar, Anushteginiylar, Mo’g’ullar bo’ladimi, Tinch okeanidan G’arbiy Yevropa hududlarigacha qamrab olgan kengliklardagi imperiyalar deyarli bir xil siyosiy boshqaruv an’analariga ega bo’lgan. Amir Temur va Yildirim Boyazid qadimiy an’analarni rivojlantirgan, yangi davlatchilik tamoyillarini hayotga tatbiq etgan. Ular jahon miqyosida kamdan-kam uchraydigan dunyoga hukmronlik qilish ambitsiyalarini da’vo qilgan va uning uddasidan chiqqan hukmdorlardir.

XIV asrda Yevroosiyo hududlarida yangi geosiyosiy maydonning yuzaga kelishiga asosiy sabab o’sha davrgacha kuchlar muvozanatini ta’minlab kelgan Chingiziylar sulolasining tanazzuli hisoblanadi. Mana shunday sharoitda Yevroosiyo hududida uchta qudratli imperiya: Amir Temur davlati, Usmoniylar imperiyasi va Oltin O’rda tashkil topadi. Ushbu kuchlar turkiy siyosiy elitalar tomonidan yaratilgan bo’lib, aholisining aksariyati islom diniga e’tiqod qilgan.

Movarounnahr hukmdori Amir Temur — aqlli, ma’rifatli, strategik tafakkur sohibi O’rta Osiyoda mo’g’ul imperiyasi parchalaridan intizomli qo’shinga ega kuchli harbiy armiyani tashkil etishga erishadi. Ko’p yillar davomida bu armiya mag’lubiyatlarni bilmaydi. Uning rejalariga Hindiston va Xitoyni zabt etish, shuningdek, G’arbga, Yevropaga o’tish maqsadlari qo’yilgan.

Usmonli imperiyasining hukmdori Sulton Yildirim Boyazid qo’shinlarni tezlik bilan yangi rejalar asosida harakatlantirish qobiliyati uchun Bolqonda bolgarlar, serblar va Vizantiyaga qarshi muvaffaqiyatli fathlarni olib boradi. U Konstantinopolni zabt etishni va Bosfor va Dardanel bo’g’ozlarini to’liq nazorat qilishni rejalashtiradi. XIV asr so’nggiga kelib, usmonli turklar sultoni Yildirim Boyazid Bolqonbo’yi va Kichik Osiyoning hududlarini o’ziga bo’ysundirib, ulkan saltanatga egalik qila boshladi.

Turk davlati Oltin O’rda xristian qo’shnilarini XIV asrning o’rtalariga qadar dahshatga soldi, ammo beqarorlik, o’zaro ixtilof, ichki urush va iqtisodiy murakkabliklar tufayli tanazzulga yuz tutdi. Xon To’xtamish (1380-1395) davrida Oltin O’rdaning yangi yuksalishini boshlab beradi. Ma’lumki, To’xtamish hokimiyat tepasiga ko’tarilishining boshida Amir Temurning qo’llab-quvvatlashiga tayangan, keyinchalik xonning Oltin O’rdadagi mavqei mustahkamlanib, u Markaziy Osiyo hukmdorining raqibiga aylanadi. Aynan ana shu uchala turkiy hukmdorlar o’z davrida dunyo markazi hisoblangan Yevroosiyo mintaqasining tortishuv nuqtasiga aylanadi. Qolgan davlatlar shu “nuqta”lar atrofida najot xalqasidan panoh izlaydi.

Amir Temur mohir siyosatchi va benazir harbiy strateg sifatida dastavval o’z g’oyalariga muvofiq holda ichki o’zaro ixtilofda bo’lgan davlatlarni mahv etish bilan Turon chegara hududlari xavfsizligini ta’minlashga intiladi. U ayni paytda hamma tomondan hujumga duchor bo’lishi mumkinligini yaxshi bilardi. Negaki, Turon davlatining vujudga kelishi va mahoratli sarkardaning zafarli yurishlari, ayniqsa, istiqboldagi imkoniyatlari nafaqat mo’g’ul uluslarini, balki Yaqin va O’rta Sharq davlatlarini ham tashvishga solib qo’ygan edi. Ko’tilmagan joydan Turonlik o’rta mavqelik barlos bekining farzandi asrlar davomida shakllanib kelgan “vorisiylik” an’analariga aylangan hududiy va mintaqaviy tartibotlarga rahna solishi, rostini aytganda, ular tarafidan qabul qilinishi qiyin kechadi. Shu vajdan Oltin O’rda xonzodalari boshchiligida Usmonli turklar, Misr, Eronu Xuroson, Iroq, Suriya, Mo’g’uliston va shu niyatlarga sherik va hamtovoq Kavkaz hukmdorlari o’zaro ittifoqchilarga aylanadilar. Ular Movarounnahrda buzilgan siyosiy hukmronlikni tez fursatda tiklashdan umidvor edilar. Ko’rib turganimizdek, Turon davlati hududiy doiradan chiqib, Yevrosiyo mintaqasi markazida ikkinchi bir halqa oralig’idagi siquvda qoladi. Bunday sharoitda Amir Temurning tashqi siyosiy hatti-harakatlari qanday bo’lishi lozim edi?

Vaziyat taqozosi yuzasidan mintaqaviy yetakchilikka intilgan To’xtamishxon mamluklar va usmonli turklar bilan Amir Temurga qarshi o’z harakatlarini doimiy ravishda muvofiqlashtirib turish maqsadida ittifoq tuzishga intiladi. 1394 yilda Misr Mamluklari sultoni Damashqda To’xtamish va turk sultoni Boyazidning elchilari uchrashib, Temurga qarshi birgalashib harakat qilishga kelishib, mamluklar davlati bilan chegaradosh bo’lgan turkman – Oqqo’yli (oq qo’yunli) va Qoraqo’yli (qora qo’yunli) amirliklarining boshliqlari ham sulton Barquqqa itoat etishlarini bildirib, xabar yuborganliklarini ta’kidlab o’tadi (1).

Turonni siqib qo’yish Chingiziylar hukmronligini o’rnatish To’xtamishning asosiy maqsadlaridan edi. Uning Mavoraunnahr xududlariga tajovvuz qilishi, tabiiyki, Sohibqironning rejalariga qat’iy o’zgartirishlar kiritadi. Shuning uchun Amir Temur To’xtamishgacha dastavval tarqoq Eronni o’z mulkiga qo’shib olishga qaror qiladi va bu Hulogu mulkini tamoman zabt etishga asos bo’ladi. Haqiqatan, Amir Temur Hulogu mulkining asosiy qismi bo’lmish Eron va bu mulkning ikkala poytaxti Tabriz va Sultoniyani zabt etganidan so’ng uning parchalari bo’lmish Iroq, Suriya va Sharqiy Anatoliyani qo’shib olmay iloji yo’q edi. Chunki bu yerlarning hokimlari Amir Temurning dushmanlariga panoh berib, o’z mulklarini unga nisbatan ig’vo va hujum dargohiga aylantirgan edi. Bundan tashqari, Kavkaz davlatlari mo’g’ul o’rdalari bilan ittifoqda ekanligi, Temurga nafaqat siyosiy xavf-xatar tug’dirgan, balki savdo-sodiq ishlariga ham to’sqinlik qilgan. Shular qatorida alohida mayda hukmdorliklarga parchalanib ketgan Eron va Iroq davlatlari uni parokandaligi tufayli ular o’rtasida o’zaro ixtiloflar kuchaygan, qaroqchilik, bosqinchilik avjiga chiqadi. Bu esa Turonga janub tomondan turli tahdidlarni yuzaga keltirgan.

Bu xatarlarni o’z vaqtida anglab yetgan Amir Temur barcha g’animlar bilan alohida muzokaralar olib boradi, kezi kelganda do’q-po’pisa qiladi, ularni yakkalab mahv etishga erishadi. Lekin buning uchun u butun umr otdan tushmaslikka mahkum edi. Bu kurashlarda nevaralaridan, eng sara va sodiq safdoshlaridan mahrum bo’ladi. Uning harbiy yurishlari sabablari ba’zi siyosatdonlar ta’kidlab kelayotganidek, bosqinchilik emas, dastavval Turon ustidagi doimiy xavf-xatarlarni bartaraf etish edi. Shu sababli Amir Temur ittifoqchilar tashabbuskori To’xtamishni xalqaro faol siyosat maydonidan chetlashtirib, qolgan ittifoqchilarni birlashuvdan mahrum etadi. Natijada Amir Temurga qarshi ittifoq amaliy harakatlarga kirishishga ulgurmay birin-ketin mag’lubiyatga uchraydi (2).

Amir Temur shu asnoda Mamluklar sultoni Barquqning irodasizligidan, To’xtamishning fahmsizligidan, Boyazidning shoshma-shosharligidan oqilona foydalanadi. U g’animlarning xayollarida pishitayotgan qarorlarini oldindan o’qiy oladi. Ana shu oraliqdagi vaziyatni qo’lga olishda Amir Temur barchadan abjir va dono bo’lib chiqdi. Natijada U o’ziga qarshi tuzilgan “ittifoq”qa nisbatan kurash boshlaydi va bu uni Anqara jangiga yetaklagan sabablardan biriga aylandi (3).

Amir Temur Yevroosiyo hududida Yildirim Boyazid va Yevropa davlatlari o’rtasida vujudga kelgan murakkab va ziddiyatli munosabatlarni yaxshi tushungan. Bu borada u g’arb elchilarini tinglasa-da, Boyazidga qarshi yurishga shoshilmas edi. Uning o’tkir zehni, mantiq va tajribasi na yevropaliklarga, na ularning diplomatlariga ishonmaslikka ishora qilgan. U Boyazid nomini eshitgan yevropaliklarning aqli shoshib qolishini ham yaxshi bilar, shunday vaziyatda u nihoyatda pragmatik siyosat yuritadi. Binobarin, Nizomiddin Shomiy asarida: «Men tabiatan u tomonga yuzlanish va u mamlakatga lashkar surishni xohlamayman. Amir Boyazid doimo faranglarga qarshi g’azot qilayotganligi sababli men farangliklar quvvatlanib, ahli islomning kuchsizlanishini istamayman. Ammo Qora Yusuf qaroqchi va yo’lto’sardir, uning fitnayu fasodidan musulmonlar shaharlariga yetgan zarar atrofdagi begonalarnikidan ko’ra ortiqdir. Amir Boyazid bo’lsa uni o’z himoyasiga olib, joy beripti. Endi, uch ishdan birini qilishi kerak: avvalo, u (Qora Yusuf) ning kirdikorini to’xtatmoq uchun shamshir ishlatib, ishini oxiriga yetkazsin yoki uni bizga yuborsin, toki biz gunohini bo’yniga qo’yib, qilgan qilmishiga yarasha jazosini beraylik. Agar (amir Boyazid) bu ikki ishning birini ham xohlamasa, uni mamlakatidan tashqariga haydasin! Ana shunda o’rtamizda ota-bolalik, do’stlik va ittifoqlik barpo bo’ladi, qiz berib, qiz olamiz, g’animlariga qilgan g’azotlarida har nimagaki qodir bo’lsak, yordam qilamiz va ko’maklashamiz» (4), degan mazmunda xat yo’llagan edi.

Agar maktub mazmunidagi niyatlar ijobiy yakun topganda, mintaqada kuchlar muvozanati turkiy davlatlar manfaatlari ustuvorligini ta’minlagan bo’lur edi. Afsuski, davlat ustunlari va ulug’lari Amir Temurning selday bostirib keluvchi otliq qo’shiniyu fillaridan, jahon mamlakatlarida erishgan zafar va muvaffaqiyatlaridan so’ylab, Yildirim Boyazidga u bilan kelishuv yo’lini tutishni tashviq etsa ham, bundan hech bir foyda chiqmaydi (5). Amir Temur o’z maktubida ikki turkiy davlatning ixtilofga kirishishi nojoiz ekanligi to’g’risidagi vajlarni keltirgan bo’lsa-da, baribir, ixtilof yuzaga keldi.

Turkiy davlatlar tarixida qiziq bir paradoksga duch kelamiz. Yevrosiyo oralig’ida vujudga kelgan qator imperiyalarni parchalashda Vizantiya va Xitoy davlatlari doimo katta ta’sir ko’rsatgan. Chunonchi, saljuqiy Sulton Malikshoh davrida Vizantiya diplomatik yo’llar bilan Xitoyni saljuqiylarga qarshi gijgijlab, ular o’rtasida urush chiqarishga obdan harakat qilganligi ma’lum (6). Turk xoqonligining intihosi ham shunday kechgan. Bu geosiyosiy jarayonlar Amir Temur davrida ham yangi ko’rinishlarda takror kelgan. Vizantiya fitnasi, Xitoy ayyorligi jasur, mard, dangal, ammo ba’zida to’pori turkiy xalqlarni parchalashga o’z davrida jiddiy ta’sir ko’rsatgan.

Mavjud geosiyosiy vaziyat va xalqaro kuchlar muvozanati oqilona mulohaza qilinganida, ehtimol, Amir Temur O’rta Yer dengiziga emas, G’arbga asosiy e’tiborni qaratgan bo’lur edi. Tasavvur qiling, agar G’arbga qarab yurilganda va uning janubiy-g’arbiy tarafidan Yildirim Boyazid kirib borganida dunyoning mintaqaviy manzarasi qay darajada o’zgargan bo’lur edi?! Aslida, geosiyosiy sa’y-harakatlarning mantig’iga ko’ra, Yildirim Boyazidning ta’sir doirasi Yevropa hududlari bo’lib hisoblangan. Uning Sharqiy hududlarga tortilishi oqibatida Amir Temur uning raqibiga aylanadi va Yevrosiyo kuchlar muvozanatini izdan chiqaradi. Amir Temurning “Amir Boyazid doimo faranglarga qarshi g’azot qilayotganligi sababli men farangliklar quvvatlanib, ahli islomning kuchsizlanishini istamayman.” degan maktubi mazmunida aslida ana shunday siyosiy maqsadlar yotadi.

Bundan tashqari o’zaro mojarodan oldin Temur Boyazidga yana bir boshqa maktub yozib, Oltin O’rda xoni To’xtamishga qarshi kurashda ittifoqchilik munosabatlarini taklif qilganligi to’g’risidagi ma’lumotlar tafsiloti ukrainalik olim Aleksandr Stepanchenko (7) maqolasida keltiriladi. Ya’ni, Amir Temur Yildirim Boyazidga 1395 yili Shirvondan turib To’xtamishga qarshi kurashish maqsadida maktub yozganligi va unda birgalikda hujum qilish rejasini bayon qilganligi keltiriladi. Rejaga ko’ra, Boyazid Bolqon yarim orolidan kelib, Dunaydan o’tib, Dnepr viloyatiga kirishi va Boyazid bilan bir vaqtda Temur qo’shinlari Kavkazdan chiqib qo’shilishi kerak bo’lgan.

Amir Temur Boyazidni Dnepr bo’ylariga yurish qilishga chaqirishi sababi XIV asrning 90-yillari boshlarida Polьsha va Litva Buyuk knyazligi hukmdorlari Kiyev knyazligi hududini to’liq nazorat qilib, Qora dengiz sohiliga yetib borishgan edi. Litva gertsogi Vitovt yangi yerlarda qal’alar qurishni faol boshlab yuborgan. Natijada u Qirm -Lьvov savdo yo’llarini o’z nazoratiga olish niyatida bo’ladi. Bularning barchasi To’xtamishning Ko’ndurchadagi mag’lubiyatidan ko’p o’tmay sodir bo’lgan. Shubhasiz, 1391 yildan so’ng Oltin O’rda harbiy kuchi zaiflashadi. U, endi Litvaning kengayishiga qarshi tura olmay uning ta’siriga tushib qolgan edi.

Amir Temur Sulton Boyazidga yozgan mazkur maktubida To’xtamishni g’animlariga ishonchli to’siq qo’ymaganiligi aytilgan. Bundan tashqari, ukrain olimi yuqoridagi maktub haqida to’xtalib, Amir Temur Yildirim Boyazidni To’xtamishning Franklar bilan ittifoqi Usmonlilar uchun salbiy oqibatlarga olib kelishi mumkinligi haqida ogohlantiradi. Amir Temur Rim papasi Polьsha qiroli Vladislav Yagaylo bilan knyaz Vitovtga musulmonlarga qarshi salb yurishiga fatvo berganligini bilgan. Biroq Usmonli sultonni Amir Temurning vaj va rejalari qiziqtirmaydi. U uzoq Dnepr bo’yidagi vaziyat haqida kam ma’lumotga ega edi va amirning Ukraina yerlariga qo’shma harbiy ekspeditsiya taklifini rad etdi, deb yozadi muallif.
Umuman, olimning talqinlari Amir Temurning geosiyosiy maqsadlariga mos keladi. Xususan, 1395 yil fevralida Shirvon orqali “O’rus va O’rusjuqni taladilar va andag’i bo’lg’on el-uluslarni musaxxar qildilar,(8)” degan ma’lumotlar Sharofiddin Ali Yaziy asarida keladi. Bu yerda muallif «O’rus» deb Rusni va «O’rusjuq» deb Malaya rusni, ya’ni Ukrainani nazarda tutadi. Ammo, muallif o’z fikrlarini dalillovchi bironta manba-asos keltirmaydi.

Bizni bunday maktubning manbasi qayerda, degan savol qiziqtirib qoldi va keyingi izlanishlarga da’vat qildi. Mazkur maktub to’g’risidagi ma’lumot “Vekipideya” sahifalarida joylashtirilgan bo’lib, unda maktub mazmuni tafsilotlari keltirilgan. Unda sharqshunos olim L. Kalimullina (9) shu maktub xususida 2010 yilda yozgan maqolasi xususida so’z yuritadi. Muallif ushbu sanasi ko’rsatilmagan maktub matni 3333,vI. 6a- 10 a raqami bilan Turkiyaning Sulaymon kutubxonasida saqlanishini va u Zaki Vali To’g’onning nemis tilida yozgan maqolasida keltirganligiga ishora qiladi. Unda bu maktub Munsa’at Sari Abdulloh afandi tomonidan yetib kelganligi aytiladi. Mazkur muallif shaxsi hozircha bizga no’malum.

Izlanishlar natijasida darhaqiqat, 1958 yilda Zaki Vali To’g’on qalamiga mansub bo’lgan ushbu maqola elektron nusxasi 2014 yilda Germaniya davlati Marten Lyuter universitetining “Deutschen Morgenländischen Gesellschaft” (10) jurnalida nemis tilida yana qaytadan nashr etilganligi ma’lum bo’ldi. Unda maktubning fors tilidagi nusxasi keltirilgan. Bundan tashqari mazkur xat borasidagi Zaki Vali To’g’onning tafsiflari 1958 yilda Amerikaning “The Annals of the Ukrainian Academy of Arts and Sciemces” jurnal to’plamida ham nashr etilganligi ma’lum bo’ldi (11).

Xat matni bayoniga ko’ra, Zaki Vali To’g’on kirish qismida qo’yidagi talqinlarni beradi: “Temurning ikkinchi yurishining siyosiy ahamiyati faqat Oltin O’rda ishlari bilan cheklanib qolmay, balki butun zamonaviy Sharqiy Yevropaga taalluqli bo’lganligi Temurning 1395-yil fevralida Shirvondan (Boku va Darbant o’rtasidagi hudud) Usmonli sulton Boyazidga yuborgan maktubidan ko’rinib turibdi. Men bu yangi topilgan xatni “Zeitschrift der Deutschen Morgenlandischen Gesellschaftni” jurnalining so’nggi sonida e’lon qildim. Bu xat alohida qiziqish uyg’otadi. Istanbuldagi Sulaymoniya kutubxonasida saqlanadi; bilishimcha, u saqlanib qolgan yagona nusxadir. Bu maktubda Temur Boyazidga Dnepr hududini birgalikda bosib olishni taklif qiladi. Temur “bu tomondan”, ya’ni Kavkaz tomondan yurishni rejalashtirgan. Boyazid «boshqa tomondan», ya’ni Dunay daryosi va Bolqondan ko’chib o’tishi kerak edi. O’sha maktubda Temur o’zini «Sharqning musulmon bo’lmagan mamlakatlarini (Hindiston va Xitoy) fathchisi» deb atagan va Boyazidni G’arbda (Bolqon) shunday hukmdor sifatida tavsiflagan. Temur ikkala hukmdor ham birgalikda harakat qilishlari kerakligini aytadi. Amir Temur o’z maktubida Boyazidni To’xtamish-Frank ittifoqining Usmonlilar uchun ham xavfli bo’lishini ogohlantiradi» (12).

Matnlarni qiyoslangan L. Kalimullina Amir Temur yozgan xat matnini emas, balki Zaki Validi To’g’onning shu manba haqida bildirgan tahliliy mulohazalarini keltiradi. Amir Temur xati, deb To’g’on maqolasida keltirilgan haqiqiy matn tarjima qilinganida shu farq aniqlandi. Quyida e’tiboringizga Amir Temur bobomizning Yildirim Boyazidga yo’llagan xatning fors tilidagi nusxasi va tarjima qilingan matni tavsiya etiladi.

Maktubning fors tidagi matni pdf formatida:

Maktubning tarjimasi: Turfa maxluqot va mavjudotlariga O’z buyukligi-yu qudrati nurlarini porlatgan, keng karamiyu cheksiz rahmatini ham O’z fazlu kamoli ila butun koinot qatlamlari uzra taratgan Alloh, haqli ravishda, barcha alqovu olqishlarga loyiqdir. [Alloh tomonidan] (13) mutlaq sharafli din[Islom]ni yoyish uchun tanlab olingan, bag’oyat go’zal fazilatu sifatlar va eng yetuk axloq-la tanilgan Payg’ambarimiz[Muhammad sollallohu alayhi vasallam]ni, u kishining ahlu oilasi, mo»tabar safdoshlari-yu, to qiyomat kuniga qadar ularga sidqidil ixlos ila ergashgan [mo’min] izdoshlarining hammalarini Alloh yarlaqab, ularga O’zi pushtu panoh bo’lsin!

[Duodan] so’ng, ushbu noma nushasi Amir Temur Ko’ragondan buyuk amir, ajamlarning eng odil hukmdori, Allohning dushmanlariga qarshi bamisoli “qinidan sug’urilib, shay turgan qilichi”, O’z suyukli bandalari manfaati yo’lida yuborgan rahmati, Allohni tanigan yurtlar posboni, Allohning solih qullariga ko’makchi, zolim va kofirlar qotili, bosqinchi va mujohidlar yo’lidagi g’ov, musulmon o’lkalari sarhadlarining himoyachisi, “haqparvar va dunyoyu din peshvari” (jalolul haqq vaddunyo vaddin), jasorat sohibi (g’oziy) – Alloh uning mulku davlat va saltanatini boqiy qilsin – Boyazid Bahodirxonga yetib, ma’lum bo’lsinkim, ikki o’rtadagi o’zaro munosabatlarda hamkorlik aloqalari va do’stlik rishtalari risoladagidek mustahkam emas.

Elchi va choparlar yuborish, nomalar yo’llash, vaziyatlarga muvofiq tarzda inoqlik va hamjihatlik an’analarini yo’lga qo’yish ham barqaror va bardavom bo’lmadi.

Ammo, ma’lumki, biz [Allohning quyidagi] “Bizni deb kurashayotganlarni, shaksiz, haq yo’limizga yo’llab qo’yamiz”, degan oyati karimasida keltirilganidek, dunyoning mashriq tomonida kofirlarga qarshi jang olib borish, itoatsiz isyonchi va buzg’unchi qavmlarga qarshi jihod qilish bilan bandmiz. Shuningdek, bor kuch-g’ayrtimizni haq din ahkomlarini joriy qilish, Janobimiz sayyidul mursalin [Muhammad sollallohu alayhi vasallam] keltirgan shari’at ravnaqida eng oliy maqsad va ko’zlangan natijaga erishish uchun safarbar qilmoqdamiz.

U [Boyazid] hazratlari esa mag’rib o’lkalarida Haq yo’lidan ozgan firqalar va ilohiy shari’atni inkor etuvchi qadimiy dinlar tarafdorlari bilan kurashda Allohning “Chindan ham Alloh O’z yo’lida huddi mustahkam vujuddek saf-saf bo’lib, jangga kirishganlarni yoqtiradi”, degan hukmiga binoan nihoyatda ulkan sa’y-harakat va jiddu jahd ko’rsatmoqdasiz.

[Sulton hazratlarining] barcha ezgu niyatli urinish va xatti-harakatlari shariatni keng yoyish, musulmonlarning farovon turmushi va yakkaxudolik dini ahkomlarining o’rnatilishi uchun qulay shart-sharoitlar yaratishga qaratilgandir. Shu tariqa hamma ahlu imon bexatar, tinch-omon, saodatmand kun kechirishmoqda. Bundan boxabar mo’minlarning imonlari kundan kunga ziyoda bo’lib, ezgu maqsad sari intilish va hayotga ishtiyoqmandliklari ortmoqda.

Darhaqiqat, “Kimningki qalbini Alloh islomga moyil qilib qo’yibdimi, demak, u o’z Rabbisining nuriga musharraf bo’libdi” oyati bilan o’zini ziynatlagan har qanday sohibi davlat borki, u mag’rib diyorlarida shari’ati Muhammadiyani ulug’lashga, millati Ahmadiya axvolini yaxshilashga urinadi. Ayni damda u [Boyazid Bahodirxon hazratlari] o’z izdoshlari qurshovida “Kimki islomdan o’zgasini tilasa, dini qabul qilinmaydi” oyati asosida jangu jadal bilan mashg’ul bo’lish barobarida kofirlarga qarshi kurashga chaqirish bilan banddir. Buning uchun, albatta, Unga Buyuk qudrat egasi – Alloh taolo tomonidan ajru mukofot tariqasida turlicha madad sahovat-la berilajak. Kun sayin sizning xalqingiz gullab, yashnab, iqbol yulduzingiz yuksak porlab, tobora yorqin nur sochajak. “Fazlu karam Allohning qo’lida bo’lib, uni o’zi istagan bandasiga in’om etadi”.

Otashin salom, Sizning sha’ningizga aytilgan va chin dildan chiqqan tilak va istaklardan so’ng, Alloh taolodan Sizning haqqingizga duolar qilib qolamiz.

Xalqda “Solih bandalarning duolari mustajobdir [ro’yobga chiqadi]”, degan naql bor. Alloh taolo o’zining mo’min qullari iltijolariga quloq tutadi, ularga yordam beradi va qo’llab quvvatlaydi. Biz U[Boyazid hazratlari]ning barkamol, chin va sodiq musulmon sifatida bilib, har qanday sharoitda ham “Sodiqlar bilan birga bo’linglar” degan oyati karimaga muvofiq tarzda, Ular bilan do’stlik rishtalarini bog’lash, umid qilamizki, bu har ikki tomon muvaffaqiyati va farovonligiga kafolat bo’ladi.

“Rost gapni gapiring. [Alloh] ishingizni o’nglaydi” qavlida kelganidek, qolaversa, “Bir yaxshining muhabbatini qozonsang, uning qadriga ham yet” baytida ham aytilganidek, [rostgo’ylik va qadrlash] jamiyatga foyda keltiradi. [Shu tariqa] U sohibi izzatning sof vijdonligi namoyon bo’ladi.

Jahon podshohi Chingizxon Tangri taoloning irodasi bilan Eronu Turon yerlarini zabt etib, saltanati dovrug’i cho’qqisiga chiqqach, u o’z qo’li ostidagi hududlarni o’g’illariga bo’lib berdi.

Shu jumladan, Eronning barcha yerlarini o’z o’g’li – shaxzoda Chig’atoyga berib, idora ishlarini ham unga topshirdi. Bir muddat, taxt Menku-xon qo’liga o’tguniga qadar, davlatni boshqarish vakolati berilganlar mamlakatni donolik bilan boshqardilar. Menku-xon taxt teppasiga kelgach, saltanat ishlari erkin boshqarila boshladi. Shunda u [Menku-xon] o’z ukasi Hulagu o’g’lonni mamlakat chegarasida turgan qo’shini bilan Eron hududlariga jo’natdi. So’ngra u [Hulagu o’g’lon] davlat boshqaruvini qabul qilib oldi. Hulagu o’g’lon va uning farzandlari uzoq yillar davomida mamlakatni boshqardilar.

Shu bois, bizning mamlakatlarimiz o’rtasida muntazam tarzda ixtiloflar chiqib turdi, bir-birimizga nisbatan e’tirozlar bo’lib turdi. Bularning aksariyati harbiy to’qnashuvlar bilan yakunlandi. Mamlakat boshqaruvi Chingizxon va uning avlodlari qo’lidan ketishi bilan mamlakatda bosh-boshdoqlik avjiga chiqdi. Yo’llar xavf-xatarli va eson-omon o’tib bo’lmaydigan bo’lib qoldi. Muborak Makkaga haj safariga otlangan karvonlar manzilga yetib olish imkoniyatidan mahrum bo’ldilar. “Odamlar orasida ularni hajga targ’ib qil, ular piyoda va yiroq yo’llardan yurib, holdan toygan oriq tuyalarda sen tomon kelurlar”. Kurd va lurlardan iborat yo’lto’sarlar ko’ngillariga kelgan nobakorliklarni qiladigan bo’lib qoldilar. Tijorat ahli o’z kasbini bemalol xavfsiz ado etolmaydigan bo’lib qoldilar. Mamlakat va aholining ahvoli dahshatli tus oldi, “Mazlumning dodini Undan boshqa yana kim eshitadi” ma’nosidagi nido butun mamlakatni qamradi. Naslu nasabi noma’lum, allaqaysi Hasan Tikriti degan kimsa Tikrit tuprog’ini “o’g’rilab” bo’lsa-da, qo’lga kiritdi. Bu bizga “O’g’ri qal’a qorovulidan qal’ani o’g’irlab, uni chuv tushurdi” baytini yodga soladi [yoki “o’g’rini qaroqchi uribdi”] .

Chor atrofdan kelgan fisqu fasodchilar bir yerga to’plandilar. Ahmad Jaloiri esa ularga to’sqinlik va bartaraf qilishga qodir emas edi. Boz ustiga u ayshu ishratga berilib, shariat doirasidan chiqdi. Nomashru’ ishlari ortidan jinoyatchi va mushtumzo’rlarni yetishtirib, zimdan isyonchilarga yo’l ochdi. Arablar “Kimda kim uyi ostonasiga qopong’ich it bog’lar, odamlar itdan emas, uni bog’lagan kimsadan bezar” deganlaridek, u [Ahmad Jaloiri] ham odamlar nazaridan qoldi.

Avvalgi yozishmalarni debocha desak, islomiy podshoh, “suv va loy” qahramoni, salaf sultonlar vorisi, shohlar burjining porloq yulduzi, ilohiy rahmat soyasi, ilqoniylar (ilhoniylar — ya’ni Chingizxon avlodlari) bog’ining nuri, Chingizxonning nuridiydasi, din va dunyo haqparvari [g’iyosul haqqu vaddunyo vaddin] hazrat Sulton Mahmudxon – Alloh uning hukmronligini bardavom qilib, ezgu amallari va mehru muruvvatini kurrai zamin uzra yoysin – boshqaruvi davrida podshohzoda va ulus amirlari unga tobe edilar. Eron mamluklari Chingizxon naslining boshqaruvidan xoli bo’lgani bois, avloddan avlodga meros tariqasida o’tib kelayotgan yerlarga yurish qilib, u mamlakatni bosqinchilarning qo’llaridan tortib olish kerak.

Qolaversa, Jonqi birinchi navbatda bu yurtning maydonidan chodirlar tikib, g’alaba ishtiyoqidagi qo’shinni to’plash uchun foydalanayotgani sababli ham [shu ishga qo’l urishimiz zarur]. Xali hanuz u mamlakatning “Doro”yu podshohlari o’lkani gullab-yashnatish payida bo’lgan bir pallada dorulmulk Samarqand tomonidan xabar keldiki, badbaxt To’qtamish beandishalarcha bu yurt sarhadlarida talon-tarojlikni boshlab yuboribdi.

Shuning uchun Biz uning qilmishiga yarasha adabini berish va “burnini yerga ishqash” maqsadida dorul mulk [Samarqand] tomon yo’lga tushdik. U yerdan ulkan qo’shin hamrohligida Dashti qipchoq va O’zbak Diyori sari otlanish rejasini tuzdik. Siz, eshitgan bo’sangiz kerak, rabbimning inoyati ila uni “tavbasiga tayantir”dik. Uning eliyu xeshu aqribosi ham, lashkariyu qo’shin hamda kattayu kichik mulozimlari ham bari o’lim ta’mi va qilich zahrini totdilar. “Bu Rabbimning fazlu karamidan” bo’lib, “Aslida, g’alabani mutlaq g’olib va har ishni hikmat bilan qiluvchi Alloh ta’minlaydi”.

Alloh taoloning madadi bilan murod hosil bo’lib, maqsadga erishildi. To’qtamishning (To’xtamish) Temur Qutlug’ ismli amakivachchasi bo’lib, u anchadan beri kamina hazratlarining xizmatida bo’lib kelar, xos mulozim va bitikchi mirzolari jumlasidan edi. Ayni paytda u [Temur Qutlug’] unga [To’qtamishga] ochiqdan ochiq adovatda edi. Biz uni to’la ta’minlab, yaxshi qurollangan lashkar berib, toki uni [To’qtamishni] butkul tor-mor qilsin, deb, Itil daryosi ortidan Jag’and, Sig’noq, Narkas, Puvar viloyatlarida kelajakda uning tayanch nuqtalari bo’ladigan qal’a va istehkomlarga o’tkazib yubordik.

Chunki Turonzamin tomondan hech bir xavf-xatarga o’rin qolmay, islom podshohi [Sulton Mahmudxon] hazratga – Alloh uning saltanatini boqiy qilsin – barcha shahzoda va ulusbeylar bo’yinsungan edilar. Tashqi tahdid bartaraf etilgach, burungi qoidalarga muvofiq, Eronzaminni yana o’z qo’l ostiga olish va u yerda tartib o’rnatish pallasi keldi.

Shu tariqa, ilohiy inoyat – Uning qudrati va marhamati ila bir hamladayoq Mozandaron, Gilon, Kurdiston, Luvriston, Shuliston, Xuziston, Foris, Iroq, Hurmiz, Kirmon, Kij, Mukron, DiyorBakr va Ozarbayjon hammasi zabt etildi. “Alloh podshohlikni kimga xohlasa, o’shanga beradi. Alloh keng qamrovli va barcha narsani biladi”.

Ayni fursatda Gurjiston va Abxaz chegaralari, Alburz tog’orti nohiyalari, bizning baxtu iqbolimizga, qo’lga kiritilib, bizning yer-suvga qo’shilgach, qo’shinn to’la jangovar holatga keltirilgani to’g’risidagi xabar To’qtamish va uning yaqinlari qulog’iga yetib borib, ularning ruhiyatlari tushkun bir ahvolda qoldilar. Shunda uning askarining bir qismi Biz hazratlariga safdosh bo’lmish Temur Qutlug’ o’g’lon tarafga o’tib ketdi. Ba’zilari esa panoh ilinjida Kafa va Ojom Qirm bag’ri bo’yi tomonlarga qochdilar. Rabbimning tavfiqi ila ularning ahvoli tang bo’lib qoldi. “Zulmkor qavm batamom, quyrug’igacha qirildi. Barcha olqishu maqtovlarga faqat Alloh – robbul olamingina loyiqdir”. Shu tariqa ularning uzundan uzoq qissasi va batafsil muammolari yakun topdi.

Bundan oldinroq ro’y bergan voqea quyidagicha: eng aziz farzandi arjumandimiz Amiranshoh Ko’ragon Bahodir – Alloh umrini uzoq qilsin – ushbu nomani elituvchi Hoji Muhammad Qissaxonni sohibi izzat [Boyazid hazratlari] huzuriga do’stona tarzda bir xushxabarni yetkazish uchun jo’natgan edi. Yo’lda u [elchi] shundan xabar topadiki, onhazrat [Boyazid] tomoni kofirlarga qarshi lashkar to’plab, uni mag’rib tomonga yo’llabdilar. Bu gapni eshitgan hamon, o’sha paytda Siz muqaddas jihodda bo’lganingiz uchun u siz bilan uchrasha olmay, ortiga qaytgan.

O’ylabdiki, har gal [Siz] janoblari tomonidan Biz hazratga elchilar kelar bo’lsa, do’stlikni mustahkamlash va sadoqatlarini bildirish maqsadida ba’zi elchilarni yuborish zarur bo’lar, bu niyatimiz xolisligidan darak berardi. Bundan ilgari Gurjiston chegarasida u janobga yuborilgan nomada ham mavjud vaziyat qandayligi haqida bayon etilgan edi.

Shundan so’ng, Shirvon viloyatidagi Mushtatda Biz hazratga tobe yaqinlarimizdan biri hozirda Darband hokimi va ayni chog’da Bob-ul abvab qal’asi boshqaruvchisi – amir Arash huzurida qishlaydigan bo’ldik. Uning vositachiligida undan [To’qtamishdan] do’stlik taklifi bilan yuborilgan bir noma oldim. U [To’qtamish] o’zining chin ixlos-la itoatini izhor qilib, o’z qizini farzandu dilbandlarimizdan biriga berishga rozilik bildirib, o’z o’g’lini butun boshli lashkar bilan Biz janobga mulozim aylashga ko’nibdi. Biz ham bu taklifni qabul qildik va bu yozni purviqor Olatog’ Yayloqida o’tkazmoqchimiz. O’sha yerdan Shom tomonga yurish borasida muqarrar azmu qarorga kelindi.

U janoblariga ma’lum bo’lsinki, agar Alloh taolo inoyati ila bizning narigi taraf [To’qtamish] bilan aloqalarimizda biror yangilik ro’y bersa, bu haqda sizga xabar beramiz.

Hozirda Biz Somuron (Shomuron) nohiyasidagi Darbandga quyiladigan Samur daryosining janubiy tomonida turibmiz. Shoyadki, narigi tomonda bu atrofni yaxshi biladigan tajribali tujjoru sayyohlar bor bo’lsa, ularning bu yoqlarga o’tishlariga qo’yib berib, boj va soliqlardan ozod etish va izlaridan borish kerak. Rostanam, uning tinchlikka erishish haqida muzokaralar olib borishga bo’lgan intilishlari real voqelikka aylanib, ish tinchlik tomon yo’nalganida edi, ikki tomonning bir-biriga yaqinlashuviga erishilardi. Bundan har ikki tomondagi vaziyat haqida o’zaro ma’lumotlar almashinuvini ta’minlash uchun foydalanish zarur. Bu muzokaralar shunchaki bir o’yin bo’lib chiqsa, unga qarshi yurishga to’g’ri keladi.

Biz sidqidildan ishonamizki, Hazrati oliylari kerakli, deb topadilar va amaliy harakatga o’tadilar. Biz o’zaro hamkorligimizdan juda mamnunmiz. Aminmizki, Alloh taoloning yordamida [To’xtamish] batamom tor-mor qilunguniga qadar Sizning jangchilaringiz uning izidan boradilar. Imkoni boricha buni amalga oshiring. Faqat Allohgina haqiqiy madadkor, biz Undangina panoh topamiz. Muzokaralar haqidagi gaplarga qaramay, eshitishimizcha, u Sizga bo’ysunmay, tinchlik va sodiqlikdan yuz o’girib, Uzu daryosini kechib o’tib, qochib qolibdi. Ehtimol, u Kafa daryosi sohilidagi mustahkam qal’alar tomon yurish niyatida ko’rinadi. Agar bu haqiqatan shunday bo’lsa, u frank kofirlari bilan maxfiy aloqada bo’layotgani uchun bor kuch g’ayratimizni ishga solib va barcha sa’y-harakatlarni safarbar etib, biz uning izidan ta’qib qilishimiz va uni tutishimiz zarur. Biz Tangri taoloning ko’magidan juda umidvormiz, insha Alloh taolo.

Umid qilamizki, uni taqib qilayotganimizdan foydalanib, yevropalik kofirlar bilan oramizda to’qnashuv sodir bo’lar. Biz bu tomondan, [Boyazid] hazratlarining odamlari esa o’z tomoningizdan kofirlarga qarshi jangu jihodga kirishib, oqibatda befarosatlarni birgalikda yakson qilamiz. “Bu ishlar muvaffaqiyati faqat Allohdandir”, “Jumhur manfaatlari, xalqlar qismati ham Uning qudratli qo’lidadir”. Hozirda ahvol mana shunday.

O’tgan yili arab Iroqida va Shom viloyatlarida bo’lganimizda mahalliy hokimlar bilan o’zaro tovar-mahsulot ayrboshlagan edik. Salaf [o’tgan] sultonlaru burungi hukmdorlar urf-udumlariga ko’ra, ularga biz sovg’a-salom bilan elchilar yubordik. Shu jumladan, shomlik nomaqbulu betayin bir savdogar cherkass qulga ham [shunday izzatu ikrom ko’rsatdik] (14). U bo’lsa, obro’-e’tiborli hukmdorlar yo’qligi uchun ayyorlik va aldov yo’li bilan Misrga xukmron bo’lib olibdi. Bu mal’un, nobakor, nonko’r itoatsizlik qilib, o’z xojasining o’g’lini o’ldirib, saltanat tepasiga kelibdi. Demak, u arab maqolida aytilgan “Kufroni ne’matlarga Rahmonning la’nati bo’lsin” qabilida ish tutibdi.

U shuningdek, islom taraqqiyoti va musulmonlar muvaffaqiyatiga sabab bo’lib kelayotgan xalifazoda imomni ommadan yakkalab qo’ydi. Misrning sobiq podshohlari chiqargan qonun va xayrli ishlarini ham bekor qildi, shu tariqa yakkahukmronlikka erishdi. Siz uning hech bir asossiz elchilarni qatl qilganini ham eshitgandirsiz.

Bunday noma’qulu nomaqbul ishlarni va bunday pastkashlik bilan qilingan gunohni boshqa biron bir hukmron va obro’mand kimsa tomonidan qilinganini odamzot shu paytgacha eshitmagan ham, ko’rmagan ham. [Qur’oni karim oyatida tavsiflanganidek] “Vazifalari faqat xabar yetkazish, xabardor qilish” bo’lgan elchilarni bu tarzda qiynash va azoblash hech bir aqli raso hukmdorga munosib ish bo’lmagan. Axir bu “Bundaylarning dunyo hayotidagi jazosi faqat sharmandalikdir” [oyati orqali ogohlantirilgan kirdikor-ku!].

Endi ilohiy qazoyu qadardan so’ng, Qipchoq masalasiga kelsak, uni hal qilgach, Shom tomonga yurish lozim. Alloh taoloning inoyati bilan bu cherkasvachchani “qulog’idan burab”, aqlini kirgazib qo’yish kerak. Umid qilamizki, arablarning “Zulmkorning zulmi alal oqibat o’ziga qaytadi” maqoli haq gap bo’lib chiqadi. Maqsadu istaklarning tezroq ro’yobga chiqishi faqat va faqat U[Alloh]ning qo’lidadir.

Qozivachcha Sivasi (15) ham arab iborasi bilan aytganda, “Burganing qonidan na foydayu, chumchuqning yog’idan ne naf” deganlaridek, behudayu ahmoqona o’ylarga berilib, aqldan ozdi. “Pes pesni qorong’uda topibdi” maqoliga uyg’un tarzda, o’sha cherkasvachchani yoqlab, uni dastakladi. Shunday qilib, nosharьiy kun kechirishi ortidan axir kuni kelib, o’limning achchiq sharbatini totadi. U xuddi arab maqolidagidek, “hayvon kabi o’z ajaliga o’z tuyog’i bilan yurib boradi” [ya’ni, o’z ajalini o’zi qidirib topadi].

Samimiy do’stlik tamoyillariga amal qilgan holda, o’z ahvolimizdan bir-birimizni boxabar qilib turishimiz zarur. Bunda chinko’ngildan bir-birimizga yordami tegishini inobatga olishimiz lozim. Yuqorida zikr etilgan o’zaro tushunish, hurmat kabi oramizda mavjud tamoyillarga rioya qilishimiz shart. Iloji boricha o’zaro elchilar va hadyalar almashish, Janoblarining sihat-salomatliklaridan xabardor bo’lish, ajoyib holatdagi davlat ishlari haqida ham voqif etishimiz kerak. Bunday o’zaro munosabatlar o’zaro yordam va quvvatlashning gullagan bog’idagi bir jiloni eslatadi. O’ylaymanki, biz o’z takliflarimiz bilan sizni ortiqcha tashvishga solmadik. Sizga hozirda ham, kelgusida ham barqaror tinchlik-omonlik tilab qolamiz.”

Maktubda keltirilgan talqinlarda Amir Temur Yildirim Boyazidni tengsiz hukmdor sifatida maqtaydi. Uni Buyuk Amir, Xudoning dushmanlariga qarshi qilichi, Xudo tomonidan musulmonlar manfaatlarini va Islom chegaralarini himoya qilish uchun yuborilgan shaxs sifatida ta’rif beradi. Bundan tashqari, Amir Temur Islom dunyosining g’arbidagi Sulton yog’iylarga qarshi doimo muqaddas urush holatida ekanligidan xabardorligi aytiladi. Bu faoliyat uchun uni maqtov bilan olqaydi va muvaffaqiyat tilaydi hamda qo’llab-quvvatlash uchun tayyor ekanligini bildiradi. Bundan tashqari Amir Temurning o’zi ham dunyoning sharqida yog’iylarga qarshi urush olib borayotganligi va ularning har ikkisi ham shu g’oyaga xizmat qilayotganligi ta’kidlanadi.

Maktubda Amir Temur Chingizxon bosqinidan keyin Eron va Turonda vujudga kelgan vaziyatni, shuningdek, bu mamlakatlar uning o’g’illari o’rtasida bo’linganini nazarda tutadi. Shu bilan birga Amir Temur o’zini va mo’g’ul xoni Sulton Mahmudni (16) Chingizxonning haqiqiy vorislari, deb hisoblaydi va bu vaziyatdan uning butun dunyoni zabt etish g’oyasi aniq ifoda etiladi. Eron, uning fikricha, dastlab Chig’atoy avlodiga o’tgan, Mangu Xon zamonida u Hulogu o’g’li tasarrufida bo’lgan, bu Chig’atoy va Elxon vorislari o’rtasida ko’plab urushlarni keltirib chiqargan.

Amir Temur Yildirim Boyazid bilan bo’lgan munosabatlarga ham alohida e’tibor qaratadi: Biroz oldinroq o’g’li Mironshoh Bahodur o’z vakili Hoji Muhammad Qissaxonni unga do’stlik taklifi bilan yuborgani va o’sha paytda urush tufayli G’arb mamlakatlariga bo’lganligi uchun uni ko’rmasdan qaytib kelganligi aytiladi. Agar undan biron bir xabarchi vakil kelsa, unga elchi yuborishib, do’stligini tasdiqlashini bildiradi. Agar To’xtamish bilan bog’liq muzokaralar yangi bosqichga kirsa, bu haqda xabar yuborishini bildiradi. Ayni paytda, agar To’xtamish riyokorlik qilib Frank kofirlari bilan muomala qilsa va ular bilan yashirin aloqani o’rnatganligi aniqlansa, muqaddas urush boshlab, Amir Temur qo’shinlari Kavkazdan tarafdan, Yildirim Boyazid esa Bolqondan va keyin bu dinsizlarni umumiy kuchlari bilan mag’lub etilishi nazarga olinadi.

Amir Temur Yildirim Boyazid bilan munosabatini cheksiz do’stligining yana bir belgisi sifatida ushbu masalalar to’g’risida aniq ma’lumot berib turishini, harakatlarini birgalikda amalga oshirishga va o’zaro yordam be rishga yo’naltirishni maqsadga muvofiq deb hisoblaydi. Shu bilan birga bundan buyon doimiy ravishda elchilar yuborilishini, shunda o’zaro yangiliklar almashinuviga imkon tug’ilishini va o’zaro ahvollaridan xabardor bo’lishini tilaydi.

Amir Temurning 1395 yil Shimoliy Kavkaz va Dnepr hududlariga bo’lgan ikkinchi yurishi haqidagi ma’lumotlar Sharafiddin Ali Yazdi va Ibn Arabshoh tomonidan havola kilingan bo’lsada, bu faktlar sababiyati kengroq taxlil kilingan emas. Ushbu xat Sharkiy Yevropaning tarixiy geosiyosatini hamda musulmon davlatlarining o’zaro munosatlarini anglashda juda muhim manba bo’lib hisolanadi. Dnepr yerlari (Dnepr yerlari To’xtamish lashkarining bosh sarkardalaridan biri Baxtyoruq shahzodasining nazorati ostida edi) va Qrim uni kullab-kuvvatlab turadigan nuqtalar bo’lib kolsa, Temurning Oltin O’rdadagi vassal ma’murlari (Temurqutluq va Edigey) xavf ostida kolishi turgan gap edi.

Maktub Amir Temurning Islom dinini yoyishda Yildirim Boyazid bilan haqiqiy hamkorlikni vujudga keltirish istagi mavjudligini tasdiqlaydi. Bundan tashqari, Amir Temurning Usmonlilarga nisbatan bo’lgan ijobiy maqsadlar to’yilganligini ko’rsatadi. Unga ko’ra Yildirim Boyazid Bolqonda, shuningdek, Dneprning g’arbidagi mamlakatlar ustidan hukmronlikni o’z qo’liga olishi kerak edi. Ayni paytda, u Yildirim Boyazid timsolida «salbchilarga qarshi Islom bayroqdori»ni ko’radi. Ammo maktub javobsiz qoladi. Natijada ikki sarkarda o’rtasida hamkorlik emas, dushmanlik vaziyati yuzaga keladi.

Maktub xulosalari Amir Temurning Yevroosiyo qit’asiga nisbatan olib borgan keng qamrovli tashqi siyosati asoslarini tasdiqlaydi. Maktubda bildirilgan siyosiy vaziyatlar silsilasi dunyoning global ziddiyatlarini, qarama-qarshi qutblar kurashini atroflicha ochib beradiki, dunyoga hukmdorlik borasidagi kurashlar ixtilof-mohiyati yangi davrda ham xuddi shu stsenariya asosida kelayotganligiga guvoh bo’lasan. Polьsha, Litva, To’xtamish birligi, ularning ma’naviy homiysi Rim papasi, paytini poylab, ixtiloflarga homiylik qilib turgan Yevropa davlatlari, arosatda qolib, taraflarga yem bo’layotgan va bunda bufer hududini tashkil qilgan kichik Rusiya, zaiflikdan o’z vaziyatini kutib turgan rus knyazliklari, Sharqda Misr, Iroq, Eron hamkorligi va shu fitnalar alaloqibatini fahmlamagan Yildirim Boyazid takabburligi Amir Temurni halqaro siyosiy maydonida yakkalanib qolinishiga sabab bo’ladi. Lekin, u bu kurashlardan g’olib chiqadi.

Xulosa qilish mumkinki, xalqaro vaziyatlar va geosiyosiy tashqi aloqalar mohiyatini ochib beruvchi manba-xatlar ikki qismga ajratilganligini ko’zatamiz. Birinchisi bu – Amir Temurning G’arb davlatlari bilan bo’lgan yozishmalari va ikkinchisi Yildirim Boyazidga yuborilgan to’rtta maktub tashkil etadi. Agar biz tadqiq etayotgan maktub, haqiqatan ham, Amir Temurga taalluqli ekanligi isbotlansa, ikki musulmon turk sarkardalari o’rtasidagi munosabatlar mohiyati yangi sahifalarni ochib berishi shubhasiz.

G’arbning barcha urushlari xristian dini (salb yurishi — T.A) g’oyalari da’vatlariga asoslanganligini e’tiborga oladigan bo’lsak, Amir Temurning xat mazmunidan kelib chiqqan da’volari mafkuraviy tahdidlarning oldini olishga qaratilganligini va g’arb olimlar “osib” kelayotgan sohibqironning “bosqinchlik yurishlari” to’g’risidagi vajlari o’z tasdig’ini topmaydi. Boshqa tarafdan, siyosiy jarayonlar stsenariysi bo’yicha, Amir Temur va Yildirim Boyazidning mafkuraviy kurashlardagi birlashuvlari mantiqan davr da’vatlariga muvofiq kelishi kerak edi. Lekin geosiyosiy manfaatlar mohiyati mantiqqa emas, shaxsiy ambitsiyalar asosiga qurilishi bilan Yevroosiyo mintaqasiga hukmronlik qilish musulmonlar foydasiga teskari keladi.

Zotan, mintaqaviy geosiyosiy manfaatlar kurashida Yildirim Boyazid butun Yevropaning birlashgan qo’shinlariga bas kelishi bilan Yevrosiyo yaxlitligini himoya qilishga munosib xizmatlar ko’rsatadi. Talvasaga tushgan G’arb g’oyaviy maqsadlar yo’lida, musulmonlarga qarshi salb yurishini boshlaydi va u 1396 yil Usmonlilar tomonidan tor-mor etiladi. Salbchilar tarkibi frantsuzlar, vengerlar, inglizlar, gollandlar, prussiyalik ritsarlardan iborat bo’lib, ularning armiyasi 100 ming otliq va piyodalardan tashkil topgan edi. Yildirim Boyazid qo’shinlari esa 60 ming nafar otliq va piyodalardan iborat edi. (Ayrim manbalarda Yildirim Boyazid qo’shinlari soni 200 ming, salbchilar 60 ming qo’shinni tashkil etgan deyiladi. — Muallif izohi) Nikopolis yaqinidagi jangda salbchilardan 10 ming nafari halok bo’ladi va qisman asirga olinadi. Undan tashqari, Yildirim Boyazid salbchilardan 200000 oltin tanga to’lov sifatida undiradi. Shu bilan birga Sharqiy Rim imperatori Manuelь Paleolog turk sultoniga boj to’lash majburiyatini ham o’z bo’yniga oladi (17). Shu tariqa G’arb davlatlarining Yevrosiyo, Hindiston va Xitoy bozorlariga chiqish yo’llari nazoratga olinadi.

1389 yilda Usmoniylar imperiyasi sultoni Murod I Yildirim Boyazidning otasi Kosovo shahrida serblarga qarshi jang vaqtida halok bo’ladi. Jang maydonining o’zida taxtni sultonning 19 yoshli o’g’li Boyazid egallaydi va serblarga qarshi jangni davom ettiradi. Boyazid yosh bo’lishiga qaramay, tez orada ko’plab harbiy yurishlarda zafar quchadi. Xususan, Dunay bo’yi davlatlarini o’ziga bo’ysundirib, Makedoniya, Fessaliyani fath etib, Gretsiyaga bostirib kiradi. Yildirim Boyazid Smirna (Izmir) sharqida joylashgan Filadelfiyaga harbiy kampaniya uyushtiradi va yunonlardan Kichik Osiyoning g’arbiy qismini, 1393 yilda Bolgariya poytaxtini egallaydi. 1395 yilda Bolgariya Usmonli imperiyasining bir qismiga aylanadi. Bundan oldin, 1394 yilda Peloponnes yunonlari Usmonlilarga o’lpon to’laydigan vassalga aylanadi. Faqat Albaniya tog’lari turklarning g’arbga tomon ilgarilashini to’xtatadi. 1389 yildan 1396 yilgacha bo’lgan davrda Anatoliyaning so’nggi mustaqil bekliklari — Oydin, Saruxan, Germiyan, Menteshe, Xami, Karaman va Sivas ham Usmoniylar imperiyasi tarkibiga kiradi. U 1396 yil Nikopol yaqinida Vengriya qiroli Siguzmund boshchiligidagi Yevropaning turli davlatlaridan yig’ilgan otliq qo’shinini tor-mor etib, Vizantiya imperiyasining poytaxti Konstantinopol shahrini qamal qiladi. Urushlarda tezkorlik bilan g’alaba qozongani uchun Boyazidga ulug’lovchi “Yildirim” laqabi beriladi. Lekin, afsuski, buyuk va qudratli Yildirim Boyazid mard va jasoratli bo’lish bilan birga tabiatan ta’sirchan hamda shoshqaloqligi uchun oldindan aytib bo’lmas harakatlar qilishga o’ta moyil shaxs edi.
Bugungi kunda islom olamining ikki buyuk sarkardasi to’qnashuvi va geosiyosiy jarayonlar intihosi «Evropaning tantanasi» sifatida qaralishi, aslida nihoyatda jo’n va tarixiy haqiqatga to’g’ri kelmaydi. Amir Temurning «Evropa xaloskori» sifatidagi xizmatlarining ko’klarga ko’tarilishi esa mutloqa ilmiy asossiz da’vo! Boshqacha qilib aytganda, tarixdan bexabar yangi siyosatdonlarning o’ylab topgan ta’vozesi. Boyazidga yozilgan xatlar tafsilotida Sohibqiron o’z oldiga bunday maqsadlarni hech vaqt qo’ymagan. Binobarin, Amir Temur Yildirim Boyazidning harbiy qudrati, tartiboti va yuksak sarkardalik mahoratiga shubha ham qilgan emas. Bundan tashqari, Yildirim Boyazid G’arb bilan Sharq darvozasining posboni edi. Bu darvoza qulagach, g’arbdan sharqqa qarshi bir necha bor “salb yurish”lari yuzaga kelganligiga tarix guvoh. Salohiddin Ayyubiydan keyin salbchilarga qarshi tura oladigan eng jiddiy va qudratli g’ov bu – Usmonli davlati hisoblangan. Zero, usmonlilarni o’rtadan ko’tarish oson emas edi. Holbuki, Ovrupo masalasini uzil-kesil hal etish, ularni abadiy belini ko’tara olmaydigan qilib qo’yish lozim edi (18). Bunday maqsadlar Amir Temurning niyatlariga ham mushtarak kelganligini inkor eta olmaymiz. Faqat mintaqa ichidagi ixtilofu-hiyonatlar Amir Temurni Yevropa davlatlari bilan alal-oqibatda hamkorlik qilishga, aniqrog’i ulardan foydalanishga majbur etadi.

Xususan, Sharofiddin Ali Yazdiy o’z asarida qayt etganidek, Amir Temur Yildirim Boyazid Anqara jangi mag’lubiyatidan so’ng unga bergan tanbehida “Agar mening maslahatlarimga ko’nganingda senga yordam bergan bo’lur edim va bundayin ahvolga tushmas eding. Lekin sen mening aytganlarimga ko’nmading, musulmonlarga ko’p tashvishlar keltirding, muxolifatdan boshqa narsa zohir bo’lmadi. Ammo bu jihatkim, hazrat Haqq subhonahu va taolo menga nusrat berdi, senga va senga taalluq kishilarga yaxshilikdin o’zga ish qilmag’umdur”, deydi. Yildirim Boyazid xijil va munfa’il bo’lub, gunohini bo’yniga olib «Bali, men xato qildimki, Sohibqironning so’zini eshitmadim, bu jihatdin haromni toptim. Agar Sohibqiron afv qilib, gunohimdin kechsa, men farzandlarim bila to tirik bo’lsam xizmatdin o’zga ish qilmag’aymen», deydi. Sohibqiron lutfu karamidin anga podshohona to’n kiydurdi va yaxshi so’zlar bila ko’nglini oldi. Sohibqiron Yildirim Boyazidga inoyat va shafqatlar qilib, har kun ani o’z qoshig’a kelturub, suhbat tutub, ko’ngul berur erdi, (19) degan mazmundagi suhbat tafsiloti keladi. Ammo tashqi va ichki fitnalarning ta’sirida bunday mafkuraviy maqsadlar, ming afsuski, amalga oshmaydi.

Bashariyat tarixidan ma’lumki, printsipial jihatdan hamma davrlarda barcha urushlar g’oyaviy xarakterga ega bo’lgan, chunki u yoki bu tarzda ishtirok etgan tomonlarning har biri hayot tarziga va o’z dushmanining qadriyatlar tizimiga tajovuz qilish orqali ustunlikka erishgan. Dunyoda shu kungacha saqlanib qolgan diniy vajlar orqali urush oqibatlari kelib chiqqanligi ham sir emas. Bugun ham mafkuraviy qutblarga bo’linish va g’oyaviy tahdidlar asri yakunlandi, deb ayta olamizmi? Vaziyatga real qaraydigan bo’lsak, islom shariatiga amal qilish tartiblari Amir Temur siyosiy faoliyatining asosini tashkil qilgan. U islom dinini yoyishga u butun kuch-quvvatini sarflaydi. Shu boisdan ham ba’zi nomusulmon davlatlarga bo’lgan yurishlarini, eng avvalo, u o’sha mamlakatlarda islom dinini yoyish (joriy qilish), mazkur joylarda musulmonlarga ko’rsatilayotgan jabr-zulmni bartaraf qilish bilan izohlagan (20). Albatta, shu o’rinda geosiyosiy manfaatlar ustuvor bo’lganlgi ayon. U, avvalo bosqichilikka emas, balki, Turon hududlarining xavfsizligini kafolatlashga qaratiladi.

Amir Temur va Yildirim Boyazid o’rtasiga ixtiloflar, birinchidan, Yevropa uchun yengilmas bo’lgan turk qo’shinlari kuchini zaiflashtirishga olib keldi (21). Bundan tashqari, Turkiya sultoni Boyazidga birlashib zarba berish maqsadida Vizantiya imperatorining Konstantinopoldagi noibi Ioann VII Paleolog va Genuyaning Peradagi (Konstantinopol yaqinidagi mavze) hokimi Trabzon (Trapezund) imperatori Manuil II vositasida Temurni Usmonlilar davlatiga qarshi yurish boshlashga undaydi. Buning evaziga ular harbiy yurish vaqtida unga yordam berish hamda Konstantinopol va Peraning Boyazidga to’lab kelgan bojini bundan buyon Temurga to’lashga va’da qiladilar (22). Natijada, birinchidan, Ovruponing katta qismi qudratli turk armiyasi tarafidan bosib olinishining oldi olinadi, ikkinchidan, ular Temur bilan Boyazidni urishtirib qo’yib, ikki qudratli turk davlatini zaiflashtirishga erishadi. Uchinchidan, Amir Temur Yildirim Boyaziddan umid qolmagach unga qarshi borishga va bu yo’lda Yevropa davlatlari xizmatidan foydalanishdek boshqa yo’l qolmaydi.

Tarixning burilish chorrahalarida katta siyosiy maydonda ba’zan nihoyatda arzimas omillar ta’sirida ulkan tala-to’plar yuz bergani va yirik davlatlar asosiy missiyadan chalg’ib, tanazzulga yuz tutgani ham bor gap. Aynan ikki buyuk davlatning taqdir – qismati ham shu borada o’xshash keladi. Masalan, Qora Yusufning o’zi mintaqaviy doirada mayda bir qaroqchi bo’lsa-da, uning «o’yinlari» katta davlatlarga kerak bo’ladi. Manfaatlar tutashgan nuqtalarda, albatta, bunday o’yinchoq “kimsalar”ning qo’poruvchilik tabiatidan foydalanilgan. Sohibqironning xati mazmunida umumiy manfaatlar yotganligini Yildirim Boyazid bilsada, ammo qabul qilishni istamaydi. Ikkinchi tarafdan, Arzinjon borasida ixtilofga kelmasdan, bu joy Yildirim Boyazid qo’lida qolganida nima bo’lardi? Binobarin, uchinchi xatda “Sizdan istagimiz: Sivas va uning hududlarini tark etishingizdir. Agar shunday qilsangiz, sizlarning bizga nisbatan hech qanday xusumatingiz yo’qligini namoyon qilgan bo’lasiz”, deydi Yildirim Boyazid. Bu o’jarliklar barcha umumturk manfaatlari uchun juda qimmatga tushadi.

Lekin hayotning achchiq haqiqati shundaki, qilingan fitnalar uchun hech qaysi taraflar Yaratganning muqarrar jazosidan ayro qolmadi. Mazkur siyosiy nayranglarning oqibatini frantsuz olimi L.Keren afsus-nadomatlar bilan yodga oladi. O’z davrida ekilgan Ovropaning g’ayriaxloqiy fitnalari o’zlarining boshiga malomat bo’lib qaytishini ta’kidlaydi. Xususan, Sohibqirondan dengiz tarafga qochgan usmonlilarni ta’qib qilish majburiyatini olgan genuyaliklar, venetsiyaliklar va vizantiyaliklar turk askarlarining katta qismi va Boyazid a’yonlarning ko’pchiligini Yevropa qirg’oqlariga o’tib olishiga katta pul evaziga yordam beradi. Ularning ichida Boyazidning to’ng’ich o’g’li Sulaymon ham bo’lib, u bunga Vizantiya bilan ittifoq tuzish to’g’risidagi bitimga imzo chekish evaziga erishadi. Bu harakatlari bilan ular o’zlariga choh qazigan edilar, deya Yevropa boshiga yog’ilgan malomat toshlarining sababini ochadi. Amir Temur qo’li bilan taqdir ularga hadya qilgan mislsiz imkoniyatni boy berib, yarim asrdan so’ng o’zlarini mahv etajak ashaddiy g’animlarini qutqarib qolganligini anglab yetmaydi.

Yevropaliklarning siyosiy kaltabinligi va xudbinligi oqibatida Amir Temur ortidan usmonli turklar qisqa muddatlarda yana o’z qudratlarini tiklab oldilar. Anqara jangida mag’lub bo’lganlar ko’p o’tmay Konstantinopolni qo’lga kiritadilar va Ulug’ amirning noma’qul «ittifoqchilari»dan o’ch oladilar. Biroq shunisi ajablanarliki, yevropalik va vizantiyalik dengizchilarning Bosfor dengizidagi kirdikorlaridan tabiiy ravishda boxabar bo’lgan Amir Temur o’z vaqtida ularga aslo qarshilik ko’rsatmaydi. U bu xiyonatni ko’rib ko’rmaslikka olgan (23). Konstantinopol — bugungi Istambul ayni kunda ham turkiy xalq qudratining ifodasi, Usmonli turklar imperiyasining tantanasi sifatida Yildirim Boyazidning tarixiy o’rni va rolini namoyon qilib turibdi.

Afsuski, zamonaviy tadqiqot talqinlarida ikki buyuk shaxs siymolarini tahqirlash hamon to’xtagan emas. “Amir Temur Yildirim Boyazidni qafasga solgan” qabulidagi vajlar bilan tarixiy haqiqatni buzish hamon davom etmoqda. G’arb mualliflari mazkur voqelikni xuddi ko’rgandek, ishtirok etgandek da’volari keskin va murosasiz. Qaysiki ajnabiy olim shu mavzuga qo’l urmasin, albatta, shu masalani bo’rttirishga va ikki shaxs o’rtasiga rahna solishga intiladilar. Bunday bo’htonlar aslida ularga xos bo’lgan axloqsiz kibr bilan musulmon xalqlari tarixiy merosiga nisbatan tajovvuzning bir ko’rinishi. Holbuki, barcha tarixiy aniq manbalarda mazkur voqealar tafsiloti mutlaqo teskari keladi. Ibn Arabshoh «Qachonki ushbu makon odamlar bilan liq to’lgach, Temur Ibn Usmonni tezlik bilan chaqirtirdi. U (Ibn Usmon) yuragi titragan, o’z qayg’ulariga bog’langan holda keldi. Temur uning qalbiga taskin berib, vahimasini ketkazdi va uni yaxshi joyga o’tkazib, o’zining xushmuomalaligi bilan (uning) g’amginligini yengillatdi», deydi. Asirlikdagi (Boyazidni asir deb ham bo’lmasdi, Temur unga mehmonlardek marhamat ko’rsatgan edi) Boyazid Amir Temurga uch turdagi nasihatlar (bular nasihatlar emas, iltimoslar)ni beradi. «Temur ushbu nasihatlarini undan bajonu dil qabul qildi. Bu qahri qattiq inson omonatlarini diliga jo qilib olib, ularni Ibn Usmon aqlidan ortiq bildi va toqatu imkoni qadricha ularga vafo qildi», deyiladi.

Albatta, g’arb olimlarining ilib olgan joyi bor. Ibn Arabshohning asarida shunday fikr keladi: «U Temur bilan (birga) bo’lib, temir qafasda kishanlangan edi. Qaysar Shopurga (shunday) qilgani kabi Temur ham unga qasos tariqasida shunday qilgandi», deyilgan. Lekin sharqshunos olim Ubaydulla Uvatovning izohiga ko’ra, qo’lyozmadagi kishanlangan so’zi noto’g’ri berilgan, chunki forscha manbalarning birontasida Boyazid Temurning huzurida ekanida qafasda bo’lganligi haqida ma’lumot berilmagan. To’g’ri, saltanatdan mahrum bo’lgan, mag’rur Yildirim Boyazidning holatini Abn Arabshoh kishanga solingan sher misolida bo’rttirishga uringan. Aslida esa bu haqiqatga ziddir, agar Amir Temurning yovuz maqsadi bo’lganida unga nisbatan yuqoridagi kabi iltifotlar ko’rsatmagan bo’lardi. Aksincha, Amir Temur Yildirim Boyazidga izzat ko’rsatib, iltifot bilan muomala qilgani zikr etiladi. Bundan tashqari, bod kasaliga yo’liqqan turk sultoni ot ustida o’zini tutib turolmasligi sababli egar atrofiga suyanchiqsimon moslama yasalganligi to’g’risida ma’lumotlar ham mavjud. Bu esa go’yo “mag’lub Usmonlilar sultonini qafasga solib olib ketishdi” degan va hozirgi qadar asardan-asarga ko’chib yurgan afsonaning paydo bo’lishiga zamin yaratgan bo’lsa ajab emas.

Amir Temur Yildirim Boyazidni hurmat-izzatda tutgani va uning ikromini baland qilgani Nizomiddin Shomiyda alohida tilga olinadi: «Hazrat Amir Sohibqiron afvu ehson raqamini uning gunohlari ustidan tortdi va uni podshohona to’nu in’omlar va izzatu ikromlar bilan siyladi», deyiladi. Bundan tashqari, Nizomiddin Shomiy «Amir Sohibqironning ravshan xotiri va nurli zamirida shu ikki fikr bor ediki, qachonki Rum mamlakati ishlaridan tamoman forig’ bo’lsa, Yildirim Boyazidni izzat va hurmat bilan o’z maqomiga qaytarmoqchi edi: toki olam ahli bu hazratning olamshumul afvi va komil marhamatini his etsinlar va bilsinlarki, bu (Sohibqiron) hazrat o’tkir qilich uchi bilan mamlakatlarni oladi-yu, yana qudratli qamchin uchining ishorati bilan uni bag’ishlaydi», (29) deydi.

Amir Temur Yildirim Boyazidning iltimosiga ko’ra, uning Muso va Mustafo ismli o’g’illarini izlatib, ulardan Musoni topib keltirib, otasi kabi gunohlaridan kechadi, izzatu ikrom ko’rsatadi. Keyinchalik Boyazidning boshqa o’g’li Sulton Ahmadning ham gunohlaridan kechadi. Yildirim Boyazidning eski doimiy kasali ustiga izzat-nafsining inqirozi qo’shilib, dardi og’irlashganda Amir Sohibqiron hazrat uning borasida shafqat marosimini bajo keltirib, atoqli tabiblarga doimo uning xizmatida bo’lib turishni buyuradi. Har doim xushbo’y sharbatlar, muvofiq keladigan ovqatlar berib turishga farmon qiladi (30).

Ko’rib turganimizdek, g’arb tadqiqotlarida tarixiy ob’ektivlik, ilmiy xolislik o’rniga ta’na, malomat va xo’fiyona fitnalarni kuzatamiz. Boz ustiga, shu davrgacha boshqalarni ham shu voqelikka ishontirib kelishga urinishlari ancha achinarli hol. Sharofiddin Ali Yazdi yozadi: “Panjshanba kuni, sha’bon oyining o’n to’rtida, sakkiz yuz beshda (09.03.1403) xabar keldikim, Yildirim Boyazid zayyiqi nafas va xunoq marazi bila ketib turur. Sohibqironning muborak ko’ngli bu jihatdin ko’b mutaalam bo’ldi va muborak ko’zidin yosh chiqib yig’lab (Inna li-llahi va inna ilayhi roji’unani o’qudi.) Hazratning himmatida bu erdikim, Rum mamolikini tamom zabt qilg’ondin so’ng Yildirim Boyazidqa berib, yana ani taxti davlatqa o’lturg’uzub qaytqay. Ammo taqdir xilof etib, Yildirim Boyazidni o’zga olamga eltti. (31)” Vaholanki, g’arb olimlari asarlarida, u qo’lidagi uzukda joylashtirilgan zahar bilan o’zini zaharlaydi, degan vajlar keladi. Umuman, tarixiy voqeliklarning buzib talqin etilishi, birlamchi manbalarda mavjud bo’lmagan ma’lumotlarning inkor etilishi g’ayriilmiy hodisadir.

Tarixda bosib olingan hududlarni yana o’z erkicha egasiga qaytarib berish ishtiyoqida yongan qaysi hukmdorni bilamiz? Dunyoda o’tgan nomdor hukmdorlar ichida shunday olijanob hukmdor siymolar bo’lganmi? Amir Temur esa Yildirim Boyazid o’limidan keyin afsus-nadomat bilan uning saltanatini o’g’illariga tuhfa qiladi. U turkning buyuk sultoni Yildirim Boyazid uchun ko’z-yosh to’kadi. Eron hukmdori Shoh Mansur vafotidan kuyingani kabi undan-da zabardast arbobning o’limidan aziyat chekadi. Bu aziyat ostida ulug’ Sohibqironning ko’nglida musulmon xalqining keyingi taqdir-qismati haqida qayg’urish yotgan bo’lsa, ajab emas. Afsuski, uzoqni ko’rguvchi va bashorat qilguvchi bu ulug’ arbobning armonlari o’zi bilan ketdi. Lekin negadir bu ulug’ siymoning tabarruk fazilatlari g’arb mualliflarining oddiygina insoniy tuyg’ularini uyg’otmaydi…

Amir Temur va Yildirim Boyazid vafotidan so’ng Yevrosiyo hududida ichki ziddiyatlar yanada avjiga chiqadi. Bundan tashqari parchalangan Turon va zaiflashtirilgan turkiy va arab davlatlari Yevrosiyo mintaqasi nazoratini birin-ketin qo’ldan boy bera boshlaydi. Yevropa esa bunday vaziyatdan ustalik bilan foydalanish yo’liga o’tadi. Oldin savdo yo’llariga kirishga jur’ati yetmagan bo’lsa, endi istagan hududlarda izg’ib yuradi. Boz ustiga, dengiz yo’llarining kashf etilishi bilan bu mintaqadagi Buyuk ipak yo’lining va uning iqtisodiy va madaniy ahamiyati ham yo’qqa chiqadi.

Shunday qilib, dunyo resurslariga egalik qilishning yangi imkoniyatlari va xo’jayinlari vujudga keladi. Vaholanki, Sohibqiron turkiy davlatlar birligi va qudratini saqlab qolish borasida To’xtamishga katta imkoniyat beradi, Boyazidga xayrixohlik ko’rsatadi, arab hukmdorlari bilan hamkorlik qiladi, Eron davlatini tiklashga homiylik qildi. Lekin natija global manfaatlar ustuvorligini anglab yetmagan turkiy musulmon davlatlari intihosi bilan yakun topadi. Afsuski, bunday tahdid haligacha Yevropa va Xitoy oralig’idagi davlatlar boshidan ketgan emas. Uning yangi, aksincha, murakkab turlari vujudga kelmoqda. Shu sababdan Amir Temur bobomiz siyosiy merosidan saboq olmoq, mintaqaviy yaxlitlik doirasida hamkorlikning samarali va o’zaro manfaatlari tuzulmasini yaratish davrning da’vatiga allaqochon aylanib bo’lgan. Faqat, hali hamon milliy maxdutlikdan chiqolmay yurgan siyosatchilar hududiy manfaatlarni mintaqaviy manfaatlardan ustun qo’yish bilan o’z mustaqilliklarini boy berishlarini anglab yetmayapdilar. Turkiy xalqlar va davlatlar birligi bu nafaqat g’oya, u tabiiy birlik mujassamlashgan yaxlit tarixiy-madaniy hodisa. U yagona xalqning milliy negizi. Qachonlardir shu tomirlaridan uzilgan turkiy xalqlar qismati faqat mustaqil davlatlar birligi — konfederatsiya holatida tiklanishi va yuksalishi mumkin.

Bugun turkiy davlatlar olimlari tarafidan xolisona ilmiy ob’ektiv tarixiy tadqiqotlar yaratilayotganligi, buyuk shaxslarimiz qoldirgan ulkan merosimiz munosib baholanayotganligi quvonarli holat. Shunga ko’ra, turkiy xalqlar davlatchilik merosini bir butun yaxlitlikda o’rganish, uning yuksalish va tanazzul sabablarini tarixiy haqiqat qonuniyatlari asosida tadqiq etish har qachongidan ham muhim ahamiyatga ega. Amir Temur va Yildim Boyazid vujudga keltirgan qudratli davlatlarning tarixiy ahamiyatini tadqiq etish, turkiy davlatchilik an’analarini, xususan, ikki buyuk davlat arbobining jahon madaniyatiga qo’shgan ulkan merosini ta’na-dashnomlardan holi, madaniyatlar va manfaatlar uyg’unligida o’rganish o’zaniga qaytayotgan turkiy xalqlar birligini mustahkamlashga va o’zligini anglashga xizmat qilishiga ishonamiz.

Izohlar

“Temur tuzuklari” – muhim tarixiy-huquqiy manba

Mustaqillik yillarida “Temur tuzuklari” qayta-qayta nashr etilayotgani tahsinga loyiq. Turli manbalarda bu asar Temur tuzuklari”, (“Tuzuki Temuriy”) “Temurning aytganlari” (“Malfuzoti Temuriy”) va “Temur haqida xotiralar” (“Voqioti Temuriy”) degan nomlar bilan ataladi.

bugungi kunda “Temur tuzuklari”ning qo‘lyozma va toshbosma nusxalari dunyo bo‘ylab keng tarqalgan. Ushbu noyob asarni jahonning ko‘pgina mamlakatlarida, jumladan, Buyuk Britaniya, Fransiya, AQSH, Rossiya, Finlyandiya, Daniya, Eron, Hindiston, Turkiya, Misr, Yaman kutubxonalaridan topsa bo‘ladi.

Tuzuk nima?

“Tuzuk” so‘zining lug‘aviy ma’nosi qonun-qoidalar to‘plami, nizom, degan ma’nolarni anglatadi. Boshqacha aytganda, Tuzuk – Konstitutsiya (lotincha “Constitution” – tuzilish, tuzuk) – davlatning Asosiy qonuni, deganidir.

“Konstitutsiya” atamasi, “Imperator Konstitutsiyasi” deb atalgan qonun misolida, qadimgi Rimdayoq ma’lum bo‘lgan. O‘z navbatida, “Temur tuzuklari” Sharq va Osiyo mamlakatlari sivilizatsiyasiga xos alohida shakldagi konstitutsiyaviy hujjat xususiyatiga ega bo‘lib, shariat qonunlari bilan bir qatorda Markaziy Osiyo mintaqasi xalqlari taqdiriga kuchli ta’sir o‘tkazgan.

Atoqli rus olimi D.Logofet “Temur tuzuklari”ni o‘rganib, unga Turkistonda Yevropadan 500 yillar oldin vujudga kelgan Konstitutsiyaviy kodeks, boshqacha aytganda, Amir Temur saltanatining Konstitutsiyasi, deb yuksak baho bergan. Binobarin, mustaqillikning dastlabki yillari – O‘zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi loyihasining muhokamasi davrida Asosiy qonunimizni “Tuzuklar” deb atash tavsiya etilgani ham bejiz emas.

Azaldan ma’lumki, qaysi bir asar mazmun-mohiyatan g‘oyatda qimmatli, amalda juda zarur bo‘lsa, o‘shandan ko‘plab nusxalar ko‘chirilgan va tarqatilgan. “Temur tuzuklari” asosan toju taxt sohiblari uchun muhim qo‘llanma hisoblangan. Shuning uchun ham hukmdorlarning aksariyati bu asardan nusxa ko‘chirtirib, shaxsiy kutubxonasida asragan va davlat siyosiy faoliyatida muhim yo‘l-yo‘riq sifatida foydalangan.

Tarixga murojaat etadigan bo‘lsak, buyuk vatandoshimiz Zahiriddin Muhammad Boburning avlodi Shoh Jahon (1628—1657), Qo‘qon xoni Muhammad Alixon (1821—1842) va Buxoro amiri Abdulahadxon (1885—1910) mohir kotiblariga buyurib, “Temur tuzuklari”dan o‘zlari uchun nusxa ko‘chirtirganlar.

Haqiqatan, har bir satri bir umr el-yurt, saltanat tashvishi bilan yashagan fidoyi inson, ulkan davlat arbobining keng miqyosdagi o‘y-fikrlari, hayot va kurash tajribasi, mushohadasi, ba’zan esa dardli va iztirobli kechinmalari bilan sug‘orilgan bu asarda qanday teran ma’no mujassam ekanini ma’rifatli, zukko insonlar yaxshi anglashlari tayin.

Amir Temurning davlat boshqaruvi tizimi

Sohibqiron ajdodimiz, ilgarigi davrlardan farqli holda, jamiyatdagi barcha tabaqalarning haq-huquqlari va manfaatlarini inobatga olib, ularning hayoti uchun zarur ijtimoiy zaminni vujudga keltirgan. Har bir toifaning haq-huquklari, burch va majburiyatlari o‘ziga xos qonun bilan kafolatlab qo‘yilgan.

Amir Temurning ulkan xizmatlaridan yana biri – davlat boshqaruvini tashkil qilish bilan bog‘liq. Hokimiyatning qonun chiqaruvchi va ijroiya tarmoqlariga bo‘linishiga asoslangan mazkur tizimni joriy etishda Amir Temur ko‘r-ko‘rona emas, balki o‘zi yashab turgan voqelikni nazarda tutgan holda ish yuritgan.

Taniqli tarixchi olim Azamat Зиёning fikricha, bu tizimda saltanat darajasiga ko‘tarilgan davlatning jo‘g‘rofiy hududlari doirasida yashovchi xalqlarning turmush tarzi, an’analari, ma’naviy-ruhiy ehtiyojlari ham inobatga olingan. Davlat boshqaruvi tizimiga Amir Temur olib kirgan yangilikning mohiyati ham aslida shu bilan belgilanadi.

Amir Temur oliy davlat idorasi maqomida qurultoyni belgilagan. bugungi tushunchadagi kongress, assambleya, majlis, s’ezd kabilarga to‘g‘ri keladigan ushbu siyosiy institut boshqaruv mahkamasi va davlat ahamiyatiga molik bo‘lgan eng asosiy masalalarni hal etib, unda saltanatdagi barcha yirik siyosiy, iqtisodiy, harbiy va madaniy soha namoyandalari ishtirok etgan.

Davlatni mustahkamlash, jamiyatni rivojlantirish borasida ijro etuvchi tizim vazirliklarning o‘rni muhim bo‘lgan Amir Temur davrida siyosiy, ijtimoiy, iqtisodiy, huquqiy, madaniy munosabatlarni to‘g‘ri yo‘lga qo‘yib, ulardan jamiyat manfaati yo‘lida foydalanish uchun qat’iy intizomga asoslangan, talabchan ijroiya mexanizmi zarur edi. Sohibqiron ana shunday tizimni yarata olgan.

Amir Temur saltanatining ijro etuvchi tizimidagi sakkiz vazirlik va yana bir necha muassasalar moliya, soliqlar, daromad va xarajatlar, mulkchilik, yetishtiriladigan hosil, chorva, yaylovlar ahvoli, obodonchilik, xabar va pochta, harbiy va adliya sohalarini boshqargan. Masalan, harbiy ishlar vazirligi harbiylarga maosh berish, ularga tegishli mulklarni boshqarish, qurol-aslaha ta’minoti, harbiy mashqlarni tashkil etish kabi vazifalar bilan bir qatorda, iste’foga chiqqan, urushda yarador bo‘lib, mehnat qobiliyatini yo‘qotganlarga nafaqa belgilash kabi yumushlarni ham bajargan.

Sohibqironning 12 muhim tuzugi

O‘z navbatida, “Temur tuzuklari” asari davlatni idora qilish usullari, qo‘shinni tashkil etish qoidalari, urushlarda amalga oshirilishi zarur bo‘lgan turli harbiy uslublar singari qator siyosiy, huquqiy, harbiy va axloqiy g‘oyalar va me’yorlarni o‘z ichiga olgan.

“Temur tuzuklari”ning markazida inson, uning qadr-qimmatini joyiga qo‘yish turadi. Shu ma’noda, Sohibqironning huquqiy qarashlarida, avvalo, mamlakat ishlari tuzuki alohida ahamiyatga egadir.

“Saltanat ishlarini qonun va qoidalar, to‘ra va tuzukka solib, saltanatim martabayu e’tiborini saqladim”, deyiladi “Temur tuzuklari”da va saltanat obro‘-martabasini saqlashga doir quyidagi to‘rtta asosiy tuzuk sanab o‘tiladi.

“Birinchidan, saltanatim qonun-qoidalarini islom dini va kishilarning eng xayrlisi (hazrati Muhammad)ning shariatiga bog‘lab, izzatu hurmatlash vojib bo‘lgan onhazratning avlodi va sahobalariga muhabbat bildirish asosida tuzdim. Saltanatim martabasini to‘ra va tuzuklar asosida shunday saqladimki, uning ishlariga aralashishga hech bir kimsaning qurbi yetmasdi.

Ikkinchidan, sipohu raiyatni umid va qo‘rquv orasida saqladim. Do‘st-dushmanni murosayu madora martabasida tutdim. Qilmishlarini, aytgan gaplarini sabr-toqat va chidam bilan o‘tkazdiim. Do‘st-dushmandan kimki menga iltijo qilib kelsa, do‘stlarga shunday muomala qildimki, do‘stligi yanada ortdi, dushmanlarga esa shunday munosabatda bo‘ldimki, ularning dushmanligi do‘stlikka aylandi.

Uchinchidan, hech kimdan o‘ch olish payida bo‘lmadim. Tuzimni totib, menga yomonlik qilganlarni Parvardigori olamga topshirdim. Ish ko‘rgan, sinalgan, shijoatli er-yigitlarni qoshimda tutdim. Sofdil kishilar, sayyidlar, olimlar va fozillarga dargohim doim ochiq edi. Nafsi yomon himmatsizlarni, ko‘ngli buzuq qo‘rqoqlarni majlisimdan quvib yubordim.

To‘rtinchidan, ochiq yuzlilik, rahm-shafqat bilan xalqni o‘zimga rom qildim. Adolat bilan ish yuritib, jabr-zulmdan uzoqroqda bo‘lishga intildim”, deb qayd etiladi asarda.

“Temur tuzuklari” talablari doirasida Amir Temur o‘z saltanatini o‘n ikki toifadagi kishilar bilan mustahkamlagani tarixdan yaxshi ma’lum. Bu haqda: “Saltanatim martabasi bo‘lmish to‘ra-tuzuklar va qonun-qoidalarni ham shu o‘n ikki toifaga bog‘lab tuzdim”, deydi Sohibqiron hazratlari.

“Temur tuzuklari”da davlat boshqaruvining har bir sohasi va har qaysi mansab darajasi bo‘yicha muayyan tuzuklar bitilgan. Amir Temur 12 ta eng muhim tuzukni o‘ziga shior qilib olgan va saltanatni tasarrufida saqlash uchun ularga qat’iy amal qilgan. Binobarin, ulug‘ ajdodimiz e’tirof etganidek, “O‘z tajribamdan sinab bildimki, agar qay bir podshoh shu o‘n ikki narsaga ega bo‘lmas ekan, saltanatdan bebahra qolur”.

Shunday qilib, 27 mamlakatdan tarkib topgan buyuk saltanat asoschisi Sohibqiron Amir Temur ibn Tarag‘ay yirik davlat arbobi, mohir diplomat, ulug‘ sarkarda, ilmu madaniyat homiysi, haq va adolatning jasoratli yalovbardori sifatida milliy davlatchilikda, huquq va siyosat sohasida o‘zidan unutilmas va barhayot ta’limotlar, to‘ra-tuzuklar qoldirgan.

“Temur tuzuklari” va O‘zbekiston Konstitutsiyasi

Amir Temurning huquqiy qarashlari va qonunchilik tizimi butun Temuriylar saltanatida hayotning barcha jabhalarida o‘z aksini topib, ulkan amaliy ahamiyatga ega bo‘lgan. Jumladan, Buyuk Ipak yo‘li xavfsizligini ta’minlashga xizmat qilganki, bu bilan savdo-tijorat rivojiga katta hissa qo‘shgan Sharqu G‘arb mamlakatlarini bir-biriga yanada yaqinlashtirgan.

O‘zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi Muqaddimasining uchinchi bandida ushbu Asosiy Qonun “o‘zbek davlatchiligi rivojining tarixiy tajribasiga tayanib” qabul qilindi, deb ta’kidlangan. Albatta, o‘zbek davlatchiligi rivoji tarixiy tajribasining eng muhim qismi – Amir Temur va temuriylardan meros huquqiy, siyosiy va tarixiy manbalardan, ayniqsa, “Temur tuzuklari”, “Boburnoma”, “Jahongir tuzugi”, “Humoyunnoma”, “Zafarnoma” kabi ko‘plab nodir asarlardan iboratdir.

Sohibqiron qoldirgan qonuniy me’yorlar va huquqiy normalardan Konstitutsiyamizning turli qism va boblarida, jumladan, “O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi”, “O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti”, “Vazirlar Mahkamasi”, “Sud hokimiyati”, “Mudofaa va xavfsizlik” boblarining muayyan moddalarida, zamon talablarini nazarda tutgan holda, ijodiy foydalanilgan.

Qonunga asoslangan tizimning ahamiyatini chuqur anglagan Amir Temur haqli ravishda “Kuch – adolatda” degan oliy me’yorni o‘ziga shior qilib olgan va hatto ushbu hikmatni uzuk-muhriga o‘yib yozdirgan. Bu haqda Ibn Arabshoh shunday guvohlik beradi: “Temur tamg‘asining naqshi “Rosti rasti” bo‘lib, bu “haqgo‘y bo‘lsang, najot topasan” demakdir”. Sohibqironning bu purhikmat so‘zlari bugun ham qudratli demokratik huquqiy davlat qurish uchun asosiy yo‘llanma hisoblanadi.

Amir Temurning huquqiy qarashlari va amaliy faoliyati har doim adolat va insof me’yorlari bilan hamohang bo‘lgan. Ulug‘ Sohibqiron o‘z davlati hududlarida tuzuk-to‘ra va shariat qoidalari ustuvorligini amalda ta’minlagan. Bu haqda, jumladan: “Sipohiylarimni hamisha jangga tayyor holda tutdim; oylik haqlarini so‘rattirmay vaqtida berardim. Chunonchi, Rum yurishida sipohiylarimga o‘tgan va kelajakda qiladigan xizmatlari uchun yetti yillik oziq-ovqatlarini birvarkayiga berdim”, deyiladi “Temur tuzuklari”da.

Bundan tashqari, Sohibqiron saltanatida kasbu hunar va ma’rifat ahli muntazam ish bilan ta’minlangan. Sarmoyasi qo‘lidan ketib qolgan savdogarlarga o‘z sarmoyasini qaytadan tiklab olishi uchun xazinadan yetarli miqdorda oltin berilgan. Dehqonlar va raiyatdan qaysi birining dehqonchilik qilishga qurbi yetmay qolgan bo‘lsa, unga ekin-tekin uchun zarur urug‘lik va mehnat qurollari tayyorlab berilgan. Inson huquqlari va manfaatlarini ta’minlashga qaratilgan bunday amaliy misollarni yana ko‘plab keltirish mumkin.

Amir Temur asos solgan buyuk davlat o‘zining turli bosqichlarida – ham Turon, ham Xuroson, ham Eron, ham Hindistonda adolat me’yorlariga asoslangan tuzum sifatida olam ahlining diqqatini o‘ziga tortib, hanuz tarixiy ahamiyatini yo‘qotmagan. bugungi kunda Sohibqironning sud va qonunchilikka munosabati ham alohida o‘rnak vazifasini o‘taydi. Zero, bundan olti asr burun Movarounnahr sud tizimida o‘ziga xos tartib va qoidalar mavjud bo‘lgan.

Yengilmas ajdodimizning harbiy-nazariy tafakkuri

Yana bir muhim jihat. Yangi turdagi muntazam armiyaning tashkil etilishi, siyosiy uyushuv, hayotning barcha jabhalari, ayniqsa, iqtisodiyotning g‘alaba qozonish yo‘lidagi strategik vazifaga bo‘ysundirilishi, mustahkam intizom, har bir jangchi tomonidan harbiy harakatlar olib borish qoidalariga rioya qilinishi, diplomatik vositalardan ustalik bilan foydalanish kabi omillar raqib ustidan zafaru g‘alabani ta’minlagan. Amir Temur o‘zining butun hukmronligi davrida biron marta ham mag‘lubiyatga uchramagan.

Mashhur arab tarixchisi Ibn Arabshoh yozganidek, “Temur qo‘rqmas, shijoatli, botir kishilarni itoat qildiruvchan bo‘lib, jasoratli (kishi)larni, dovyurak va mardlarni yoqtirar edi”. Binobarin, Sohibqironning asosiy maqsadi alohida bo‘lgan mulklarni mustahkam va qudratli davlatga birlashtirishdan iborat bo‘lgan.

Qisqacha aytganda, Amir Temurning hokimiyat tepasiga kelishi bilan harbiy ish sohasida ulkan o‘zgarishlar yuz bergan, ular Sharqu G‘arb harbiy-nazariy tafakkuri taraqqiyotida katta rol o‘ynagan.

O‘zbekiston istiqlolga erishgach, Amir Temur shaxsi yana Vatan va millat timsoliga aylandi. Amir Temur nomi, uning siymosi xalqimizni birlashtirishda, jipslashtirishda, iymon-oqibatli bo‘lishda, qudratli kelajagimizni qurishda bizga yangi-yangi kuch-quvvat va shijoat bag‘ishlab turibdi.

Zero, ma’naviyatimizning eng teran o‘q tomirlaridan biri – ulug‘ zot Amir Temur siymosidir. Sohibqiron siymosi insoniyat tarixida bizgacha bo‘lgan, bizdan keyin ham bo‘ladigan katta bir olamshumul voqelikdir.

Akmal Saidov,

akademik

Comments are closed, but trackbacks and pingbacks are open.